muslim.uz
Мир Араб олий мадрасасида қабул имтиҳонлари ўтказилди
Аввалроқ, жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида 2018-2019 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиликда қабул имтиҳонлари Мир Араб олий мадрасасида ўтказилди. Ушбу қабул имтиҳонлари жараёнларидан фотолавҳаларни қуйида кўришингиз мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Германия мусулмонлар билан мулоқотни кенгайтирмоқчи
Ўз тизимини кенгайтирган Германия Ички ишлар вазирлиги эндиликда мамлакатда ҳар йили ўтказиладиган исломий конференциялар доирасида мусулмон жамияти билан маслаҳат-мажлисларини кўпайтиришга қарор қилди.
Вазирлик бошқаруви вакилларидан бўлган Маркус Кербернинг маълум қилишича, Германия ҳукумати мамлакатдаги кўп қиррали мусулмон жамияти тизимини исломий конференциялар ёрдамида тартибга солиш ва мусулмонлар жамиятини ташкил қилаётган омилларни яхшилаб ўрганиб чиқишни режалаштирган.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2006 йилда Германиянинг ўша вақтдаги Ички ишлар вазири Вольфганг Шойбле ҳукумат ва мусулмонлар жамоаси орасида мунтазам олиб бориладиган очиқ мулоқотлар учун форумга асос солган эди.
“Агарда Ислом дини ҳам Германиянинг бир қисмига айланишини исташса, у ҳолда мусулмонлар бизнинг конституциямизга мослаштирилган “олмонча ислом”ни яратишлари лозим”, дейди Маркус Кербер.
ЎМИ Матбуот хизмати
Агар ит ташланиб қолса...
Ўтмишда устозлардан бири кўп йиллар хизматида бўлиб дарс олган шогирдларидан бирига:
– Сен анча илм ўргандинг, энди сенга рухсат берсаммикан, деб ўйлаяпман-да, аммо турли вазиятларда тезкор чоралар кўриш, учраган муаммолар юзасидан фойдали хулосалар чиқариш каби масалаларда сени бир синаб олиш учун биттагина савол бериб кўрсаммикан, – дебди.
Шогирд:
– Шундай қилинг, устоз, сўраган саволингизга тўғри жавоб берсам, менга изн бера қолинг, – дебди.
– Сенга изн берсам, ишончим комилки, силаи раҳм қилиб, қариндош-уруғларингни зиёрат қиласан. Қишлоғингга кетаётганингда, йўл устида чўпонларга дуч келасан. Айтайлик, ўша чўпонлардан бирининг бешта ити бор. Ана ўша итлар сенга ташланиб қолса нима қиласан?
– Қўлимдаги калтагим билан уриб ҳайдайман.
– Бешта итга битта калтак билан бас келиб бўларканми?
– Унда уларни тошлайман.
– Тош билан итдан қутулолмайсан.
– Қуролимни чиқариб, ўлдираман.
– У ҳолда итларнинг эгалари сени у ердан соғ-саломат қўйиб юбормаслар. Ўлдирмасалар ҳам пўстагингни қоқиб, майиб қилиб, кейин ўлган итлари учун хун ҳам талаб қилади.
Шогирд бошқа гап топа олмай қолди:
– Устоз, саволингизнинг жавобини топа олмадим, яна озроқ вақт қолиб таҳсилни давом эттиришим керак экан. Аммо айтинг-чи, ўша итлардан қутулиш учун нима қилишим керак ўзи?
Устоз:
– Тоғда, адирда, яйловда – қаерда бўлсанг ҳам сенга ит ташланиб қолгудек бўлса, биринчи қилган ишинг, итнинг эгасини хабардор қилиш бўлсин. Чунки итлар ҳар доим эгаларига яқин ерда бўлади ва эгасининг битта сўзи билан ортига қайтиб кетади.
Қатар делегацияси билан учрашув: Афғонистон ва мақом фестивали
Кеча, 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қатар давлати Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ишлари бўйича департаменти бошлиғи Холид Иброҳим ал-Ҳамар раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегация 16 июль куни мамлакатимизга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг 2018 йил 2-4 июль кунлари Доҳа шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Қатар кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичини ўтказишга розиликларини тасдиқладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда мамлакатимиз ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имкониятининг яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.
Қатар делегациясига 2018 йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилди.
Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. 2018 йил 27 март куни Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро конференциянинг барча иштирокчилари томонидан маъқулланган Тошкент декларацияси қоидаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигига ижобий баҳо берилди ва бу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш ўқувчи камолотининг бош омилидир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, соҳанинг масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Яқинда вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди.
Йиғилишда ушбу кўрсатмалар асосида ишлаб чиқилган халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари умумий ўрта таълим тизими инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, мактаблар ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскан эканини таъкидлади.
Бугун мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олади, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади.
Йиғилишда қайд этилганидек, кейинги йилларда коллеж ва лицейларга кўпроқ эътибор қаратилиб, умумтаълим мактабларини замон талабларига мослаштириш, уларни яхлит тизимга бирлаштириш масаласи четда қолди. Ушбу тизимга бюджет маблағлари охирги навбатда ажратиб келинди, халқ таълими ходимлари ўз вазифасидан ташқари бошқа ишларга мунтазам жалб қилинди. Оқибатда таълим сифати пасайиб кетди.
Ўқитувчилар болалар билан ишлаш ўрнига, ота-оналардан пул йиғиш, турли текширувчи комиссияларни "рози қилиш" билан овора бўлиб қолди. Бу эса, давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг қаровсиз қолиши, тарбияси бузилиши ва айрим ҳолларда турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларини келтириб чиқарди.
Ҳозир замоннинг ўзи “инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Негаки, бугун сармоядор илгаригидек арзон иш кучи бор жойга пул тикаётгани йўқ. Сабаби, шиддатли илмий-техник тараққиёт малакасиз ишчига эҳтиёжни кескин камайтириб юбормоқда.
Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига ушбу тизимда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Давлатимиз раҳбари масаланинг кўлами ва таълим тизимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш зарурлигини таъкидлади. Мисол учун, Жанубий Корея, Япония, Германия, Канада каби давлатларда ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача ойликдан 1,5 баробар кўп. Мамлакатимизда эса ўқитувчининг маоши ўртача ойликнинг атиги 79 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш учун уларни бегона ишларга жалб қилишни, фаолиятини текширишни чеклаш керак. Бунинг учун ўқитувчининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган махсус ҳуқуқий хизматни шакллантириш, ижтимоий роликлар яратиб, уларнинг обрўсини ошириш зарур.
Айни пайтда умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг ўринбосарларига қўйиладиган талабни қайта кўриб чиқиш лозим. Яъни, ҳақиқий бошқарувчи (менежерлик) қобилиятига эга бўлган кадрларни директорликка тайинлаш, маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарлар масъулиятини кескин ошириш, сертификация тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Бу мактабларда ички жамоавий назорат тизимини яхшилашга хизмат қилади. Намунавий мактабларни кўпайтириш учун уларнинг рейтингини ишлаб чиқиш мумкин бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимида молиялаштириш қониқарсиз аҳволда эканини яна бир бор таъкидлаб, ўтган йили соҳага ажратилган бюджет маблағларининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 4,1 фоиздан 3,8 фоизга камайганини қайд этди. Шунинг учун Молия вазирлиги 2019 йилги Давлат бюджетини шакллантиришда мазкур соҳанинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратиши керак.
Давлатимиз раҳбари тизимга юқори малакали мутахассислар жалб қилишни, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида уларни рағбатлантириш мақсадида алоҳида жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.
Яна бир муаммо мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича бир неча давлат дастури қабул қилиниб, амалга оширилганига қарамай, уларнинг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда қолаётганидир. Асосий сабаб эса қурилиш-таъмирлаш ишларига “нопок” пудратчилар жалб этилаётганида. Шу муносабат билан тегишли мутасаддиларга халқ таълими тизимида махсус инжиниринг компанияси ташкил этиш бўйича таклиф бериш топширилди.
Шавкат Мирзиёев умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бунда давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини ўқувчининг ҳар бир синфда қайси кўникмаларга эга бўлишни инобатга олган ҳолда, қайта кўриб чиқиш керак. Олий ва мактабгача таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш лозим.
Шу билан бирга, энг замонавий услублар асосида дарсликлар яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, уларга тааллуқли лабораторияларни қайта жиҳозлаш керак бўлади. Бу ўқувчиларда кўпроқ мустақил таълим олиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради.
Президентимиз таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш лозимлигини таъкидлади. Хусусан, ўқув жараёнини самарали бошқариш тизимини йўлга қўйиш учун ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар ва мактаблар бўйича маълумотлар базаларини яратиш, уларни марказлаштириш керак. Ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш фақат қулайлик яратади. Электрон шаклдаги фаолиятга ўтилса, ўқитувчилар соатлаб ҳужжат тўлдириши, қоғозбозлик билан шуғулланишига ҳожат қолмайди. Маълумотлар базаси ўқувчиларни идентификациялаш, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа тизимлар билан боғлаш имконини беради.
Бунинг учун мактабларни интернет тармоғи билан қамрашни кенгайтириш талаб этилади. Ҳозирги кунда бу борадаги кўрсаткич, афсуски, атиги 7 фоиз бўлиб турибди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш, бунда тизимни бошқариш бўйича барча даражадаги ташкилий тузилмаларни қайта кўриб чиқиш вазифаси юкланди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар умумий ўрта таълим соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш, таълим сифатини кескин яхшилаш, ўқитувчилар обрўсини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш, раҳбар ходимларнинг ишга муносабатини тубдан ўзгартириш мазкур соҳада мутлақо янги тизим шаклланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, ўқувчи мактабни баркамол, мустақил ҳаётга тайёр инсон бўлиб битириши ўқитувчининг фаолиятига бевосита боғлиқ. Шундай экан, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини юксалтириш ана шу эзгу орзу-умидларимизга эришишнинг муҳим асосидир.