muslim.uz

muslim.uz

Инсон саломатлиги ҳамда хотиржамлиги учун организмда барча витаминлар ва минерал моддалар меъёрда бўлиши зарур
У ёки бу модданинг етишмовчилигидан инсон танаси хасталаниб, бу ҳақда сигнал беради.
Бу кальций моддасига ҳам тегишлидир. Унинг етишмовчилигидан нафақат болалар ва ёши улуғ кишилар, балки меҳнатга яроқли ёшдаги аҳоли ҳам азият чекади.
Бундан ташқари ёшлигида етарли миқдорда кальций моддасига бой неъматлардан истеъмол қилмаслик қариганда суяк ва бўғим касалликларига чалинишга сабаб бўлади.
Қуйида келтириладиган танадаги ўзгаришлар кишини бу ҳақда огоҳлантиради:
- Тирноқ, соч ва суяклар мўртлиги.
- Тирноқ юпқалашиб, секин ўсади, лат ейиш ва синиш ҳоллари осон бўлиб қолади. Сочларнинг ранги ўчиб, кўп тўкилади, учларидан синиши кўпаяди.
- Кальций етишмовчилигидан тишлар заифлашади. Улар синувчан ва шикастланишга таъсирчан бўлиб қолади.
- Кальций етишмовчилигини бошидан кечираётган киши асабий ва сержаҳл бўлиб қолади. Тез чарчайди, фикрлари тарқоқ бўлади. Шунингдек, баданда тез-тез титроқ юз бериб туради.
- Болаларда ўсишнинг секинлашуви кальций етишмовчилигидан дарак беради.
Кальций етишмовчилиги аниқланганида шифокорлар бу ҳолатни меъёрига келтиришга ўтишади. Бунда аввал парҳез услуби тавсия этилади. Организмда кальций моддасини кўпайтириш учун шифокорлар кальцийга бой бўлган табиий озуқавий маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишга асосланилади. Бундай озуқавий манбалар қаторига сут маҳсулотлари (творог, сут, йогурт, кефир, пишлоқ, қаймоқ ва бошқалар); яшил сабзавотлар карам, турп ва редиска барги билан, япроқли кўкатлар (райҳон, петрушка, укроп); дуккакли ўсимликлар (нўхат, фасоль); ёнғоқлар (писта, ёнғоқ, бодом); кунжут, балиқ консервалари ва турли меваларнинг янги олинган шарбатлари киради.
Организм кальцийни ўзлаштиришига маъданли газлаштирилган ичимликлар, кофе ва алкоголь тўсқинлик қилади.

Жалолиддин Нуриддинов

27 апрель 2017 йил

Середа, 26 апрель 2017 00:00

Уч саволга бир жавоб

Бир куни Бағдодга Аллоҳга ишонмайдиган файласуфлардан бир гуруҳи келди, Гуруҳ бошлиғи  шаҳарликларга сўрамоқчи бўлган бир неча саволлари борлигини айтиб, Бағдоддаги энг кучли олим билан учрашмоқчи эканини билдирди. Бағдодликлар гуруҳни имоми Аъзамнинг ҳузурига бошлаб борди. Имоми Аъзам ҳазратлари ўша чоқда талабаларга хом ғиштдан қандай қилиб таяммум қилиш кераклигини ўргатиб турган эдилар. Файласуфлар унга учта саволга жавоб истаётганини айтганда имоми Аъзам ҳазратлари:

– Марҳамат, сўранг саволларингизни, – дедилар.

Шунда файласуфларнинг бошлиғи аввалдан ҳозирлаб келган, кўпчилик жавобини топа олмаган саволларини берди:

– Эй имом! Биринчи саволимиз: Аллоҳ бор дейсиз, аммо у кўринмайди, қани у, кўрсатинг, биз ҳам иймон келтирайлик; иккинчиси, шайтон оловдан яралган дейсиз, сўнгра яна унга оташ-ла азоб берилади, дейсиз, ҳеч замонда олов оловни ёқадими? Учинчи саволимиз эса, эшитишимча, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан дер экансиз, Модомики, хайр ва шарр Аллоҳдан экан, у ҳолда инсонларни нега қилган ишлари учун айблайсиз? Инсонларни ўз ҳолига қўйинг, истаганидек яшасин.

Унинг гапи тугаганидан сўнг имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ қўлидаги қуруқ ғишт билан уриб файласуфнинг бошини ёрдилар. Файласуф дарҳол қозига  шикоят қилди. Имоми Аъзам ҳазратларини маҳкамага чақирдилар. Имоми Аъзам маҳкамага келганларидан сўнг

Қози файласуфга:

– Қани гапиринг, шикоятингизни эшитайлик, – дейди.

Файласуф:

– Қози жаноблари! Мен бу имомга учта савол бердим. У эса саволга жавоб бериш ўрнига ғишт билан уриб бошимни ёрди, – деди.

Қози:

– Эй имом! Сиз каби олим одамга бундай иш ярашадими? – деди.

Имоми Аъзам:

– Муҳтарам қози, мен аслида ўша ғишт билан уриб бу файласуфнинг ҳамма саволига жавоб бердим, – дедилар.

  Қози Имоми Аъзамдан бу ишини тушунтириб беришини сўради. Имом бу ҳодисани қуйидагича тушунтира бошладилар:

– Муҳтарам қози жаноблари, бу файласуф менга “Аллоҳ таолони кўрсатинг, инонайлик” деди. Мен қўлимдаги ғиштни унинг бошига уриб саволига жавоб берган бўлдим. “Бу қандай бўлди?” десангиз, бу одамдан сўраб кўринг-чи, бошига ғишт билан урганимда у ҳис этган оғриқни бизга кўрсата олармикан? 

Қози файласуфга:

– Ҳа, ўша оғриқни бизга кўрсата оласизми? – деди.

Файласуф:

– Муҳтарам қози жаноблари, жонимдан ўтиб кетди, аммо уни сизга қандай кўрсатаман, – деди.

Имоми Аъзам унга:

– Эй файласуф! Сен ўз танангда рўй берган ҳодисани, бошингнинг оғриганини бизга кўрсата олмас экансан, биз ўзимиз измида бўлган Аллоҳни сенга қандай кўрсата оламиз! – деди.

Қози:

– Хўп, унинг кейинги саволи нима эди? – деб сўради.

Имоми Аъзам:

– У мендан “шайтон оташдан яралган дейсиз, аммо оташ оташни ёқадими?” деб сўради. Мен уни тупроқ билан урдим. Тупроқ унинг бошини ёрди. Ахир унинг бадани тупроқдан яралмаганмиди! Аллоҳ истаса оловни олов билан азоблашга кучи етади. Ундан жонининг оғриган оғримаганлигини сўрай оласизми? – дедилар.

Қози файласуфдан такроран:

– Жонингиз оғридими? – деб сўради.

Файласуф:

– Албатта, – деб жавоб берди.

 Бунга жавобан имоми Аъзам:

– Яна менга: “Эй имом! Яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳдан эканини айтасиз, унда нега инсонларни қилган ишлари учун айблайсиз? Қўйинг, инсонлар билган ишларини қилсин”, деди. У ҳолда, муҳтарам қози жаноблари, ундан такрор сўрасангиз, модомики, у инсонларнинг иродаси йўқлигига ишонар экан, у ҳолда мен қилган иш юзасидан нега сизга шикоят этди! – дедилар.

Файласуф бу мантиқли сўзлар қаршисида мағлуб бўлиб, сўзлашга сўз топа олмади ва янглиш ишончда эканига тавба қилиб мусулмон бўлди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.  

Маънавий янгиланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган юртимизда муқаддас динимизга алоҳида эътибор берила бошланди. Жумладан, ислом билим юртлари фаолияти тубдан яхшиланди. Бунинг замирида ислом динини асл ҳолатида ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш, диёримиз алломаларининг динимизга оид бой маънавий меъросини тадқиқ этиб, уларни халқимизга содда ва равон услубда етказиш, замон талаблари даражасидаги малакали диний мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди. Республикамиз халқаро майдонда  ўз ўрнини топди. Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръон мусобақаларида диёримизда етишиб чиқаётган қориларимиз ҳам қатнашиб, нуфузли ўринларни эгаллашмоқда.

Бугун пойтахтдаги “Хожа Аламбардор” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Ислом университети ва ўрта махсус ислом билим юртлари талабалари иштирокида  “Қорилар мусобақаси” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган бундай кўрик-танлов юртдошларимизнинг Қуръони каримни ўқиб-ўрганиш, ёдлаш, тинглаш ҳамда тажвид қоидаларини янада пухта ўрганишга бўлган меҳр-муҳаббатининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Қуръони каримни ёдлаган иқтидорли талабаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш,  улардаги ноёб фазилатларни  янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Қорилар мусобақаси”нинг Республика босқичи икки йўналишда ўтказилди. Биринчи йўналиш мураттаб қорилар, иккинчи йўналиш мужаввид қорилар ўртасида бўлиб ўтди.

Кўрик-танлов натижалари қуйидагича бўлди:

Мураттаб қори йигитлардан:

1-олий ўринга Тошкент ислом институти талабаси Раҳмонберди Абдулазиз қори;

1-ўринга Саййид Муҳйиддин Махдум мадрасаси талабаси Абдумаликов Сирожиддин қори; 

2-ўринга Кўкалдош мадрасаси талабаси Абдумаликов Низомиддин қори;

 3-ўринга Мир Араб мадрасаси талабаси Мирбобоев Мираббос; 

Мужаввид қори йигитлардан:

1-ўринга Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси Ҳомидов Муҳаммадюсуф;

2-ўринга Муҳаммад ал-Беруний мадрасаси талабаси Пирхонов Насибиллоҳ қори;

3-ўринга Мир Араб мадрасаси талабаси Аҳмаджонов Қодирали; 

Мураттаб  қория қизлардан:

1-ўринга Хадичаи Кубро мадрасаси талабаси Исҳоқжонова Муҳсина;

2-ўринга Тошкент ислом институти талабаси Нурматова Шоҳистахон;

3-ўринга Жўйбори Калон мадрасаси талабаси Яҳёева Шаҳноза; 

Мужаввид қория қизлардан:

1-олий ўринга Тошкент ислом институти талабаси Нажмиддинова Робия;

1-ўринга Хадичаи Кубро мадрасаси талабаси Умаралиева Дилнозахон;

2-ўринга Жўйбори Калон мадрасаси талабаси Ўринова Лутфия;

3-ўринга Тошкент ислом университети талабаси Жалолиддинова Маҳфуза муносиб деб топилди.

Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

 

Top