muslim.uz
Диний бағрикенглик тамойиллари ёшлар талқинида
Ислом – бағрикенглик дини. У одамларни миллати, ранги, касбу машғулоти, қандай динга эътиқод қилишидан қатъи назар, Аллоҳ яратган мавжудотларнинг улуғи сифатида ҳурмат-эҳтиром қилишга чақиради.
Ушбу тўпламга киритилган илмий изланишлар муаллифлари бағрикенгликнинг моҳиятини ёритиш билан бирга, кўпмиллатли Ватанимизда айни борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг ибратли натижаларини далиллар билан шарҳлаганлар.
Музей қайта тикланди
2014 йилда Мисрда содир этилган теракт натижасида, Ислом санъати музейининг ташқи кўриниши ва ундаги икки юзга яқин экспонатга шикаст етган эди. Ўтган давр мобайнида, музей биноси қайта таъмирланиб, экспонатлар реставрация қилингач, музей яна ўз фаолиятини бошлади.
Таъмирлаш ва тиклаш ишлари халқаро ЮНЕСКО ташкилоти, БАА, Швейцария, АҚШ ва Италия ҳукуматлари томонидан молиялаштирилди. Музейдаги жами 179 та экспонат қайта таъмирланди.
Маълумот учун, Ислом санъати музейи 1903 йили очилган бўлиб, унда 4000 та экспонат сақланади. Уларнинг айримлари, 1300 йил олдинги тарихий ашёлар ҳисобланади.
Моҳира ЗУФАРОВА
тайёрлади.
Қуръон каримни ёрқин рангда нашр этиш тақиқланди
Сурия, Ливан, Миср ва БАА каби араб мамлакатларида Қуръони каримнинг турли рангдаги нашрлари кенг тарқалмоқда. Бу бир қатор уламоларнинг салбий фикр ва эътирозларини келтириб чиқармоқда.
“Ал-Азҳар” Ислом маркази Мисрда бундай ранг-баранг Қуръонларнинг чиқарилишига ва чоп этилишига эътироз билдирди.
Ушбу масаланинг ечимларига бағишланган Миср Ислом тадқиқотлари Ассамблеяси Ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Тоййиб бошчилигида мажлис бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида рангли қоғозларга Қуръони каримни чоп этиш таъқиқланиши ҳақидаги якдил хулосага келинди. Ассамблеянинг қарорига кўра, Қуръони карим қора ҳарфда, оқ қоғозга чоп этилиши керак. Ушбу қарор муқаддас китобнинг мавқеини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди.
М.Зуфарова
тайёрлади
“Қуръони карим элчилари” номли китоб нашрдан чиқди
Яқинда Миср араб республикасида, мисрлик ёзувчи Муҳаммад Абдулазиз Юнус қаламига мансуб “Қуръони карим элчилари” номли янги китоб нашрдан чиқди. Ҳажми 192 саҳифадан иборат мазкур китобда, дунёнинг кўзга кўринган, машҳур қорилари: Абдулбосит Абдуссомад, Маҳмуд Халил ал-Хусарий, Муҳаммадсиддиқ ал-Миншавий, шунингдек, икки ҳарами шарифда Қуръон тиловати ва Хатмул Қуръон тадбирларини ўтказишда хизмат қилган етук қорилар, жумладан, Шайх Иброҳим ал-Ахдар, Шайх Аҳмад Ҳижазий, Шайх Заккий Доғистоний, Шайх Али ибн Абдурроҳман ал-Хузайфий, Шайх Али Абдуллоҳ ал-Жобир ва шу каби машҳур қориларнинг яшаш тарзи ва ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар берилади.
Ушбу китоб, яқинда Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтадиган 48-халқаро китоб кўргазмасида намойиш этилиши кўзда тутилган.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади
Барака калитларидан бири
Инсон ризқининг баракали ва зиёда бўлиш омилларидан бири – динимизда буюрилган амаллардан бири силаи раҳм, яъни қариндош-уруғчилик алоқаларини тиклаш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқдир. Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари қолишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин” – дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Силаи раҳм – қариндошлар ўртасидаги узилганлар алоқаларни боғлаш, борди-келди қилиш маъносида ишлатилади. Мазкур ҳадиси шариф орқали силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларга яхшилик, ёрдам ва хайр-саховат қилган одамнинг ризқини Аллоҳ таоло кенгайиши вафотидан кейин ҳам яхши ном ва хотира қолиши баён этилади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي اللَّهم عَنْهَا قالت: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "الرحم شجنة من الرحمن. فقال الله: من وصلك وصلته ومن قطعك قطعته". رواه البخاري
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Раҳм Раҳмоннинг исмидан олинган. Ким силаи раҳм билан боғланса, Аллоҳ таоло ҳам у билан боғланади. Ким силаи раҳм алоқаларини узса, Аллоҳ таоло ҳам у билан орасини узади.” -дедилар (Имом Бухорий ривояти).
وعن جبير بن مطعم قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " لا يدخل الجنة قاطع ". رواه البخاري ومسلم
Жубайир ибн Мутъам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Силаи раҳмни узувчи жаннатга кирмайди” – дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : إِنَّ اللَّهَ خَلَقَ الْخَلْقَ حَتَّى إِذَا فَرَغَ مِنْ خَلْقِهِ ، قَالَتِ الرَّحِمُ : هَذَا مَقَامُ الْعَائِذِ مِنَ الْقَطِيعَةِ ؟ قَالَ : نَعَمْ ، أَلا تَرْضَيْنَ أَنْ أَصِلَ مَنْ وَصَلَكِ وَأَقْطَعَ مَنْ قَطَعَكِ ؟ قَالَتْ : بَلَى يَا رَبِّ ، قَالَ : فَذَلِكَ لَكِ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : اقْرَؤُوا : {فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ} رواه مسلم و احمد
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ махлуқотларни халқ қилди. Бас, ундан фориғ бўлганида раҳм: “Мана шу алоқани узадигандан паноҳ сўрагувчиларнинг тутадиган жойими? – деди. Аллоҳ таоло: “Сени боғлайдиганни боғлаб, узадиганни узишимга рози бўласанми?” – деди. Раҳм: “Ҳа, Эй Раббим!” –деди. Аллоҳ: “Сен учун ана шундай!” – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу оятларни тиловат қилдилар. “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир. Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда “қулфлари” бордир?!”
عن ابن عمر عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قال من اتقى و وصل رحمه نسيء له في عمره و ثري ماله و أحبه أهله رواه البخاري
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Раббисидан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради” – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифда ҳам инсоннинг Раббисидан қўрқиб, унинг буйруқларини бажарса ва қайтарганларидан қайтса, ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида силаи раҳм қилса умри зиёда бўлиб, ажали орқага сурилиши баён этилмоқда. “Инсон умрининг зиёда бўлиши ва ажалининг орқага сурилиши унинг умри-жонига барака берилиши билан боғлиқдир. Силаи раҳм билан қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади.
Барака ва меҳр-муҳаббатнинг пайдо бўлиши силаи раҳмнинг дунёдаги фойдасидир, охиратдаги савоби ва улкан мукофоти эса жаннатдир.
Силаи раҳмнинг фойдаси дунё ва охиратда бўлади. Дунёда инсонинг ризқ кенгаяди ва умри узаяди ва файз-баракага эришади. Охиратда эса улуғ мукофотга сазовор бўлади. Ким бу икки дунёни ирода қилса, силаи раҳмни кўпайтирмоғи лозим. Юқоридаги илоҳий таълимотлардан хулоса инсонни икки дунёда азиз ва мукаррам қиладиган омил ҳамда ризқга баракот улашадиган жиҳатлардан бири қариндошлар билан силаи раҳмни маҳкам боғламоқликдир.
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири