muslim.uz
Амаллар ниятга боғлиқ (шеър)
Азизлар айтайин битта ҳикоят,
Қанча китобларда келган ривоят.
Кундуз умид билан бўлсак рўзадор.
Кечалар қиёмда турсак ҳам бедор.
Бировнинг ҳаққига қилсак хиёнат.
Бизда бўлмаса инсоф диёнат.
Бировнинг ортидан айтсак ғийбатлар.
Беэътибор ўтса қанча суҳбатлар.
Номаҳрамдан тиймас бўлсак кўзимиз.
Беихтиёр бурилса унга юзимиз.
Ёлғон аралашса битта савдода.
Молим ўтказай деб бўлсак ғавғода.
Қўрқмасдан еб қолсак биров хаққини.
Зарра озорласак инсон халқини.
Рўзадорман деб ўйлама зинҳор!
Балки бу рўзанг бўлибди бекор.
Иймон билан тутсанг рўзадир зиё.
Билсин дея тутсанг бўлади риё.
Аввал ниятинг тўғирла банда,
"Амаллар ниятга боғлиқ"-эканда.
"Мўминнинг нияти амалдан яхши",
Ҳар бир яхши ният қалбнинг нақши.
Қиёматда келтирилар бир ожиз банда.
Намои аъмоли қўйилар унда.
Амал китобида "ҳаж-умраю, саъю ҳаракот
Қўп эрур унда садақа, закот".
Бул амалларни кўриб ул ҳайрон,
Банда ўзича ўйлади шу он:
"Буларнинг ҳеч бирин қилган эмасман.
Демак, бул китоб менинг эмаскан".
Шунда Аллоҳ таоло айтади унга:
"Бул сенинг китобинг, ўқигин банда.
Сен бечора ҳолда яшардинг унда,
ва айтардинг менда мол бўлганида.
Албатта, ҳаж қилиб Каъба борардим.
Агар молим бўлса закот берардим.
Ниятда содиқлигингни билдим.
Буларнинг ҳаммасин савобин бердим".
Кўринг ҳолис ният фойдасин.
Аллоҳ билар ниятни ҳамма-ҳаммасин.
Аллоҳ қарамайди молларингизга.
Ва қарамас сурату аҳволларингизга.
Балки амаллару қалбларга қарар,
Қалбдаги яширин ҳаммасин билар.
Чин қалб билан тутинг бу ой рўзасин.
Қалбингиз танисин борлиқ Эгасин.
Рўза тутсин танада ҳар битта аъзо.
Шунда рўзанг бўлар аълодан аъло.
Гуноҳ ювиб қолинг, бу ой омонат.
Рўзаси қабулни кутади жаннат.
Жаннатга муштоқ бўлса рўзадор,
Ҳар хил гуноҳлардан сақлансин юз бор.
Жаҳаннам азобидан паноҳ тиласин.
Аҳлига доимо кулиб қарасин.
Эй ожиз Хуршид, тила офият.
Умматга тилагин кўп яхши ният.
Ниятим юртимиз тинч-омон бўлсин.
Жами мусулмонларни саломат қилсин.
Хуршид Еркабаев.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Андижонга ташрифи. (Абу Бакр Сиддиқ жоме масжиди)
Жаннатга элтувчи амаллар
Аллоҳ таоло инсониятни бу дунёда синов учун яратиб қўйгани ҳаммамизга маълум. Барчамиз бу синов дунёсидан яхши амаллар қилиб, савобимизни кўпайтирган ҳолида ўтишни ва келажакда абадий ҳаёт бўлмиш жаннатга киришни умид қиламиз. Келажакда ким жаннатий ёки дўзахий бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Бу ҳақида фақат Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан хабар қилинган бўлсагина, бунга иймон келтирамиз. Шунга кўра, барчамиз Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган ҳолда, жаннатга кириш учун яхши амалларни қилишга ҳаракат қилиб борамиз. Бунинг учун Аллоҳ ва Унинг Расулининг буйруқларига амал қилиш ва улар қайтарган нарсалардан тийилишимиз лозим бўлади. Шариъатимизда инсониятни жаннатга ва дўзахга киришига сабаб бўлувчи хос амаллар ҳақида баён қилинган бўлиб, шу амалларни ўзимизга лозим тутсак, Аллоҳ насиб қилса жаннатга кирамиз. Шу мақсадда қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан соҳибини жаннатга элтувчи хос амаллар ҳақидаги баъзи ҳадисларни баён қилиб ўтамиз.
- Бир кунда нафл рўза тутиш, жанозага иштирок этиш, камбағал кишига таом бериш ва беморни кўргани бориш, каби ишларни жам қилиш.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمًا: مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ صَائِمًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيْقُ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ جَنَازَةً ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مِسْكِينًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا، قَالَ : فَمَنْ عَادَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مَرِيْضًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا اجْتَمَعْنَ فِيْ رَجُلٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ».رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўзадор бўлди?”- дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.
У зот: “Сизлардан ким бугун жанозага иштирок этди?”- дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.
У зот: “Сизлардан ким бугун мискинга таом берди?”- дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.
У зот: “Сизлардан ким бугун касални кўргани борди?”- дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.
У зот: “(Шу хислатлар) бир кишида жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир кунда жам қилган тўртта солиҳ амал ҳақида, шунингдек ким шу тўрт амални бир кунда жам қилса жаннатга кириши ҳақида айтилмоқда. Бу тўрт амал солиҳ амаллардан бўлиб, агар улар бир кунда жам қилинмасдан алоҳида қилинадиган бўлса ҳам соҳибига кўп яхшиликлар олиб келади. Бу амалларнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Улар:
1). Нафл рўза тутиш.
Нафл рўзанинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ صَامَ يَوْمًا فِي سَبِيلِ اللَّهِ بَعَّدَ اللَّهُ وَجْهَهُ عَنْ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади”, деганларини эшитганман, деди”. Бухорий ривоят қилган.
2). Жанозага бориш.
Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: قَال: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ شَهِدَ الجَنَازَةَ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا ، فَلَهُ قِيراطٌ ، وَمَنْ شَهِدَهَا حَتَّى تُدْفَنَ ، فَلَهُ قِيرَاطَانِ » قِيلَ : وَمَا القِيرَاطانِ ؟ قَالَ : « مِثْلُ الجَبَلَيْنِ العَظِيمَيْنِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким жанозага намоз ўқилгунича қатнашса, унга бир қийрот (ажр) бор. Ким дафн қилингунгача жанозага қатнашса, унга икки қийрот (ажр) бор", дедилар.
"Қийрот нима?"-дейилди.
У зот: "Катта икки тоққа ўхшашдир", дедилар. Муттафақун алайҳи.
3). Мискинга таом бериш.
Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « أَيُّمَا مُسْلِمٍ كَسَا مُسْلِمًا ثَوْبًا عَلَى عُرْىٍ كَسَاهُ اللَّهُ مِنْ خُضْرِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ أَطْعَمَ مُسْلِمًا عَلَى جُوعٍ أَطْعَمَهُ اللَّهُ مِنْ ثِمَارِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ سَقَى مُسْلِمًا عَلَى ظَمَإٍ سَقَاهُ اللَّهُ مِنَ الرَّحِيقِ الْمَخْتُومِ ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмоннга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизади. Қайси мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Қайси мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ уни раҳийқи махтум[1]дан суғоради”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
4). Касални кўргани бориш.
Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « إنَّ المُسْلِمَ إِذَا عَادَ أخَاهُ المُسْلِمَ ، لَمْ يَزَلْ في خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ » . قِيلَ : يَا رَسولَ الله ، وَمَا خُرْفَةُ الجَنَّةِ ؟ قَالَ : « جَنَاهَا » . رَواهُ مُسْلِمٌ
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар.
“Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?”-дейилди.
У зот: “Жаннатнинг мевалари”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.
Демак, бу санаб ўтилган тўрт амалнинг қайси бирини қилинса ҳам эвазига кўп яхшиликлар бор экан. Ким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бу амалларни бир кунда жамласа, эвазига жаннатга кириш турибти.
- II. Тил ва жинсий аъзони ёмон ишлардан сақлаш.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « مَنْ وَقَاهُ اللهُ شَرَّ مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ ، وَشَرَّ مَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ دَخَلَ الجَنَّةَ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим икки нарса ҳақида айтиляпти. Яъни, инсон икки жағи орасидаги тилини ва жинсий аъзосини ҳаром ишлардан сақлайдиган бўлса, жаннатга кириши айтиляпти. Агар уларни ёмон ишлардан сақламаса, у дўзахга равона бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ ؟ قَالَ : « تَقْوَى اللهِ وَحُسْنُ الْخُلُقِ » ، وَسُئِلَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ، فَقَالَ : « الفَمُ وَالفَرْجُ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киритувчи энг кўпроқ нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. У зот инсонларни дўзахга киритувчи энг кўп нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисларда айтилган ҳаром ишлардан сақлаши лозим бўлган икки аъзонинг бири, бу тилдир. Тил сабабли инсон кўплаб ҳаром амалларни содир қилиши мумкин. Буларга, ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, туҳмат қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, фаҳш сўзлар гапириш ва шу каби бошқа ҳаром амалларни мисол қилиш мумкин. Тил бошқа гуноҳларнинг асосчиси бўлганлигидан шариъатимизда бунга эҳтиёт бўлишга тарғиб қилинган. Бу ҳақида бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَخْوَفُ مَا تَخَافُ عَلَيَّ ؟ قَالَ : فَأَخَذَ بِلِسَانِ نَفْسِهِ وَقَالَ : " هَذَا " . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Суфян ибн Абдуллоҳ ас-Сақофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен эй, Расулуллоҳ! Менга қўрқадиган нарсангизнинг энг қўрқинчлироғи нима?”-деб айтдим.
У зот тилларини ушлаб: “ Мана бу”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Ким қодир бўлса, тилини яхши ишларга одат қилдириши керак. Бу иш қўлидан келмаса, бекорчи гапларни гапиришдан сақланиши ёки жим тургани яхшидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَمَتَ نَجَا". رَوَاهُ اَحْمَدُ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жим турса нажот топади”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳақида Абдулло Авлоний шундай деб шеър ёзган:
Сўйласанг сўйлагин яхши сўзлардин
Йўқса жим турмоғинг эрур яхши.
Ўйласанг яхши фикрлар ўйла
Йўқса гунг бўлмоғинг эрур яхши.
Ишласанг ишла яхши ишларни
Йўқса бекорлиғинг эрур яхши.
Ҳадисда қайтарилган яна бир иш, инсон жинсий аъзосини гуноҳ ишдан сақлашидир. Бундан зино назарда тутиляпти. Зеро, зино гуноҳи кабиралардан бўлиб, инсоннинг икки дунёда хору зор бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا
Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир. (Исро, 32-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда зинога яқинлашмасликка буюряпти. Зинога яқинлашмаслик учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам сақланиш керак. Зино қилиш инсоннинг жинсий аъзоси сабабли содир бўлсада, зинога инсоннинг бошқа аъзолари орқали етиб борилади. Бунда инсоннинг бошқа аъзоларининг ҳам насибаси бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « كُتِبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ نَصِيبُهُ مِنَ الزِّنَا مُدْرِكُ ذَلِكَ لا مَحَالَةَ : العَيْنَانِ زِنَاهُمَا النَّظَرُ ، وَالأُذُنَانِ زِنَاهُمَا الاسْتِمَاعُ ، وَاللِّسَانُ زِناهُ الكَلاَمُ ، وَاليَدُ زِنَاهَا البَطْشُ ، وَالرِّجْلُ زِنَاهَا الخُطَا ، والقَلْبُ يَهْوَى وَيَتَمَنَّى ، وَيُصَدِّقُ ذَلِكَ الفَرْجُ أَوْ يُكَذِّبُهُ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласига зинодан насибаси ёзиб қўйилган, шубҳасиз унга етади; Икки кўз зиноси назар қилиш, икки қулоқ зиноси қулоқ солиш, тил зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқ зиноси қадам босишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади. Жинсий аъзо эса, шуни тасдиқ қилади ёки уни ёлғонга чиқаради”, дедилар. Муттафақун алайҳ.
Демак, инсон зинога яқинлашмаслик учун, унга олиб борувчи амаллардан ўзини сақлаши керак экан.
III. Ҳалол луқма ейиш, суннатга амал қилиш, инсонларга ёмонлик қилмаслик.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبُو سَعِيْدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَكَلَ طَيِّبًا ، وَعَمِلَ فِيْ سُنَّةٍ ، وَأمِنَ النَّاسُ بَوَائِقَهُ ، دَخَلَ الْجَنَّةَ ، قَالَ رَجُلٌ:يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّ هَذَا الْيَوْمَ فِيْ النَّاسِ كَثِيْرٌ ، قَالَ : فَسَيَكُونُ فِيْ قُرُونِ بَعْدِيْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”- дедилар.
Бир киши: “Эй, Расулуллоҳ! Бу (шу сифатларга эга киши) (ҳозирги) кунда инсонлар орасида кўпку”, деб айтди.
У зот: “ (Бу) мендан кейинги замонларда тезда бўлади”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳаммасини зикр қилишнинг иложи йўқ. Шунга кўра, юқорида уларнинг баъзиларини санаб ўтдик холос. Ким шу ҳадисларга амал қилишни ўзига одат қилиб олса, Худо хоҳласа жаннатга киради.
“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Раҳийқу махтум-жаннат шароби.
Рамазон тақво ойи
Рамазон ойи ойларнинг султони, муборакли, улуғ ой бўлиб, бу ой сабабидан бандаларга жуда кўплаб яхшиликлар берилади. Бу ой инсонлар савобларини кўпайтириб ва гуноҳларидан покланиб олишга катта имкониятдир. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш ойи бўлиб, инсон бу ойда нафсини жиловлаб олиши ва тақво ҳосил қилиши бошқа ойларга нисбатан қулайроқ ва осонроқ бўлади. Чунки, бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шунингдек, бу ойда инсоннинг энг катта душмани бўлмиш шайтонлар кишанланади. Инсон ўзини турли гуноҳларга васваса қиладиган шайтонларнинг ёмонлигидан омонда бўлади. Шунингдек, бу ойда бундан бошқа фазилатлар ҳам бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон кишининг гуноҳлари тўкилиб, савобларининг кўпайишига сабабчи бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا حَضَرَ رَمَضَانُ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَدْ جَاءَكُمْ رَمَضَانُ شَهْرٌ مُبَارَكٌ، افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ، تُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَيُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ الشَّيَاطِينُ، فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْر،ٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا قَدْ حُرِمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиҳ маҳрум қилинибди”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадисда қуйидаги фазилатлар санаб ўтилди:
- Рамазон ойи муборакли ойдир. Чунки, бу ойда Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати, мағфират кенг бўлади. Бу ойда қилинган нафл амалларнинг савоби бошқа ойдаги фарз амаллар савобига тенг бўлади. Бу ойдаги фарз амалларининг савоби бошқа ойдаги фарз амалларидан етмиш баробар ортиқроқ бўлади. Мана шу барокотлар сабабли инсон бу ойда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилади ва натижада, унинг Аллоҳга бўлган тақвоси зиёда бўлади.
- Бу ойда Аллоҳ таоло рўза тутишни фарз қилди. Инсон бу ойда рўза тутар экан, бу аснода нафсини сабрга ўргатади. Кундузлари ейиш, ичиш ва аёлига жимоъ қилишга сабр қилса, кечалари эса, тунларни ибодат билан ўтказиб, бедорликка сабр қилади, буларнинг барчасига сабр қилиш Аллоҳга бўлган тақво эмасми?
- Бу ойда жаннат эшиклари очилади. Яъни, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади ва раҳмат фаришталари нозил бўлади. Бу ойда рўза тутиб ва тунларда ибодат қилган кишиларнинг жаннатга кириши кўп бўлади. Шунга кўра, инсон ибодатларини кўпайтиради ва жаннатга интилади. Ибодатларнинг кўпайиши эса, инсоннинг Аллоҳга бўлган тақвосини зиёда қилиб бораверади.
- Рамазон ойида жаҳаннам эшиклари ёпилади. Бу улуғ ой ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилади. Яъни, жаҳаннамга киритиш ортга сурилади. Бу ҳам бир имконият бўлиб, гуноҳларга тавба қилиб, савобларни кўпайтириб олиш керак бўлади.
- Бу ойда шайтонлар кишанланади. Шайтонларнинг занжирбанд қилиниши жуда ҳам улуғ нарсадир. Чунки, инсон қиладиган ҳар бир гуноҳ ишнинг ортида шайтоннинг васвасаси бор. Шайтон кишанланса, инсон васваса қилувчидан омонда бўлади. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта имконият бўлиб, шу имкониятдан фойдаланиб, Аллоҳга бўлган тақвосини зиёда қилиб олишга интилиши лозим бўлади.
- Бу ойда мингта ойдан яхшироқ бир кеча бор. Рамазон ойининг хусусиятларидан яна бири, бу ойда “Қадр кечаси”нинг борлигидир. Бу кеча сабабли инсоннинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « مَنْ قَامَ لَيْلَةَ القَدْرِ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Демак, юқоридаги санаб ўтилган фазилатлар сабабидан инсон бу амалларга интилади ва ўзини яхшигина тарбия қилади. Натижада, у ўз нафсини енгади ва унда Аллоҳга бўлган тақвоси кучаяди.
Шунингдек, бу ойда инсон рўза тутиш ва кечаларда ибодатлар билан қоим бўлиш билан бирга турли хил гуноҳ ишларни қилишдан ўзини сақлаш ҳам керак. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الصِّيَامَ جُنَّةٌ فَإِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَجْهَلْ فَإِنْ امْرُؤٌ شَاتَمَهُ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсиқдир. Сизлардан бирингиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, таоми ва шаробини тарк қилишида Аллоҳ учун ҳожат йўқдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Демак, рўза тутадиган киши, ёлғон, ғиёбат, туҳмат ва беҳаё гапларни гапиришдан ва бировларга озор беришдан сақланиши лозим бўларкан. Акс ҳолда унинг рўза тутиши ва кечаларда қоим бўлишидан унга манфаат бўлмайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كَمْ مِنْ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ وَكَمْ مِنْ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ.رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, у учун рўзасидан фақатгина очлик бўлади ва қанчадан қанча тунда қоим бўлувчи борки, у учун унинг қиёмидан фақатгина бедорлик бўлади холос”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Демак, инсоннинг тутган рўзаси ва тунлардаги ўқиган таровийҳ намозлари мукаммал тарзда қабул бўлиши учун, тили ва бошқа аъзолари томонидан содир бўладиган гуноҳлардан ўзини сақлаши лозим бўларкан. Бу гуноҳ ишларни тарк қилиш билан, инсон ўз нафсини жиловлайди ва тақвосини зиёда қилади.
Шунингдек, Рамазон Қуръони Карим ойи бўлиб, бу ойда Қуръони Каримни кўплаб тиловат қилиш суннат амалдир. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб берардилар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍ فِي رَمَضَانَ حَتَّى يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْقُرْآنَ فَإِذَا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام كَانَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنْ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари Рамазонда ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келган бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўқиб берардилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Демак, бу ойда Қуръони Карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинади. Қуръон қанча кўп ўқилса, инсонда Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ва тақвоси зиёда бўлади. Унга сакийна тушади ва уни раҳмат фаришталари қуршаб олади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган катта имконият ойидир. Бу ойда ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан ўзимизни сақлайдиган бўлсак, охиратимиз учун улкан захийрага эга бўламиз. Шунингдек, нафсимизни поклаб, ибодатларда бардавом бўлишни одат қилиб оламиз. Шунга кўра, Рамазондан кейин ҳам шу ибодатларда давомли бўлиш осон бўлади.
“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.
Тунларни ибодат билан бедор ўтказиш
Кечаларда бедор бўлиб, ибодат қилиб тунни ўтказишлик ислом динида жуда ҳам улуғ амаллардан ҳисобланади. Тарихдан бизга маълумки, барча ўтган улуғ инсонлар, пайғамбарлар бўлсин, саҳобалар, тобеъинлар бўлсин, авлиёлар бўлсин, барчалари кечаларда бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлишган. Бу амал инсон билан Аллоҳ таоло ўртасида қурбат ҳосил қилиб, уни жаннатга киришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини бу ишга тарғиб қилишдан олдин, исломнинг аввалидаёқ Ўз пайғамбарини бунга буюрган.
Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ. قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا . نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا . أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلًا .
“Эй, (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!) Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил сураси, 1-4 оятлар).
Аллоҳ таоло юқоридаги оятда ўз Расулига кечаларда ибодат ва Қуръон тиловат қилиб қоим бўлишга буюряпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисининг буйруғига итоат этдилар ва кечаларда ибодат билан қоим бўлдилар. У зот Роббисига чин ихлос билан, йиғлаган ҳолатда, хушуъ ва хузуъ билан ибодатда давомли бўлдилар. Бу ҳақида у зотнинг саҳобаларидан шундай ривоят қилинади:
عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى تَوَرَّمَتْ قَدَمَاهُ ، فَقِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَيْسَ قَدْ غَفَرَ اللَّهُ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ :« أَفَلاَ أَكُونُ عَبْدًا شَكُورًا؟ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси (тунги намозни ўқиш учун) қоим бўлдилар, ҳаттоки икки оёқлари шишиб кетди. Шунда: “Эй Расулуллоҳ Аллоҳ таоло сизни ўтган ва келажакдаги барча гуноҳларингизни мағфират қилган эмасми?”, дейилди. У зот: “Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?””, дедилар. Бухорий ривоят қилган.
Аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган зот, кечаларни шундай ўтказган эканлар, биз ҳам бу зотдан ўрнак олган ҳолда, ўзимизга бу амални лозим тутишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда солиҳ бандаларини сифатлаб шундай дейди:
كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ . وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ.
“(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”. (Зарият сураси, 17,18-оятлар).
Кечаларда қилинган дуолар ижобатдир. Чунки, инсонлар ғафлатда бўлиб, ухлайдиган пайтда банда Аллоҳни ёдига олиб дуо қилса, унинг дуоси ижобат бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « إِنَّ فِى اللَّيْلِ لَسَاعَةً لاَ يُوَافِقُهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ يَسْأَلُ اللَّهَ خَيْرًا مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ إِلاَّ أَعْطَاهُ إِيَّاهُ وَذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ » رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитдим:
“Албатта, кечада бир соат борки, мусулмон киши унга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишидан бирор нарсани сўрайдиган бўлса, Аллоҳ таоло уни унга беради ва шу ҳар бир кечададир”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда айтилишича, кечқурунда нафл ибодат қилиш, кундуз кунидаги нафл ибодатдан афзалдир, чунки ҳар бир кечада дуолар ижобат бўладиган бир вақт бордир. Ҳар бир кундуз кунида бундай эмас, фақатгина жумъа кунида шундай вақт бор. Шунинг учун инсон кечадаги шу улуғ вақтни топишлик учун, кечанинг ҳаммасини ёки баъзисини ибодат билан ўтказиши лозим.
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ فَيَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِى فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِى فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِى فَأَغْفِرَ لَهُ ».رَواهُ مالِكٌ فِي الْمُوَطَّأ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Албатта Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббимиз таборака таоло ҳар кеча, туннинг охирги учдан бири қолган вақтда дунё осмонига тушади ва: “Ким менга дуо қилса уни ижобат қиламан, ким мендан сўраса унга бераман, ким менга истиғфор айтса, уни мағфират қиламан”, деб айтади”, дедилар. Имом Молик Муваттода ривоят қилган.
Бу ҳадисда юқорида зикр қилинган дуолар ижобат қилинадиган вақтнинг қачон эканлиги баён қилинмоқда. Яъни, бу вақт кечанинг охирги учдан бири экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечанинг аввалида ухлаб, кечанинг охирида ибодат билан машғул бўлганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَنَامُ أوّلَ اللَّيلِ ، وَيَقُومُ آخِرَهُ فَيُصَلِّي . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий солаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида ухлар, охирида эса, қоим бўлардилар ва намоз ўқирдилар”. Муттафақун алайҳ.
Шунингдек, улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан: “Эй, Нофеъ, саҳар кирдими?”, деб сўрардилар. Агар Нофеъ, ҳа, деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.
Кечаларда ибодат билан бедор бўлишлик, инсоннинг гуноҳларини кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Набий алайҳиссалом хабар бериб шундай деганлар:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمْ، قَالَ:"عَلَيْكُمْ بِقِيَامِ اللَّيْلِ، فَإِنَّهُ دَأْبُ الصَّالِحِينَ قَبْلَكُمْ، وَهُوَ قُرْبَةٌ لَكُمْ إِلَى رَبِّكُمْ، وَمَكْفَرَةٌ لِلسَّيِّئَاتِ، وَمَنْهَاةٌ عَنِ الإِثْمِ". رَواهُ التِّرْمِذِىُّ.
Абу Умома ал-Баҳилиййи розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечада қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинг, у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одатидир. Бу амал Роббингизга сизлар учун қурбат бўлади, гуноҳларни кетказувчи ва айб ва хатолардан қайтарувчидир”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Тунлари ибодатда қоим бўлган кишининг Аллоҳ таолога яқин бандалардан бўлиши ва Аллоҳ таоло уни яхши кўришлиги ҳақида ҳадиси қудсийда ҳам баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Банда нафл ибодатлар билан менга яқинлашишда давомли бўлса, мен уни яхши кўраман”.
Демак, инсон тунларда намоз ўқиб, ибодатлар билан машғул бўлса, Роббисининг муҳаббатига сазовор бўлади ва гуноҳларидан мағфур бўлади.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, шариъатимизда кечаларни ибодат билан ўтказишликка жуда ҳам кўплаб тарғиб қилинган. Бу амални доимо ўзига лозим тутган одамга кўплаб савоблар ваъда қилинган, бу савобларга эга бўлиш учун тунларни бедор ўтказишга ҳаракат қилишимиз лозим. Хоссатан, ҳозир улуғ Рамазон ойида турган эканмиз, бу улуғ кеча ва кундузларини ғанимат билишимиз керак бўлади. Зеро, бу ойда кунлари рўза бўлиб, кечаларда қоим бўлган киши учун бунданда кўпроқ улкан савоблар берилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إيماناً َاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон (ойи) да иймон келтирган ва савобини умид қилган ҳолда қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади", дедилар. Муттафақун алайҳ.
Бу савобли амалларга нафақат ўзимиз, балки аҳли аёлларимиз ва фарзандларимизни ҳам тарғиб қилишимиз керак бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً قَامَ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّى ، وَأَيْقَظَ امْرَأَتَهُ فَإِنْ أَبَتْ نَضَحَ فِى وَجْهِهَا الْمَاءَ ، رَحِمَ اللَّهُ امْرَأَةً قَامَتْ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّتْ وَأَيْقَظَتْ زَوْجَهَا ، فَإِنْ أَبَى نَضَحَتْ فِى وَجْهِهِ الْمَاءَ » أَبُو دَاوُدَ، وَالنَّسائِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз аёлини уйғотган, агар аёли (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин. Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз эрини уйғотган, агар эри (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) аёлни Аллоҳ таоло раҳм қилсин”, дедилар. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда инсон ўзига суйган нарсани ўзининг яқинларига ҳам раво кўришлиги баён қилинмоқда. Демак, инсон яхши ишларга фақатгина ўзи эмас, балки бошқаларни ҳам тарғиб қилмоқлиги лозимдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ.
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир”. (Моида сураси, 2- оят).
Аллоҳ таолонинг ушбу оятини инсон ўзига шиор қилиб олса, ўз-ўзидан яхши иш қилганларнинг сони кўпайиб, ёмонлар эса камайиб бораверади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон Аллоҳга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг наздида даражаси юқори бўлиб, гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳласа, нафл ибодатларни ўзига лозим тутиб, кечаларда бедор бўлиши лозим. Чунки, инсон фарз амалларини адо қилишлиги билан, бўйнидаги мажбуриятни адо қилган бўлади холос. Кечаларни ибодат билан ўтказишлик эса, ҳақиқий мукаммал мўъминлик белгисидир.
Рамазон ойи бизлар учун жуда ҳам кўплаб яхши амалларни қилишимиз учун жуда ҳам яхши фурсатдир. Чунки, бу ойда шайтонлар занжирбанд қилинади. Инсон шайтон васвасасидан озод бўлади, фақатгина ўзининг нафсини енгиши лозим бўлади.Ушбу ойда ўзимизга турли хил нафл ибодатларни одат қилиб оладиган бўлсак, рамазондан кейин ҳам бу ишларда бардавом бўлишимиз осон бўлади.
“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.