muslim.uz
Suspendisse at libero porttitor nisi aliquet vulputate vitae at velit. Aliquam eget arcu magna, vel congue dui. Nunc auctor mauris tempor leo aliquam vel porta ante sodales. Nulla facilisi. In accumsan mattis odio vel luctus.
Диний ташкилотлар ҳам «Меҳир ҳаракати» доирасидаги хайрия тадбирига ўз ҳиссаларини қўшмоқда
Бугунгидай қишнинг қахратон, қировли кунларида бева-бечоралар, боқувчисидан айрилган ва ёрдамга муҳтож оилаларга амалий ва маънавий томондан ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш инсонийлик фазилатлардан.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган «Меҳир ҳаракати» доирасидаги хайрия тадбирида Қорақалпоғистон Республикасидаги барча идора, кархона ва ташкилотлар томонидан ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ёрдамлар берилмоқда.
Ушбу хайрия тадбирига диний ташкилотлар ҳам ўз ҳиссасин қўшиш мақсадида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов ҳомийларни жалб қилган ҳолда Нукус шаҳридаги ёрдамга мухтож 20 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандларига қишки иссиқ кийимлар, иситиш ускуналари ва уй-рўзғор буюмларидан ёрдамлар берди.
Бақара сураси 271-оятда: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб марҳамат қилади.
Ояти каримада айтилганидек, бир-биримизга ёрдам қўлимизни чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, амалий ва моддий ёрдамлар бериш инсонийлик бурчимиз.
Хайрия тадбири давом этмоқда
Давудбой БЕКАНОВ, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.
“Оломонча маданият” - ёшларни маънавий таназзулга етакловчи иллат.
Одоб-ахлок, ҳаë-ибо, ор-номус ва диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавий оламининг ажралмас кисмига айланган. Бугунги глобаллашув шароитида оммавий маданият никоби остида ёшларимизга турли ёт ғояларни, маънавий тубанликларни тарғиб этишга уринаётган қабиҳ ниятлилар айнан ана шундай қадриятларимизга болта уришга уринаётгани сир эмас.
Сўнгги пайтларда ҳар хил ғаразли кучларнинг интернет оркали асл маънавиятга зид бўлган ва оммавий маданият никоби остида хатарли иллатлар билан йўғрилган ғояларни ёшлар онгига сингдиришга уринишлари кучаймоқда.Бундай жирканч «маданият» таъсирига тушган ўсмир ёшлар локайд, енгил-елпи ҳаëтга ошно, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарк кимса бўлиб вояга етади.
"Оломонча маданият"нинг максади, аввало, иктисодий бойлик орттириш, одамларни бир-бирига карама-карши қўйиш. "Оломонча маданият" шахснинг дидини ўлдириб, миллионлаб одамларни мустақил фикрдан жудо килади.Бу замонавий маънавий таҳдид нафакат ахлокий бузуқлик,балки зўравонликни ҳам кенг оммалашувига хизмат қилмоқда. Чунки"оломонча маданият" мафкурачилари маънавий тубан одам кимгадир сўзсиз бўйсунишига ишонади.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: "Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Абу Довуд, Аҳмад,Табароний ва Баззор).
"Ким ўзини бирон кавмга ўхшатса", жумласидан, ким кайси кавмнинг кийиниши, юриш-туриши, умуман, ҳаёт тарзига эргашса, деган маъно тушунилади.Ҳар бир халкнинг миллий урф-одатлари, диний қадриятлари бўлади. Ҳар ким ўз эътиқоди тақозо қиладиган йўлдан юриши керак. Агар ким ўзга дин ва миллат вакилларига тақлид қиладиган, уларнинг урфини устун куядиган бўлса, ўшалардан ҳисобланади. Чунки маънан улар билан биргадир. Танаси бошқа жойда, ўзга юртда бўлгани билан калби уларга мойил, вакти келса, Ватанига хиёнат қилиб бўлса ҳам, уларнинг манфаатларини ҳимоя этишга шай туради. Кишилардаги бундай манқуртлик иллати "оломонча маданият" номли оғу таъсирида шаклланади. Бундан ташқари, "оломонча маданият" ёшларни аср вабоси гиёҳвандликка, ОИТС хасталиги каби офатларга мубтало килади.
Фарзанд одобли, ота-онаси, оиласи, Ватани, дини ва халкига муносиб хизмат киладиган комил инсон бўлиб улгайиши учун оиладаги назорат жуда муҳимдир.Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу кадриятларни бугун янада сайкаллаш кераклигини замон талаб этмокда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормокда.
Тинимсиз ахборот окими муҳитида миллий кадриятлар, азалий анъаналар завол топишининг олдини олиш мақсадида ахборот хавфсизлигини таъминлаш керак. Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас. Улар орасидан имон-эътиқод, анъанаю қадриятларга мос келадиганларинигина саралаб олиш шарт. Бу максадга эса ёшларга телевидение ва интернетдан окилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш,уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиш орқали эришиш мумкин.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби.
“Боланинг бошини қотирма!” ёхуд диний-ахлоқий тарбиянинг вақти борми?
Кечга бориб маҳалламизда нохуш хабар тарқалди: “Фалончининг ўғли ўзини-ўзи осиб қўйибди...” Табиийки, висир-висирлар, тахмин, мулоҳаза, фаразлар авж олди. “Ишида бир гап бўлгани аниқ, мелисада ишларди, “чп”си чиққан”. “Хотини билан чиқишолмай қолган экан”. “Кўчадан 500 миллиондан ортиқ қарзи боракан”. “Жаноза ўқиладими?” “Таъзияга биз чиқмаймиз”. “Шўрлик йигит. Ҳалли ўттизга ҳам кирмаганди. Увол кетибди, фарзандлари чирқиллаб қолади, энди”.
Ишдан қайтган бу қўшни йигит не бахтсизликки, тўғри оғилхонага кетиб, ўз ҳаётига якун қўйган. Ота-она ишда, аёли онасининг уйида экан. Хабар топгунларича, пешин бўлган, йигитнинг ҳаётини сақлаб қолиш иложисиз эди. Кечга маййит тайёр бўлди. Дафн ҳам хуфтондан кейинга тўғри келди. Ким қатнашди, ким қатнашмади. Жаноза ҳам ихчам, ўзаро ўқилди.
Ўзим бу йигитни яқиндан танимасам ҳам ичим оғриди. Зор қақшаган ота-она, етим қолган икки гўдагу, бева қолган ёш аёл. Аммо, Аллоҳ берган омонат жон-чи? Унинг ҳисоби-ю, адо этилмай қолган Аллоҳнинг фарзлари, бандаларнинг тўланмай қолган қарзлари...
Ўйланиб қоласан, инсон нима учун ўз жонига, ёхуд ўзганинг жонига қасд қилади, бировнинг молига кўз олайтиради?! Ҳаддини билмайди. Сабаби тарбияга бориб тақалиши ҳеч кимга сир бўлмаса керак! Фарзандларимизга ёшлигидан бировдан кам бўлмасин дея, кўнглига қараймиз, истагини муҳайё қиламиз. Ноҳақ бўлган ўринларда ҳам уни ҳимоя қиламиз. Куртак отаётган қусрларини эркаликка, адабсизлигини ёшликка йўямиз. Тарбияни ортга сурамиз. Ким билан дўст, ким билан алоқада, қаерга кетяпти, уйга нима кўтариб келяпти, гоҳо кўриб-кўрмасликка оламиз.
Агар боламиздан биров шикоят қилгудек бўлса, ўша одамни азбаройи ёмон кўриб, гапирганига пушаймон қиламиз. Начора, биз шунақамиз, мақтаса, ёқади, танқид оғир ботади. Ўзимизча, “идеал тарбиячи”миз. Тарбиядаги хатолар, ўз ўрнида кўрилмаган чоралар – чорасиз йўлга бошлаб қўяди.
******
Мени яқиндан таниган тиш шифокорим муолажа пайтида насиҳат қилиб қолди: “Қизингни ёшлигидан бошини қотириб нима қиласан, ҳали ёш бўлса. Ундан кўра фалон нарсага бер, пукун жойга обор!” Оғзим банд бўлгани учунми, ё тушунтириш бефойдалиги учунми, кулиб қўя қолдим. Шифокор опа ўз фарзандларидан гўёки мамнун, қанча муваффақиятга эришганидан масрур эди.
******
Бошқа кун креслода кутиб ўтирар эканман, шифокор опа ҳамкасбига дардини тўкиб-сочди: “Эҳ, нимасини айтай, катта ўғлим иш билан банд. Кечаси кеч келади. Ўртоқлари билан алламаҳалгача кўчада. Кийимидан сигарет ҳиди келяпти, яхшики, отаси сезмади. Мен онаман, сезаман чекаётганини. Тезроқ уйлантириб қўйишим керак...” Ҳаа, Аллоҳни танитмай, диндан айрича қилинган тарбия, шунчаки, яхши шароит, “комфорт” муҳит яратишнинг ўзи – тарбия ҳисобланмайди.
Ўз-ўзимга хулоса қилдим: Демак, фарзандимга эрта Роббисини танитганим, Пайғамбарлар ҳаётидан қиссалар ўқиб берганим, ростгўйлик, саховат ва яхшиликнинг мукофоти яхшилик бўлиши ҳақидаги ғояни сингдира олганим - “Боланинг бошини эрта қотирганим”га ич-ичимдан қувониб кетдим.
Аллоҳ фарзандларимизни салоҳиятли ва ахлоқли бўлишларида бизга кўмак берсин!
Тошкент ислом институти, “Ҳадис ва Ислом тарихи”
кафедраси ўқитувчиси Н.Саидакбарова
«Қуръони карим мусобақаси» ғолиблари аниқланди
Жорий йилнинг 14 декабрь куни Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим мусобақаси» бўлиб ўтди.
Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланиб, Қуръон тиловатини «Қуръони карим-2022» мусобақаси ғолиби, билим юрти 3 босқич талабаси Зикрулло Матлабов ўқиди.
«Қуръони карим мусобақаси»ни билим юрти мудири Жалалатдин домла Абдиразаков очиб берди ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади» деган сўзлари чуқур маънога эга эканлигини, юртимизда қад ростлаган масжид ва мадрасаларда Қуръони каримнинг эшитилиши аждодларимизнинг орзу-армони бўлганлигини, билим юрти талабалари яратилган кенг имкониятлардан, фидойи устозларнинг меҳнатидан унумли фойдаланган ҳолда билимли, илмли, етук инсон бўлиб етишишга интилиши кераклигини таъкидлади. Бугунги мусобақада талабаларга муваффақиятлар тилади.
Мусобақада талабалар мураттаб ва мужаввид йўналишлари бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Талабаларни билим юртининг Қуръони карим ва тажвид фани ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Мусобақанинг мураттаб йўналиши бўйича билим юртининг 1 босқич талабаси Муҳаммадрасул Маруфжонов биринчи, 4 босқич талабаси Абдулхай Мадаминов иккинчи, 3 босқич талабаси Данияр Матлабов учинчи ўринни эгаллади. Мужаввид йўналиши бўйича билим юртининг 1 босқич талабаси Оятулло Ҳакимов биринчи, 3 босқич талабаси Абдулазиз Бобомеликов иккинчи, 4 босқич талабаси Муҳаммадамин Аъзамқулов учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ҳамда барча иштирокчилар диплом, китоб ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Суннат инкорчиларининг фитналаридан огоҳлантириш...
Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси
Олимхон домла Исахон ўғли
Ҳадис илми мактаби ректори