Рамазон-2020

Рамазон яқин: танани рўзага тайёрлаш...

Рамазонга саноқли кунлар қолганида энг аввало танамизни рўзага тайёрлаш керак бўлади.

Бу йил насиб этса Рамазон баҳор ойига тўғри келмоқда. Кунлар узайиб, ҳаво исиши билан иқлим ўзгарадиган паллаларда тўғри келаётган рўзада тўғри ва соғлом овқатланиш, таомланиш вақти ва озуқалар ўзгариши, очлик ҳисси ортиши билан кечади. Бу ҳолатларга танамизни аввалдан ўргатиб боришга эришсак, муборак Рамазон ойида соғлиқ билан боғлиқ муаммоларсиз ибодатларимизни бажаришга муваффақ бўламиз, инша Аллоҳ.
 
Муборак Рамазон ойига киришдан аввал энг муҳим ҳозирликлардан бири порцияларни камайтиришдир. Албатта, бу борада Шабон ойида рўза тутиш энг асосий ёрдамчи бўлади. Бироқ, Шабон ойида рўза тутолмаганлар Рамазон учун тайёргарликни порцияларни камайтиришдан иш бошлаганлари маъқул.

Дастурхонга фойдали ва тўйимли озуқалар, мева- сабзавот, сут маҳсулотлари ва дуккакли маҳсулотлар тортамиз. Бу егуликларга Рамазондан аввал вужудни кўниктириш, рўза кунларида ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ муаммоларга дуч келмасликни кафолатлайди. Бугундан бошлаб енгил салатлар, қайнатилган ёки буғда пиширилган сабзавотларни тановвул қилишни бошласак, Рамазонда бу егуликларни истеъмол қилишга танамиз кўникма ҳосил қилган бўлади. Ёғли, шўр, дудланган маҳсулотларни оддий кунларда ҳазм қилиш қийин бўлгани учун, Рамазонда бемалол хавфли егуликлар гуруҳига қўшишимиз мумкин.

Бу егуликлар ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқиш хавфи юқори бўлгани учун ҳам Рамазон ойида улардан кескин тийилган маъқул. Мол ва қўй гўшти, товуқ, балиқ маҳсулотларини печда тоблаб ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш фойдали. Аввало, тановвул қилаётган егуликлар саломатлигимиз, ибодатлар учун куч-қувват бўлишини ҳисобга олиш керак. Узоқ очликдан кейин ширинликлар истеъмол қилиш қонда шакар миқдорини ошириш билан бирга, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан ширинликлар истеъмол қилишда меъёрдан ошмаслик, имкони бўлса, шакар ва шакар маҳсулотларини қуруқ мевалар, шакарсиз қоқи қайнатмалари, тоза мева ва сабзавот шарбатлари (уй шароитида тайёрланган) ҳамда асал билан алмаштирган яхши. Рамазондан аввал, Рамазонда ва ундан кейин истеъмол қилишдан тийилиш керак бўлган газли ичимликлар, тайёр мева шарбатлари  ва юқори калорияли ширин сувлардан парҳез қилиш учун ҳозир айни вақти.

Турли дамламалар, гиёҳли, доривор ўтлар қайнатмаларини ичиш билан ҳам кундалик қабул қилинадиган суюқликлар билан ортиқча вазндан қутулиш, ҳам Рамазондан аввал вужуддаги ортиқча токсинлардан халос бўлиш мумкин. Айни кунларда Рамазон ойига тайёргарлик кўришнинг вақти. Кеч қолманг ва шайтонлар кишанланиб, бандалар руҳан покланадиган ойга аввал танангизни поклаб киришсангиз, ибодатларни хотиржам ва ҳаловат билан адо этиш имконига эга бўласиз.
 
Рамазондан аввал токсинлардан қутулиш учун махсус парҳез олди ичимлик тайёрлаш:

2. литр сув
2 дона кўк олма
1 дона лимон
1 чойқошиқда қалампирмунчоқ доналари
1 чой қошиқда донали қора мурч
1 дона долчин пўчоғи (корица)

Олма ва лимон паррак тўғралади ва икки литр сувга солинади. Қалампирмунчоқ, қора мурч ва ва долчин ҳам ортидан солинади  ва 15 дақиқа давомида қайнатилади. Тайёр бўлган дамлама кун давомида ичилади. Бу доривор дамлама заҳарли токсинлардан халос бўлишга ва Рамазонга тетик, соғлом киришга ёрдам беради.

Ҳар доим саломат бўлинг!

Аллоҳ бизни Рамазонга соғ-саломат, хотиржам ва ҳамжиҳатликда етказсин!

Умида Азиз

Манба: https://azon.uz

Read 2272 times

Мақолалар

Top