Рамазон-2020

Дунё мамлакатларида Рамазон ойи қандай ўтказилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги пандемияси даврида қатор хорижий мамлакатларда Рамазон ойи ибодатларини қандай ўтказилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқди. Натижада барча давлатларда карантин талабларига хос жиддий ва қатъий чора-тадбирлар жорий этилганига гувоҳ бўлинди.

Қозоғистон
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай қози Тағанули Президент ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизматида 14 апрелда бўлиб ўтган интернет матбуот анжуманида мамлакатда фавқулодда ҳолат даврида диний маросимларни ўтказиш тартибини эълон қилди.
Бош муфтийнинг таъкидлашича, фавқулодда ҳолат туфайли мамлакатда карантин даврида Рамазон ойида эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида, таровиҳ намозлари масжидларда ўтказилмайди. Ҳамма ўз уйида оила аъзолари билан бирга ибодат қилишни талаб қиланади. Диний идора эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун масжидлар, кафелар, жамоат жойлари ва бошқаларда ифторлик фаолиятини вақтинча тўхтатишга чақирди.

Қирғизистон
Қирғизистонда фавқулодда ҳолат жорий йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилгани муносабати билан Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси Мақсатбек ҳожи Токтомушев халққа мурожаат қилди. У мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг бошланиши карантинга тўғри келишини таъкидлаб, фуқароларни фавқулодда ҳолат тартибини бузмасликка чақирди.
“Рўза бир неча кундан кейин бошланади ва бу йил фавқулодда ҳолат муносабати билан ифтор ва таровеҳ ибодатлари уйда, оилада ўтказилади”, деб таъкидлади муфтий ҳазратлари.

Иордания
Иордания “Вақф” ишлари вазири Муҳаммад ал-Халилий ўз мамлакати янги коронавирус касаллигининг кенг тарқалишига қарши кураш чоралари доирасида Рамазон ойида масжидларда жамоат бўлиб, намоз ўқишни тақиқланишини эълон қилди. Таровиҳ намозлари уйларда ўқилади, масжидларда эмас, бу тадбирлар Ислом шариатига мувофиқ бўлганини тушунтирди.

Россия
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идорасининг марказлашган диний ташкилоти Уламолар Кенгаши 2020 йил 16 апрелда 3/20-сонли фатвосини эълон қилди. Унга кўра, 2020 йил Рамазон ойининг биринчи куни 24 апрель, охирги куни – 23 май деб белгиланди.
Ушбу фатвонинг 5-бандида коронавирус касаллигининг кенг тарқалиши билан боғлиқ ҳозирги вазият, шунингдек Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида оммавий йиғинларнинг тақиқланиши муносабати билан Кенгаш таровеҳ намозини уйда ўқишни мақсадга мувофиқ ва зарур деб ҳисоблаган.

Покистон
CNN телеканали хабар беришича, Покистон президенти Aриф Aлавий Покистоннинг етакчи руҳонийлари билан маслаҳатлашгандан сўнг, Aлави масжидларда ниқоб кийишни мажбурий қилиш ва ижтимоий масофани таъминлаш учун масжидларга полиция ходимларини жалб этиш каби тадбирларни ўз ичига олган 20 банддан иборат режасини ишлаб чиқди.
Покистон президенти, агар ушбу тартибларга риоя қилинмаса ёки ҳолатлар кескин кўпайиб кетса, ҳукумат Рамазон ойида масжидларга нисбатан сиёсатининг ҳар қандай қисмини кўриб чиқади ва ўзгартиришини маълум қилди.

Демакки, барча мамлакатларда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги туфайли Рамазон ойи давомида жиддий ва қатъий эҳтиёт чоралари қўлланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 1890 times

Мақолалар

Top