Рамазон-2020

Карантинда кимлар рўза тутмаслиги мумкин?
Ҳар йили юртдошларимиз муборак Рамазон ойини ўзгача тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб олади, кўтаринки кайфиятда ўтказади.

Бу йил муборак кунлар синовли даврга тўғри келди. Шу сабаб халқимиз орасида рўза тутиш билан боғлиқ турли гап-сўзлар юрибди. Ваҳоланки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида бу ҳақда аниқ маълумотлар берилган эди.

Ижтимоий тармоқлардаги бу каби мулоҳазаларга яна бир бор ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековга мурожаат қилдик.

– Карантин вақтида рўза тутиш тақиқланади, деган гапга ҳеч қандай асос йўқ. Аслида, шариатимизда айрим тоифа кишилар рўза тутмаслигига рухсат берилган. Булар – кекса кишилар, яъни қарилиги сабаб рўза тутишга ҳоли йўқ, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар ва сурункали касалликка мубтало бўлган биродарларимиз, рўза тутиш саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.

Бундай кишилар рўза тутмагани эвазига Рамазон ойининг ҳар бир куни учун фидя бериши лозим бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:


وعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ

яъни: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши.” (Бақара сураси, 184-оят).

Бундан ташқари, вақтинча бемор бўлиб турган ёки сафарга чиққан кишилар ҳам беморлик ва мусофирлик кунларида рўза тутмаслиги мумкин. Фақат, бемор соғайганидан сўнг ва мусофир сафардан қайтганидан кейин тутмаган кунларининг ўрнига қазосини тутиб бериши шарт бўлади.

Карантин даврида қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани тутмасликка асос бўла олмайди. Чунки, бу ишлар рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса вақти-вақти билан оғизни чайқаб туришнинг ҳам зарари йўқ. Фақатгина, оғиз чайқалганда ғарғара қилинмайди, яъни томоқдан ичкарига сув ўтказмаслик керак. Акс ҳолда рўза очилади.

Шифокорлар томонидан карантин даврида рўза тутиш коронавирусга чалинишга олиб келади ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради, дейилган тақдирда ва бу нарса илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топганда, рўза тутмаслик мумкин бўлади.
 

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz/
Read 1763 times

Мақолалар

Top