Рамазон-2020

“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Деҳқоннинг дуоси...”

Бу йилги рамазон ойи, юртимизда айни деҳқончилик ишлари авжи палласига тўғри келди. Аммо, заҳматкаш деҳқонларимиз карантин даврига қарамай, рўзадор ҳолда, замин неъматлари билан таъминлаш мақсадида тинмай меҳнат қилмоқда.

Навбатдаги мактуб муаллифи ҳам Сурхондарё вилояти, Денов туманидан меҳнаткаш деҳқон, боғбон, чорвадор Абдураҳмон бобо Абдуалимов.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, бизларни яна рамазонга етказди. Гарчи бу йилги рўза ойи баҳор фаслига, айни деҳқонлар ва ер билан ишлайдиган касб эгаларининг иши қизғин паллага тўғри келган бўлсада, рўза тутишимизга заррача салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ.

Отам раҳматли ҳам деҳқон бўлганлар. Улар бизга доимо ризқни Аллоҳ беради, сен сабабини қилиб уруғни ерга қадайсан холос. Уни ундириб, ўстириб бизга мўл-кўл ҳосил қилиб бергувчи Яратганнинг Ўзи. Шунинг учун доимо Аллоҳга итоат ва ибодат қилиб, ундан деҳқончиликка барака сўраб дуо қилиш лозим дер эдилар. Мен ана шу насиҳатлар ила улғайганман.

Бу йил ҳам рўзани оилавий илҳақлик ва меҳр билан кутиб олдик. Барчамиз рўзадормиз. Саҳарликдан сўнг бироз Имом Ғаззолийдан ўқийман. Намози бомдоддан сўнг дала томон йўл оламан. Пиёз ва картошка етилиб турибди. Шуларни қозяпмиз. Халқимизга тортиқ этамиз инша Аллоҳ. Пешинда даладан қайтамиз. Бироз дам олиб, ҳовлидаги боғга кирман. У ерда 70 тупдан ортиқ мевали дараҳтлар бор. Шира тушганини дорилайман. Тагига қулупнай экканмиз уни парваришлаймиз. Шу билан намози аср бўлиб қолади.

Асрдан сўнг фарзандларим билан чорвага қараймиз. Бир неча бош қора мол ва қўйларимиз бор. Сут қатиқ дегандай неъматлар бизларда сероб. Шу билан шом вақти бўлиб қолади. Ифторлик вақтида оила жамул-жам бўламиз. Ўртанча ўғлим қори. То таробеҳ вақтигача бизга Қуръонда келтирилган воқеъалардан, пайғамбарлар тарихидан гапириб беради. Менга юсуф алайҳиссалом қиссаси жуда ҳам ёқади. Ҳар сафар ўзгача ибрат билан эшитаман.

Хуфтондан сўнг, оилавий таробеҳ намозини ўқиймиз. Ҳовлимиз катта, фарзандларим билан яхшигина бир жамоа бўламиз. Аллоҳга беҳисоб бўлсинки бу йил таробеҳ намозида ўғлим хатмул Қуръон қиляптии. Қори фарзанднинг ортида иқтидо қилиб 30 пора Қуръонни рамазон ойида тинглаш... Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак бу дунёда.

Аллоҳ таолодан ватанимиздаги барча деҳқонларга, халқимизга файзу барака, хотиржамлик тилаб қоламан. Рамазон муборак!

 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

 

 

 

Read 1954 times

Мақолалар

Top