Рамазон-2020

Рамазонни қандай ўтказяпсиз: одамларни кечирдим ва кечирим сўрадим

Кечагина бизни ўзига муштоқ қилиб, соғинтирган моҳи рамазоннинг сўнги даҳасида турибмиз. Қалбимизда чексиз қувонч билан бирга бизни тарк этаётган ойнинг ҳасрати ҳам бор.

Рукнимизнинг галдаги суҳбатдоши тижоратчи биродаримиз Муҳаммад Саид Иброҳимов.

“Тижоратчи бўлганим сабабми, дунё ташфишлари билан бўлиб, рамазонни қандай келиб қолганлигини сезмай ҳам қолибман. Илк кунидан оилавий рўза тутдик. Саҳарликдан сўнг бомдод намози вақтигача отам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” китобларидан ўқиб берадилар. Диққат билан эшитамиз. Лекин, тонгда яна дўконга бораману қалбимни дунё ишлари эгаллаб олади.

Дўконга ҳар куни ҳар турли одам келади. Базан чарчоқдан, базан жаҳлдан кўплари билан тортишиб қоламиз... Ифторга яқин уйга қайтаман. Яқинда отам навбатдаги мутолаанинг бирида: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”, (Аъроф-179. Тафсири ҳилол) ояти ҳамда “Кишининг мол-дунё ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун, қўйга қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ҳатарлироқдир”,  ҳадисини шарҳлари билан ўқиб берди.

Мени шу онданоқ бир ўй ўзига тортди. Юқоридаги оят ва ҳадис гўё тўғри менга қарата айтилгандек. Эҳтимол шунинг учун қулоғимга насиҳат, оят ва ҳадис кирмаётгандир. Балки шунинг учун қалбимда ҳаловат ва тилимда зикр бўлмаётгандир. Шу сабаб билиб билмай одамларнинг дилига озор бераётгандирман. Туни билан саҳарлик вақтигача тавба қилиб, истиғфор айтиб чиқдим. Аммо, кўнглим тўкис ҳаловат топмади...

Уламолар: “Инсон Аллоҳга осий бўлсаю тавба қилса кечиради. Аммо, банданинг бандадаги ҳаққини Аллоҳ таоло кечирмайди то ўзаро розилашмагунча” дея  таъкидлаган эканлар.

Тонгдан кўчага чиқдиму қанча танишим бўлса барчасидан чин қалбдан кечирим сўраб, розилик сўрадим. Мен учун мўжиза содир бўлди. Танишларим, мендан хафа бўлганлар ҳайратга тушишди, ҳатто базилари кўзига ёш олди. Кейин уйга келиб мени ҳафа қилганларни ҳаммасини кечирдим...

Шу ондан қалбимда ором пайдо бўлди. Алҳамдулиллаҳ! Бу йилги рамазон мен учун  ўзгача руҳда келди.

Азизлар сиз ҳам одамлардан розилик сўранг ва одамларни кечиринг! Ҳаловат ва ором кўнглингизни ҳушнуд этади. 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

Read 3524 times

Мақолалар

Top