Рамазон-2020

Қадр кечасида уйингизда қолиб ибодат қилинг!

Юртдошларимиз ҳар йили Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олганлари каби бу ойнинг охирги ўн кунлигини ҳам орзиқиб кутадилар. Чунки охирги ўн кунликда минг ойдан ҳам яхши, дуолар ижобат бўладиган барокатли Қадр кечаси бор. Бу кеча ҳақида Қуръони каримда бутун бошли “Қадр” сураси нозил бўлган:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ   وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ   لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ   تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ   سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ 

(سورة القدر/1-5)

яъни: "Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 1-5 оятлар).

Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар. Лекин бу кечада ўқиладиган махсус намозни белгилаб бермаганлар, одатдагидек таровиҳ ва таҳажжуд намозлари ўқилади.

Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом шундай деганлар:

"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ"

رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ

яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Демак, ушбу фазилатли кечани кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Инсон ўзининг ота-онаси ва яқинларининг ҳаққига офият ва саодат, юрт тинчлиги ва турли балоларни даф бўлишини сўраб, дуо қилиши айни муддаодир. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек:

"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنَّا"

яъни: “Эй Аллоҳ, албатта, Сен гуноҳларни афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт!” – дуосини кўп айтиш мустаҳабдир.

  Ўрни келганда шуни тавсия сифатида айтамизки, Қадр кечасини ҳар ким ўз уйида ўтказгани суннатга мувофиқ бўлади. Чунки бирорта ҳадисда бу кечада тўпланиш, зиёфат қилишга тарғиб йўқ. Мужтаҳид уламолар ва улардан кейинги олимларнинг сўзларида ҳам Қадр кечаси учун жамланишни фазилатли амал эканини топа олмаймиз. Аслида тунги ибодат ва зикрлар ёлғиз ҳолда, одамларнинг кўз ўнгидан йироқда, риё ва сумъадан холи тарзда адо этилиши билан фазилатлидир.

Қолаверса, ҳозирги карантин қоидалари давом этиб турган вақтда бир жойга жамоат бўлиб йиғилиш ўз жонини таҳликага қўйишдир. Шунинг учун ҳар биримиз уйимизда қолиб, оила даврасида ибодат қилайлик ва Қадр кечасини имкон қадар файзли ўтказайлик.

 Аллоҳ таоло бу кечадаги дуо ва ибодатларимизнинг баракотидан тез кунларда юртимизни ҳар хил касалликлардан халос қилиб, турли бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин! Юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффалиги доимий бўлсин! Омин!  

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

 

Read 3388 times

Мақолалар

Top