Рамазон-2018

Рўзадор тилига эҳтиёт бўлсин

Рўза тутиш нафақат еб-ичиш ва нафсни жиловлаш билан, балки тилидан чиқаётган ҳар бир сўзга эътиборли бўлиш билан ҳам мукаммал адо этилади. Киши тонг қоронғусидан то шомгача қийналиб еб-ичмасаю оғзидан турли сўкиниш ва ёлғонлар чиқаверса, бу рўза мукаммал бўлмайди. Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўза шаҳватлардан тўсувчидир, агар бирортангиз рўза тутадиган бўлса, нолойиқ сўзларни айтиб, жоҳиллик қилмасин, бирор киши урушиб ёки сўкишадиган бўлса, мен рўзадорман, деб икки марта айтсин”, - дедилар. (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Ушбу ҳадисда айтилганидек, имкон борича ёмон сўзлардан узоқ бўлиш, мабодо бирор кимса рўзадорни ранжитадиган бўлса,  тилига эҳтиёт бўлишдан чалғитса бунинг ҳам ечими борлигини, “мен рўзадорман” деб айтиши кифоя экани таъкидланади.

Набий (с.а.в.): “Баъзи рўзадрлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар. Баъзи кишилар рўза тутдим, деб вақтини бекорчи ишларга сарф этади,  ғийбат қиладилар, ёлғон гапириб турли тушунмовчиликларга сабаб бўлади ёки мақтанчоқлиги билан риёкорга айланади. Ушбу ҳадис одамларни ана шундай рўзадорга макруҳ, яъни ёмон кўрилган ишларни бажармасликни огоҳлантиради, акс ҳолда қийинчиликдан бошқаси берилмаслиги таъкидланади. Демак, ҳар бир ибодатнинг ўзига керакли қайтариқларига қатъий амал қилиш жоиз бўлганидек, рўзанинг ҳам муҳим шартларидан бири – тил офатларидан сақланмоқдир.

Ёлғон гапириш мунофиқлик аломати экани ҳадисларда келтирилади. Бу иллат рўза учун ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади. Демак, рўза тутдим деб ният қилган, унинг барча қийинчиликларини сабот билан енгган ҳар киши албатта ёлғон гапиришдан ҳимояланмоғи муҳим экан.

Рўзадор ғийбат, сўкиниш, бўҳтон каби барча иллатли амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу хақда Расулуллоҳ (с.а.в.): «... У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» — деганлар. (Ибн Можа ривояти, саҳиҳут тарғиб).

Аксинча, рўза тутган инсон яхши гапларни гапириб, инсонларга эзгулик улашса, кўнгилларини олиб ширинсуҳан бўлишга интилса, кўплаб савобларга эришади. Рамазоннинг беқиёс имкониятларидан бири дуоларнинг ижобат этилишидир. Бебаҳо лаҳзаларни беҳуда ишларга сарф этиш ўрнига холис дуо қилишнинг хислати сон саноқсиздир.

Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғиз очгунича қилган дуоси, одил имомнинг дуоси, мазлумнинг дуоси”, - деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”, - дедилар. (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари).

Бугунги кунда юртимизда айниқса, ифторлик пайтларида қўлларини дуога очиб, Яратгандан аввало осмонимиз мусаффо бўлишини, юртимиз тинч хотиржам, фарзандларимиз соғ-саломат бўлишини сўраётган юртдошларимизнинг сон саноқсизлиги кишини қувонтиради. Уларнинг эзгу илтижолари кўплар қаторида ижобат бўлсин деб Аллоҳдан сўраймиз.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.

 

Read 49215 times

Мақолалар

Top