muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 09 март 2017 00:00

Нақшинкор ҳассалар сири

Кун пешиндан оғса-да, қуёш бутун борлиқни қиздирмоқда. Ҳовлининг ўртасидан оқаётган ариқчанинг нам қирғоғида бағрини захга бериб ётган олапар ҳам думини ликиллатиб атрофга аланглаб боқмоқда. Сардор гилос дарахтларига арқон тортиб қўлбола ясалган ҳалинчакда осмонга тикилиб хаёллар оғушида ётаркан, таниш овоз жаранглади.

– Сардо-ор..., Сардо-ор...

   Эринибгина бошини кўтариб қаради. Остонада турган Вали қўли билан “кетдик, чўмилишга” ишорасини қилаётганди.

   Сардор оёғига шиппагини иларкан шакароб ёпаётган ойисига:” Ойижон, биз чўмилишга кетаяпмиз, ҳозир келамиз”, деди. Онаи зор-да:” Ҳой болам, эҳтиёт бўлиб  дарёнинг чеккасида чўмилинглар”, деб қолди хавотирланиб.

– Хў-ўп. Олапар, кетдик!

    Олапар хўтикдек катта бўлса ҳам, лекин жуда беозор. Ёш болалар ўйнаб қулоғидан тортса ҳам, Сардор завқи келиб устига ўтириб олса ҳам индамай тураверади.

    Шалдираб оқаётган дарё. Мазза. Чунки “Сардор қўйларни қайтар”, “Вали молларни қайтар”, деб иш буюрадиган катта болалар йўқ-да.

    Болалар ўзларини сувга отди, завқланиб чўмиларкан, Сардор чуқурликка тойиб кетди, жон ҳалпида “Вали-и, Олапар, Олапар”, деб қичқирди. Аксига олиб жўраси ҳам сузишни билмасди. Қулоқлари динг бўлган Олапар лапанглаб келиб ўзини сувга отди. Оёқ-қўли тинмай типирчилаётган Сардор Олапарни маҳкам қучиб олди. Кўзини очганда боши узра тўпланган жўралари ва бир чеккада кўзлари мўлтираб турган Олапарни кўрди. Шу воқеадан кейин Сардор ҳаётини сақлаб қолган Олапарга меҳр қўйди. Бола-да, ўзи нима еса “Олапар, ма”, деб итга илинди.

Сардор улғаяркан, йиллар давомида ҳайвонот оламига чуқурроқ кириб борди, улар инсонларнинг баъзи сўзларини тушуниши, лекин гапира олмаслигини фаҳмлади. Қўшнисининг ити нобуд бўлганда Олапар кучукваччаларга меҳр кўрсатганига гувоҳ бўлди. У мактабни битираркан қизиқиши туфайли “кинология” соҳасини танлади. Ўқишни муваффақиятли тугатгани учун ишга божхонага йўлланма беришди. Энди унинг “Учар” лақабли зийрак ити бор. Бир куни  божхонага оҳиста қадамлар билан яқинлашиб келган қадди долдек эгилган учта қариянинг либослари, соқоллари, қошлари, дўппилари қордек оппоқ эди.

Нақшинкор ҳассалари шунчалик ажойибки, гўё  уларни ясаш учун уста бутун маҳоратини ишга солгандек эди.  Учарнинг важоҳатли акиллаши асоларга ҳавас билан боқиб турган ходимларни сергаклантирди.

– Текширинглар!

Мўйсафидларнинг қиёфаси мулойим бўлса-да, қалблари қабоҳатга тўла экан. Нақшинкор ҳассанинг ичини ўйиб героинга тўлдирибди азаматлар.

        Бу заҳри қотил юрагида Ватан ишқи жўш урган, порлоқ манзилларни кўзлаган, тараққиётга, илм-маърифатга ташна бўлган баркамол авлодга қаратилганди. Зеро, инсоният ва ҳайвонот олами тинчликни истайди. Бу  азиз  Ватан барчамизники, шу боис доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Тойиржон ТУНГАТОВ,

 Чиноз туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби

Четвер, 09 март 2017 00:00

Тоға

Ҳамма халқларнинг қардошлик ришталарида тоғанинг рутбаси баланд. Айниқса, бизнинг ўзбекларда тоғага муносабат бутунлай ўзгача. Суннат тўйи қилса, тоға той етаклаб келади. Фарзандлар учун таълим даргоҳини танлаш, ўғил уйлаш, қиз чиқариш каби жиддий масалаларда ота-она қанчалик жон куйдирса, тоға ҳам улардан кам куйиниб югурмайди. Охир-оқибат, кўзланган режаларнинг бирортаси унчалик ўхшамай қолгудек бўлса балога қолган ҳам тоға бўлади.

  Фарзандларимизнинг тоғалари кўп, илмли, одобли – яхши жойларда ишлайдиган, ўқийдиган кўркам йигитлар. Улар бизникига келса ёки бизникилар уларникига борса, жиянларининг қўлига бирор нима тутқазади. Шунда фарзандларимизнинг онаси тўлқинланиб кетади-да: “Тоғанинг бори яхши-да”, деб ака-укаларини алқаб қолади. Айниқса, у бот-бот акасидан миннатдор бўлиб, акам, умридан барака топсин, силаи раҳмни жойига қўйиб келяптилар – ҳар доим бизнинг, укаларимизнинг ҳолидан хабар олиб ёрдам кўрсатиб юради, бояқиш, дейди.

     “Шунинг учун ҳам Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўйган-да. Ҳасан (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Банданинг фарз намозни адо қилиши ва қариндошлари билан силаи раҳм қилиши учун юрган қадамидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш йўқдир”, дейилган экан. Акангизнинг сизни, жиянларини йўқлаб келган ҳар бир қадамига ажру савоблар ёзилиб турибди”, дейман мен...

     Бизнинг эса тоғамиз бўлмаган. Волидамиз туғилишидан бурун урушга кетган бобомиз шу кетганча қайтмаган. Онаизоримиз биргина фарзанд бўлиб қолаверганлар: на ака бор, на ука. Олти ёшга етганида оналари ҳам оламдан ўтиб буткул етим бўлиб қолганлар.

Биз – болалар отамизнинг, онамизнинг тоғаларини “тоға” деб улғайдик. Аммо ота-онанинг тоғаси кишига ўзининг тоғасидек бўлмас экан. Уларнинг олдига  тоғамнинг олдига боряпман дея учиниб борсак, “Ҳа жиян, яхшимисан?” деб қўярди қуруққина қилиб.

Куни кеча ўғлимиз: “Тоғамникига бориб келишим керак эди-да”, деб қолди. Гапининг авзойидан тоғасидан нимадир ундириб келиш нияти борлигини пайқаш қийин эмас эди. Шу билан тоға-жиянлик мавзусида  гап очилиб кетиб укам бундай деб қолди: “Санав (Санобар – амакимнинг қизи) икковимиз ўйнаб юрганда Яздонқул бобо келиб қоларди. Шунда Санав “Тоғам келди”, деб унга қараб югурарди. Мен ҳам орқасидан чопиб борардим. Яздонқул бобо Санавни кўтариб оларди-да, менга эътибор ҳам қилмасди. Нима қилишни билмасдан серрайиб қолардим. Ўзимнинг тоғам йўқлиги алам қиларди. Дагар тоға (Онамизнинг тоғасининг амакиваччасими, шунга ўхшашроқ) Россиядан қайтиб келганларида мени “жиянгинам” деб шундай эркаладики, мен худди ёш боладек бўлиб қолдим. Болалигимдаги аламларим ёдимга тушдими, беихтиёр кўзимдан ёш ҳам қўйилиб кетди”.

Унинг гапини эшитиб тўлқинланиб кетдим. Бизга насиб этмаган тоға неъматини фарзандларимизга етказганига шукр келтириб, укажонимнинг дардини аритиб кетгани учун Дагар тоғамиздан ниҳоятда миннатдор бўлдим ва охирати обод бўлишини сўраб дуо қилиб қолдим. 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Четвер, 09 март 2017 00:00

Абу Абдуллоҳ Найсобурий

Муҳаддис ва тарихчи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нуъайм ибн Ҳакам Зоббий 933-йили  (ҳижрий 321) Найсобурда туғилганар. Ибнул Байъ номи билан танилганлар.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳоким Найсобурий саҳиҳ тўплам ёзган муҳаддисларнинг улуғларидандир. Ўзларининнг “Мустадрок алас соҳиҳайн” асарлари сабабли машҳур бўлганлар. Аббосийлар давлатида яшаганлар. Ҳижрий 341-йили Ироққа сафар қиладилар. шунингдек Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарларига сафар қиладилар. Ҳижрий 359-йили Найсобурда қози этиб тайинланадилар. Ва бир неча бор қайта қайта қозилик лавозимига тайинланганликлари сабабли “Ҳоким” деган номни оладилар. Кейинчалик у лавозимни илм ва китобларни таълиф қилишга вақт ажратиш учун тарк қиладилар.

Устозлари:

  1. Абу Бакр Қаффол Шоший;
  2. Дорақутний;
  3. Ибну Абил Фаворис ва улардан бошқа икки мингта атрофидаги улуғ зотлар.

Асарлари:

  1. “Тарихи Найсобур”;
  2. “Ал Мустадрок алас соҳиҳайн”, у китоб бошқа мустадроклар орасидаги энг машҳур китобдир;
  3. “Маърифату улумил ҳадис ва камийяти ажносиҳи”;
  4. “Иклил”;
  5. “Тарожумуш шуюх”;
  6. “Фазоилуш Шофиъий” ва улардан бошқа китоблар.

Саҳобалар ҳақида ёзилган китобларнинг энг машҳури, у Ҳоким Найсобурий ёзган китобдир. Сабаби у киши ўз асарларида саҳобаларни 12 даражага тақсимлаб келтирганлар:

1. Исломни Маккада биринчи қабул қилганлар. Унга мисол тўрт хулафои рошидин.
2. Дорун надвада Макка аҳлининг маслаҳат қилишларидан олдин исломни қабул қилганлар.
3. Ҳабашистон муҳожирлари.
4. Биринчи ақабада қатнашганлар.
5. Иккинчи ақабада қатнашганлар, уларнинг аксари ансорлар бўлган.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага киришларидан олдин, У зот билан Қубода кўришганлар.
7. Бадр аҳли.
8. Бадр ва Ҳудайбийя воқеъалари орасида ҳижрат қилганлар.
9. Ҳудайбийяда Ризвон байъатида қатнашганлар.
10. Ҳудайбийя ва Макка фатҳи воқеъалари орасида ҳижрат қилганлар: Холид ибн Валид ва Аъмр ибн Осс.
11. Макка фатҳидан сўнг исломни қабул қилганлар.
12. Макка фатҳида ва Ҳажжатул вадоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган ёш болалар ва улардан бошқалар.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Найсобурий ҳақларида Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: “У илм, ҳифз ва ҳадис аҳлидандир...ва яна У диндор, омонатдор, парҳезкор, ҳифзи мустаҳкам ва тақводор (вараъли)...” деганлар.

Ҳижрий 405-йили Сафар ойининг 3-куни (мелодий 1014-йили 2-Августда) вафот этадилар.

Манбалар асосида Тожиддинов

Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Вівторок, 07 март 2017 00:00

Ҳаромда шифо йўқ

Аллоҳ таоло бандасига бир дард берар экан, ўша дарднинг шифосини ҳам беради. Аммо унга кимнидир ёки ниманидир сабабчи қилади. Шунинг учун ҳам касалликка шифо ахтариш ҳар бир мусулмонга вожиб. Лекин касалликларни даволаш шариатда рухсат этилган, ҳалол дори-дармонлар воситасида амага оширилмоғи лозим. Таассуфки, кейинги вақтларда нодонлик оқибатида ҳаром нарсаларни шифо бўлади дея турли касалликларга тавсия қилувчилар кўп учрамоқда. Улар ўзларининг адашгани камдек шифоталаб кишиларни  хам адаштирмоқда. Бир томчиси ҳам ҳаром бўлган ароқни ошқозонга ёки винони камқонликка тавсия қилувчи тиббиёт бўйича билими ҳаминқадар бўлган саводсиз табиблар бор. Яна чўчқа гўшти ва унинг ёғини эритиб ичиш ёки баданга суркаш, айниқса, ёш болаларга яхши фойда беради дея ташвиқ қилгувчилар ҳам топилади. Бундан ташқари, айрим кимсалар инсоннинг пешобини кўп касалликка даво сифатида тавсия қилади. Ахир унинг  томчиси кийимга тегса, нажас бўлади. Қандай қилиб шифо сифатида истеъмол қилиш мумкин?!

Шунингдек ит, илон, типратикон гўштини ҳам шифо сифатида буюрувчи чала табиблар учрайди.

Абу Бакр Сиддиқ р.а. дан ривоят қилинади: “Расулуллох с.а.в. айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Абу Аъло Базор ва бошқалар ривояти).

Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: “Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”.

Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Тухома тоғига тенг келадиган яхшиликлари бўлади. Улар кетишгач Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди-да, ўзлари дўзахга улоқтирилади”. Расулуллоҳдан сўрашди: “Бундай бўлишининг боиси нима?” Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Улар намоз ўқирдилар, рўза тутардилар, закот берардилар. Бироқ дуч келган ҳаром нарсани ердилар. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”.

Мўмин мусулмоннинг ейдиган  таоми пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари шубҳадан холи бўлмоғи лозим.

Раҳмати кенг Аллоҳ таоло бандаларига ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам осон қилиб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риояси эътиборга олинишини шариатга киритган. Масалан, ҳозиқ табиб ана шу  нарсадан шифо бўлишини тажрибасида кўрган бўлса, тиббиёт фанида ҳам шифо бўлишига оид аниқ маълумот бўлса, ўша нарсани шифо учун ишлатиш мубоҳ  бўлади. Яъни, ихтиёри шифо истовчининг ўзида бўлади.

Аллоҳ барчамизнинг дори-дармонимиз ҳалолу пок бўлишини насиб айласин!

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги Улуғбек жомъе масжиди имом-хатиби

 Саудия  Арабистон Подшоҳлигидаги “Мўътабар уламолар кенгаши”нинг такфир  (бировни куфрда айблаш) ҳақидаги баённомалари ва қарорларининг хулосаси:

2-жузъ

 

Ар-Риёз шаҳри                                                                    26.09.2016 

 

  1. Такфирга шошилишнинг ортидан бировнинг қонини ва молини ҳалол ҳисоблаш , ўзаро мерос олишни ман қилиш, никоҳнинг бекор бўлиши ва бошқа – муртадлик сабабидан келиб чиқадиган – хатарли ишлар келиб чиқади. Ахир қандай қилиб мўмин кишига арзимас шубҳани деб кофирликда айблаш мумкин?
  2. Ҳокимлар ва ҳукуматларни кофирга чиқариш бошқалардан хатарлироқдир. Чунки унинг ортидан уларга қарши оммани қўзғатиш, уларга қарши қурол кўтариш, беқарорликни келтириб чиқариш, ноҳақ қон тўкиш, одамлар ва шаҳарларни ҳароб қилишдек ишлар келиб чиқади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалллоҳу алайҳи васаллам) бундан қаттиқ қайтариб: “... Фақат очиқ-ойдин куфрни кўрсангиз ва унга сизларда Аллоҳ таоло томонидан ҳужжат-далил бўлсагина (куфрга нисбат беришингиз дуруст)” деганлар.
  3. Бу бузуқ эътиқод – Такфирдан қуйидаги ишлар урчимоқда:
  • Мусулмоннинг қонини тўкишни мубоҳ санаш;
  • Обрўни тўкиш;
  • Хусусий ва умумий мол-мулкларни тортиб олиш;
  • Турар жойлар ва ташкилотларни портлатиш;
  • Иншоотларни ҳаробага айлантириш.
  1. Такфирга шошилишнинг катта хатари бор. Бу борада Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди”,  деган (Аъроф сураси, 33-оят).
  2. Набий (соллалллоҳу алайҳи васаллам) кофир бўлмаган шахсни куфрга нисбат беришдан огоҳлантириб бундай деганлар: “Қайси бир киши ўз биродарига “Эй кофир!” деса, бу гап иккисидан бирига тегур. Агар (биродари ҳақиқатда) у айтгандек бўлса (ўшанга), ундай бўлмаса, ўзига қайтиб, ўзи кофир бўлур”

Саййид Муҳйиддин маҳдум ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Аъзамов Баходиржон таржимаси

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top