muslimuz

muslimuz

  1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.

Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).

  1. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
  2. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
  3. Хушбўйланиш.
  4. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти(.

Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.

  1. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
  2. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
  3. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
  4. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
  5. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: “Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)”, деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
  6. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
  7. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
  8. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

 Даврон НУРМУҲАММАД

«Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: “Охиратга захира қил, Менга нафллар билан яқинлаш, сени Ўзимга яқин қиламан. Менга таваккул қил, Сенга кифоя қиламан. Мендан бошқани дўст тутма. Балога сабр қил. Тақдирга рози бўл...

Менга яқин бўл, зикримни тилинг билан тирилтир, қалбингдаги менга муҳаббатинг ғафлат пайтида уйғоқлик бўлсин. Мендан ҳикмат лутфини тила. Менга қўрқиб дуо қил. Қалбингни қўрқув билан ўлдир.

Розилигим учун тунларни ғанимат бил. Қониб сув ичадиган кунинг учун кунларингда чанқа. Яхшиликларда бор кучинг билан мусобақа қил. Одамлар орасида менинг адолатимни жорий қил. Улар орасида менинг насиҳатим билан ҳукм қил.

Сенга қалб васвасаларига шифо, кўр кўзларни очадиган даволар туширдим. Тирик ҳолингда ўлик каби ўтирмагин. Баттоллар кулганда кўзларингни ғам ёшлари билан ёшла.

Аниқ келажак охират синовлари, қўрқинчларидан огоҳ бўл. Ўшанда оила, фарзандлар, мол-дунё фойда бермайди. Ўзинг учун дунёни тарк қилиб, оиласи билан видолашаётган киши каби йиғла. Шунга сабрли бўл, савоб иста.

Сабр қилувчиларга ваъда қилган нарсаларимга эришишинг сен учун қандай бахт. Дунёдан кунма-кун рози бўл. Дунёдан борига қаноат қил. Билдингки, борадиган жойинг ёзилган. Олганинг ўзингга ҳужжат.

Ҳисоб-китоб билан амал қил, сендан сўралажак. Агар сен Аллоҳ бандалари учун тайёрлаб қўйилган неъматларни кўрганингда эди, қалбинг уларнинг иштиёқида ёнарди. Бу маърифат манзилларидан биридир. Банда бу манзилга тушса, одамларга итоат этишидан хурсандлиги, ўз нафсига итоат этиши хурсандлиги каби бўлади.

Одамлар орасида қилган гуноҳига афсуси ўзи ёлғиз ҳолда қилган гуноҳидан афсуслиги каби бўлади. Бу барча ҳолларда эмас. Чунки у Аллоҳга юзланса, гуноҳлар уни даҳшатга солади. У бу даҳшатдан водийларда юриб, сўнг денгизга тушган кишига ўхшаб қолади. У денгиз тўлқинлари даҳшатига тушиб қолса, дарёлар даҳшати эсига ҳам келмайди».

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Аллома, шайх, муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Ислом уммати учун кўп меҳнат қилди. Aллоҳ таоло уни Ўз фазли ила олим ва тақводор зурриётлар билан неъматлантирди. Икки ўғли – Муҳаммад Рафиъ Усмоний ва Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ жаҳонга машҳур муфтийлар бўлиб етишди. Бироқ, буларнинг барчасида Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳнинг аёли муҳим рол ўйнади.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бундай ёзади: “Отам вафотидан кейин онам менга энг катта ёрдамчи бўлди. Унинг меҳр-шафқати барча ташвишларга даво эди. Мулойим нигоҳи эса ҳаётнинг барча қийинчиликларининг аччиқлигини йўқ қиларди. Отамнинг бутун умри Ислом дини хизматига бағишланди. Онам ҳар қандай вазиятларда, тинч-нотинч даврларда отамни қўллаб-қувватларди. Эмин-эркин динга хизмат қилиши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берарди. Ҳатто уй юмушларини ҳам отамга айтмасди. Шубҳасиз марҳум отам қилган барча эзгу ишларда онамнинг ҳиссаси жуда катта" (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.159-160).

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Онамнинг қўллари нафақат бешик, балки илм ва тарбиянинг жонли маркази ҳам эди. У мени китоблар билан эмас, балки амалий ҳаёт билан тарбиялаган. Онам коллеж, университет ёки мадрасани тамомламаган бўлса-да, феъл-атвори, таълим-тарбияга бўлган иқтидори ниҳоятда юқори эди. Бундай қобилият малакали мутахассис аёлларда ҳам учрамасди. Сабр-тоқат, хотиржамлик, фидоийлик ва жасорат унинг учун иккинчи табиат эди. Онам менга урду тилидаги китобларни ўқиб берарди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б. 160).

Барча улуғ зотлар она бағрида тарбияланган. Ислом тарихининг кўплаб буюк алломалари деярли етим қолган ва ёлғиз оналари қўлида вояга етган. Бироқ, бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун онадан метин жасорат ва фидоийлик талаб қилинади.

 Муфтий Муҳаммад Тақи Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Аллоҳ таоло онамга нафл ибодатларни адо этишга кучли рағбат берган. У тўшакка ётиб қолишидан аввал Қуръон тиловати, дуо, зикр, тасбеҳ ва нафл намозларни асло қолдирмаган. Тонгдан то ярим тунгача фарзандларга, отам, кекса бувимга қараш билан машғул бўлиб, шу пайтгача дам олмасди. Бироқ, бу хизматлар ҳеч қачон уни ибодатлардан тўсиб қўймасди. Ҳатто шол бўлиб тўшакка ётиб қолганида ҳам намозини қолдирмас, қиблага юзланиб, қўлидан келганича ўқирди.

Вафотидан бир неча кун аввал қиблага қараганида иккинчи марта фалаж бўлиб, тўшакка йиқилиб тушди. У шу ҳолатида ҳам ёстиқ остидан ниманидир излаб, қўлини қимирлатаётганини кўрдим. Ўша ерда унинг тасбеҳи турарди. Мен тасбеҳини излаётганини тушуниб, дарҳол тасбеҳни олиб, қўлига узатдим. Ҳушидан кетгунича тинмай қўли билан тасбеҳ мунчоқларини ўгирарди.

Бир неча кундан кейин онам бу дунёни тарк этди. Шундай қилиб, унинг ҳаётлик вақтида қилган охирги икки иши: намоз учун қиблага бурилиш ва тасбеҳ айтиш бўлди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.162).

Ҳикматлардан бирида бундай дейилади: “Қандай яшасанг, шундай ҳолатда вафот топасан”. Умрини Aллоҳ таолога бағишлаганлар охир-оқибат Aллоҳ таоло билан ажойиб тарзда учрашадилар. Aгар биз ҳам мўъжизавий ўлимни хоҳласак, келинг, ажойиб ҳаёт кечиришни бошлайлик. Бундай ҳаёт – гуноҳдан холи ва солиҳ ишларга тўла бўлади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Ҳар йили Ҳаж мавсумининг бошланиши мўмин-мусулмонлар учун катта шодиёна бўлади. Ер юзининг ҳар бир гўшасидан зиммасига ҳаж ибодати фарз бўлган инсонлар катта иштиёқ ва муҳаббат билан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Яратганнинг марҳамати билан биз ҳам она юртимиздан бир гуруҳ зиёратчиларга элликбоши этиб юборилдик. Айни кунларда йўлдошларимизнинг хизматида бардавом бўлиб турибмиз.

Моҳиятан ҳаж – машаққат. Ана шуни ҳисобга олган Давлатимиз раҳбарияти қулай имкониятдан фойдаланиб қолиш – минглаб ҳажга бораётган юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиб, бунинг эвазига чандон-чандон савобларга эга бўлиш мақсадида, биринчи  ўринда ҳажнинг квотасини йилдан йилга ошириб бормоқда. Жумладан, Ватанимиздан 2019 йил 7200 нафар, 2022 йил 12000 нафар юртдошимиз ҳаж амалини бажариб қайтди. Жорий йилда эса ҳожиларимиз сони 15000 тага етиши кутилмоқда.

Ундан кейин эса мусофир юртга ҳажни ният қилиб келган юртдошларимизнинг истиқоматининг сифати яхшиланди. Биласиз, ҳажга келувчиларнинг аксари нуроний отахонлару муниса онахонлар бўлади. Уларнинг ҳар бири эътиборга, парваришга муҳтож бўлиши ёш билан боғлиқ табиий ҳол, албатта. 

Масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган Диний Қўмитамиз раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Муфтий ҳазратнинг ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ва бошқа улуғларимиз зиёратчиларимизнинг ҳар бирининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб, уларга зарур бўлган барча шароитларни ҳозирлашга бош-қош бўлиб турибдилар. Айниқса, бу борада пойтахтликларнинг мингбошиси – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов, ишчи гуруҳ таркибидаги Алишер Соатов бошчилигидаги малакали шифокорлар, маҳоратли ошпазлар, элликбошилар ҳожиларимизга астойдил хизмат қилмоқдалар.

Музаффархон АЪЗАМ,

 Тошкент шаҳридаги“Пулемас ота” масжиди  имом-хатиби

 

Бу касалликда – одам ҳамманинг диққат марказида бўлишга ҳаракат қилади, эътиборни жалб қилиш ва ҳурматга эришиш учун ўзини билимдон қилиб кўрсатади, чиройли ва баландпарвоз оҳангда гапиради.


Муолажа услуби

Инсон энг аввало, қилаётган насиҳатига ўзи амал қилиши, бошқаларга сўзи билан эмас, балки амали орқали ўрнак бўлиши керак. Кимки аввал ўзи амал қилиб, кейин бошқаларга ваъз-насиҳат қилса, уларни яхшиликка чорласа унинг сўзлари таъсирли бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Исро кечаси бир тоифа кишилар ёнидан ўтдим, уларнинг лабларини оловдан бўлган қайчилар билан қирқардилар. “Эй, Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим, “Улар Сизнинг умматингизнинг воизлари, одамларга амру маъруф қиладилару, ўзларини унутиб қўядилар. Ваҳоланки, улар Китоб ўқирлар, ақлларини ишлатмайдиларми?!” деб жавоб берди» (Имом Ахмад, Имом Ибн Хиббон ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44-оят).

Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг ёмони – бошқалар олдида солиҳ бўлиб кўринишга уриниб, уларнинг олдида яхши амаллар қилади, лекин жон томиридан ҳам яқинроқ бўлган Роббининг кузатиб турганини билиб туриб гуноҳ қилади”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Top