muslimuz

muslimuz

الأربعاء, 19 تموز/يوليو 2023 00:00

Ўзига хос хайрия

 

Англиянинг Олдхем шаҳри мусулмон жамоаси янги масжид қурилиши учун маблағ йиғишнинг ноодатий усулини танлади. Улар Буюк Британиядаги энг баланд Сноудон тоғига жамоавий чиқиш акциясини уюштирди. Бу билан янги масжид учун 40 минг фунт стерлинг йиғишга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

الأربعاء, 19 تموز/يوليو 2023 00:00

Ҳаво толазовчи қурилмалар

Масжиди Набавийга ҳавони хушбўйлантирувчи ақлли қурилмалар ўрнатилди. Улар  зиёратгоҳ ҳудудини тоза ҳаво билан таъминлайди, деб ёзади IslamNews.

Масжид яқинига ёндаш иншоотларга ҳам худди шундай қурилмалар ўрнатилди. Бундан ташқари, масжид атрофида 245 та юқори технологияли салқин буғ чиқарадиган соябон ишлаб турибди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الثلاثاء, 18 تموز/يوليو 2023 00:00

Уларни яхши кўриш иймон белгиси

Ким ансорларнинг даражасини, уларнинг исломни қўллаб-қувватлаш, уни ёйиш ва мусулмонларга паноҳ беришда кўрсатган ёрдамини, дин учун кўрсатган фидокорликларини билиб, сўнг уларни яхши кўрса, бу унинг иймонли эканига далилдир. 

Ансор – “ёрдам берувчи” дегани бўлиб, Маккадан кўчиб келган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот бошчилигидаги муҳожирларга уйи, мол-мулки ва жонлари билан ёрдам берган кишилардир.

 .«عَنْ أَنَسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «آيَةُ الإيمَانِ حُبُّ الأنْصَارِ، وآيَةُ النِّفَاقِ بُغْضُ الأنْصَارِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ансорларни яхши кўриш иймоннинг белгиси, ансорларни ёмон кўриш эса мунофиқликнинг белгисидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаммад алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолонинг: “... ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар” (Анфол сураси, 72 оят), деган сўзидан олиб, уларни “ансорлар” деб атади.

Ансорлар буюк фазилат ва улуғ шарафга эга бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадиси шарифларида ансорларнинг фазилати ҳақида тўхталиб ўтганлар. Ушбу ҳадисда Аллоҳга берган ваъдаларига вафо қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга паноҳ бергани, яхши қўшничилик қилгани, мустаҳкам дўстлик ва меҳр-муҳаббатининг самимийлигидан уларни яхши кўриш иймон баркамоллиги, уларни ёмон кўриш мунофиқлик белгиси экани таъкидланмоқда. Демак, уларни яхши кўриш Аллоҳ ва Расулига бўлган комил муҳаббатдандир.

Аллоҳ таоло ансорларни таърифлаб: “У (муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадийна)да яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар” (Ҳашр сураси, 9 оят), деб марҳамат қилган.

Улар биродарлик, ўзаро ёрдамнинг такрорланмас намунасини кўрсатди. Шунинг учун ҳам уларни севишга чорлов ва ёмон кўришдан огоҳлантириш келди, бу иймон ва мунофиқлик белгисига айланди.

Муҳожирлар Мадинага келганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам улар ва ансорлар ўртасини биродар қилиб қўйганларида, ансорлар биродарликнинг энг ажойиб намуналарини кўрсатиб, уларга энг яхши шаклда яхшилик қилди. Ансорийлар ўз уйларини улар билан бўлишар, пулини баҳам кўрар эди.

Бошқа ҳадисда: “Уларни фақат мўминларгина яхши кўради, мунофиқлар ёмон кўради”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

  Баҳодир МИРЗАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

الثلاثاء, 18 تموز/يوليو 2023 00:00

Бобур фатҳ этган ўлка

Бангладеш Халқ Республикасида мусулмон аҳоли 152 миллиондан кўпроқ. Бу умумий аҳолининг 92 фоизини ташкил қилади. Бангладеш Индонезия ва Покистондан кейин мусулмон аҳоли кўплиги жиҳатидан учинчи ўринда.

Бангладешликларнинг аксари суннийлар бўлиб, улар ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақидасига амал қиладилар.
Исломни Бангладешга Бенгал кўрфази бўйлаб қатнаган араб савдогарлари олиб келган. Туркий ҳукмдор Муҳаммад ибн Бахтиёр Халжий (1204–1206) фатҳи ва Деҳли султонлигига асос солинганидан кейин мусулмон даъватчилар Бенгалияда Исломни кенг ёйиш борасида катта мувафаққиятларга эришдилар. XII асрда Бангладеш султони Шоҳ Жалол Исломни Бенгалия минтақаси­нинг шимоли-шарқига ва Ассамга ёйишга эришди. Шамсуддин Илёсшоҳ (1342–1358) туғлоқлар сулоласи ҳукмронлигидан мус­тақил бўлганидан кейин дунёдаги йирик савдо давлати бўлган Ислом Бангладеш султонлигига асос солди. Кейинчалик Бенгалия ҳудудлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан фатҳ қилинди.
XVII асрда Бобурийлар сулоласи ҳукм­дори Аврангзеб Ислом шариати асосида бошқариладиган дунёдаги етакчи ишлаб чиқариш тизимини жорий қилди. Бу тизим “Бенгал денгизости” ҳамда “Миллат жаннати” деб номланган. Бу тизимдан андоза олган Голландиянинг “Ост-Индия” компанияси катта дамромад кўрди.
“Фатавои Оламгирия”га асосланган ҳолда шаклланган ислом молияси Бангладеш иқтисодиётини юксалтирди ва унинг саноатлашувига асос солди.
1300 йилларнинг ўрталарида асли ироқлик бўлган саркарда ва суҳравардия тариқати муридларидан бўлган Саййид Шоҳ Носириддин Бангладешга Исломни ёйиш учун борди ва муваффақиятга эришди.
Ислом дини ушбу минтақага турли йўллар билан кириб келган. Мусулмон савдогарлар, туркийлар фатҳи ва тариқат муридларининг тарғибот-ташвиқотлари одамларнинг имон билан неъматланишида катта ўрин тутди. Бенгал кўрфазидаги Сандвип яқинида жойлашган Мегна дарёси бўйидан топилган араб географларининг ёзувлари бу минтақага араб савдогарлари келганини англатади.
Жанубий Осиёдаги энг қадимги масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларидан кейин кўп ўт­май Лалмонирҳатда қурилган жоме бўли­ши мумкин.
* * *
Бангладешда муборак Рамазон ойи муносиб тарзда ўтказилади. Пойтахт Дакка шаҳрининг асосий масжиди “Байтул мукаррам” ва мамлакатдаги бошқа катта-кичик жомеларнинг имомлари таровеҳ намозидан сўнг намозхонларга мавъизалар қиладилар. Бу ерда ҳам таровеҳ намозларида Қуръони карим хатм қилинади.
Мамлакатда 250 мингдан зиёд масжид бор. Улардан олти мингтаси пойтахт Дак­када жойлашган.
Бангладешликлар ҳам хушхўр таомларни ёқтирадилар. Рамазон ифторларида дастурхонга мазали таомлар тортилади.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

"Ҳидоят" журналидан

الثلاثاء, 18 تموز/يوليو 2023 00:00

Сиз ихтилоф қилишга лаёқатлимисиз?

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир”, деганлар. Ихтилоф ўзро қарама қаршилик, маъносини англатсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларида юз берадиган ихтилофни раҳмат, деб сифатладилар. Демак, бундан кўринадики, диндаги ихтилофлар ичида мақталадиган, уммат учун раҳмат бўладиган ихтилоф ҳам мавжуд. Бундай ихтилоф ислом умматининг ички фитнасига, улар ўртасидаги уриш жанжалларга сабаб бўладиган ихтилоф бўлмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур” (Анфол-46), деган.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ўзаро низолашишдан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Биз қадар борасида ўзаро тортишаётган эдик, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқдилар ва ғазаб қилиб, ҳатто юзлари қизариб кетди. Юзларига анор доналари сиқилганидек бўлиб кетди. Сўнг бизга юзланиб: “Сизлар шунга буюрилдингизми, мен сизларга шуни олиб келдимми?! Сизлардан олдингилар шу иш борасида низолашганлари туфайли ҳалок бўлдилар. Бу ҳақда сизлар талашиб тортишмасларингизни қасд қилдим”, дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: “Менинг умматим залолат устида жамланмайди. Агар ихтилофни кўрсангиз саводи аъзамни (кўпчиликдан иборат тарафни) лозим тутинг”, деганлар.

 Демак, баъзи далиллар ихтилофни қораласа, баъзиларида ихтилоф мақталмоқда. Далиллар ўртасини мувофиқлаштириш учун уламолар уларда зикр қилинган ихтилоф ва низолашув ибораларини турлича изоҳлашган. Жумладан, “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган ҳадисни қуйидагича тушунтиришган: Менинг умматларим ичидаги мужтаҳидларининг ижтиҳод жоиз бўлган фаръий – иккиламчи масалалар борасидаги ихтилофи раҳматдир. Бу ўриндаги раҳмат сўзининг маъноси, кенгчилик, енгиллик маъноларида бўлиб, ушбу иборага кўра барча мўътабар мазҳаблар гўёки алоҳида-алоҳида шариат каби бўлади ҳамда Аллоҳ таолонинг енгил ва осон дини бўлган Исломни кенгчилик йўли эканини ифодалайди.

 Бундан кўринадики, ихтилоф муқаллидлар, яъни оддий мусилмонларнинг иши эмас, балки мужтаҳидларга доир вазифа бўлиб, улар ўз ижтиҳодлари билан ўзаро шариат доирасида ихтилоф қиладилар. Натижада бир масала борасида бир қанча қавллар юзага келади. Бу эса вазият тақозо қилганда, мажбурлик ўрнида бирор бир мужтаҳиднинг сўзини олиб, унга амал қилиш орқали танг вазиятдан чиқиб кетиш имконини беради.

 Демак, шариатда рухсат берилган “Ихтилоф” сўзидан ‒ мақсад бир бўлиб, унга олиб борувчи йўлнинг турлича экани тушунилиши лозим. Бундай ихтилоф тарафларнинг ўзаро ҳурматига раҳна солмайди. Чунки улар бир эътиқод ва бир мақсадда бўлганлари учун ўзаро хурматни йўқотмайдилар. 

 Я.Раззақов, 

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси”

ўқитувчиси

Top