www.muslimuz

www.muslimuz

Фарғона тумани “Оқбилол” қишлоғида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжидининг дастлабки биноси қурилганига тахминан бир асрдан ошган эди. Ўша пайт шароитидан келиб чиқиб қурилган масжид бинолари анчагина нураб қолган, шу сабабдан ибодатга келадиган намозхонлар баъзи ноқулайликларга дуч келаётганди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Фарғона вилояти вакиллигининг масжидни қайтадан қуриш таклифини қўллаб-қувватлашлари билан 2017 йилда масжидни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.

 

Икки йил давомида олиб борилган саъй-ҳаракат натижасида қишлоқда кўркам масжид бунёд этилди. Аввалги бинода 200 нафар киши ибодат қилган бўлса, янги қурилган масжиднинг хонақоҳ ва ер тўла қисмида бир вақтнинг ўзида 1500 нафар намозхон ибодатини адо этиши мумкин. Бу ҳам бўлса, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир натижаси десак муболаға бўлмайди.

 

Р.Жалилов

Фарғона вилояти вакиллиги ходими

 

Арабистон яриморолида аҳоли кўпайгач, гуруҳ-гуруҳ бўлиб шимоли-шарқий тарафларга кўчиб кетгандан кейин уларнинг кўпчилиги Ироқда жойлашиб қолди ва зироат билан машғул бўлди. Улар дастлаб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло­га ибодат қилишди. Бироқ вақт ўтиши билан тўғри йўлдан адашиб, турли бут-санамларга сиғина бошлашди. Шунда расулларнинг биринчиси бўлган Нуҳ алайҳиссалом инсонларни Аллоҳ таолонинг динига чақира бошладилар. У зот алайҳиссалом мазкур диёрларда яшаб турган қавмлар учун пайғамбар қилиб юборилдилар.

 

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ

Нуҳ алайҳиссалом Идрис алайҳиссаломнинг авлодларидандир. У зотнинг оталарининг исми Ломақдир.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: «Одам билан Нуҳ орасида ўн аср ўтган. Ҳаммаси Исломда бўлган», деганлар.

 

Одамларнинг диндан узоқлашиши

Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касб-кор ўргандилар. Улар Одам Атога келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилиб яшай бошлади­лар. Одам алайҳиссалом авлодларини то қиёматгача хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чакириш, бут-санамларга ибодат қилдириш пайига тушди. Одам Атонинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Атрофдагилар уларни яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақти-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишиларни: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсангиз, уларни эслаб туришни хоҳласангиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч кўриб турасизлар», дея васваса қила бошлади.

Бу гап одамларга ёқиб тушди. Аввал бошда суратларига қараб, уларни эслаб туришди. Сўнг суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга кўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишса ҳам, лекин солиҳ кишиларнинг баракаси умидида ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, уларга бўлган иззат-икром ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.

Кейинги авлодлар одамлар ўз оталарининг ҳайкалларини улуғлаётганларини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганини кўриб, вояга етдилар. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва уларга қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундай қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни илоҳ даражасига кўтариб, эътиқод билан ибодат қила бошладилар.

Яратган Холиқни қўйиб, тошдан, лойдан, ёғочдан бўлган ҳайкалларга сиғиниш катта хато ва зулм, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган улкан гуноҳ эди.

 

Янги пайғамбарлар юбориш зарурати

Ана шунда Аллоҳ таоло адашган бандаларига раҳм қи-либ, уларга тўғри йўлни кўрсатиши учун пайгамбар юбо-ришни ирода қилди.

Парвардигор бу пайгамбар одамларнинг ўзларидан бўли-шини хохдади, чунки пайғамбар Аллоҳ таолонинг фармонла-рини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қи-либ, ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар пайғамбар фаришта бўлса, одамлар: «Бу фаришта. Унинг биздан устунлиги бор. Шунинг учун фармонларни бажариши ҳам осон, биз эса ба-жара олмаймиз», дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга ўзларидан чиққан, ўзларига ўх-шаш бир одам пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган ҳикмат билан шундай ирода қилди.

Шис ва Идрис алайҳиссаломлар набий сифатида ўз қавм-ларининг хатоларини тузатишга, тўғри йўлга бошлашга ҳа-ракат қилдилар, аммо улардан кейин аҳвол янада оғирлашди. Аллоҳ таоло яна янги пайғамбар юборишни ирода қилди.

 

Нуҳ алайҳиссаломнинг юборилишлари

Ўша замонда яшаган кишилар ичида бойлар, зодагонлар кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ олийжаноб, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон одам эди.

Аллоҳ таоло у зотга ваҳий юбориб, қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом: «Мен сизга пайғамбар бўлдим», деб қавмига мурожаат қилганларида, баъзилар: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку!» дейишди.

Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ шу қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлган эканми?» дейишди.

Яна бошқа бировлар: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дейишди.

Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини иймонга чорлади. Бут-санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.

Бу ҳолатни Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида қуйидагича баён этади:

«Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантир», деб ўз қавмига расул қилиб юбордик» (1-оят).

Нуҳ алайҳиссалом Ироқнинг жанубида, ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган ҳудуд атрофида яшаган аҳолига пайғамбар қилиб юборилганлар.

Нуҳ алайҳиссалом «расулларнинг шайхи» деб ҳам аталадилар, чунки у зот беш «улул азм» (сабот-матонатли) пайғамбарлардан биридирлар.

 

Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватлари

Нуҳ алайҳиссалом амри илоҳийни бажаришга, ўз қавмларини Аллоҳ таолонинг динига даъват қилишга киришдилар. У зот қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилишда барча имкониятларни ишга солдилар.

Аввал махфий, кейинроқ ошкора, охирида ҳам ошкора, ҳам махфий даъват қилдилар. Шу билан бирга, уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар. Аммо саркаш қавм ўз пайғамбарининг даъватини қабул қилмади, турли нобакорликларда давом этди.

 

Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳасратлари

Шунда Нуҳ алайҳиссалом ўз ишларини, дарду ҳасратларини тўкиб солдилар.

Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида марҳамат қилади:

«Нуҳ деди: «Роббим, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси зиёндан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар. Ва ниҳоятда катта макр қилдилар. Ва улар: «Илоҳларингизни ҳеч тарк қилманглар ва Ваддни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар» (21-23-оятлар).

Ривоятларда келишича, Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар солиҳ, тақводор кишилар бўлишган. Одамлар уларни ниҳоятда яхши кўриб, ҳурмат қилишган. Вақти-соати етиб, улар вафот этиб кетишгач, одамлар шайтон васвасасига учиб, уларнинг суратларини чизишган, сўнг ҳайкалларини ясаб олишган. Улар зиёрат қилинган ва аста-секин уларга дарду ҳасратлар айтиладиган бўлган. Оқибатда вақт ўтиб, уларга илоҳ деб қаралган ва ибодат қилинган.

 

Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари

Умид узилгандан кейин Нуҳ алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар:

«Дарҳақиқат, улар кўпларни адаштирдилар. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма» (Нуҳ сураси, 24-оят).

Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло кофирларни битта ҳам қўймай ҳалок қилди, чунки улар инсоният баданига тушган қорасон касали каби эдики, уларни кесиб ташламаса бўлмасди.

 

Саркаш қавм ила тортишув

Мазкур ҳолат Нуҳ алайҳиссаломнинг саркаш қавмга қилган даъватларининг содда бир кўриниши, холос. Аслида у зот узоқ вақт турли шароитларда даъват олиб борганлар.

Бу ҳақда имом Жалолиддин Суютий «Ад-дуррул мансур фит-тафсир бил маъсур» китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшида пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини эллик йил кам минг йил Аллоҳга даъват қилди. У тўфондан кейин олтмиш йил яшади. Одамлар кўпайиб, кенг дунё торлик қилди».

Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозисида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимги кишилар узоқ умр кечир­гани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганлари эътиборга олинса, бундай узоқ умр кўриш оддий бир ҳол экани билинади.

Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина қавмдан бошқалар иймонга келмади. Бундай ҳолда кўплар синовга дош бера олмай, қайтиб кетиши ҳам мумкин. Аммо ҳақиқий иймон соҳиблари ўз иймонларидан қайтмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг даврларида ҳам шундай бўлди. Нуҳ алайҳиссалом ва у зотга иймон келтирганлар иймонларида собит қолдилар.

 

Охирги дуоибад

Кофирлар эса шунча йиллар ўтса ҳам, иймонга келишмади. Уларнинг иймонга келишларига ҳеч қандай умид ҳам қолмади.

Нуҳ алайҳиссалом қавмининг ўта кетган саркашлиги, залолатга маҳкам ёпишиб олгани ҳамда уларга ваъз-насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етгач, Аллоҳ таолога нидо қилдилар:

«Роббим! Қавмим мени ёлғончига чиқаришди. Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (Шуъаро сураси, 117-118-оятлар).

 

Кема ясашга амр бўлди

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини қабул қилди.

«Ва Нуҳга ваҳий қилдикки: «Қавмингдан иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ қилинувчилардир» (Ҳуд сураси, 36-37-оятлар).

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрига биноан улкан кема ясадилар.

 

Тўфон яқинлашди

Мана, ўша ваъда қилинган вақт ҳам келди:

«Ниҳоят, амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «Унга (кемага) ҳар бир (тур)дан бир жуфтдан ва аввал у ҳақда сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди» (Худ сураси, 40-оят).

Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг кема уларни тоғлардек бўлиб, мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади.

Аллоҳнинг азоби келгандан кейин кофирларнинг бирортасини ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмади. Фақат Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида кутқариб қолди.

Вақти-соати етиб, тўфон тинчиди. Дунёни сукунат чулғади.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, нажот кемасида Нуҳ алайҳиссалом билан бирга саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун колганлар.

Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган биринчи расул-пайғамбар бўлдилар.

Нуҳ алайҳиссалом ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлдилар.

Нуҳ алайҳиссалом «пайғамбарларнинг шайхи» номини олдилар.

Нуҳ алайҳиссалом энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у зот Маккаи мукаррамада Масжидул Ҳаромнинг яқинига дафн қилинганлар.

Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилларидан бири бўлмиш Сом ва унинг фарзандлари Арабистон яримороли томонга юрдилар. Ҳомнинг ўғиллари жануб тарафга – Ироқ томон юрдилар ва ўша ерларнинг атрофларига жойлашдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг Ёфас исмли ўғиллари ва унинг зурриёти шарқ томонга, бир қисми эса ғарб томонга ҳаракатланишди. Бошқалар эса турли тарафларга тарқалиб кетди.

 

ИРОҚДАГИ СУМАРИЯ ДАВЛАТИ

Ироқ тарафга бориб, қарор топган одамлар жамоаси Шинъор номли пасттекисликка жойлашди. У ерда улар­нинг ҳаёти яхшиланди. Қадрлари баланд, даражалари юқори бўлди ва «сумарийлар» деган ном билан танилдилар. Улар асосан зироатчилик билан шуғулланишди, тўғонлар қуришди. Уларнинг яқинидаги ерларга бошқа бир қавм ҳам жойлашиб, кўпая бошлади. Уларга пойтахт бўлган шаҳарнинг номи Аккод бўлиб, кейинчалик бу қавм «аккодийлар» деган ном билан танилди.

Улардан баъзилари мазкур жойнинг шарқий тарафидаги тепаликларга кўчиб ўтишди ва Суса деган шаҳарни барпо этишди. Бу халқ тарихда «ийломийлар» номи билан маълум ва машҳур бўлди.

Кейинчалик самурийлар минтақада энг кучли давлатга айланди. Уларнинг энг машҳур подшоҳларидан бири Саржун исмли одам бўлган. Машҳур шаҳарларидан бири эса Ур деб номланган. Ҳайкалларга ва юлдузларга ибодат қилувчи мазкур кишилар узоқ йиллар залолатда қолиб кетишди.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ

Вақти-соати етганда Аллоҳ таоло уларга Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У киши Ур шаҳрининг қавмидан эдилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг кунялари Абу Зийфон бўлган. Бу «меҳмондўст» деган маънони англатади. Иброҳим алайҳиссаломнинг уйларига ташриф буюрган меҳмонлар билан бўлган қиссалари Қуръони Каримдаги энг машҳур қиссалардан экани маълум.

Иброҳим алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, Бобилда та­валлуд топганлар. Маълумки, Бобил ҳозирги Ироқ давлати ҳудудига қарашли бўлган. У зот алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган экан. Иброҳим алайҳиссалом ўртанча фарзанд бўлганлар.

Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган, маънавий қадриятлар издан чиққан бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари мол-дунё ва айш-ишратга ниҳоятда берилган, шу билан бирга, ширк эътиқодида бўлиб, бут-санамларга сиғинишарди. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ ўзини худо деб эълон қилган эди.

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Ироқ калдонийлари орасида ўсиб-улғайдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини ҳидоят нури ила мунаввар қилган эди. Шу боис ўсиб-улғайганлари сари Иброҳим алайҳиссаломнинг бу номаъқулчиликларга нисбатан норозиликлари ҳам кучайиб борди. Ақлини танигач, отасининг ҳам, қавми ва бошқа яқинларининг ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут-санамларга сиғинаётганларига гувоҳ бўлдилар.

Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри экани, жонсиз тош ёки қуруқ ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етдилар. Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл бера олсин?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни даф этсин?!

Вақт-соати етгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди. Узоқ тайёргарликлардан сўнг у киши ширкка қарши курашга қатъий бел боғладилар. Бу ишни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар.

Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда мушрик оталарини ширкни тарк этишга даъват қилдилар.

«Иброҳимнинг ўз отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла» (Анъом сураси, 74-оят).

Ота эътироз билдирди, орада мунозаралар бўлди. Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермагач, оталарига қўшиб қавмларига ҳам хитоб қила бошладилар.

Ўтган умматлар орасида Аллоҳ таолога ширк келтиришда ғоят ном таратган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари эди. Улар нафақат бут-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби жисмларга ҳам сиғинишарди. Иброҳим алайҳиссалом уларни бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа – Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват этдилар.

 

Подшоҳ билан мунозара

Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши ке-рак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни муно-зарага чорлади. Ана шу машҳур мунозара Бақара сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Ибро-ҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани билмадинг-ми? Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деди. У: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқарур, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (258-оят).

Бутлар ҳақидаги тортишувларнинг биридан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бутларни парчалаб ташлаш ниятларини амалга оширишга қарор қилдилар. У зот нобакор қавмнинг додини бериш, бутларнинг қўлидан ҳеч вақо келмаслигини амалда исбот қилиш мақсадида бошқача йўл тутдилар.

Тафсирчи уламоларимизнинг келтиришларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмида маълум ва машҳур байрамлар бўлган. Улар байрамларда ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар, чиқишдан олдин эса сохта худоларининг ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишарди. Дилхушлик ва кайфу сафолардан сўнг келиб, ўша егуликларни муборак таом сифатида қайтариб олишарди.

Қавмининг тўғри йўлга юришидан умиди узилгач, Иброҳим алайҳиссалом бир режа тузиб, ана шундай байрам кунини кутдилар. У зот қавмидан кўрган нобакорлик, саркашликлар оқибатида юраклари жуда сиқилган, ҳузур-ҳаловатларини йўқотган, қавмлари учун қайғуриб, қийин аҳволга тушиб қолган эдилар.

Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, у зотнинг ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда «юлдузларга бир назар солди...» (Соффот сураси, 88-оят).

Ҳалиги одамларга жавоб беришдан олдин худди ибодатхонадаги бошқа одамлар каби осмонга ўзига хос бир назар солдилар. У зотнинг бу ҳолатлари суҳбатдошларида «У осмондаги юлдузлардан бирор нарсани билиб олди, шекилли», деган гумон пайдо қилиши мумкин эди.

«Ва: «Мен беморман», деди» (Соффот сураси, 89-оят).

Бу билан юраклари сиқилавериб, мушкул аҳволга тушиб қолганларини, қавмларига куявериб, қалблари дардга тўлганини билдирдилар. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди. Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом олди таомга тўла сохта илоҳлар билан ибодатхонада ёлғиз ўзлари қолдилар.

Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар. Энг катта бутга эса тегмасдан, бутун қолдирдилар. Бундан хабар топган мушриклар манзарага тезроқ гувоҳ бўлиш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб, шоша-пиша Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига етиб келишди.

Улар илоҳларини синдирган кишининг адабини бериб қўйишга қарор қилишди. Бироқ бу жазо чораси омманинг кўз ўнгида бўлиши маъқул кўрилди. Шоядки, бошқалар кўриб, ибрат олиб, «Бундан буён ҳеч ким илоҳларимизга қўл теккизмаса», деб ўйлашди. Ва ниҳоят, Иброҳим алайҳиссаломни одамлар ҳузурида сўроқ қила бошлашди. Унга: «Худоларимизни парча-парча қилиб ташлаган сенмисан?» дейишди. Иброҳим алайҳиссалом: «Йўқ, бу ишни ўша илоҳларингизнинг каттаси қилди, ҳамма кичик илоҳларни синдириб ташлаб, ўзи қолди. Агар менга ишонмасанглар, (ўша бут-санаминглар) гапирадиган бўлса, уларнинг ўзларидан сўраб кўринглар», дедилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гаплари мушрик қавмга таъсир қилди.

«Сўнгра яна бошлари айланиб: «Батаҳқиқ, буларнинг гапира олмаслигини билар эдинг!» дедилар» (Анбиё сураси, 65-оят).

Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига: «Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар. Унга олов ёқиб, Иброҳимни ўша гулханга отинглар», дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отишди.

Олов Аллоҳ таолонинг амри билан Иброҳим алайҳиссаломга салқин ва саломатлик бўлди, у зотга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.

Аллоҳ таолонинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавмга ҳам кор қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмга зўр беришди. Эзгулик даъватчисига турли ёмонликлар қилишди. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлишди. Охир-оқибат уни жисмонан йўқ қилишга уринишди, чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқишарди.

 

Шомга кўчиб ўтишлари

Шунча қилинган жидду жаҳдлардан сўнг ҳам Иброҳим алайҳиссаломга у зотнинг жуфти ҳалоллари Сора онамиз ва акалари Ҳороннинг ўғли Лутдан бошқа ҳеч ким иймон келтирмади. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга борувчиман. У мени ҳидоят қилур» (Соффот сураси, 99-оят), деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрдилар.

У зот соф ниятларини тушунмаган нобакор қавмдан, эски одатларни тарк этишни хоҳламаётган золимлардан воз кечишни хоҳладилар. Фақат Аллоҳ таоло билан қолишни, Ўзидангина ёрдам сўраб, фақат Аллоҳ таоло буюрганидек яшашни ихтиёр қилдилар. Шунинг учун ҳам ишонч билан: «У мени ҳидоят қилур», дедилар.

«Аллоҳ таоло Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди».

Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом инсонлардан биринчи бўлиб (Биби Сора билан) Шом ерларига кўчиб ўтган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат амалга ошди. Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ажраб чиқилди. Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳ таолодан фарзанд сўрадилар.

«Роббим, менга солиҳлардан ато эт». Унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Соффот сураси, 100-101-оятлар).

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун бу жуда буюк хушхабар эди. Узоқ давом этган бефарзандликдан кейин фарзандли бўлиш нақадар бахт! Узоқ давом этган бу бефарзандликдан сўнг айниқса ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши янада улуғ бахт! Ана шу фарзанд Исмоил эди!

Аммо ўша ҳалим ўғил дунёга келгунгача ҳали олдинда анчагина воқеалар бор эди.

Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида. У киши бир жабборнинг (золим подшоҳнинг) ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Мана бу жаббор сенинг хотиним эканингни билса, сен(га етишиш) учун менга куч ишлатади. (Шунинг учун) агар сендан сўраб қолса, менинг синглим эканингни айтгин. Сен менинг Исломдаги синглимсан. Мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди.

Улар унинг ерига кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб: «Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», дейишди.

У одам юборди. Уни олиб келишди.

Иброҳим алайҳиссалом намозга турди.

(Сора) унинг (золим подшоҳнинг) олдига кирганида ўзини тута олмай, қўлини унга узатган эди, кўли қаттиқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалги иккисидан хам қаттиқроқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Аллоҳга қасам, сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилган эди, қули бўшади. Уни олиб келган одамни чақириб: «Сен менга одам эмас, шайтонни олиб келибсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни ҳам бер!» деди.

У жўнаб кетди. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб, намозини тугатди ва: «Нима гап?!» деди.

«Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди! Хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра: «Ана ўша сизнинг онангиз бўлади, эй осмон суви фарзандлари!» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «жаббор»дан мурод золим подшоҳ, «жабборнинг ери»дан мурод Мисрдир. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерда бир золим одам подшоҳлик қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида» деган гапларидан зинҳор-базинҳор «Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар» деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»дан сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.

Қиссанинг давоми шуки, Сора онамиз золим подшоҳ ўзларига совға қилган Ҳожар исмли аёлни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. Эҳтимол, ўзлари бефарзанд бўлганлари учун эрларининг бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар, ажаб эмас.

Ҳожар онамиз ҳомиладор бўлиб, Исмоилни дунёга келтирдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эдилар.

Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Сора онамизнинг рашклари қўзиди. Охири бориб Ҳожар онамизни гўдаклари билан бошқа бир жойга олиб бориб қўйишга келишилди.

 

Зурриётни гиёҳсиз водийга жойлаштириш

Иброҳим алайҳиссалом жуда узоқ йўл юргандан сўнг ҳозирги Каъбаи муаззаманинг ўрнига Ҳожар онамиз билан гўдак Исмоилни қолдириб, ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, у зот она-болани кўрадиган, улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар:

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роб­бимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалокатга гирифтор қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган қилди. Ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамай, у жойнинг аҳолисини турли мевалар билан ризқлантириб қўйди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб-улғайиб борди.

Кейин нима бўлганини Соффот сурасининг қуйидаги оятларидан билиб оламиз.

 

Қурбонлик қилиш

«Бас, (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўряпман, бир ўйлаб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилган ишни бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимни кўрурсан», деди» (102-оят).

Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг иродаси Исмоилнинг қонини тўкиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан катта бир кўчқорни сўйиш учун юборди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйдилар. Бу ишлар Минода – ҳозирда ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди.

 

Байтуллоҳнинг қурилиши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у зотнинг солиҳ амалли зурриётларига имомлик, раҳбарликни ваъда қилди. Ушбу имомликнинг кўринишларидан бири – Байтуллоҳни қуриш ва унга тегишли ишлар бўлди.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, қуйидаги иборалар ҳам бор:

«Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.

Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.

(Иброҳим) «Сен ёрдам берасанми?» деди.

(Исмоил) «Ёрдам бераман», деди.

«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош ташир, ота қурар эди».

 

Ҳажнинг бошланиши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айнан ўша зотга насиб этди.

Демак, Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан чекланиб қолмади. Аллоҳ таоло у зотга яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди.

Иброҳим алайҳиссалом ажаллари етиб, бу дунёни тарк этдилар. Неча йил яшаганлари аниқ эмас, аммо 200 йилдан кам. Оила аъзолари у зотни Макфила номли ғорга, завжалари Сора онамизнинг ёнларига дафн қилдилар. У жой ҳозирда Фаластиннинг Халил шаҳридадир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Ироқдаги Аккод ва Бобил давлати;

Юнус алайҳиссалом;

Иккинчи Бобил;

Калдонийлар давлати тамаддуни;

Форс давлати тамаддуни;

الإثنين, 18 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Одоб олтиндан афзал

Аллоҳ таолонинг муборак каломидаги оятлардан бирида шундай мазмун бор: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107).

Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа пайғамбарлардан бир қанча хусусиятлар билан афзал қилган бўлса, юқоридаги мазмун ана шу хусусиятларнинг аввалгисидир. Олимларнинг таъкидлашларича, Ҳазрат Пайғамбаримиз мўминларнинг икки дунё саодатига эришишлари учун раҳмат бўлсалар, мушрик ва кофирларнинг қилмишлари оқибатида дунёни оммавий балолар, офатлар тутмаслиги учун раҳматдирлар.

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна кўплаб хусусият ва фазилатлари ҳам борки, буларнинг ҳаммаси У зотнинг даражалари, ҳақиқатан, улуғликларидан далолат беради.

Яна Аллоҳ таоло ўзига маълум ҳикмат билан  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини энг яхши уммат деб атаган. Шундай экан, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор  бўлишнинг йўли суннатга эргашишда эканлигини яхши англамоқ керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари биз учун катта ибрат мактабидир.

Ҳаётда баъзи кишилар ўзларига таниш, билган солиҳ кишиларга ҳавас қилиб “сизга ўхшаб юрайлик” ёки “фарзандаларимиз сизга ўхшасин” деб қолишади. Эътибор берсак, ўша кишилар ҳавас қилган солиҳлар суннатни маҳкам ушлаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари билан хулқланишга ҳаракат қилган бўлишади. Кўринадики, аслида мўмин-мусулмон учун ўрнак, ибрат бўлишга энг лойиқ зот Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Мўътабар зотлар, ижодкорлар ана шу гўзал хулқни, намунани авлодларга ўз асарларида етказишга ҳаракат қилганлар. Шу боис, ҳазрат Алишер Навоий ҳикматли сўзларига ҳам ҳадиси шарифлар асос бўлган. Заминида оят ва ҳадислар мазмуни ва уларга ишора бўлган сўзлар ҳамма замонда ҳам каттаю кичикка манфаатли бўлади. Шоир маънавий гўзалликни кишининг битмас бойлиги, деб билади:

Олтин-кумуш касб этма давлат кунидин,
Ким тортар адаб улусни меҳнат тунидин.
Гар йўқтур адаб, не суд олтин унидин,
Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

    

Шоирнинг фикрича, кишида адаб бўлса, бу унинг икки дунё саодатига  эришмоғи аломатидир. Ҳазрат Навоий бу ўринда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”, деган муборак сўзларига асосланганлар.

Буюк шоир ҳикматларини ўқир эканмиз, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, эзгулик, ўзаро ғамхўрлик ҳамма замонлар учун муҳимлигини кўрамиз:

Кимки, бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Яъни, эҳтиёжманд одамларга раҳм қилиш, уларга ёрдам беришнинг аҳамияти, савоби Муқаддас Каъба бузилса, тузатиш билан тенг дейилмоқда. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса артиб қўйсин”, дедилар. Мазкур ҳадиси шариф мазмунида ҳикматли сўз айтган шоир: нуқсонни, камчиликни холис ўзингизга маълум қилган ойнадан хафа бўлиб, уни хира қилманг. Бошқа айбингизни кўрсатмай қўяди, дейди:

Киши айбинг деса дам урмагилким, ул эрур кўзгу
Чу кўзгу тийра бўлди ўзга айбинг зоҳир айларму?

Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ яшашга муваффақ қилсин!

Шукруллоҳ ТОШХЎЖАЕВ,
Марғилон шаҳар “Қашқар” масжиди имом-хатиби

 

الإثنين, 18 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Дажжол ҳақида савол-жавоб

Барчамизга маълумки, Дажжол қиёмат қоим бўлиши олдидан ер юзида чиқиб, кўплаб одамларнинг йўлдан адашишларига сабаб бўладиган махлуқдир. У ҳақида баъзи савол-жавобларни келтирсак.

- Дажжол қаерда яшайди?

- Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган оролда.

- Дажжол чиққанидан кейин қанча яшайди?

- 40 кун яшайди.

- Бу кунларнинг узунлиги қай даражада бўлади?

- Дажжол чиққан биринчи кун бир йилдек, иккинчи кун бир ойдек, учинчи кун бир ҳафтадек, қолган кунлар бизнинг кунларимиздек ўтади.

- Дажжолнинг ёнида нималар бўлади?

- Ёнида жаннат, дўзахи ёки икки дарё бўлиб, бири муздек, иккинчиси алангаланиб қайнаб турган бўлади.

- Ундаги жаннат ва дўзах ҳақиқийми?

- Йўқ, ундаги жаннат аслида дўзах, дўзах эса аслида жаннатдир.

- Дажжолнинг тезлиги қанчалик бўлади?

- У шамол каби тез юради. Ҳадиси шарифда шундай келган:

“Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қандай тезликда ҳаракат қилади?” “Ортидан шамол эсган ёмғирли булут каби. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар...” (Имом Муслим 2937. Имом Термизий 2240).

- Дажжол қаерларга кира олмайди?

- Тўрт жойга кира олмайди: Маккага, Мадинага, Қуддусга, Тур тоғига. Бир ҳадисда бундай дейилган: “Дажжолнинг оёғи, биронта маконга етмай қолмайди. Лекин Макка, Мадина, Байтул-мақдис ва Тур тоғи бундан мустасно. Чунки фаришталар уни бу жойлардан қувиб чиқаради”. (Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китоби).

- Дажжол неча кишини ўлдиради?

- Бир мўмин йигитни ўлдиради. У йигит ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бу (мўмин киши) оламлар Роббиси ҳузурида шаҳидларнинг энг улуғидир”. (Имом Муслим, Имом Бухорий ривоятлари).

- Дажжолнинг шакли қандай?

Саид ибн Жумҳон Сафийнадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба ўқиб, шундай дедилар: “Ҳар бир Набий умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Огоҳ бўлинглар, унинг чап кўзи ғилай. Ўнг кўзининг устида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасига “кофир” деб ёзилган...” (Тайолиси ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда “Ўқишни биладиган ва билмайдиган ҳар бир мўмин уни ўқий олади” дейилган.

- Дажжолни ким ўлдиради?

- Аллоҳнинг Набийси Исо алайҳиссалом ўлдирадилар.

- Ер юзида Дажжолнинг фитнасидан каттароқ фитна бўлганми?

- Ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган.

Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нидо қилиб, шундай дедилар:

“Эй инсонлар! Аллоҳ Одам зурриётини яратгандан бери, ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган. Аллоҳ азза ва жалла биронта Набийни юборган бўлса, албатта, у умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен набийларнинг сўнггисиман. Сизлар энг сўнгги умматсиз. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. Агар у мен орангизда бўлган вақтда чиқса, мен ўзим ҳар бир мусулмон учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб чиқаман). Агар у мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга ёрдам беради...» (Ибн Можа ривояти).

- Дажжол қаердан чиқади ва унга кимлар эргашади?

- Дажжол шарқдан, аниқроғи, Хуросондан... Исфахоннинг Яҳудийя номли қишлоғидан чиқади. Сўнгра Ироқ билан Шом ўртасидаги Ҳижоз ерига боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол машриқдан, Хуросон деган ердан чиқади. Юзлари тери қопланган совутга ўхшайдиган гуруҳлар унга эргашади”.

(Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

- Дажжолга дунёдаги барча кофирлар, яҳудийлар, шу жумладан, Исфаҳон яҳудийларидан етмиш мингтаси эргашади. Қолаверса, мусулмонлар ичидаги жоҳиллар, илмсизлар, авомлар, аёллар ва ёш болалар эргашиб кетишлари айтилган.

- Дажжол сўзининг маъноси нима?

- Дажжол сўзининг луғавий маъноларидан бири “Ерни кесиб ўтувчи” деганидир. Бу малъун, узоқ масофаларни тезлик билан босиб ўтишда, ерни тез суратда айланиб чиқишда ғайриоддий қудратга эга. Шунинг учун унга “Дажжол” деб ном берилган. У ер юзини хачирга ўхшайдиган думсиз эшагига миниб, айланиб чиқади. Эшагининг икки қулоғи ораси қирқ зироъ келади. Дажжол шамол ҳаракатлантирган ёмғирли булут каби, ер юзида тез суръатда ҳаракат қилади. Бу ҳам Аллоҳ бандаларига юборадиган синовлардан ҳисобланади.

- Дажжолдан қутулиш учун нима қилиш керак?

- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда айтган ишларни қилиш керак.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб-қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан, қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин”. (Бешовлари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Демак, доим дуоларимизда ушбу дуони ҳам қилиб юришимиз керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизлардан биронта киши Дажжолга йўлиқса, унга Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳазрати саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай дедилар:

“Сизлардан биронта киши Дажжолга дуч келса, унинг юзига тупурсин ва Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Табароний ривоят қилганлар).

         Демак, Каҳф сурасини ёдлашга ҳаракат қилиб боришимиз керак экан.

Аллоҳ таоло барчамизни дажжол фитнасидан асраб, Ўзининг ҳузурига иймон билан боришимизни насиб этсин!

 

Islom.uz сайти ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

ФОТОГРAФ : ШAҲЗОД ШОМAНСУРОВ

Top