Мақолалар

Дажжол ҳақида савол-жавоб

Барчамизга маълумки, Дажжол қиёмат қоим бўлиши олдидан ер юзида чиқиб, кўплаб одамларнинг йўлдан адашишларига сабаб бўладиган махлуқдир. У ҳақида баъзи савол-жавобларни келтирсак.

- Дажжол қаерда яшайди?

- Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган оролда.

- Дажжол чиққанидан кейин қанча яшайди?

- 40 кун яшайди.

- Бу кунларнинг узунлиги қай даражада бўлади?

- Дажжол чиққан биринчи кун бир йилдек, иккинчи кун бир ойдек, учинчи кун бир ҳафтадек, қолган кунлар бизнинг кунларимиздек ўтади.

- Дажжолнинг ёнида нималар бўлади?

- Ёнида жаннат, дўзахи ёки икки дарё бўлиб, бири муздек, иккинчиси алангаланиб қайнаб турган бўлади.

- Ундаги жаннат ва дўзах ҳақиқийми?

- Йўқ, ундаги жаннат аслида дўзах, дўзах эса аслида жаннатдир.

- Дажжолнинг тезлиги қанчалик бўлади?

- У шамол каби тез юради. Ҳадиси шарифда шундай келган:

“Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қандай тезликда ҳаракат қилади?” “Ортидан шамол эсган ёмғирли булут каби. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар...” (Имом Муслим 2937. Имом Термизий 2240).

- Дажжол қаерларга кира олмайди?

- Тўрт жойга кира олмайди: Маккага, Мадинага, Қуддусга, Тур тоғига. Бир ҳадисда бундай дейилган: “Дажжолнинг оёғи, биронта маконга етмай қолмайди. Лекин Макка, Мадина, Байтул-мақдис ва Тур тоғи бундан мустасно. Чунки фаришталар уни бу жойлардан қувиб чиқаради”. (Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китоби).

- Дажжол неча кишини ўлдиради?

- Бир мўмин йигитни ўлдиради. У йигит ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бу (мўмин киши) оламлар Роббиси ҳузурида шаҳидларнинг энг улуғидир”. (Имом Муслим, Имом Бухорий ривоятлари).

- Дажжолнинг шакли қандай?

Саид ибн Жумҳон Сафийнадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба ўқиб, шундай дедилар: “Ҳар бир Набий умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Огоҳ бўлинглар, унинг чап кўзи ғилай. Ўнг кўзининг устида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасига “кофир” деб ёзилган...” (Тайолиси ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда “Ўқишни биладиган ва билмайдиган ҳар бир мўмин уни ўқий олади” дейилган.

- Дажжолни ким ўлдиради?

- Аллоҳнинг Набийси Исо алайҳиссалом ўлдирадилар.

- Ер юзида Дажжолнинг фитнасидан каттароқ фитна бўлганми?

- Ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган.

Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нидо қилиб, шундай дедилар:

“Эй инсонлар! Аллоҳ Одам зурриётини яратгандан бери, ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган. Аллоҳ азза ва жалла биронта Набийни юборган бўлса, албатта, у умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен набийларнинг сўнггисиман. Сизлар энг сўнгги умматсиз. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. Агар у мен орангизда бўлган вақтда чиқса, мен ўзим ҳар бир мусулмон учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб чиқаман). Агар у мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга ёрдам беради...» (Ибн Можа ривояти).

- Дажжол қаердан чиқади ва унга кимлар эргашади?

- Дажжол шарқдан, аниқроғи, Хуросондан... Исфахоннинг Яҳудийя номли қишлоғидан чиқади. Сўнгра Ироқ билан Шом ўртасидаги Ҳижоз ерига боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол машриқдан, Хуросон деган ердан чиқади. Юзлари тери қопланган совутга ўхшайдиган гуруҳлар унга эргашади”.

(Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

- Дажжолга дунёдаги барча кофирлар, яҳудийлар, шу жумладан, Исфаҳон яҳудийларидан етмиш мингтаси эргашади. Қолаверса, мусулмонлар ичидаги жоҳиллар, илмсизлар, авомлар, аёллар ва ёш болалар эргашиб кетишлари айтилган.

- Дажжол сўзининг маъноси нима?

- Дажжол сўзининг луғавий маъноларидан бири “Ерни кесиб ўтувчи” деганидир. Бу малъун, узоқ масофаларни тезлик билан босиб ўтишда, ерни тез суратда айланиб чиқишда ғайриоддий қудратга эга. Шунинг учун унга “Дажжол” деб ном берилган. У ер юзини хачирга ўхшайдиган думсиз эшагига миниб, айланиб чиқади. Эшагининг икки қулоғи ораси қирқ зироъ келади. Дажжол шамол ҳаракатлантирган ёмғирли булут каби, ер юзида тез суръатда ҳаракат қилади. Бу ҳам Аллоҳ бандаларига юборадиган синовлардан ҳисобланади.

- Дажжолдан қутулиш учун нима қилиш керак?

- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда айтган ишларни қилиш керак.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб-қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан, қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин”. (Бешовлари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Демак, доим дуоларимизда ушбу дуони ҳам қилиб юришимиз керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизлардан биронта киши Дажжолга йўлиқса, унга Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳазрати саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай дедилар:

“Сизлардан биронта киши Дажжолга дуч келса, унинг юзига тупурсин ва Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Табароний ривоят қилганлар).

         Демак, Каҳф сурасини ёдлашга ҳаракат қилиб боришимиз керак экан.

Аллоҳ таоло барчамизни дажжол фитнасидан асраб, Ўзининг ҳузурига иймон билан боришимизни насиб этсин!

 

Islom.uz сайти ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 11350 times

Мақолалар

Top