www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилди.

Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз.

Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
@diniysavollar

Шу йил 9-11 май кунлари Қатар давлати сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси Бош котиби Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий билан учрашди.

Доҳа шаҳрида жойлашган бош қароргоҳдаги мулоқотда Шайх Қорадоғий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмон уммати учун аҳамиятли экани, бу юрт Ислом равнақига беқиёс ҳисса қўшгани, айниқса, Имом Бухорий хизматларини барча мусулмон халқлари юксак эътироф этишини билдирди.
Бош котиб жаноблари юртимиздаги ўзгаришларни кузатаётгани, хусусан Президентимизнинг халқаро минбарлардаги Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш борасидаги ташаббусларидан мамнун эканини изҳор этди.
Учрашувда Уйғун домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг эзгу тилакларини Шайх Қорадоғийга етказиш баробарида диний соҳадаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш, юртимиз уламоларини уюшмага аъзо қилиш, диний соҳа ходимлари учун семинарлар ташкил қилиш, илмий ҳайъатлар тузиш ва муҳим мавзуларда анжуманлар ўтказиш каби масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган. Ташкилот мақсади – уламоларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 10 май чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари турли ҳудудлардан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тингладилар.

Қабул жараёнида фуқароларнинг шаръий масалалар, масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра масалалари, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид таклиф-мулоҳазалари кўриб чиқилди.

Қувонарлиси, умра сафарига алоҳида гуруҳ сифатида юборилган эшитиш ва кўришда имконияти чекланган фуқаролар улуғ сафар давомида кўрсатилган юксак эҳтиром учун ташаккур изҳор этдилар. Шунингдек, диёримиздаги мазкур хайрли ташаббусдан мана шундай инсонларнинг барчаси чексиз мамнун эканларини билдирдилар.

Яна бир жиҳат, Муфтий ҳазратларига тўғридан-тўғри мурожаат қиладиган @muftiy_savol_javob_botи орқали мулоқот қилган фуқаролар ҳам батафсил маълумот олиш учун қабулга келиб, ўзларининг масалалари бўйича тўлиқ маълумот олдилар.

Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Бугун, 9 май куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бошланган «Диний эркинликдан диний масъулият сари: қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат ҳамжамиятларини қуриш» номли халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Шу йилнинг 11 май кунига қадар давом этадиган ушбу тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар етакчилари, машҳур олимлар, таниқли уламолар ҳамда соҳа экспертлари жами 100 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.

Қайд этиш керакки, мана шундай йирик форум 2022 йил 16-19 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган. Бундан илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Доҳадаги нуфузли тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибига Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун Ғафуров, Президент Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов ва бир қатор диёримиздаги диний конфессиялар вакиллари киритилган.

Халқаро тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Очилиш маросимида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги миллатлараро дўстлик, динлараро аҳиллик борасидаги қадим анаъналар ва бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар юқорида баҳоланди. Эътиборлиси, очилиш маросимида 2022 йил Тошкент ва Бухорода ўтган конференциядан видеолавҳалар тақдим этилди.

Анжуманда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Ўзбекистонда миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланиши, барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилаётгани ҳақида муҳим маълумотларни иштирокчиларга тақдим этди.

АҚШ Глобал жалб қилиш институти асосчиси Крис Сайпл АҚШ-Ўзбекистон  муносабатлари ҳақида тўхталиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда қисқа вақт давомида амалга оширилган ислоҳотлар бутун дунё учун ўрнак бўлиши лозим эканини 20 га яқин мамалакатдан келган делегатлар олдида маълум қилди.

Шунингдек, тадбир доирасида турли давлатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар намойиш этилмоқда.

Конференция ишида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий маърузалар ҳам ўқилади.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга сафари давом этмоқда.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилояти Сирдарё туманида қайтадан бунёд этилаётган “Янги ҳаёт” масжидининг илк ғишт қўйиш маросимида қатнашдилар. Шунингдек тадбирда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров, туман мутасаддилари, уламолар, нуроний оқсоқоллар, муҳандис ва қурувчи ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Муфтий ҳазратлари жамоатга бугунги кунда диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани ҳақида сўз юритиб, бундай масжидлар элимизга маърифат тарқатиш маскани бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуолар ўқилди.
Маросим сўнггида эҳсон дастурхони ёзилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу масжиднинг эски биноси 1956 йилда қурилган. У пахса, хом ғиштдан бўлгани учун фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганди. Қолаверса, кейинги пайтда намозхонлар сони ортиб, жамоат намозига хонақоҳ торлик қилаётган эди.

Эндиликда Сирдарё туманининг марказидаги аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида, жоменинг янги биноси эски жойидан 200 метр катта йўл бўйига яқин манзилга кўчирилди.

Мажмуанинг умумий майдони бир гектарни ташкил этади. Янги хонақоҳга ёнидаги айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилади. Бундан ташқари, зиёратга чиққан йўловчи аёллар учун ҳам 25 кишилик алоҳида намозхона қуриш режа қилинган.

Лойиҳага кўра, 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжидга ўзгача файз ва виқор бахш этади.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат кўрсатади. Масжид қурилишини якунлаш ишлари 2025 йилга режа қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top