www.muslimuz
Меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат айёми
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз азизларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва ўз номимдан хурсандчилик айёми бўлган муборак Рамазон ҳайити – Ийдул фитр билан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, руҳий покланишга эришган, Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашиб, имон ила савоб умидида рўза тутганларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш насиб этсин!
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига Рамазон ва Қурбон ҳайитлари Аллоҳ таоло томонидан ҳадя этилганини марҳамат қилганлар.
Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан дуолар ижобат бўладиган дамларда халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.
Ҳақ таолога беҳисоб шукр, бу йилги Рамазон кунлари ва тунлари жуда файзли ўтди. Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг қут-баракаси ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозларини адо этишди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.
Бу йил юртимизда 1500 дан зиёд масжидда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқилди. Рамазон ойининг 27 куни давомида масжидларда Каломуллоҳнинг саҳифалари бир хил ададда ўқиш анъанаси жорий қилинди. Мусулмон дунёсида тадбиқ этилмаган ўзига хос ушбу ажойиб тажриба кўпчилик томонидан юксак эътироф этилди.
Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечаси куни хатми Қуръонлар якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога юзланди. Мана шундай жамул-жам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади ва икки дунёимиз саодатли бўлади, инша Аллоҳ.
Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар ва кўпайиб бораётган Қуръони карим курслари мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда. Шундай улуғ неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Рамазон ойи халқимиз учун эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Президентимиз ушбу ойда кам таъминланган оилалар учун ифторлик ташкил этиб, кўнгли ўксик фуқаролар оғирини енгил қилиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ташаббус Рамазон ойида кенг қулоч ёзиб, диёримизда кам таъминланган оилалар учун ифторлик дастурхонларини ёзиш, уларнинг кўнгилларини олиш ажойиб анъанага айланди. Жумладан, республикамиздаги 9 400 дан ортиқ маҳаллаларда истиқомат қиладиган эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож 900 мингдан ортиқ рўзадорлар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Қутлуғ ойдаги савобли ишлардан яна бири давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Умра зиёратига боришни ният қилиб, имкон тополмай юрган эҳтиёжманд ҳамюртларимизнинг орзуси руёбга чиқди. Рамазон ойида ёрдамга муҳтож оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини адо этиб, Байтуллоҳнинг олдида дуою илтижолар қилдилар. Республикамизнинг барча ҳудудларидан 1,5 минг нафар эҳтиёжманд фуқароларни мана шундай бепул Умра сафарига юборилди.
Бундан ташқари, республика бўйича аҳолининг эҳтиёжманд қатламидан жами 4 минг нафар, шу жумладан узоқ вақт давомида навбатда турган 2 мингта ёши катта беморларга юқори технологик операцияларни амалга ошириш ҳамда 2 мингта юрагида нуқсони бор болаларни бепул операция қилиш ишларини ташкиллаштириш мақсадида беморлар рўйхати шакллантирилди ҳамда 91 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ажратиб берилди.
Имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ
“Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир”.
Шунингдек, Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَبْغُونِي ضُعَفَاءَكُمْ فَإِنَّكُمْ إنَّمَا تُرْزَقُونَ وَتُنْصَرُونَ بِضُعَفَائِكُمْ
“Менинг розилигимни заифларга яхшилик қилиш билан истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганлар” .
Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида “Заифлар ва эҳтиёжманд инсонларнинг қалблари синиқ, дуода ихлосли бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг дуоси ва ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”, деганлар.
Шундай экан, муқаддас жойларда дуою ибодатлар қилган ҳамюртларимиз баракасидан Аллоҳ таоло юртимизга нусрат ва мадад беради. Халқимиз ҳаёти фаровон бўлиб, ризқ-рўзга барака ёғилади.
Рамазон ойи ва ҳайити юртимизда кечаётган тарихий жараёнлар билан ҳамоҳанг ўтмоқда. Айни кунларда жамиятимиздаги янгиланишларга бефарқ бўлмасдан, дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизга лозим бўлади.
Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва тинчлик-осойишталикни асрашдир. Мухтасар айтганда, барча соҳа ва йўналишларидаги ишлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.
Албатта, бундай неъматларнинг қадрига етиб, динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсатдир.
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадиси шарифда Муҳаммад алайҳиссалом
لِكُلِّ قَوْمٍ عِيْدٌ وَهَذَا عِيْدُنَا
“Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир” деб марҳамат қилганлар.
Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” асарларида шундай деган: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”.
Ийд — Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли, У зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати боисидан хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир.
Аллоҳ таоло ўз Каломида:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ
“Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”, деб марҳамат қилган (Юнус сураси, 58-оят).
Аллоҳнинг фазлидан хурсанд бўлиш ҳам У зотга қурбат саналади.
Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам имон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрами. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларга тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийдилар. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қилади.
Ҳайит – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш лозим. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.
Рамазон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар этади. Бу улуғ айём меҳр-оқибат, ўзаро биродарлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга янада қувват беради.
Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!
Азизлар, Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Нуриддин домла Холиқназаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Ҳайит намози файзи
Ҳақ таолога беҳисоб шукроналар бўлсинки, бу йилги Рамазон ойи ниҳоятда файзли ва барокотли, яхшиликларга бой ўтди. Мана шундай шукуҳли дамларда бугун, 21 апрель куни эрта тонгда юз минглаб юртдошларимиз Рамазон ҳайити намозини адо этиш учун ўлкамиздаги икки мингдан ошиқ масжидларга ташриф буюришди.
Худди шундай эрта саҳарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Ҳайит намозини адо этиш ва мўмин-мусулмонларни ушбу қутлуғ байрам билан муборакбод этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жомесига ташриф буюрдилар.
Дастлаб бомдод намози адо этилиб, хайрли дуолар қилингач, муфтий ҳазратлари йиғилган барча мусулмонларни муқаддас байрам билан қутлади, бу йилги Рамазон ойи файзли ва баракотли кечгани, кўплаб хайрли ташаббуслар амалга ошгани ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, бу яхшиликлар ва тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтиш кераклигини таъкидладилар.
Фойдали мавъизадан сўнг Ҳайит намози адо этилгач, Яратган Парвардигордан бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик ато этиб, ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилиши ва она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон бўлиши йўлида дуою илтижолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қадр кечаси файзга тўлди, бир вақтда миллионлаб халқимиз Ҳақ таолога илтижо қилди
Аллоҳга шукрки, бу йил Рамазон ойида юртимиздаги 1500 дан зиёд жомеда хатми Қуръонлар ўқилиб, мўмин-мусулмонларнинг имону ихлосини янада зиёда бўлди. Ўлкакамизнинг барча ҳудудларида 27 кун давом этган хатмоналарда халқимиз муҳаббат ила Каломуллоҳга соме бўлдилар. Хатми Қуръонларнинг якуни, бугун 17 апрель оқшомида масжидларимизда Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечаси куни хатми Қуръонлар якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога ёлвориб, қўлларини дуога очдилар.
Қадр кечасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжидига хатми Қуръон якунига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари ташрифи давомида Қадр кечасининг фазилати ҳақида мавъиза қилиб, хатми Қуръонлар якунлангач Муфтий ҳазратлари бошчилигида республикамизнинг марказий масжиди бўлмиш – “Ҳазрати Имом” жомесида уламолар, аҳли илмлар, моҳир қорилар ва минглаб намозхонлар ҳамда мамлакатимиздаги барча масжидларда бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога ёлвориб, дуо қилдилар.
Мана шундай файзли лаҳзалар барча ҳудудлардан тўғридан-тўғри телеэфирлар, онлайн узатишлар ташкил қилиниб, юртимиз ва дунёдаги бир неча миллион мусулмон мазкур дуо-ю илтижоларига қўшилди.
Мана шундай жамул-жам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади ва икки дунёимиз саодатли бўлади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
@mp3muslim / @diniysavollar
Талабалар мутолааси ва арабча сўзлашишини яхшилаш – муҳим вазифаси
Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари водий сафари давомида Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Муфтий ҳазратларига Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов ва билим юрти мудири Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилди.
Муфтий ҳазратлари билим юрти фаолияти, педагог-ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, хусусан, у ердаги ўқув хоналари, дарс жараёнлари ҳамда режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирдилар.
Ташриф чоғида Муфтий ҳазратлари муассасада талаба-ёшлари мулоқот қилдилар. Суҳбат асносида толиби илмларга барча билимларни пухта эгаллаши, келажакда етук олим бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари талабалар билан араб тили ва фиқҳ фани бўйича савол-жавоб қилдилар. Ушбу билимлардаги талабаларнинг заковати барчани мамнун этди.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари таълим муассасасида устоз ва шогирдлик мақоми ҳақида илмий суҳбат қилиб бердилар. Унда илм талаб қилиш йўлида чекиладиган машаққатлар, илмга амал қилиш билан зийнатга эга бўлиши, илм аҳлининг даражалари, устозга эҳтиром, илмда бардавом бўлиш билан ривож топиши ҳақида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва уламолар ҳаётидан мисоллар ила тушунтириб бердилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари таълим муассасаси фаолиятини янада ривожлантириш борасида тавсия ва фикр-мулоҳазаларини билдириш билан бирга, устоз ва талабалар ҳаққига дуои хайр қилдилар.
Маълумот учун, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида 170 дан зиёд талаба таҳсил олади. Уларга 42 нафар малакали педагог-ўқитувчи дарс беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аслиятни бузиб талқин қилаётган бидъатчи тоифалар ҳақида Уламолар кенгашининг ФАТВОСИ
بسم الله الرحمن الرحيم
Таассуфлар бўлсинки, ҳозирда айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига раҳна солиш билан шуғулланмоқдалар. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўлдир. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
Бугунги кунда айрим адашган тоифалар минг йиллардан бери аждодлари мусулмон бўлиб келган ва ўзлари ҳам Ислом динига амал қилиб келаётган жамиятимизни куфр диёри деб эълон қилишлари, ундан кейин бу ердан ҳижрат қилишга даъват қилиш, ўзларининг мақсадларига эргашган ёшларни жиҳод қилиш ва “шаҳид” бўлишга даъват қилишмоқда. Бунда “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик” тушунчаларини аслиятидан бузиб талқин қилиб, ғўр ёшларни алдашмоқда. Шу мақсадда ушбу шаръий истилоҳларни асл моҳиятини далиллар асосида ёритишни мақсад қилдик.
Такфир тушунчаси:
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً
“Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
"ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ"
(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه).
“Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ" (رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه).
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر؛ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا؛ إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ، وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"
)رواه الإمامُ مسلم عن عبدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه(
“Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ
“Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш-шифо” китоби).
Демак, ҳозирги кундаги адашганлар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, – дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига тамомила зиддир.
Ҳижрат тушунчаси:
Ижтимоий тармоқларда юртимиз мусулмонларини мамлакатни тарк этиб қонли урушлар кетаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилувчи ҳамда ушбу амални гўёки “ҳижрат” эканини даъво қилаётган чақириқлар кузатилмоқда.
Сохта даъватчилар Ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ғаразли сиёсий мақсадлар йўлида сохталаштирган ҳолда талқин қилиб, тинч-тотув ва озод мамлакатда, барча ибодатларни хотиржамлик билан адо қилиб турган мусулмонларни қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга чақирмоқдалар. Ҳижратга даъват қилаётганлар: “Мусулмонларнинг барчасига ҳижрат қилиш фарз бўлди, ҳижрат қилмаган кофир бўлади”, дейиш даражасига бормоқда.
“Ҳижрат” сўзи араб тилида “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” маъноларини беради. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”ни тарк этиб “Ислом диёри”га кўчишга айтилади.
Демак, таърифдан маълум бўлмоқдаки, шариатда катта савоб ваъда қилинган ҳижрат мақомига етишиш учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш керак экан. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Таърифда келтирилган “Ислом диёри” ва “Куфр диёри” тушунчаларини ҳозирги кунда нотўғри талқин қилиниши натижасида Аҳли суннат уламоларининг ҳукмларига зид, сохта фатволар тарқалиб, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар вужудга келмоқда. Улар мусулмонлар яшайдиган юртларни “Куфр диёри” деб атаб, бу юртлардан ҳижрат қилиш фарз бўлди демоқдалар.
Бугунги кунда тинч мамлакатда яшаб келаётган мусулмонларни хориждаги жангарилар ҳузурига гўёки ҳижратга чиқиши фарз амал эканини даъво қилаётганлар Қуръоннинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. Аслида ушбу оят аввал Ислом динини қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, милодий 624 йилда бўлиб ўтган Бадр жангида маккалик мушриклар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этган ва ўлдирилганлар ҳақида нозил бўлган.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг атрофларидаги барча саҳобалари – мусулмонлар билан бирга Макка шаҳридан Мадинага кўчиб кетишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада куч-қудрат тўплаганларидан кейингина ўзларининг она ватанлари бўлган Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг шаръий ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки Маккада мусулмонларнинг эмин-эркин яшаб, дин арконларига амал қилишлари учун ҳамма имкониятлар вужудга келган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат учун байъат қиламан деб келган саҳоба Мужолидга:
لا هجرة بعد فتح مكة ولكن أبايعه على الإسلام
“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин Ислом учун байъат қабул қиламан”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 2913-ҳадис)
Ҳозирда ҳижрат фарз, деб даъво қилаётганлар мазкур ҳадиси шариф ҳақида ҳеч нарса демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотдан кейин Ислом диёрларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга ҳудудларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон халифалик ҳудудига кўчиб келишларига чақирмаган ҳамда ўз юртларида яшашларини таъқиқ қилмаган.
Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 3900-ҳадис).
Тарихдан маълумки, ҳаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг ҳарбий қароргоҳларига жойлаша бошлаганлар. Одамларга: “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳаммани шунга даъват қила бошлаганлар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, дедилар (Имом Абдурраззоқ ривояти).
Демак, Маккаи мукаррама фатҳ қилинганидан кейин “Дорул Ислом” – мусулмонлар диёридан ҳижрат қилинмайди. Бизнинг жамиятимиз ҳам минг йиллардан бери Ислом диёри – мусулмонлар яшайдиган жамият ҳисобланади.
Жиҳод тушунчаси:
“Жиҳод” сўзи арабчада “куч сарфлаш”, “машаққат чекиш” деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса фуқаҳоларимиз уни шундай таърифланган:
الْجِهَادُ الدُّعَاءُ إلى الدِّينِ الحَقِّ وَقِتَالُ مَنْ لَمْ يَقْبَلْهُ
“Жиҳод – ҳақ динга даъват қилиб, уни қабул қилмаган билан жанг қилишдир” (“Ал-Лубоб фи шарҳил китоб” китобининг “Сияр боб”и).
Жиҳод Исломда диннинг асосларидан эмас балки, диннинг фаръий масалаларидан бўлиб, унга кўра ўрталарида тинчлик битими бўлмаган икки — кофир ва ислом давлатининг бир-бири билан, ислом давлати тарафидан дастлаб тинч йўл билан Исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Фатҳул-Қодир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188).
Жиҳод қўл, мол-дунё, тил ва қалб билан ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, нафс, шайтон ва фосиқларга қарши курашга ҳам жиҳод сўзи ишлатилади (“Фатҳул Борий” китоби).
Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилган. Агар мазкур тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомига етмайди.
Жиҳод икки қисмга бўлинади: талаб жиҳоди ва мудофаа жиҳоди.
- “Талаб жиҳоди” – Ислом динини етказиш ва Аллоҳ таолонинг калимасини олий қилиш мақсадида кофирлар билан жанг қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида ушбу жиҳодга мусулмонларни буюрган. Жумладан Тавба сурасида шундай деган:
قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ
“Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар жанг қилингиз!” (29-оят).
Расули акрам алайҳиссаломнинг мазкур оят нозил бўлганидан кейин араб жазирасидаги қабилаларга ғазотга чиқишлари ёки сарийялар юборишлари талаб жиҳоди ҳисобланади. Шунингдек, хулофойи рошидинлар ва улардан кейинги мўминларнинг амирлари томонидан олиб борилган жанглар ҳам шу қабилда бўлган. Бундан кўзланган мақсад динга бошқа халқларни мажбуран киритиш бўлмаган. Балки, асосий мақсад Ислом шариатини бошқа халқларга етказиш ҳисобланган. Исломни қабул қилмаган, лекин сулҳ таклиф қилганлар билан молиявий сулҳга келишилган.
Уламолар талаб жиҳодининг ҳозирги кунда йўқлигига иттифоқ қилишган. Хусусан 2015 йил 25 март куни Ислом фиқҳи академияси ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлари ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлари сабабидан бугунги кунда талаб жиҳоди йўқ экани борасида алоҳида қарор эълон қилинган (Қарор рақами: 207 (3/22)).
- “Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ушбу мамлакатда яшайдиган мусулмонларга ҳимоя учун мудофаа жиҳоди фарзи кифоя бўлади.
Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.
“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага эмас, урушга қодир бўлган кишиларга фарз ҳисобланади. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:
وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: “Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган” деган (95-оят).
Ҳозирги кунда бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.
Шаҳидлик тушунчаси:
Ислом таълимотида дини, жони, моли, Ватани ва оила аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилган кишини шаҳид дейилади. Ҳадисларда бирор фалокат туфайли вафот этган киши ҳам шаҳид ҳукмида бўлиши баён этилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Шаҳидлар – Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишидан ташқари ҳам еттитадир. Вабо, қорин оғриғи, сувга ғарқ бўлиш, девор остида қолиш, зотилжам (ўпка яллиғланиши), куйиш ва туғруқдан (ёки ичидаги ҳомиласи билан) вафот этганларни санаб ўтдилар” (Имом Молик Жобир ибн Атикдан ривоят қилган).
Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ёнғинда ўлган киши ҳам шаҳидлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Шунингдек, дини, жони, аҳли-оиласи ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳозирда баъзи адашган оқимлар “шаҳидлик” тушунчасини жуда тор доирада тушунтирмоқчи бўлишади. Улар бу иборани ўз манфаатларига буриб, гўёки киши фақат урушда ўлса, шаҳид бўлади, дейдилар. Ваҳоланки, уларнинг қилиб турган бу ишлари жиҳод эмас, балки катта фитна экани аниқ. Фитнага аралашиб ўлган одам қандай қилиб шаҳид бўлсин?! Тинч-тотув яшаб турган мусулмон давлатда фитна чиқариб, уруш чиқарилса, бу жиҳод саналмайди, унда ўлган инсон асло шаҳид бўлмайди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади”.
Бугунги кунда эътибор қилсак, Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги “жиҳодчилар”, курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ва бундан ташқари адашган оқим вакиллари ўртасида аёвсиз уруш олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, бундай қарама-қарши гуруҳларнинг сони юздан ортиқ. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп. Ҳар қандай соғлом фикрли инсон ҳеч қачон динини, жонини ва энг муҳими охиратини бу каби хатарларга қўймайди.
Бундай фитналар урчиган даврда мусулмон инсон ҳушёр бўлиши, ўзини четга олишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, юқорида зикр қилиб ўтилган “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” масалаларида аслиятни бузиб талқин қилаётган террорчи ташкилотлар вакилларининг тарғиботларини эшитиб юрган айрим ёшлар, афсуски, ундай кимсаларнинг гапларига алданиб қолмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар назарда тутилган оятларни ўзларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб, оятдан кўзланган асл маънони ўзгартирмоқда.
Бундай бузғунчи тоифалар ҳозирга қадар дуч келаётган инқирозлар ва мағлубиятларини яшириш учун “Аҳдга вафо қиладиган вақт келди”, “Шаҳид бўладиган давр келди”, “Энди биз ғалаба қозонамиз” каби сохта шиорларни такрорлашдан нарига ўтмаяпти. Чунки, айни дамларда уларга ғаразли мақсадларга эришиш учун “тирик қалқон” жуда ҳам зарур. Алданганлар эса уларга ҳокимиятни эгаллагунча керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар Кенгаши қуйидагиларни маълум қилади:
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар Кенгаши “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” каби тушунчаларни аслиятини бузиб талқин қилувчи тоифаларни бидъатчи тоифалар деб ҳисоблайди. Бидъат аҳлининг ҳукми эса оғир гуноҳкорлик саналиб, улар тезда тавба қилишлари, бу йўлдан қайтишлари вожиб бўлади.
- Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом-хатиблари жума маърузалари ва турли тадбирларда ушбу фатвони кенг тарқатсинлар.
- Такфир хатарли йўл экани, бу йўл кишини шариатга мухолиф бўлиш, залолатга кетиш ва мусулмонларнинг қонларини тўкиш, молларини ҳалол санаш, жамиятни парчалаб, пароканда қилиш ва мусулмонларни бирдамлигига путур етказиш каби салбий оқибатлар мутасаддилар томонидан ёшларга тушунтирилсин.
- Халқимиз, хусусан ёшлар ўртасида ғулув – динда чуқур кетишнинг олдини олиш борасида имом-хатиблар маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар.
Мўмин-мусулмонлар бирдамлиги, Динимиз мусаффолиги, юртимиз ободлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳ таоло тавфиқ ва иноятлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар кенгаши раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров
30.03.2023 й.