Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم 

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الصِّيَامِ وَالقِيَامِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

РАМАЗОН – ОЙЛАР СУЛТОНИ

 (РЎЗАГА ОИД ҲУКМЛАР)

Ҳурматли жамоат! Маълумки, еру осмон яратилгандан бери, бир йилда ўн икки ой бор. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир” (Тавба сураси, 36-оят).

Динимизда мана шу ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم آخِرَ يَوْمٍ مِنْ شَعْبَانَ فَقَالَ : "يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ"

(أخرجه الإمام البيهقي والإمام ابن خزيمة)

яъни: Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, дедилар. Шунда: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).

  • Рамазон ойида рўза ибодатининг адо этилиши бу ойга файз бахш этади. Рўза ибодати – рўзага лаёқатли кишининг тонг отгандан қуёш ботгунича ният билан ейиш-ичиши ва жинсий алоқадан тийилишидир. Мазкур нарсалардан тийилсаю умуман Рамазон рўзасини тутишни ният қилмаса, рўзаси дуруст бўлмайди. Рамазон рўзасининг ҳар куни учун алоҳида ният қилинади. Эртанги кун учун ният қилишни қуёш ботиши билан қилиш мумкин. Ниятни қалбда қилиш фарз бўлиб, тилда ҳам айтиш мустаҳабдир (“Фатовои ҳиндия”).  
  • Озгина бўлса ҳам саҳарлик қилиш суннатдир. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни то пешин вақти киргунича ният қилади ва тутган рўзаси дуруст бўлади.
  • Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ё жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди” (“Фатовои ҳиндия”, “Шарҳут Таҳовий”).
  • Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан Шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Ифторни тезлатиш афзал ва қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир (“Фатовои ҳиндия”).
  • Рўзадор киши унутиб, еса, ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси очилмайди, лекин рўзадорлиги ёдига келган заҳоти еб-ичишдан тўхтайди, ҳатто оғзида чайнаб турган луқмани ҳам ютмайди.
  • Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, у ўзи ихтиёри билан бўлмаган. Бундай ҳолатда рўзадор ғусл қилиб олиши етарли бўлади. 
  • Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз ёки нифос қони кўриб қолса, рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.
  • Ҳайз қони тонг отмасдан тўхтаса ва ҳали тонггача ғусл қилса бўладиган вақт ҳам бўлса, гарчи ғусл қилмасада рўза тутиши лозим бўлади.  Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса, улгурмайдиган вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.
  • Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.
  • Ёнбош ёки тери остига (озуқа ва қувват бермайдиган) укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдирганлар. “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақсада), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида тери орасидан ичкарига сув ўтиши, рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилганлар”.
  • Уламоларнинг кўпчилиги томирдан олинган укол рўзанинг бузилишини баён қилишган.
  • Кўзга дори томизилса, рўзани очмайди (“Фатовои ҳиндия”). Замонавий тиббиёт кўздан димоққа йўл борлигини исботлаган. Шунинг учун бу ишни эҳтиётан, ифтордан кейинга қолдирган маъқул.
  • Сепиладиган ёки тил остига қўйиладиган дори ўзи ёки оғиз суви билан аралашиб ичга кетадиган бўлса, рўзани очади. Ичга кетмайдиган, фақат оғизда қоладиган бўлса, фақат унинг таъмини сезиш сабабли юрак тинчланадиган бўлса, махсус асбоб (пульверизатор) билан оғизга совуқ ҳаво юбориладиган бўлса рўза очилмайди.
  • Нафас қисиши ва бошқа касалликларда ишлатиладиган аэрозоллар агар газ кўринишида бўлса, рўзани очмайди. Агар суюқ дорилар кўринишида бўлса, томоқдан ўтса рўзани бузади.
  • Турли суртма дорилар ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очилмайди.
  • Бурун, қулоқ, орқа аврат каби аслий йўллардан суюқлик, дори томизиш, клизма туфайли ичкарига ёки мияга бирор нарса етиб борса рўза очилади (“Бадойиус санойе”).
  • Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.
  1. Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
  2. Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).

Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тақрибан 2 кг.) ёки бир соъ (тақрибан 4 кг.) хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”, “Раддул муҳтор”).

Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган. 

  • Иш туфайли рўзани тарк қилишга рухсат йўқ. Аммо рўзадорга иш чоғида рўзани очишга шаръий узр (рўзани очмаса, жонига зарар етадиган ҳолат) пайдо бўлса рўзасини очади. Унинг зиммасига қазо лозим бўлади, каффорат эмас (“Фатовои ҳиндия”).
  • Рўзадор мушк, атр ва бошқа хушбўйликларни ҳидлаши макруҳ эмас, рўзаси очилмайди.
  • Рўза ҳолатида мисвок ишлатиш мумкин. Лекин, мисвок ишлатганда милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса ютиб юбориб бўлмайди.
  • Рўзадор таҳлил учун ёки бировга қон бериш учун қон олдириши мумкин. Агар қон олдириш рўзадорни чарчатиб қўядиган бўлса, макруҳ бўлади. Бундай ишларни оғиз очгандан кейинга қолдирган яхшироқ.
  • Қасддан қайт қилмаса рўза очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса, оғиз тўла бўлса рўза очилади, оғиз тўла бўлмаса очилмайди. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса, рўза очилмайди.
  • Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш моддаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади (“Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳ”). “Раддул муҳтор” китобида чилим, сигарет каби моддаларни чекиш каффоратни вожиб қилиши айтилган.
  • Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса макруҳ бўлсада, рўза очилмайди, лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади (“Раддул муҳтор”).
  • Рўзани қасддан бузиш асло мумкин эмас, бу катта гуноҳ бўлади. Рўзадор киши кундуз куни, қасддан жинсий алоқа қилса, инсонга озуқа бўладиган нарсаларни еса ва ичса ёки дори бўладиган нарсаларни еса ва ичса каффарот вожиб бўлади. Юқоридаги ҳолатларда инсон йўқотилган ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради ва қасдан қилганлик жазосига яна икки ой узлуксиз рўза тутиши ёки олтмиш мискинни тўйдириши лозим бўлади.

Шуниси ҳам муҳимки, рўза тутишдан мақсад – Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, тақво сифатини ҳосил қилишдир. Рўза тутиб ёмонлигини қўймаган, ёлғон, ғийбат ва гуноҳ ишларни тарк этмаган кишининг фақат оч қолганию чанқагани қолади. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида шунга ишоралар келган.   

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ фойдаланиш учун тавфиқ берсин, ўзининг севимли, соим ва қоим бандаларидан бўлишимизни насиб айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом домла! Кўпчилик мўмин-мусулмонларимизда рўзага оид аҳкомларни билишга эҳтиёж катта бўлганлигини инобатга олиб, бошқа мавзуга чалғимай, уни батафсил ва таъсирчан услубда етказишингизни сўраймиз. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий     2019 йил (ҳижрий 1440 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқуллансин.

Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан () 4 килограммдир.

Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:

2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;

≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;

2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;

≈ 4 килограмм хурмодан 100 000  (юз минг) сўм бўлади.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгилансин. 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЗАКОТ БЕРИШ-БУЮК ИБОДАТ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз. 

 

Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

Read 4441 times
Download attachments:
Top