Жума мавъизалари

Муҳтарам биродарлар! Жорий йилнинг ноябрь ойи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ва мадрасаларда “Абул Муъин ан-Насафий ойлиги” деб номланди. Шу муносабат билан бугунги жума мавъизамизни у зоти бобаракотнинг ҳаётлари ва ижодлари билан сизларни таништириб ўтишга бағишладик. Зеро, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларни яқиндан танимоғимиз, уларнинг илмий мерослари, умуман Ислом оламида тутган ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлмоғимиз сизу бизларнинг у зотларга нисбатан муҳаббатимиз ва эҳтиромимизнинг янада зиёда бўлишига, маънавий меросларини ўрганишга нисбатан қизиқишимизни ортишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз k ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилганлар:

عَن أَبيِ الدَّردَاء  قَالَ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَطْلُبُ فِيهِ عِلْمًا سَلَكَ اللهُ بِهِ طَرِيقًا مِنْ طُرُقِ الْجَنَّةِ وَ إِنَّ الْمَلائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضًا لِطَالِبِ الْعِلْمِ وَ إِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَ مَنْ فِي الأَرْضِ وَ الْحِيتَانَ فِي جَوْفِ الْمَاءِ وَ إِنَّ فَضْلَ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ، إِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَ لَا دِرْهَمًا وَ أَوْرَثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ اَبُو دَاوَدَ وَ الإِمَامُ التِّرمِذِي).

яъни: Абу Дардо  айтадилар, мен Расулуллоҳ (с.а.в) ни шундай деганларини эшитдим: Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унинг йўлини жаннат йўлига йўналтириб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг розилиги учун қанотларини поёндоз қилиб турадилар. Олимнинг ҳақига осмонлару ердаги жонзотлар ҳамда сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб турадилар. Олимнинг обиддан ортиқлиги ойдин тунда ойнинг барча юлдузлардан ортиқлигига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар. Бас, уни ким олса тўкис насиба олибди” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Бошқа бир асарда эса шундай дейилган:

عَنِ الْحَسَنِ  أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ  قَالَ: كُنْ عَالِمًا  أَوْ مُتَعَلِّمًا  أَوْ مُحِبًّا  أَوْ مُتَّبِعًا وَلا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ

(السُّنَنُ الكُبْرَى لِإمام البَيهَقِي).

яъни: Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади, Абу Дардо  айтадилар: “Аввало олим бўл! Лоақал, таълим олувчи ёки уларни севувчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчиси (мазкур тўрт хислатдан ташқаридагиси) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан” (Имом Байҳақий “Сунани кубро” китобида келтирган).

Демак, олимларни севиш, уларга эргашиш динимиз кўрсатмаси бўлиб, айни пайтда олимларга ҳурмат Пайғамбаримиз aга эҳтиром кўрсатиш билан баробар экан. Ана шундай пайғамбарларнинг меросхўрларидан бўлмиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалардан бири Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари бўлиб, у зоти бобаракотнинг тўлиқ исмлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафийдир.

Азизлар! Абул Муъин ан-Насафий  Насафда (ҳозирги Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида) туғилганлар. У зотнинг таваллуд топган саналари ҳақида икки хил маълумот мавжуд. Хайруддин аз-Заркалий e  “Ал-Аълом”да 418 ҳиж. (1027 мил.) санада таваллуд топиб, 508 ҳиж. (1114 мил.) санада вафот этган деган бўлса, Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифин”да бу фикрга қўшилган, аммо Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим”да Абул Муъин ан-Насафий 508 ҳиж. (1114 мил.) йилда Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчисида етмиш ёшида вафот этган, деган. Бундан 438 ҳиж. (1044 мил.) санада таваллуд топгани келиб чиқади. Иккала сананинг қайси бири ҳақиқат эканлиги борасида аниқ маълумот йўқ.

Абул Муъин ан-Насафий  Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридий ақидавий мазҳаби уламоларининг энг машҳури Имом Мотуридийнинг фикрларини биринчи бўлиб ёқлаб чиққан уламолардан саналадилар. Ашъария ақидасида Боқиллоний, Ғаззолий ва ар-Розий қандай ўрин тутсалар, мотуридия ақидасида Абул Муъин ан-Насафий e шундай муҳим ўрин тутадилар. Шунингдек, ашъария мазҳабида аш-Шаҳристонийнинг китоблари қанчалик аҳамиятга эга бўлса, ан-Насафий eнинг китоблари ҳам мотуридий мазҳабида шунчалик муҳим манба саналади.

Абул Муъин Ан-Насафий  ҳақида Абдул Қодир ал-Қураший “Ал-жавоҳир ул-музийя фи табақот ал-ҳанафийя” асарида, Абдулҳай Лакнавий “Ал-фавоидул баҳийя фи тарожими ал-ҳанафийя” асарида, Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим” китобида, ал-Кафавий “Катоибу аъломил ахйор мин фуқаҳои мазҳаби ан-Нуъмон ал-мухтор” асарида, Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун ан асомий ал-кутуб вал фунун” асарида зикр қилиб ўтганлар.

Абул Муъин ан-Насафий нинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин  отасидан Абу Ҳанифа eнинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муъин ан-Насафий eнинг илмий салоҳияти унинг ота-боболаридан мерос бўлиб келган дейиш мумкин.

Муҳтарам жамоа! Абул Муъин ан-Насафий нинг шогирдлари қаторида Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий , Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу ал-Юср ал-Паздавий , Абу Бакр Масъуд ал-Кошоний , Нажмуддин Умар ан-Насафий , Абул Ҳасан ал-Балхий, Маҳмуд ас-Соғарчи ва бошқаларни зикр қилиш мумкин.

Абул Муъин ан-Насафий  ҳаётининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода илмий ижодий ишлар билан ўтказган. Шу даврлар орасида 15га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, жумладан: “Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари шулардан энг машҳурлари саналади.

Имом Насафий мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, мотуридий мазҳабини батафсил шарҳлаб, унинг кенг ёйилишига катта хисса қўшди, мотуридия ақидасига қарши бўлган мўътазила, жаҳмийя, карромийя, ботинийя каби оқимларнинг фикрига қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди.

Аллома “Табсиратул адилла” китобида жумладан шундай дейди: “Мўътазилалар кофир бўлмаган кимсани дўзахда абадий қолишини исботлаб хато қилдилар. Шунингдек, Ашъарий мўмин бўлмаган кимсани жаннатга киради, деб хатога йўл қўйган.Ҳақиқат шуки, савоб Аллоҳнинг ваъдаси билан билинади. Аллоҳ таоло эса жаннатни фақат мўминларга ваъда қилган. Бас, шундай экан, қайси далил билан мўмин бўлмаган кишини жаннатга киради, деб айтади. Агар у: “Мен уни мўмин, деб атамайман, балки уни кофир ва у дўзахда абадий қолади, дейман”, – деса унга қуйидагича жавоб берилади: “Қандай қилиб кофир бўлсин, ахир у ёлғон (такзиб)ни тасдиқ билан алмаштирган-ку, сен ўзинг имон бу тасдиқдир, куфр эса ёлғон (такзиб)га чиқаришдир, дегансан-ку!? У ўзини омонликка киргизмагани учун унинг тасдиғини имон демасанг, нима учун ҳақиқатда собит бўлган тасдиғини ёлғон (такзиб)га чиқариш, деб баҳоладинг? Бу сокинликни ҳаракат, қорани оқ дейишдан бошқа нарса эмас. Буларнинг барчаси амри маҳол ва бир-бирига зид ишдир. Аллоҳнинг Ўзи муваффақ қилгувчидир” (“Муқаллиднинг имони ҳақида сўз” боби 57-бет).

Ҳозирда Абул Муъин ан-Насафий нинг қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган. Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифлари давомида калом илмининг султони, ўз замонасининг забардаст олими Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, у киши қўним топган муборак масканни обод этиш, зиёратгоҳ қилиш, мазкур зиёратгоҳ қошида кутубхона ташкил этиш, у зотнинг бизгача етиб келган асарларини таржима қилиб, халққа, хусусан, ёшларга етказиш мақсадида “Ақида илмий мактаби”ни ташкил этиш ҳақида алоҳида кўрсатма бердилар.

Шу кунларда зиёратгоҳда улкан ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Зиёратгоҳнинг қайта таъмирланиши буюк алломага бўлган юксак эҳтиромни ифода этиб, у ерда ташкил қилинадиган “Ақида илмий мактаби” аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш истагида бўлган илм аҳли, шунингдек зиёратчи юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар учун қулай даргоҳ бўлади.

           

ОДАМ ЖОНИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИШ УЛКАН ГУНОҲ!

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам азизлар! Жорий йилнинг 31 октябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган терактдан барчамизнинг хабаримиз бор. Бунинг оқибатида саккиз нафар бегунох инсон бевақт дунёдан кўз юмди ва бир қанча шахслар турли тан жарохатлари олди. Мазкур терактни амалга оширган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлиги ҳам кенг омма эътиборига ОАВ орқали етказилди. Минг афсуслар бўлсинки, қандайдир бир ғаламис кимса жаҳонга ўзининг буюк алломалари, бағрикенг ва инсонпарвар халқи орқали фақат яхши ном билан танилган Ўзбекистонни дунё ҳамжамияти олдида юзини ерга қаратишга уринди.

Биз биламизки, аслида террорчининг ватани, дини ва миллати бўлмайди. Унинг касби тинч-осойишта ҳаётга раҳна солиш, одамлар қалбида қурқув ва ваҳима уйғотишдан бошқа нарса эмас.

Мазкур жирканч ишнинг бутун дунёга ўзининг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги ва раҳм-шафқати билан донғи кетган ўзбек халқининг бир вакили томонидан амалга оширилгани эса алам устига алам бўлди. Бироқ барчамиз бир нарсани уқтиришдан чарчамаймиз, у ҳам бўлса - террор, ёвузлик ва ноинсонийлик миллат ва дин танламайди, маълум бир давлат ёки ҳудуд билан боғланмайди. Шундай экан, аксарият хорижий ОАВ воситалари томонидан асосий урғу мазкур ҳужумни содир этган Сайфулла Соиповни ўзбек миллатига ва Ўзбекистонга мансублигига қаратилаётгани ўта ачинарли ҳолдир. Негадир барча террорчилик хуружларида баралла айтиладиган “Террорнинг миллати ва ватани бўлмайди” ғояси мазкур ҳолатга келганда аксарият оммавий ахборот воситалари томонидан унутилмоқда. Агар масаланинг моҳиятига чуқурроқ эътибор қаратадиган бўлсак, 2010 йилдан бери АҚШда яшаган Сайфулла айнан ўша муҳит ва жамиятнинг меваси ҳисобланади. Зеро, у айнан ўша ерда сохта салафийларнинг таъсирига тушди, радикал шахс сифатида пишиб етилди, афсуски, охир оқибатда ўзининг аччиқ “мева”сини берди.

Агар у диний экстремизм ва турли ёт ғоялар тарқалиши олдини олиш ва бу иллатларга қарши муросасиз ва тизимли кураш олиб бориладиган ўз юрти - Ўзбекистонда яшаганида эди, унинг мазкур ўта тубан жиноятга қўл уриши тасаввур этилмасди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятида олиб бораётган ислоҳотлари оқибатида кўплаб давлатлар турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаолиятини қилиб келмоқда. Жумладан, диний соҳадаги ислоҳотлар оқибатида Тошкентда халқаро диний конференциялар бўлиб ўтди. Бутун жаҳон диний уламолари асл ислом моҳиятини биздан келиб ўрганиб кетмоқда. Ислом динини ривожлантириш бўйича давлат томонидан юқори эътибор қаратилмоқда (Ислом цивилизацияси маркази, “Имом Бухорий” ва “Имом Термизий” халқаро марказлари, “Мир Араб” Олий мадрасасининг ташкил этилиши, зиёрат туризмини ривожлантирилиши, диний муассасаларда қўшимча ўқиш ўринлари берилиши). Лекин амалга оширилаётган ишларга қарамасдан баъзи бир ёшларимиз хорижий давлатларга чиқиб диний билим олиб, ишлаб, турли диний экстремистик оқимларнинг таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ва баъзи бир дала қўмондонларининг фатвоси асосида террорчилик актларини содир этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг оқибатида муқаддас Ислом динига доғ тушиши ва ушбу ҳаракатларни ўзбек миллатига мансуб шахслар томонидан амалга оширилаётганлиги Ватанимизнинг халқаро нуфузига путур етказишига олиб келмоқда.

Ислом динимизнинг мақсади ҳам фарзандларимизни илмли, маърифатли, аҳлоқли, ҳар томонлама етук шахсларни тарбиялашдир. Муҳтарам Юртбошимиз  муқаддас динимизни ўзбеклар оиласига қанчалар сингиб, унинг ажралмас қисмига айланиб кетганига тўхталиб бундай дейдилар: “Туғилганда қулоғимизга азон айтилади, оила қурганимизда шаръий никоҳ ўқилади, дунёдан кўз юмганимизда жаноза ўқилади. Ҳатто диндан чуқур хабардор бўлмаган одам ҳам диний урф-одатларсиз, исломий туйғусиз яшай олмайди”.

Дин – илм, маърифат, тарбия, аҳлоқ омили. Давлатимиз томонидан диний эркинликнинг фуқароларимизга ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб берилгани ҳам ёшларимизнинг тарбиясини мукаммал бўлиши учун хизмат қилади.

Шундай экан, ҳар биримиз, ҳар бир мусулмон, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ёшларимизни, фарзандларимизни қаерда ва кимдан илм олаётганлигига бефарқ бўлмайлик ҳамда келажакда тўғри йўлдан адашиб турли бузғунчи, вайронкор ғояларга берилиб кетишидан асрайлик!

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло одам зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Муҳаммад (с.а.в.) Сиз билан биз умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун Пайғамбар (с.а.в.) қиёматгача ўз умматларини рушди ҳидоятга бошлаш, нафсу шайтон йўлларидан қайтариш мақсадида Пайғамбарлик йилларининг охиригача Қуръону ҳадис таълимоти асосида фаолиятларини олиб бордилар.

Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.) “Ҳажжатул-вадоъ”да қилган муборак хутбаларида мусулмонларга бундай деб айтганлар:

яъни: “Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Шу билан бирга бир-бирингизнинг мол-мулккингизга тажовуз қилишни ҳам  сизларга ҳаром қилди” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Расули акрам (с.а.в.) ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва яшашга бўлган ҳуқуқи муқаддас эканини баён қилдилар. Шу билан бир инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва қаттиқ гуноҳ эканини ҳам  таъкидладилар.

Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики:

مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا

яъни: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Муҳтарам жамоат! Жаҳондаги  нуфузли ислом  муассасалари  уламолари, турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишни шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаган.

Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади. Абу Дардодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

وعن أبي الدَّرْدَاءِ رضي الله عنه قالَ :سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "كُلُّ ذَنْبٍ عَسَى اللَّهُ أَنْ يَغْفِرَهُ ، إِلَّا مَنْ مَاتَ مُشْرِكًا ، أَوْ مُؤْمِنٌ قَتَلَ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا"

رواه أبو داود و النسائي

яъни: “Барча гуноҳларни Аллоҳ таоло кечириши мумкин, бироқ Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлган кишини ва бир мўминни қасдан ўлдирган мўминнинг гуноҳини кечирмайди” (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Муҳтарам жамоат! Сўнги вақтларда айрим минтақаларда баъзи кишилар томонидан қўпорувчилик қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар.

Аллоҳ таоло ер юзида тинчликни барқарор айласин. Юртимизда яшаб ўтган улуғ аждодларимиз қатори буюк аллома Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари ва қолган барча уламоларнинг руҳларини шод айлаб, биз авлодларга уларнинг илмларидан баҳра олиб, роҳи ростда умргузаронлик қилмоғимизни насибу рўзи айласин! Омин!

Read 7336 times
Top