muslim.uz.umi
Даврий нашримизда: Қашшоқликка қарши энг яхши чора
Китоб ўқиш орқали инсон ҳалол ва ҳаромни, яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, ҳақ ва ноҳақни, адолат билан залолатни ажратиб олади. Яхшиликлар натижаси раҳмат, ёмонликлар оқибати эса мазаммат эканини англаб етади. Китоб инсоннинг икки дунёсини обод қиладиган хазинадир.
Уламоларимиз китоб ўқишнинг бир қанча фойдаларини санаб ўтганлар. Жумладан:
– китоб мутолааси кишини тинчлантиради (олти дақиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам берар экан);
– китоб ўқиш қалбни юмшатади (тадқиқотларга кўра, бадиий асар ўқиган инсон ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан);
– мутолаа мия фаолиятини яхшилайди (китобхоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун юқори ҳолатда бўлиб, миядаги асаб толалари кўпаяди);
– китоб ўқиш уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради (телевизор ва телефондан тарқаладиган нур мияга безовталик ҳақида сигнал берса, китоб, аксинча, тинчланиш ва дам олишга таъсир кўрсатади);
– мутолаа тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради (тушкунликка тушган беморлар китоб мутолаасидан кейин соғайишган. Қоронғида қолган кишининг йўлини чироқ ёритгани каби китоб жаҳолатга барҳам бериб, қалбни мунаввар қилади, кўнгилга ҳузур бағишлайди);
– китоб ўқиш инсоннинг хулқини гўзаллаштиради;
– мутолаа ҳаётдаги мақсадни англашга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради;
– китоб ўқиш хотирани кучайтиради. Фикрлаш қобилиятини яхшилайди;
– мутолаа билан сўз бойлигимиз ошади, дунёқарашимиз кенгаяди;
– ота-она фарзандлари билан биргаликда китоб ўқишса, ўртада меҳр, яқинлик пайдо бўлади;
– мутолаа молиявий қийинчиликларни бартараф этишда ёрдамчи (статистик маълумотларга кўра, китоб ўқимайдиганларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшар экан).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтда етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).
Аждодларимиз китобга муҳаббатли эдилар. Улуғ зотлар юқоридаги ҳадисга амал қилиб кун кечирганлар. Уларнинг аксарият вақти илм олиш, билим бериш, китоб ўқиш ва китоб ёзиш билан ўтган.
Ибн Рушддан қанча китоб ўқигани ҳақида сўралганда, бундай деган: “Икки кеча китоб ўқий олмаганман, холос. Никоҳ кечам ва отам вафот этган кеча”.
Имом Қатода бир туя китобни ёд олган экан. Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15–20 бет асар битишган. Имом Табарийдек буюк олим 86 йил умр кўрган бўлса, ёзиб қолдирган китоблари 358 000 варақни ташкил қилади. Тахминан, балоғат ёшлари 14 йил деб, умрларидан айирсак, 72 йил қолади. Шунда у зотнинг ёзган китоблари умрнинг ҳар бир кунига 14 варақдан тўғри келади.
Бугун халқимиз, ёшларимиз қалбида китобга муҳаббат уйғотиш мақсадида жуда хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этилиб, “Энг яхши китобхон” танловлари ўтказилаётгани фикримиз исботидир. .
Жасурбек ЛАТИПОВ,
Шофиркон тумани
«Хожа Ориф Ревгарий»
жоме масжиди
имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди
Марҳум Мустафоқул домлага юксак эҳтиром – ўттиз беш йил меҳнат қилган масжид қайта бунёд этилади
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзоси, кўп йиллар диний соҳада меҳнат қилган, фазилатли уламо Ҳожи Мустафоқул домла Меликов вафот этганлари ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 3 сентябрь куни муҳтарам Президентимизнинг марҳум уламо фарзандлари ва яқинларига чуқур ҳамдардликларини етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ мутасаддилар, уламолар ва имом-домлалар ҳожи Мустафоқул домла хонадонига ташриф буюрдилар. Дастлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, марҳум уламонинг руҳи покига бахшида этилди.
Ташриф асносида маҳзун кўнгилларни жуда ҳам кенг ёриштирган энг асосий иш шу бўлдики, Давлатимиз Раҳбари томонларидан ҳожи Мустафоқул домланинг энг оғир ва синовли дамлардаги фидокорона меҳнатларини юксак қадрлаб, раҳматли уламо 35 йил меҳнат қилган Самарқанд вилоятидаги жоме масжидни энг замонавий шакл ва миллий меъморчилигимиз анъаналарига мос ҳолда бунёд этиш топшириғи берилди. Шунингдек, янгидан барпо этиладиган муҳташам жоме масжидга Ҳожи Мустафоқул домла номини қўйилиши алоҳида маълум қилинди.
Ушбу қалбларга ёруғлик бахш этувчи хабарларни эшитган ҳожи Мустафоқул домланинг аҳли аёли Фотима ҳожи она, фарзандлари Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, ёру дўстлари ва шогирдлари кўзларида ёш ила муҳтарам Президентимиздан жуда ҳам чексиз-чексиз миннатдор эканларини изҳор этиб, қалбларидаги энг эзгу дуоларини қилдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан бир имом домланинг шарафига катта бир масжид барпо этилиши Самарқанд вилояти тарихида илк марта юз бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу фазилатли уламони қадрлаш Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунаси бўлди. Тан олиш керакки, юртимизнинг яқин ўтмишида бир имом-домлага бу даражада эътибор қилинмаган эди.
Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз. Буларнинг замирида Яратган Парвардигорнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят).
Ояти каримада таъкидланганидек, раҳматли Ҳожи Мустафақул домла ана шундай яхши ва эзгу хислатлар эгаси эдилар.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган бу фазилатли олимни мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарларини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни номига бунёд этиладиган улкан жоме масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бўлиб, Қуръони карим тиловатлари ва дуою илтижолар бардавом бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати