Ўзбекистон янгиликлари

Марҳум Мустафоқул домлага юксак эҳтиром – ўттиз беш йил меҳнат қилган масжид қайта бунёд этилади

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзоси, кўп йиллар диний соҳада меҳнат қилган, фазилатли уламо Ҳожи Мустафоқул домла Меликов вафот этганлари ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 3 сентябрь куни муҳтарам Президентимизнинг марҳум уламо фарзандлари ва яқинларига чуқур ҳамдардликларини етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ мутасаддилар, уламолар ва имом-домлалар ҳожи Мустафоқул домла хонадонига ташриф буюрдилар. Дастлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, марҳум уламонинг руҳи покига бахшида этилди.
Ташриф асносида маҳзун кўнгилларни жуда ҳам кенг ёриштирган энг асосий иш шу бўлдики, Давлатимиз Раҳбари томонларидан ҳожи Мустафоқул домланинг энг оғир ва синовли дамлардаги фидокорона меҳнатларини юксак қадрлаб, раҳматли уламо 35 йил меҳнат қилган Самарқанд вилоятидаги жоме масжидни энг замонавий шакл ва миллий меъморчилигимиз анъаналарига мос ҳолда бунёд этиш топшириғи берилди. Шунингдек, янгидан барпо этиладиган муҳташам жоме масжидга Ҳожи Мустафоқул домла номини қўйилиши алоҳида маълум қилинди.
Ушбу қалбларга ёруғлик бахш этувчи хабарларни эшитган ҳожи Мустафоқул домланинг аҳли аёли Фотима ҳожи она, фарзандлари Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, ёру дўстлари ва шогирдлари кўзларида ёш ила муҳтарам Президентимиздан жуда ҳам чексиз-чексиз миннатдор эканларини изҳор этиб, қалбларидаги энг эзгу дуоларини қилдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан бир имом домланинг шарафига катта бир масжид барпо этилиши Самарқанд вилояти тарихида илк марта юз бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу фазилатли уламони қадрлаш Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунаси бўлди. Тан олиш керакки, юртимизнинг яқин ўтмишида бир имом-домлага бу даражада эътибор қилинмаган эди.
Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз. Буларнинг замирида Яратган Парвардигорнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят).
Ояти каримада таъкидланганидек, раҳматли Ҳожи Мустафақул домла ана шундай яхши ва эзгу хислатлар эгаси эдилар.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган бу фазилатли олимни мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарларини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни номига бунёд этиладиган улкан жоме масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бўлиб, Қуръони карим тиловатлари ва дуою илтижолар бардавом бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2922 times

Янгиликлар

Top