muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 11 كانون1/ديسمبر 2020 00:00

Ҳалимлик фазилат, қўполлик айб

Мусулмон одоби 

“Ҳалим” сифати “ҳилм” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “шошмасдан оқилона иш тутиш» ва “ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик” маъноларини билдиради. Хушмуомалалик, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан қилиш ҳам ҳалимликка киради. Яъни, қўполлик ҳам, ўта заиф ҳолга ҳам тушиб қолмайди.

Ҳалимлик – жазолаш учун ғазабни қўзғатувчи сабаб пайдо бўлганда вазминлик, салобат ва виқор билан туришдир. Ҳалим одам дарҳол ўч ва интиқом олишга шошилмайди. У вазмин ва босиқлик билан тили ва аъзоларини озорга яраша жавоб беришдан тияди.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ: Кечиримли, камтарин бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, мўминнинг обрўсини сақлаш, ҳатто жониворларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш мақталган хислатлардан.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳалимликка беради”, дейилганидан мурод бошқа амалларга берилмайдиган савоб ҳалимлик учун берилади”, дейди. “Бунинг маъноси ҳалимлик туфайли мақсадларга эришилади ва амалга ошмайдиган истаклар рўёбга чиқади”, дея изоҳлайди Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ. Ибн Ҳажар Асқалоний  раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” асарида: “Ҳалимлик ёрдамида унинг зидди орқали қўлга киритилмаган ишларга эришилади”, дейди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, банда ҳалимлик туфайли рўзадорнинг ва кечалари ибодат билан қоим бўлувчининг даражасини топади” (Абу шайх ибн Ҳиббон).

Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, уни зийнатлаган ва у не нарсадан олиб ташланган бўлса, уни айбли қилган” (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривояти).

Баъзида қўрс, димоғдор кимсалар муомаласидан кўнглимиз ранжийди. Аммо қўлидан келса, яхшилик қиладиган, қурби етмаса бошқаларга зарари тегмайдиган содда, камтарин инсонлар ҳам атрофимизда кўплаб учрайди. Уларни менсимаслик, соддалигидан фойдаланиш катта гуноҳдир.  

Ҳалимлик кишини нафсига эрк бериш ва ғазабини сочишдан тўсади, инсон шахсияти кучини, ноқисликлардан юқори туришни кўрсатади. Зеро, мулойимлик, камтаринлик фазилат, қўпол, манманлик айбдир.

Демак, яхши ишларга шошилган каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳам интилишимиз лозим. 

Манбалар асосида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади

Канада Бош вазири Жастин Трюдо COVID-19 пандемияси давомида қўшган ҳиссалари учун уларга миннатдорчилик билдириш учун диний етакчилар билан учрашди. Islam.ru хабарига кўра, форумда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 430 нафар диний жамоа вакиллари иштирок этди.
"Раҳмат, сизнинг ёрдамингиз билан бу оғир дамлардан эсон-омон ўтиб олдик. Келажакда сизнинг қўллаб-қувватлашингиздан жуда умидворман", - дейди Трюдо. Канада мусулмонлар жамоаси вакили имом Ҳамид Слими пандемия пайтида мусулмонлар бутун мамлакатга қандай ёрдам бергани ҳақида Бош вазирга гапириб берди: "Йил давомида Канадада мусулмонлар камбағалларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берди, шунингдек фуқароларнинг руҳий саломатлигини назорат қилди, чунки пандемия пайтида бу муаммо айниқса кескинлашди". Имом шунингдек, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун Канада имомлари Кенгаши ва Канада мусулмон тиббиёт ассоциацияси томонидан яратилган марказ ҳақида гапирди.
"Диний етакчилар жуда қийин чекловларга қарамасдан, бу қийин даврда бирлашишга ва одамларга яқин бўлишга қодир бўлишди...", - деди Жастин Трюдо.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бу дунёда баъзи қилган амалларимиз учун жаннат хушхабари берилар экан. Бу қайси амаллар? Далил бўлувчи ҳадисларни айтсангиз?

— Аслида жаннат хушхабари берилган амаллар кўп. Сизга улардан айримларини мисол тариқасида тақдим этамиз.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва аср)ни ўқиса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради”, деганларида, улар: “Ё Аллоҳнинг Расули, рад қиладиганлар ким ўзи?” дейишди. Шунда у зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди руҳини олдиларингми?” дейди. “Ҳа”, деб жавоб беришади улар. “Қалбининг мевасини қабз қилдиларингми?” дейди. Сўнг “Ҳа”, деб жавоб беришади яна. “Бандам нима деди?” деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сенга ҳамд ва истиржоъ (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтди”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар”, дейди ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Аллоҳ таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтганидек:

وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ

“…Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”[1].

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَن عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:خَيْرُ كُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَوَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ أًحْمَد وَأَصْحَابُ الْكُتُبِ السِّتَّةِ

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Набий соллоллоҳу алайҳи ва салла дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир». Имом Аҳмад ва олти тўплам эгалари ривоят қилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни халқ депутатлар вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида: Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади…[2], деб таъкидлаган.

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтимизда ҳам ҳар йили “Қорилар мусобақаси”ни ўтказиш анъанага айланган. Жорий 2020 йил 10 декабр куни институт талабалари ўртасида Таҳфизул Қуръон кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “ҳифз” (яъни, Қуръонни тўлиқ ёд олганлар) ҳамда “тиловат” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқувчилар) йўналишларида “Қорилар мусобақаси” ўтказилди.

Мусобақани қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди: ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири: Жаҳонгир қори Нематов, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари: Аҳмадхон қори Рашидов, Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Зафар қори Маҳмудов. Котиб ва ҳисобчи: Элёр қори Аҳматқулов.

Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Абдулбосит қори Қобулов тиловати билан мусобақа бошлаб берилди.

 

Ҳакамлар ҳайъати азолари Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари- ўнгдан: Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Исломхон қори Убайдуллаев, Элёр қори Аҳмақдқулов.

 

Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков иштирокчиларга муваффақият тилади

 

Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиев тадбирда бошловчилик қилди

 

Иштирокчи қори талабалар

 

Мусобақа ташкилотчилари раҳбари, Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов кўрик-танлов шартлари билан таништирмоқда

Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:

“Ҳифз” йўналишидаги ғолиблар:

Биринчи ўрин: Нуриддинов Асадуллохон қори (4 курс), Проректор Умиджон домла Ходжаев тақдирлади.

 

Иккинчи ўрин: Ҳомидов Муҳаммадюсуф қори (3 курс). Аҳмаджон қори Рашидов тақдирлади.

 

Учинчи ўрин: Иззатуллаев Файзуллоҳ қори (4 курс). Абдулбосит қори Қобилов тақдирлади.

“Тиловат” йўналишидаги ғолиблар:

Биринчи ўрин: Ҳомидов Ҳикматуллоҳ қори (3 курс). Валихон қори Азимбоев тақдирлади

Иккинчи ўрин: Кўпайсинов Жасур қори (3 курс);

Учинчи ўрин: Жалолхонов Аббос қори (1 курс). Зафар қори Маҳмудов тақдирлади.

Мусобақа сўнгида ғолиблар дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбир охирида юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини сўраб дуойи хайр қилинди.

 

Жаҳонгир Убайдуллоҳ,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон”

кафедраси ўқитувчиси

Туркияда Имом Мотуридийнинг маънавий мероси муҳокамасига бағишланган тадбир ушбу соҳадаги таниқли турк олимлари ва экспертлари иштирокида онлайн форматда ўтказилди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
Расмий статистикага кўра, пандемияга қарамай, йилнинг дастлабки ўн ойида мамлакатимизга Туркиядан қарийб 17 минг сайёҳ ташриф буюрган. Ўзбекистонда эпидемиологик вазият яхшилангани боис бу ижобий тенденция бардавом давом этмоқда ва ўсиб бормоқда. Йил охиригача Туркиядан жами сайёҳлар сони 20 минг кишидан ошиши кутилмоқда.
Хусусан, туркиялик зиёратчиларнинг қизиқиши ортиб бораётганига, хусусан Ўзбекистоннинг Анқара ва Истанбулдаги дипломатик миссиялари томонидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мотуридий ва бошқалар каби Шарқнинг буюк мутафаккирлари ва Ислом оламининг машҳур уламоларининг тарихий-маданий меросига бағишланган онлайн тадбирларнинг мунтазам тарзда ўтказилаётгани далолат беради.

Шундай қилиб, тадбирда Мотурудий меросига бағишланган илмий форумнинг навбатдаги йиғилиши, унинг Ватанида – Ўзбекистонда ташкил этилиши муҳокама қилинди.
Имом Мотурудийнинг маънавий мероси ҳақидаги ана шундай тадбирлардан бири 8 декабрь куни онлайн конференция форматида бўлиб ўтди. Унда, таниқли турк олимлари, жумладан, бу йил Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида таклиф этилган маърузачи бўлиб ишлаган профессор Сонмаз Қутлу иштирок этишди.
Анжуман чоғида Ўзбекистонда Мотуридий симпозиумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу илмий форум мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси келаси йили Ўзбекистонда ўтказишни режалаштирган "Конгресс туризми" деб номланган тадбирга айланиши лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top