Мақолалар

Ҳалимлик фазилат, қўполлик айб

Мусулмон одоби 

“Ҳалим” сифати “ҳилм” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “шошмасдан оқилона иш тутиш» ва “ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик” маъноларини билдиради. Хушмуомалалик, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан қилиш ҳам ҳалимликка киради. Яъни, қўполлик ҳам, ўта заиф ҳолга ҳам тушиб қолмайди.

Ҳалимлик – жазолаш учун ғазабни қўзғатувчи сабаб пайдо бўлганда вазминлик, салобат ва виқор билан туришдир. Ҳалим одам дарҳол ўч ва интиқом олишга шошилмайди. У вазмин ва босиқлик билан тили ва аъзоларини озорга яраша жавоб беришдан тияди.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ: Кечиримли, камтарин бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, мўминнинг обрўсини сақлаш, ҳатто жониворларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш мақталган хислатлардан.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳалимликка беради”, дейилганидан мурод бошқа амалларга берилмайдиган савоб ҳалимлик учун берилади”, дейди. “Бунинг маъноси ҳалимлик туфайли мақсадларга эришилади ва амалга ошмайдиган истаклар рўёбга чиқади”, дея изоҳлайди Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ. Ибн Ҳажар Асқалоний  раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” асарида: “Ҳалимлик ёрдамида унинг зидди орқали қўлга киритилмаган ишларга эришилади”, дейди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, банда ҳалимлик туфайли рўзадорнинг ва кечалари ибодат билан қоим бўлувчининг даражасини топади” (Абу шайх ибн Ҳиббон).

Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, уни зийнатлаган ва у не нарсадан олиб ташланган бўлса, уни айбли қилган” (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривояти).

Баъзида қўрс, димоғдор кимсалар муомаласидан кўнглимиз ранжийди. Аммо қўлидан келса, яхшилик қиладиган, қурби етмаса бошқаларга зарари тегмайдиган содда, камтарин инсонлар ҳам атрофимизда кўплаб учрайди. Уларни менсимаслик, соддалигидан фойдаланиш катта гуноҳдир.  

Ҳалимлик кишини нафсига эрк бериш ва ғазабини сочишдан тўсади, инсон шахсияти кучини, ноқисликлардан юқори туришни кўрсатади. Зеро, мулойимлик, камтаринлик фазилат, қўпол, манманлик айбдир.

Демак, яхши ишларга шошилган каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳам интилишимиз лозим. 

Манбалар асосида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади

Read 2460 times

Мақолалар

Top