muslim.uz
Самарқанддаги 8 та зиёратгоҳ фаолиятини қайта бошламоқда
Айни пайтда қадимий қадамжолар фаолиятини карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда йўлга қўйиш мақсадида кириш-чиқиш жойларига пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар ўрнатилмоқда.
Мазкур ишлар тўлиқ амалга оширилгач, 11 июнь кунидан Самарқанд вилоятидаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги қуйидаги зиёратгоҳлар ва қадамжолар иш фаолиятини бошлайди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр, Имом Мотуридий, Хўжа Абду Дарун, Ҳазрати Хизр, Мурод Авлиё зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Руҳобод мақбараси, Хўжа Исъҳоқи Валий масжид-зиёратгоҳи, шунингдек, Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Валий, Хўжа Абду Берун, Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам, Жомбой туманидаги Шайх Худойдод Вали ва Булунғур туманидаги Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳлари қайта бошлашига рухсат берилмоқда.
Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи эса вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти билан келишилган ҳолда очилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Ургут туманидаги Чор Чинор зиёратгоҳи «қизил» ҳудудда жойлашгани боис, уларнинг вақтинчалик фаолият олиб боришига рухсат этилмайди.
xs.uz
Қозоғистондаги масжидларга жамоат намозларини бажаришга рухсат берилди
Қозоғистон масжидларида жума намозидан ташқари жамоа намозларига рухсат берилди. Бу ҳақда мамлакат мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Бомдод намоз, пешин намози, аср намози, шом намози, хуфтон намози: уларга қаттиқ санитария меъёрларига риоя қилган ҳолда биргаликда ўқишга рухсат берилади", - деб айтди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси вакили Спутник агентлигига.
Жамоавий жума намозлари ҳозрича бажарилмайди.
"Масжидларни умумий майдоннинг 30% гача ташриф буюрувчилар билан тўлдиришга рухсат берилади", - дейилади хабарда.
Масжидлар 18-майдан бошлаб ўз эшикларини очди, карантинни юмшатишнинг биринчи босқичида фақат якка тартибда намоз ўқиш, Қуръон ўқиш ва никоҳ маросимларига рухсат берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлиги кенгаймоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар алоҳида ўрин тутади.
Куни кеча Марказга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан келган хатда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисларида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига бағишланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати билдиришича, ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата Марказ ахборотида баён этилган муҳим далилий маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.
Шу асосда «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилинишининг ҳолати» деб номланган ахборот Марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.
Жаноб Мағруб Салим Батт «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзолари таништирилиши«ни маълум қилган. Комиссиянинг коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштиряпмиз», дея қайд этган ижрочи директор.
Мактубда, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланган «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифи миннатдорлик билан қабул қилингани билдирилган.
Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиботи билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлар сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир, деб таъкидлайди доктор М. Салим Батт.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати