Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлиги кенгаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар алоҳида ўрин тутади.

Куни кеча Марказга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан келган хатда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир».

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисларида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига бағишланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати билдиришича, ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата Марказ ахборотида баён этилган муҳим далилий маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.

Шу асосда «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилинишининг ҳолати» деб номланган ахборот Марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.

Жаноб Мағруб Салим Батт «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзолари таништирилиши«ни маълум қилган. Комиссиянинг коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштиряпмиз», дея қайд этган ижрочи директор.

Мактубда, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланган «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифи миннатдорлик билан қабул қилингани билдирилган.

Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиботи билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлар сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир, деб таъкидлайди доктор М. Салим Батт.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1836 times

Янгиликлар

Top