muslim.uz

muslim.uz

Аввало, мўмин-мусулмонлар ҳажни Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат деб билмоқлари лозим. Бу ибодатнинг фарз бўлиши учун шариатда белгиланган шартлари мавжуд. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳаж ҳақида фатвони чиқаришдан кўзланган мақсад айнан мана шуларни мўмин-мусулмонларга яна бир карра етказиб қўйишдир.

Кейинги вақтларда ҳажга бораётганлар орасида уни ибодат деб билишдан кўра, орзу-ҳавасга айлантириб олаётганлар ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи кишилар ота-оналари ёки бирор яқин кишиларини ҳажга кузатиш ва кутиб олиш асносида дабдабабозликка ўтиб кетаётганлари ташвишли ҳолат. Масалан, ҳашамдор автомашиналар, бир нечта видео камералар ҳатто даста-даста гуллар билан кутиб олишлари гўё улар ҳаждан эмас балки, бирорта мусобақадан муваффақият қозониб келаётгандек олқишлар ва қийқириқлар остида қарши олинмоқда.

Ваҳоланки, бирорта ибодатни адо этган киши Аллоҳ таоло унинг ибодатини ҳузурида мақбул айлаганидан умидвор бўлиш билан бирга, қабул бўлмай қолмадимикан, деган ҳадик қалбининг бир чеккасида туриши лозим. Шунинг учун ҳам ҳажга боришга талабгорларнинг руҳий, маънавий ва ахлоқий томондан муносиб бўлишлари жуда ҳам муҳимдир.

Дарҳақиқат, ҳаж ибодати ҳам жисмоний ва ҳам молиявий ибодат. Шунинг учун ҳажга бориш учун талабгорлар жисмонан соғлом бўлишлари шарт. Молиявий томондан нафақат ҳаж сафари учун зарур бўлган маблағга эга бўлиш, балки оиланинг бошлиғи сифатида қарамоғидаги кишиларнинг нафақасини ҳам тўла-тўкис таъминлаб кетишлари лозим. Баъзилар йиллар давомида рўзғор, бола-чақа нафақасидан қисиб-қимтиб ҳажга бориш ниятида маблағ йиғадилар. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида ҳажга боришдан кўра фарзандлари, оиласи таъминоти вожиб эканига парво қилмайдилар. Бундан ташқари нисоб миқдоридаги маблағга эга бўлган киши йилда бир марта унинг закотини бериши фарз эканини ўйлаб ҳам кўрмайдиган, маблағни эса ҳаж учун жамғараётганини рўкач қиладиганлар ҳам учраб туради.

Мазкур фатвода ҳаж ибодатига бориш ҳақида фақат тушунтириш ва тавсиялар берилган бўлиб, бу ҳажга борувчи фуқароларимиз учун энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Буни нотўғри талқин қилаётган айрим оммавий ахборот воситалари эса соҳага оид бир қатор қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган ҳисобланадилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, ҳажга боришга талабгорлар учун ушбу ҳақиқатларни баён этиш мақсадида мазкур фатвони эълон қилди. Ушбу фатвонинг мазмун-моҳиятини тўла англаб, кейин аҳолига тўғри тушунтиришга барчани даъват қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

الثلاثاء, 05 كانون1/ديسمبر 2017 00:00

Вакилимиз тақдирланди

Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган бир қатор юртдошларимизга эсдалик нишонларини топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.


Мана шундай тақдирлаш маросимларидан бири шу йил 4 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси мажлислар залида ўтказилди.
Ушбу тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов томонидан бир гуруҳ тақдирланганлар қаторида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Бауатдинов Шамсуддинга ҳам "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил" кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти қози Бауатдинов Шамсуддинни ушбу эсдалик нишони билан муборакбод этади.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ахборот хизмати

الثلاثاء, 05 كانون1/ديسمبر 2017 00:00

Ҳақли эътирофлар рукнидан: Маҳатма Ганди

Мен дунёда яшаб турган миллионлаб инсонларнинг қалбларини тўлқинлантирган одам ҳаётини янада чуқурроқ билишни хоҳладим ва ўша даврдаги одамларнинг ҳаёт тарзига Ислом қилич билан кириб бормаганига қайта-қайта ишонч ҳосил қилдим. Пайғамбар Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг содда ҳаёт кечиришлари, ўзларини чексиз ҳокисор тутишлари, зиммаларидаги мажбуриятларини сўзсиз бажаришлари, саҳобаларга бутун борлиқларини бахшида қилишлари, жасурликлари, Яратганга ва ўз ишларига мутлақ ишонишлари каби сифатлари, У зотни ҳар қандай тўсиқдан муваффақиятли ўтишга ёрдам берди, унутманг, қилич эмас.  Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам) таржимаи ҳолининг иккинчи бобини тугатганимда, афсуски, ушбу буюк инсон ҳаётининг давомини ўқиш шахсан мен учун эмас экан, деб ҳисобладим.

 

Алишер САТТАРОВ

ЎМИ Халқаро бўлими ходими

Қуръони каримнинг 29 та сураси ҳуруфи муқаттаот (араб. кесилган, боғланмаган ҳарфлар) ҳарфлари билан бошланади. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган. Баъзи муфассирлар «Ҳуруфи муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфи ҳижо» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотиҳус сувар» – «Сураларни очувчилар» деб атайдилар.

Муфассир олимлар уларнинг маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, деганлар. Баъзилар эса, уларни шарҳлашга уринганлар. Жумладан, уламолар: “Бу Аллоҳ билан Набий (алайҳиссалом) ўрталаридаги сир”, “Улар сураларнинг номларидир (Тоҳо, Ёсин, Сод, Қоф, Нун)” ёки “Улар исми аъзамдир” – дейдилар.

Машҳур муфассир тобеинлардан Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ): “Алиф лом мим”, “Ҳо, мим”, “Алиф, лом, мим, сод”, “Сод” ҳарфлари сураларни очувчилар бўлиб, Аллоҳ Қуръонни улар билан очган”, деганлар.

Муфассирларнинг кейинги авлоди бу борада “Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланишидан мақсад, арабларга “Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лом», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи”, дейиш бўлган”, деганлар.

Манбалар асосида

Салоҳиддин СИДДИҚОВ

тайёрлади.

الثلاثاء, 05 كانون1/ديسمبر 2017 00:00

Инсон безаги ва зийнати

Динимиз рўзғор тебратиш учун касб-ҳунар қилишга тарғиб қилади. Аксарият уламоларимиз бу амални вожиб деганлар. Бунга бир қанча ҳужжат ва далиллар мавжуд. Бу ҳақда “Жумa” сурасининг 10-оятида:  «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз»? дейилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур” (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом ибн Можа ривояти).

Шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа касб-ҳунарларга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, улар инсонни меҳнатга чорлайди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога: “Қўй боқ, чунки унда барака бор”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Динимизда танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилади. Балки доимо ҳалол касбга тарғиб қилинади. Ҳатто, дунёвий ишлардан ажраб чиқиб, на ўзига, на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга берилиб кетишга ҳам рухсат берилмайди. Бинобарин, ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади. Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдур” (Имом Муслим ривояти).

Ансорлардан бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўрганларида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйингда бирор нарса йўқми?” – деб жавоб бердилар. Ансорий: “Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз”, – деб жавоб берди. “Уларни менга олиб кел”, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб: “Мана буларни ким сотиб олади?” – дедилар. “Мен бир дирҳамга сотиб оламан” – деди бир киши. “Мен икки дирҳамга сотиб оламан” – деди бошқаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки дирҳамга сотдилар ва ансорийга бериб: “Бир дирҳамига аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел”, – дедилар. Болта олиб келган эди Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг: “Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай” – дедилар. Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ-овқат, қолганига кийим-кечак сотиб олди. “Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир”, – дедилар, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Уламоларимиз: “Учтa нaрсaнинг дaвoси йўқ”, дейишaди. Биринчиси, ҳaрoм aрaлaшгaн кaсaллик, иккинчиси, ҳaсaд aрaлaшгaн aдoвaт, учинчиси, танбаллик aрaлaшгaн кaмбaғaллик.

Ҳaким Aбул Қoсим aйтaдилaр: “Ҳaлoлдaн кaсб қилиш иффaтли кaмбaғaлни гўзaллaштирaди, зaифнинг муҳтoжлигини беркитaди, пaсткaш ғийбaтчининг тилини кесaди”.

Aбу Лaйс Сaмaрқaндий: “Ҳaр бир нaрсaнинг зеб-зийнaти бoр, йигитликнинг безaги вa зийнaти кaсб oрқaсидaндир”, деганлар.

 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом-хатиби

Мақолалар

Top