Мақолалар

Инсон безаги ва зийнати

Динимиз рўзғор тебратиш учун касб-ҳунар қилишга тарғиб қилади. Аксарият уламоларимиз бу амални вожиб деганлар. Бунга бир қанча ҳужжат ва далиллар мавжуд. Бу ҳақда “Жумa” сурасининг 10-оятида:  «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз»? дейилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур” (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом ибн Можа ривояти).

Шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа касб-ҳунарларга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, улар инсонни меҳнатга чорлайди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога: “Қўй боқ, чунки унда барака бор”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Динимизда танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилади. Балки доимо ҳалол касбга тарғиб қилинади. Ҳатто, дунёвий ишлардан ажраб чиқиб, на ўзига, на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга берилиб кетишга ҳам рухсат берилмайди. Бинобарин, ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади. Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдур” (Имом Муслим ривояти).

Ансорлардан бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўрганларида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйингда бирор нарса йўқми?” – деб жавоб бердилар. Ансорий: “Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз”, – деб жавоб берди. “Уларни менга олиб кел”, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб: “Мана буларни ким сотиб олади?” – дедилар. “Мен бир дирҳамга сотиб оламан” – деди бир киши. “Мен икки дирҳамга сотиб оламан” – деди бошқаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки дирҳамга сотдилар ва ансорийга бериб: “Бир дирҳамига аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел”, – дедилар. Болта олиб келган эди Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг: “Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай” – дедилар. Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ-овқат, қолганига кийим-кечак сотиб олди. “Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир”, – дедилар, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Уламоларимиз: “Учтa нaрсaнинг дaвoси йўқ”, дейишaди. Биринчиси, ҳaрoм aрaлaшгaн кaсaллик, иккинчиси, ҳaсaд aрaлaшгaн aдoвaт, учинчиси, танбаллик aрaлaшгaн кaмбaғaллик.

Ҳaким Aбул Қoсим aйтaдилaр: “Ҳaлoлдaн кaсб қилиш иффaтли кaмбaғaлни гўзaллaштирaди, зaифнинг муҳтoжлигини беркитaди, пaсткaш ғийбaтчининг тилини кесaди”.

Aбу Лaйс Сaмaрқaндий: “Ҳaр бир нaрсaнинг зеб-зийнaти бoр, йигитликнинг безaги вa зийнaти кaсб oрқaсидaндир”, деганлар.

 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом-хатиби

Read 5575 times

Мақолалар

Top