Мақолалар

Вожиб бўлди

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:

«Бир жанозани олиб ўтишди. У ҳақда яхши гап айтишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди», дедилар.

Сўнгра бошқасини олиб ўтишди. У ҳақда ёмон гап айтишди. У зот: «Вожиб бўлди», дедилар.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Нима вожиб бўлди?» деди. У зот: «Унинг ҳақида яхши гап айтдингиз, унга жаннат вожиб бўлди. Бунинг ҳақида ёмон гап айтдингиз, бунга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ер юзидаги гувоҳларисиз», дедилар» (Саҳиҳи Бухорий 1367).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни «Фатҳул барий»нинг 3-жуз 273-саҳифасида қуйидагича шарҳлайди:

Бу ерда фосиқларники эмас, балки солиҳ ва муносиб одамларнинг гувоҳлиги қабул қилинади, чунки фосиқлар фақат ўзларига ўхшаганларни мақтайди. Чунки ҳадисдаги ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида солиҳ инсонлар бор эди. Уларнинг иккита марҳум ҳақида айтган гаплари қабул қилинди, чунки улар саҳобалардир.

Шунингдек, марҳумда шахсий ҳусумати ва адовати бор одамнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Шундай экан, ҳаммага озор берувчи, зиёнкор одам вафот этса, уни ўзига ўхшаган одамлар мақташи юқоридаги ҳадисга кўра ўша одамга жаннат вожиб бўлди, деб айтилмайди.

Ёки бир солиҳ инсон вафот этиб, душманчилиги бор одамлар уни ёмонлашса, ҳадисда айтилганидек, ўша инсонга дўзах вожиб бўлди, дейилмайди. Балки гувоҳлик берувчиларнинг ахлоқий ҳолатига эътибор берилади.

Зеро, Аллоҳ таоло марҳумни ҳам, унга гувоҳлик бераётганларни ҳам, ким солиҳ ва рост сўзлаётганини ҳам жуда яхши билади.

 Облоқулов АЪЗАМ,

Ғаллаорол туманидаги

Сайфин ота жоме масжиди

имом-хатиби

Read 1483 times

Мақолалар

Top