muslimuz
Таъзия билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти Учқўрғон тумани "Нурмуҳаммад Бува" жоме масжиди имом-ноиби Фазлиддин домла Камоловнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Фазлиддин домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Аллоҳ унинг кўнглига ҳадисларга муҳаббат солди
Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773-852)
Тўлиқ исми Ибн Ҳажар ал-Асқалоний – Абу Фазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ал-Киноний аш-Шофеъийдир. Ҳадис илмининг етук олими, оқил мураббий, адолатли қози, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилувчилардан бўлган. У ҳижрий 773 йил шаъбон ойида Мисрда таваллуд топган.
Унинг болалик даври туғилиб ўсган ерда Қуръони каримни, “Хави” ва Ибн ал-Ҳожибнинг “Мухтасар” ва бошқа шу каби ақидавий асарларни тўлиқ ёд олиш билан ўтди. Кейинроқ васийлардан бирининг қарамоғида Маккага йўл олди, у ерда таниқли Ислом олимларидан дарс олди.
Кўп ўтмай Аллоҳ Аҳмаднинг кўнглига ҳадисларга муҳаббат солди, шунда у бор кучини ҳадис илмига, изланишга сарфлади. Бу йўлда у Ҳижозга, Шомга ва Мисрга борди. Унинг ҳаётида аз-Зайн ал-Ироқийнинг олдида ўтказган 10 йил муҳим аҳамият касб этган.
Унга Булқиний раҳматуллоҳи алайҳ, Ибн Мулаққин ва бошқа кўпгина имомлар устозлик қилишган. У Қуръон ва ҳадисдан Ал-Иъзз ибн Жамаъадан, араб тилидан Ал-Амаридан, тил стилистикасидан ал-Мажид ал-Фейрузободийдан, адабиёт ва шеъриятдан эса ал-Бадр ал-Муштакидан дарс олган.
Машаққатли илм олиш ва изланишлардан сўнг Ибн Ҳажарнинг илмини тан олишди ва унга Қуръон, ҳадисдан дарс беришга ҳамда китоб ёзиб ҳаттоки фатво чиқаришга рухсат беришди.
Ибн Ҳажар Қуръон тафсири, фиқҳ, нотиқлик санъати каби йўналишларда бер нечта мадрасада дарс берган. У ўқитган ўқувчилар ичидан кўпгина таниқли Ислом олимлари чиққан. У “Ал-Азҳар”да маъруза ўқир, Амр ибн ал-Осс жоме масжидида воизхонлик қилар эди.
Ибн Ҳажар 21 йилдан ортиқ муддат фиқҳ билан шуғулланган. Дастлаб Мисрда қозилик қилди, кейнчалик эса Шомда. Узоқ йиллар давомида у олий (юқори) қози лавозимидан бош тортди, аммо ҳижрий 827 йилнинг 12 муҳаррамида бу лавозимни қабул қилишига тўғри келди. Бир мунча вақт ўтгач у истеъфога чиққан бўлса-да, бу лавозимда яна 7 маротаба қайтишга тўғри келган.
Ибн Ҳажар Ислом илмининг барча жабҳаси бўйича 150дан зиёд асар ёзган. Унинг барча меҳнатлари у вафот этишидан аввал тан олинган, баҳоланган ва машҳурликка эришган.
Ибн Ҳажарнинг энг машҳур асари “Фатҳ ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий”дир. Бу машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига ёзилган шарҳ саналади. Ибн Ҳажар ҳижрий 813 йили бу китобнинг муқаддимасини ёзган. Орадан 4 йил вақт ўтганидан сўнг китоб устида иш бошлаган ва ҳижрий 842 йил ражаб ойида ёзиб тугатган.
Ибн Ҳажар замондошлари уни нафақат Ислом оламининг буюк олими сифатида, балки ажойиб инсон, вафодор дўст, сабр ва камтарликда тенги йўқлиги, мулоҳазалилиги, дунё ҳаётидан узилганлиги ва қаноатлилиги, фидокорлиги ва саҳийлиги каби хислатларини эслашар эди.
У жазирама иссиқ кунларда рўза тутар, тунлари эса ибодатда қойим бўларди. Ҳазиллашишни ва қизиқ воқеаларни тинглашни яхши кўрарди. Ўзининг ёқимли ва қизиқ суҳбатига барчани жалб эта оларди, хоҳ у қари диндор ёки ёш талаба бўлсин. У бир мулоқот қилсак инсон ҳар сафар унинг ажойиб аҳлоқи ва одоб эгаси эканига шоҳид бўлган.
Буюк Ислом олими ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳижрий 852 йил 18 зулҳижжа ойи, шанба куни ҳуфтон намозидан сўнг бу дунёни тарк этган.
Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.
Ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга муносиб ёрдам кўрсатилади
Ўзбекистон Президентининг «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатга кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 апрелдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи 1 нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 майдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилади.
Қарорга биноан, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари улар реестрга киритилгунигача «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади.
2024 йил 1 мартдан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг «соатбай» асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун мослашувчан иш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 апрелдан Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:
-уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
-улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Намозда ерга ўтиришга қийналадиган кишининг ҳукми
Cавол: Масжидга бемалол юриб келадию лекин ерга ўтириб намоз ўқишга бироз қийналадиган киши стулда ўтириб намоз ўқиши мукинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бундай одамлар ўтирган ҳолда руку қилиш ва ерга сажда қилишга қодир бўлсалар, курсига ўтириб намоз ўқишлари жоиз эмас. Чунки бу кишилар ерга сажда қилишлари фарз. Агар курсига ўтириб намоз ўқисалар, битта фарзни, яъни ерга сажда қилишни тарк қилган бўладилар.
Ўтирган ҳолда ерга сажда қила олмаса, ундай кишилар курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз.
«Фатовои Татархония» китобида бундай дейилади:
وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ
«Тик тура олмайдиган, лекин ўтира оладиган одам фарз намозларни ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқача ўқиш унга жоиз эмас».
Бир киши тик туришга ҳам, сажда ва рукуга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолатда, имо-ишора билан намоз ўқийди. Саждага қилган имо-ишораси рукуга қилган ишорасидан кўпроқ бўлади, яъни пастроқ эгилади.
وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ
«Руку-сажда қилиш ҳам, тик туриш узрли бўлса, намозни ўтирган ҳолатда, боши билан имо-ишора қилиб ўқийди, саждасини рукусидан пастроқ қилади» («Мухтасарул виқоя»).
Мана шундай беморлар, яъни тик туришга ҳам, руку-саждага ҳам қодир бўлмаган кишилар курсига ўтириб намоз ўқишлари дуруст бўлади, чунки улар тик тура олмагани ва ерга сажда қила олмагани учун курсига ўтириб, имо-ишора қилиб ўқиса, имкон даражасидаги ишни қилган бўладилар. Лекин афзали – ерга ўтириб имо-ишора қилишдир, чунки руку-сажда қила олмайдиган одам тик туриб имо-ишора қилганидан кўра ерга ўтириб, имо-ишора қилгани афзалдир.
Шу ерда эслатиб ўтамизки, тик тура олмайдиган одам деганда тик турса қаттиқ оғриқ сезадиган, касаллиги кучайиб кетадиган ёки тузалиши кечикиб кетадиган кишилар ҳам тушунилади («Муҳитул-Бурҳоний»). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Муваффақият душманлари ҳамжамияти
Бобомиз Одам алайҳиссалом замонларидан бери мавжуд бўлган бир жамият бор. Унга лаънати иблис асос солган, бошқарув мажлисига ҳам ўзи раислик қилган ва унга аъзо бўлиш учун қабиҳ шартлар қўйган: маккорлик, айёрлик, гиж-гижлаш, одамларни тафриқага солиш, ҳиқду-ҳасад, адоват, ёмон кўриш ва ҳоказо…
Саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келади: “Иблис тонг отганда аскарларини ерга тарқатади ва айтадики: “Ким бугун битта мусулмонни йўлдан урса, унга тож кийғазаман”. Кейин ҳалиги аскари бориб келиб айтади: “Хотинини талоқ қилмагунча қўймадим, ярашиб кетишига сал қолганди”. Яна бошқаси: “Ота-онасига оқ қилдирдим, сал қолса уларга яхшилик қилиб қўярди”. Яна биттаси келиб: “Мен бир мусулмонни ширк келтиришга олиб бордим”, деса иблис “Сен, айнан сен!” дейди. Кейин яна биттаси келиб: “Мен битта мусулмонни васаваса қилиб тинч қўймадим, охири у одам ўлдирди”, дейди. Шунда иблис: Сен, айнан сен!”, дейди ва унга тож кийдиради”.
Ўша замонлардан бери бу жамият аъзолари, макр-ҳийлаларининг тури кўпайиб бормоқда.
Ҳатто шундай одамлар чиқдики, лаънати иблисга ўзларини нисбатлаш ила фахрланадилар. Баъзилари маккорлик бобида шу даражага етганки, иблисга дарс беради, шайтон ҳам уларнинг олдида ип ечолмайди. Шунақалардан биттаси мақтаниб шеър ёзган экан:
Бўлган вақтим шайтонга аскар
Юрагимга хўп қувонч тўлди
Кунлар ўтиб, йиллар айланиб
Иблис менинг аскарим бўлди!
Хўш, улар нега бунчалик ҳаракат қилишади, бу алдовларнинг боиси не?
Сабаби иблис ва унинг аскарлари ҳақида Анъом сурасининг 112-оятида:
“Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар”, дейилган. Улар Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч кимнинг муваффақият қозонишини хоҳлашмайди, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунилишини исташмайди. Ҳеч ким мақбул амалларга, Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлмасин дейишади. Улар ҳар қандай муваффақиятга, ҳар қандай яхшиликка душмандир.
Уларнинг лойиҳасида қуйидаги бандлар бор:
Яхши амаллар қиладиган одамни амалидан қолдириш;
Ёмон амал қиладиган одамни ёмонликка одатлантириш;
Макру-ҳасаднинг барча воситаларини оммага ёйиш;
Ҳар қандай эзгу амалларни йўққа чиқариш;
Ҳақиқатларни ўзгартириб юбориш ва чиройли гаплар билан одамларни ақлдан оздириш;
Одамлар қалбига ўзаро ғиллу-ғашлик, адоватни ёйиш;
Совға-саломларни бекор қилиш, бидъат-хурофотларни юзага келтириш.
Бу жамият ҳатто турли ахборот воситаларига ҳам дахл қилмоқда, интернет сайтларида одамларни ўз домига тортмоқда. Мақсад – аъзоларни кўпайтириш, инсониятни гуноҳ-маъсият ботқоғига янада ботириш. Ҳар бир ижод, ҳар бир иқтидор, ҳар қайси ишдаги муваффақият ва ҳар қандай мутахассислик – бу жамият аъзоларининг хўрагидир...
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.