muslimuz
Намоздан кейинги зикрларни қай ҳолатда қилиш керак?
Савол: Намоздан кейинги ихтиёрий зикрларда қаъдада ўтирган ҳолатни ўзгартирмай ўқиш керакми ёки оёқни бошқачасига ўзгартириб ўтирса ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намоздан кейинга зикрларни киши ўзига қулай ҳолатда ўтириб олиб қилаверади. Чунки бу борада бирор тақиқ йўқ. Асосийси, зикрларни қалб ҳузури билан қилса, бўлгани. Бошқа ихтиёрий зикрларда ҳам ҳукм шундай.
Бироқ Имом Термизий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида қолдириб, гапирмасдан олдин ўн марта “Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува аъла кулли шайин қодийр” деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса”, деганлар.
Ким бомдод намозидан кейин оёғини ёзмасдан мазкур зикрларни айтса ушбу фазилатларга эга бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
700 та китоб ёзган олим
Жалолиддин Суютий (849-911)
Олимнинг тўлиқ исми Абдураҳмон ибн Абу Бакр Жалолиддин бўлиб, она диёрлари бўлмиш Мисрнинг жанубидаги Асют шаҳрига нисбат берилиб, Суютий деб номланди.
Ҳадис, тафсир, тилшунослик, тарих, адабиёт, фиқҳ ва бошқа кўплаб илм соҳаларининг моҳир билимдони бўлган қомусий олимлардан саналади. Ҳижрий 849 (милодий 1445) йилда Қоҳирада туғилди ва шу шаҳарда ўсиб-улғайди.
Имом Суютий Шом, Ҳижоз, Яман, Ҳиндистон ҳамда Ғарбий Африканинг бир қатор мамлакатларига сафар қилди. Мисрда бир қанча нуфузли мансабларда фаолият кўрсатган. 40 ёшида барча мансаблардан воз кечиб, қолган умрини китоб ёзишга бағишлади. Бутун умри давомида 600 га яқин китоб ёзгани ривоят қилинган. Мисрлик машҳур профессор Аҳмад Шарқовий ўзининг "Жалол Суютий кутубхонаси" китобида алломанинг ёзган асарлари 725 тага етишини қайд этган.
Олимнинг машҳур асарлари:
- “Ал-жомеъ ал-кабир фий аҳадийсин Назийр ал-Башийр”;
- “Ал-жомеъ ас-сағир фий аҳадийсин Назийр ал-Башийр”;
- “Ал-итқон фий улумил Қуръон”;
- “Ад-дуррул мансур фит тафсир би-л-маъсур”;
- “Танвирул ҳаваалик фий шарҳи Муваттоил Имами Малик”;
- “Ал-хосоису вал-муъжизот ан-Набавийя”;
- “Табақот ал-ҳуффоз”;
- “Табақот ал-муфассирин”;
- “Буғятул вуъот фий табақот ал-луғавиййин ван-нуҳот”;
- “Ал-фарийда алфия фин-наҳв”;
- “Алфия фий мусталаҳил ҳадис”;
- “Ал-лаолиул маснуъа фил аҳадисил мавзуъа”;
- “Тафсирул Жалолайн”. Ушбу тафсир Жалолиддин Маҳаллий билан ҳамкорликда ёзилган.
Бундан ташқари бир қанча шеърий девонлари ҳам бўлган. Аллома Жалолиддин Суютий ҳижрий 911 (милодий 1505) йилда Қоҳирада вафот этган.
Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.
Болангизга бола бўлинг
Киши жамиятда қандай мавқеда бўлишидан қатъи назар болаларига нисбатан бола бўлиши керак. Улар билан вақт ўтказганда тадбиркорми, косибми, деҳқонми, шифокорми, бинокорми, ким бўлса бўлсин, ўзлигини унутиб болаларнинг муҳитига мослаша олиши керак. Керак бўлса, болаларнинг ўйинларини улар билан қўшилиб ўйнаши лозим. Бу нарса фарзанд билан ота-она орасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди. Орада деворлар пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Аммо баъзилар бундай қилиш ота-онанинг фарзандлар олдидаги ҳурматини туширади деб ўйлашади. Афсуски, қайнонам шундай фикрлайдиган кишилар тоифасидан эдилар. Болалар билан ўйнаган вақтларим менга кўп дакки берардилар. Ёш болалар ичига кириб ўйнаш ўз ҳурматини оёқости қилишдир дердилар. Катта одам болалар олдида виқор билан турса, ҳурмати жойида бўлади, акс ҳолда, болалар унинг гапини бир тийинга ҳам олмайдиган бўлиб қолади деб ҳисоблардилар.
Лекин мен қайнонамнинг гапларига, менга ҳар икки куннинг бирида берадиган танбеҳларига сабр қилар эдим. Уларга қаттиқ гапирмасдим. Айниқса болаларнинг олдида юмшоқ оҳангда гапириб, қайнонамнинг гапларини тилда бўлса ҳам маъқуллаб қўярдим. “Сен болалар билан ўйнаб ақлинг ҳам болаларникидек бўлиб қолибди деб” дилимга озор берсалар ҳам доим яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилардим. Фарзандларимга, айниқса, қизларимга ёмон ўрнак бўлмай дердим.
Қайнонам менга шунча дашном беришларига қарамасдан фарзандларим билан бирга ўйнашдан, уларга ўз дунёқарашлари билан муомала қилишдан тўхтамадим. Аллоҳнинг инояти ила болаларим гапимни икки қилишмас, нима буюрсам ўша заҳоти бажаришарди. Одоб-ахлоқлари жойида эди. Ўйин билан жиддий гапимнинг фарқига боришарди. Шукрки, қайнонам айтганларидек мени назар-писанд қилмайдиган, қулоқсиз бола бўлишмади. Қайнонам кун сайин кўзни қувонтирадиган одоб билан ўсаётган невалраларини кўриб менга олдингидек танбеҳ бермай қўйдилар.
Бир куни болалар билан одатдагидек, “Мен бу ердаман” ўйинини ўйнаётгандик. Бу ўйин қоидаларига кўра, бир бола кўзини боғлаб бошқаларни қидиради. Бошқа болалар эса “Мен бу ердаман” деб кўзи боғланган болани чалғитиб кулишади, ҳазил-ҳузул қилиб қочишга ҳаракат қилишади. Бу жуда қизиқ ўйин. Бир пайт ўйинга берилиб кетиб бир чеккада кузатиб турган қайнонамни пайқамай қолибман. Энди гап эшитсам керак деб турсам, қайнонам жилмайиб “Мен ҳам сизлар билан ўйнай” деб ҳаммамизни ҳайрон қолдирдилар. Болалар ҳам ўйиноарига кутилмаган “ўйинчи”нинг қўшилганидан қувониб дарров бувисининг кўзларини боғлашди. Кейин “мен бу ердаман”лаб бувисини кулдириб, югуртириб роса чарчатишди.
Ҳозир қайнонам жуда ўзгариб, болажон бўлиб қолганлар. Ўша кундан кейин менга болалар билан ўйнаш ҳақида умуман танбеҳ бермай қўйдилар. Мен ошхона ишларидан бўшаб, болалар билан ўйнашга келсам, бувиси аллақачон улар билан ўйинни бошлаб юборган бўладилар. Шундай пайтларда қайнонамнинг дашномларига қўрс-қўпол жавоб қайтармай сабр қила олганим учун Роббимга шукрлар айтаман. Менга сабрни қайнонамга эса ҳақиқатни кўрадиган басират кўзини тортиқ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Ҳаётда қандай қилиб муваффақиятга эришсам бўларкин?
Тўшагингизда чалқанча ётиб, ўзингиздан сўранг: ҳаётда қандай қилиб муваффақиятга эришсам бўларкин?
Шу он жавобни хонангиз ичидан топасиз!
Хонанинг шифти сизга айтадики: Марра баланд, унга томон юрар экансан белингни маҳкам боғла!
Кўча тарафга ўрнатилган дераза дер: Атрофингдаги оламга боқ, кўпчилик одамлар аввал ютқазиб кейин ютадилар.
Деворга илинган соат айтади: Ҳар сония олтинга тенг, уни яхши ишлар билан, Аллоҳнинг тоатида ўтказ!
Кўзгу айтади: Одамлар сенга қандай муносабатда бўлишларини, сенга қай ҳолатда кўринишларини хоҳласанг, сен ҳам уларга шундай кўрин!
Шкафга осилган календар айтади: бугунги ишни эртага қўйма, чунки эртанинг ўз ишлари бор.
Эшик дер: мақсадингга эришиш учун куч-қувват билан, оқиллик билан ҳаракат қил.
Ерни ҳам унутиб қўйманг, у сизни қайта-қайта сажда қилишга, Парвардигорингизга яқинлаштиришга даъват этади!
Одам ўзига ишониши – ғалаба йўлидир. Муваффақият эса ўзига ишончни мустаҳкамлайди. Яъни ўзига ишониб иш кўрган одам, ишида ютиб чиқса, ўзига бўлган ишончи янада ортади. Бирор янгилик қилиб кўришдан қўрқиш – тўғри ютқазишга олиб борадиган йўлдир!
Кўпинча қўрққанингиз бошингизга келади. Бирор ишга киришиб, уни уддабуронлик билан амалга оширишни истасангиз, шаштингизни тушурмоқчи бўлганларнинг гапидан қулоқ юминг, эшитманг уларнинг гапини!
Битта тоғ бургути бор экан, уясини тоғдаги бирор дарахтнинг учига қураркан. Бургутнинг уяси одатда тўртта тухумга мосланган ҳажмда бўлади. Бир куни ўша тухумлрдан бири бургут уясидан тушиб, пастга юмалаб-юмалаб, товуқнинг инига жойлашиб қолибди. Маълумки, товуқлар тухумдан жўжа очиб чиққунча тухумларга яхшилаб қарайди, иссиқина босиб ўтиради. Вақти келиб тухумлар очиб чиққанда улардан биридан кичкина бургут полапони очиб чиқибди. Лекин бу бургут товуқча тарбия кўрибди!
Бир куни у товуқнинг инида ўйнаб юрса, осамондан учиб ўтаётган бургутлар галаси пастда бир бургут полапони уларга ўхшаб учишга уринаётганини кўриб қолишибди. Лекин атрофидаги товуқлар: “Сен оддий товуқсан холос, бургутлардек юқорига парвоз этолмайсан!” деб унинг устидан кулишибди.
Шундан кейин полапон умидсизликка тушиб, ҳаракатларини бутунлай тўхтатиб қўйибди ва узоқ вақт товуқларча ҳаёт кечиргач жони узилибди.
Демак, бундан хулоса чиқадики, айни вақтдаги салбий ҳолатингизга таяниб қолсангиз, ўзингиз ишонган нарсанинг асирига айланасиз.
Агар бургут бўлсангиз ва ғалаба осмонида баландлаб парвоз этай десангиз, орзуларингиз рўёси томон интилинг ҳамда мақсадингизни қўллаб-қувватлайдиганлар билан дўст бўлинг!
Товуқларнинг гапига қулоқ солманг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Мусулмонлар билиши керак бўлган Қуръондаги 30 оят
Аллоҳ таоло Ислом динини юбориши ва Қуръони каримнинг босқичма-босқич нозил бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан мусулмонлар ахлоқ ва одатлари яхшиланди, жамият гуллаб яшнай бошлади.
Қуръонда келган гўзал ахлоқ ва одоблар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб, улар нафақат мўминлар, балки барча инсоният учун ҳам фойдалидир.
Қуръон мўминларга ва умуман инсониятга нималарни буюради?
- Алдаманг: “...ёлғон сўздан йироқ бўлинг” (Ҳаж сураси, 30-оят).
- Жосуслик қилманг: “Жосуслик қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
- Масхара қилманг: “Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
- Исроф қилманг: “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма” (Исро сураси, 26-оят).
- Камбағалларга таом беринг: “...тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг” (Ҳаж сураси, 36-оят).
- Ғийбат қилманг: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
- Қасамингизни бузманг: “Қасамларингизни муҳофаза қилинг” (Моида сураси, 89-оят).
- Шартномаларга риоя қилинг: “аҳдларини муддатларигача батамом қилинг” (Тавба сураси, 4-оят).
- Ёлғон, туҳматни тарқатманг: “Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир” (Нур сураси, 15-оят).
- Бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлинг: «У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: “Бу очиқ-ойдин ифк-ку!” десалар бўлмасмиди?!» (Нур сураси, 12-оят).
- Ота-онага яхши муносабатда бўлинг: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).
- Ёмонликка яхшилик билан жавоб беринг: “Сен яхшилик бўлган нарса ила дафъ қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур” (Фуссилат сураси, 34-оят).
- Бошқа дин вакилларини ҳақорат қилманг: “Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз” (Анъом сураси, 108-оят).
- Савдода алдаманг: “Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг” (Анъом сураси, 152-оят).
- Ўзингизни мақташдан сақланинг: “...ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир” (Нажм сураси, 32-оят).
- Тинчлик таклифига розилик билан жавоб беринг: “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл” (Анфол сураси, 61-оят).
- Саломга яхшироқ жавоб беринг: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг” (Нисо сураси, 86-оят).
- Садақаларингизни миннат қилманг: “Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг” (Бақара сураси, 264-оят).
- Уришганларни яраштиринг: “Агар мўминлардан икки тоифа уришиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг” (Ҳужурот сураси, 9-оят).
- Рухсатсиз бировнинг уйига кирманг: “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг” (Нур сураси, 27-оят).
- Гарчи зиддингизга бўлса ҳам адолат билан гувоҳлик беринг: “...агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг” (Нисо сураси, 135-оят).
- Бировнинг молини ёлғон йўл билан еманг: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).
- Аёлингиз билан яхшиликда умр кечиринг: “улар ила яхшиликда яшанг” (Нисо сураси, 19-оят).
- Кибрдан сақланинг: “Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма” (Луқмон сураси, 18-оят).
- Ўзингиз амал қилмаган нарсага бошқаларни даъват қилманг: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми?” (Бақара сураси, 44-оят).
- Фосиқлар айтган ҳамма гапга ишонаверманг. “Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
- Жоҳилларга эътибор берманг: «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, “салом”, дейдиганлардир» (Фурқон сураси, 63-оят).
- Барчага яхшилик қилинг: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).
- Гумонланманг: “Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
- Кечиринг ва раҳм қилинг: “...афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир” (Бақара сураси, 237-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД