muslimuz
Инсон учун нималардан фойда йўқ...
- Аллоҳга яқинлашишга интилмайдиган қалбдан;
- Аллоҳга хизмат қилмайдиган ва бўйсунмайдиган танадан;
- Аллоҳ ризоси кўзланмаган муҳаббатдан;
- Аллоҳга яқинлаштирмайдиган, дунё ва абадий ҳаёт учун фойда бермайдиган ишдан;
- Аллоҳга яқин қиладиган солиҳ амалларни бажариш ва гуноҳларга тавба қилиш учун сарфланмайдиган вақтдан;
- Аллоҳга итоатсиз кишидан қилинган умиддан.
- Фойдасиз фикрлар билан банд бўлган ақлдан;
- Амалиётга татбиқ қилинмаган билимдан;
- Мақсадсиз ва сидқидилдан қилинмаган ҳаракатдан;
- Бефойда сарфланувчи бойликдан.
Аллоҳнинг зикрига бепарво қалб, солиҳ амалларсиз ўтказилган вақт энг катта зарардир. Ўткинчи дунё ҳавасларига берилган кишининг қалби ғафлатда қолади. Вақтни бекорга сарфлаш эса бора-бора пушаймонлик келтиради. Шу боис инсон фойдасиз нарсалардан четланиб, ҳар бир хатти-ҳаракатини Аллоҳ ризоси учун қилса, икки дунё саодатига мушарраф бўлади, иншоаллоҳ.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ,
таржимаси
Қуръони каримдаги қайси сура тасбеҳ билан бошланиб, тасбеҳ билан тугайди?
Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Навоий – яхшиликлар етакчиси, илм-маърифат ҳомийси
Аввало ҳазрати Навоийнинг ўзлари ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, ул зот милодий сана билан 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи яримида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди.
Тақдир Алишер Навоийни замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлик этувчи зотлар билан ошно этди. 1466—1468 йиллар Алишернинг умри асосан Самарқандда кечди. Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда, Алишер Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етишган эди.
1469 йилда Султон Ҳусайн илтимосига кўра Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади Ҳусайн Бойқаро Алишерни муҳрдор қилиб тайинлайди ва шу пайтдан шоирнинг эл хизматидаги фаол жидду жаҳди бошланади. Кўп ўтмай Навоий муҳрдорликни ўзининг яқин дўсти ва фикрдоши, шоир Амир Шайхим Сухайлийга топширади. Лекин Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, 1472 йил февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» (Улуғ Амир) унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.
Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.
Навоий Мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир.
1469—1481 йиллар Алишер Навоийнинг ижтимоий ҳаёт, ободончилик ва хайрия ишлари борасидаги энг фаол хизмат кўрсатган йиллари бўлган. Ҳазрат хайр-эҳсон ва муҳтожларга кўмаклашиш, шунингдек вақф хусусида 1481 йили «Вақфия» асарини ёзиб, унда вақф ерлари, вақф мулкчилиги ва улардан келадиган фойдаларнинг қай тарзда тасарруф этилиши ҳақида ўз-ўзига ҳисоб берган ҳолда сўз юритади.
Асарга кўра, Навоийнинг «Олинжон бўлуки Фаррошон мавзеъида йигирма беш жериб (0,2 гектарга тенг ер ўлчови) боғ, Хўжа Шихоб боғоти ва юз жериб ер, Сабгур бўлукида икки қитъа узум боғи – олти жериб, яна Сифлий маҳалласида неча боғот, жаъми олтмиш жериб, яна мазкур маҳаллада йигирма олти жериб узум боғи. Яна бир қитъа ўн саккиз жериб ер ва дағи ўн икки жериб боғ. Яна қитъа ўн тўққиз жериб. Яна ток била бағот етмиш тўрт жерибким, ундан ўттиз тўрт жериби узум токи, ўзгаси ер бўлгай, яна неча қитъа ер туташ ўн тўрт жериб, Яна бир қитъа ер йигирма тўрт жериб, яна бир қитъа ер бир ярим жериб» ерлари бўлиб, ўша вақтда Навоий ҳазратларига қарашли барча ерлар 500 жерибни ташкил қиларди. Уларнинг деярли ҳаммаси суғориладиган, ҳосилдор ерлар бўлган.
Булардан ташқари, Навоийга қарашли бир қатор савдо расталари ҳам бўлиб, улар асосан, энг гавжум бозорларда жойлашган эди. Ушбу савдо расталарида тошу тарозининг тўғрилиги, харидор ҳақига хиёнат қилмаслик, олиб келинган молга йўл харажатларидан ташқари ортиқча пул қўймасликни ҳам шахсан Навоий ҳазратларининг ўзи назорат қилиб турган.
Мазкур ерлар, боғлар, савдо дўконларидан келадиган даромадни шоир сахийлик билан муҳтож, етим-есир, бева-бечора, илмли инсонларга инъом қиларди.
Серсаховат, бадавлат Навоий ҳазратлари ўзи мадрасалари маъмуриятига топшириқ беради. Унга кўра, «Икки олиму мутаққи (тақводор олимлар) мударрис бўлгай. Ҳар бирининг йиллик вазифаси (иш ҳақи) икки юз олтун нақди, йигирма тўрт харвор (бир эшак кўтарарлик юк) ошлик, ярим арпа, ярими буғдой бўлгай. Ҳар халқаи дарсда ўн бир толиби илмким, бориси йигирма икки бўлгай. Олти аъло (аълочи) ҳар бирига ойлик нақди йигирма тўрт олтун, йилда буғдой беш юк, васат (ўрта ўқиғонлар) секиз (талаба) ойлиғ ҳар бирига нақди ўн олтун, буғдой – йиллик тўрт юк, адно (паст ўқигонлар) секиз – талаба ойлик ҳар бирига ўн икки олтун, ошлиғ йилига уч юк» бериларди.
Шунингдек, Навоий мадрасанинг, ҳатто ошпаз ва фаррошига ҳам серсаховатлилик билан маош тўлаб турган: «Табақчи (ошпаз)га йиллик нақди икки юз олтун, буғдой беш юк. Бир фаррош ва икки ходимдин ҳар бирига йилига икки юз олтундин жамъи олти юз олтун, буғдой беш юкдин ўн беш юк» бериб туриларди.
Алишер Навоий мадраса талабалари учун ҳам алоҳида хайрия тизимини жорий қилган. Дарсни яхши ўзлаштирилганига қараб, талабалар уч тоифага бўлинган, тоифасига қараб эса нафақа (стипендия) тўланган. Энг илмли толиб шахсан Навоий ҳазратларидан ойига 24 олтин пул ва йилига беш қоп ошлик олган. Ўша вақтда энг семиз қўйни 4-5 олтин динорга бериб, талабанинг бир ойлик нафақасига бешта қўй олиш мумкин эди.
Шоир талабаларга илм берадиган мударрисларни ҳам қадрлаб, уларга йилига 200 олтин динор маош, ҳар ойда 2 қоп буғдой ва арпа, кундалик озиқ-овқат, ҳатто уйидан мадрасагача миниб келадиган оти учун ҳам ем ажраттирган. Баъзи улови йўқ мударрис-устозларни эса қўллаб, от олиб берган.
Табиийки, буларнинг барчасига кетадиган маблағ Навоий ҳазратларининг ерлари, боғу роғлари, савдо расталаридан келадиган даромад ҳисобидан эди.
1948 йилда Москвада нашр этилган «Навоий» номли асарда, «Алишер Навоий хазинасига унинг ер-мулкларидан ҳар куни 300 дан ортиқ работ, йигирмага яқин кўприк ва 380 жойда хайрия-эҳсон уйлари қурилган, улар орқали минглаб муҳтожларга текин овқат ва кийим-кечак улашиб турилган» деб ёзган эди. Китобга кўра кўра, ўша вақтда беш динорга бир қоп буғдой олиш мумкин бўлган.
Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамирнинг қолдирган маълумотларига кўра, Алишер Навоий ўзининг шахсий мулки ҳисобидан 52 работ, 25 та масжид, 20 ҳовуз, 16 кўприк, 14 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 4 мадраса, 2 тўғон ва 1 йирик кутубхона қурдириб вақф қилган. Навоий замондошлари у қурдирган хайрия бино, иншоотлар сони ва тавсифини тўлиқ келтириш сўзнинг узайишига сабаб бўлишини ҳисобга олиб, ўзлари аниқ билган иншоотлар рўйхатини келтирганлар. Масалан, Давлатшоҳ ўн иккита иншоот ҳақида гапириб ўтса, Хондамир юздан зиёд бино ва иншоотни, шу жумладан, ҳовуз ва кўприкларни санаб ўтади. Фахрий Ҳиротий “Амир Алишер 370 хайрия биноси қурган”, деб умумий тарзда ҳисоб қилса, Сом Мирзо бу сонга аниқлик киритиб, “уч юз етмиштадан тўқсонтаси работлардир”, дейди. Бундан ташқари Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, юзлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган.
Навоийнинг ташаббуси билан “Халосия” хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ қашшоқ ва мискин таом билан сийланган. Бундан ташқари муҳтожларга ҳар йили икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак, иштон, енгил дўппи ва оёқ кийим улашилган. Машҳад шаҳридаги Ризовия мақбараси яқинида қурилган мусофирхонада ҳам ҳар куни кўплаб қашшоқ, муҳтож ва етимларга таом тарқатилган.
Алишер Навоийнинг кўрсатмаси билан Ҳиротдаги Марғаний боғи қаршисида жоме масжиди барпо этилган ва шаҳарнинг жоме масжиди қайта қурилган. Бу ишларни кузатиш учун Навоий деярли ҳар куни шу ерга келган, аксар ҳолларда этагини қайириб ишчилар билан бирга меҳнат қилган. Ҳар неча кунда у ерда ишлаётган меъмор ва усталардан ҳунармандларгача – ҳаммасига қимматбаҳо кийимлар кийгизиб, кўплаб мукофотлар тақдим этиш орқали уларнинг кўнгилларини шод ва дилларини обод қилган. Натижада уч-тўрт йил чўзилиши мумкин бўлган қурилиш олти-етти ойда поёнига етказилган.
Таъмирлаш ишлари якунланиши муносабати билан “эллик бош қўй ва тўққиз бош от сарфланган катта зиёфат маросими ўтказилган. Масжид биноси қурилишида ишлаган ишчилар ва усталарга қимматбаҳони кийимлар билан тақдирлаш ва (иш чоғида уларга етказилган айрим заҳматлар учун) кечирим сўраш маросими ўтказилгани” бугунги кун учун ҳам ғоят ибратли бўлиб, айни бу жиҳат Навоий даҳоси улуғлигининг яна бир исботидир.
Шундай ҳолатлар ҳам юз берганки, сарой амалдорлари айрим зарурий харажатлар учун катта миқдордаги пулни солиқ сифатида халқ зиммасига юкламоқчи бўлганда, амир Алишер халқ қийналиб қолмаслиги ва бу нарса салтанат қасри пойдеворининг ларзага келишига сабаб бўлмаслиги учун ўша пулни ўз ёнидан тўлаб юборган.
“Макоримул ахлоқ” асарида муаллиф Алишер Навоийнинг юксак ҳиммат ва саховат соҳиби бўлганига доир кўплаб мисол ва ҳикоятлар келтирилади. Булардан маълум бўладики, Навоий наздида олам аҳлининг камчилик ва нуқсонлари бағрикенглик ва очиққўллик туфайли одамлар кўзидан яширин бўлса, Одам болаларининг ютуқ ва фазилатлари қизғанчиқлик ва беҳимматлик туфайли кўзга нуқсондек бўлиб кўринади. “Саховат бирор бир мақсад кўзламасдан ва эвазига бирор нарса сўрамасдан туриб – гарчи, кўзланадиган бу мақсад ва сўраладиган бу нарса муносиб мақтов ва катта савоб бўлса-да – бирор нарсани (бирор кишига) совға қилишдир”, дея таъкидланади:
Сахий кимдир, улдир мукофот олмай,
Ҳар саховат келар қўлидан унинг.
Мақтов, савоб учун қилинган ишни
Хайру саховатмас, олди-сотди бил.
Навоийнинг “чексиз яхшиликлари бу оламда шуҳрат топиш ёки боқий дунёда катта савобга эришиш учун қилинмаган. Чунки, бу дунё ва ундаги нарсалар табаррук зотнинг ҳиммат назарида бир сомон хасичалик қимматга эга бўлмаган. Чексиз очиққўллиги ва сахийлигига қарамай, ҳеч қачон ҳеч кимга бир арпа доничалик ҳам миннат қилмаган”.
Ҳаёти ва фаолияти, кучи ва иқтидорини ўзгаларни тўғри йўлга бошлашга, муҳтожларга кўмаклашишга, адолатли ва маърифатли фаровон жамият қуришга сафарбар этган Алишер Навоий ўзининг ижодий ва сиёсий фаолияти давомида кўплаб хайрли ишларни амалга оширган, асарларида эзгуликни куйлаган ва айни бу жиҳатлар замондош олимлар, шоирлар, тарихчилар томонидан юксак эҳтиром билан эътироф этилган.
Бугун ҳам ҳар соҳа каби вақф ва хайрия ишларида ҳам ҳазрат Навоийнинг қолдирган бой илмий мерослари ва қилган ишларидан ўрганадиганларимиз бисёр.
Аллоҳ таоло Авлиё зот бўлган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларини Ўз раҳматига олиб, жаннатнинг Фирдавс боғларига киритсин!
“Aл-Aзҳар” раҳбари Туркия ва Сурия халқига ҳамдардлик йўллади
Aл-Aзҳар ал-Шариф мажмуаси икки давлатда юз берган вайронкор зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани ва катта талофотлар кўрилгани муносабати билан Туркия ва Сурия халқларига ҳамдардлик билдирди.
Ислом оламида нуфузли мажмуа раҳбари, доктор, шайх Aҳмад ат-Таййиб қурбонларнинг оилаларига ҳамдард экани, уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишини изҳор қилиб, Хақ таолодан жабрланганларга раҳматини ёғдиришини, уларнинг оила аъзоларига сабр ва тан жароҳати олганларга шифо беришини сўраб хайрли дуолар қилди.
“Aл-Aзҳар” раҳбари Ислом олами ва бутун дунёни офат ва зилзилалардан асрашини, бутун инсониятга тинчлик ва осойишталик ато этишини Яратган парвардигордан илтижо қилиб сўрашини айтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги қадимий миноралар нега баланд қурилган?
Диёримизда қадимий обидаларга назар ташлар экансиз, беихтиёр бу бинолар юртимиз маданияти ва урф-одатларини ўзида акс эттирганининг гувоҳи бўласиз. Улардаги нозик нақшинкор безаклар кишиларни лол қолдириш билан бирга, бу халқнинг қандай нозик дид соҳиби эканлигини ҳам кўрсатиб туради. Масжид ва мадрасаларнинг ўта моҳирлик билан бино қилинганлигидан билиш мумкинки, бу халқ азалдан илм-фанга жуда катта эътибор қаратган.
Ўзбекистон ҳудудидаги миноралар Ғарбий Осиё ўлкаларидаги бу турдаги иншоотлардан ҳам меъморий, ҳам қурулмаси жиҳатдан фарқ қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ХII асрдаёқ Марказий Осиёда минораларнинг кейинги ривожланиш босқичларини белгилаб берган Минораи Калоннинг меъморий ечими ва бадиий-эстетик кўринишлари, унинг меъморий қисмлари, нисбатлари, композициявий тугаллиги Яқин Шарқ ва Мағриб минораларидан фарқли равишда, ХIХ асргача Шарқ меъморчилигида бунёд этилиб келинган аксарият миноралар учун эталон вазифасини ўтаган[1].
Самарқанд сайқали деб ном олган Регистон мажмуаси Мовароуннаҳрдаги шаҳар қурилиш маданиятининг энг йирик намуналаридан биридир. Улуғбек мадрасаси, Шердор, Тиллакори мадрасалари эса Самарқанд Регистонининг юраги сифатида эътироф этилади.
Маълумотларга кўра, Улуғбек мадрасасининг бунёд этилишида Кўҳак тепалигидан қазиб олинган тош-мармарлардан фойдаланилган. Кўҳак тепалигидаги Оби Раҳмат ариғининг бўйида эса илк бор “само пештоғига нарвон қўйилган эди”. Улуғбек томонидан бу ерда қурдирилган расадхона ўша даврдан то бугунга қадар асрлардан садо бериб келмоқда.
Ўзбекистоннинг бой меъморий анъаналари жаҳон маданий мероси ривожининг барча босқичлари, нодир меъморий асарларининг турли-туман кўринишиларини ўзида мужассам этган бўлиб, миноралар каби ўзига хос иншоотлар меъморчилигида ҳам маълум даражада сезиларли из қолдирган.
Буюк Ипак йўли маданий, савдо йўлларида муҳим марказлар ҳисобланган шаҳар ва қишлоқ масканларида бунёд этилган минорасимон иншоотларнинг илк кўринишлари сақланиб қолмаган бўлсада, дастлаб улар карвон йўлларини белгиловчи маёқ, шаҳарлар аҳолисини ташқи хавфдан огоҳ этувчи кузатув миноралари вазифаларини ўташ учун қурилгани шубҳасиздир[2].
IХ-Х асрлардан бошлаб бу турдаги иншоотлар диний мақсадларда қурилган. Бухоро, Вобкент, Жарқўрғон, Кўҳна Урганчдаги бу давр минораларининг меъморий-конструктив ечими юқорида қайд этилган вазифаларни бажаришга мос қилингани бундан далолат беради[3].
Минора-мезана тизимидаги бундай минораларнинг турли хил кўринишлари асосида Бухородаги Минораи Калон ечимлари ётади. Ўзбекистонда Жарқўрғон минораси, Хиванинг ХIХ аср миноралари ўзига хос кўринишлари билан алоҳида ўринга эга бўлса ҳам минораларнинг аксариятида Калон минорасининг ечимларининг умумий қонуниятлари сезилиб туради, яъни конуссимон шакл, тарҳи айлана ва ички ўзагига асосланган зиналар қурилмаси ҳамда мезана билан тугалланиши умумийдир.
Самарқанд, Тошкент, Фарғона водийси шаҳарлари, Шаҳрисабз каби қадимий ҳудудли шаҳар гузарлари, маҳалла масжидлари қошида қурилган катта-кичик миноралар ечими таҳлили ҳам Бухоро миноралари услубларига мос андозада қилинганини билдиради.
Ўзбекистон ҳудудидаги меъморий мажмуалардаги гулдаста, буржларнинг минорасимон шаклларида ҳам бетакрор ечимлар мавжуд. Уларнинг нодир намуналари Шарқ меъморчилигининг Темурийлар ва ундан кейинги давр босқичида юксак бадиийлик ва эстетик-декоратив кўринишга эга экани чет эл мутахассислари томонидан ҳам тан олинган. Шаклланиши Яқин Шарқ минораларида бошланган, яъни юқорига кичрайиб борадиган бир неча бўғинли ҳажмий ечим Темурий иншоотларида ўзига хос кўринишини олган эди.
Шарқ меъморчилигининг Темурийлар даври меъморий безак санъатидаги қирқма кошин қопламалар, сиркор кошинли муқарнас ва шарафалар билан буткул безатилган минора-гулдасталар, буржларнинг шаклий-ҳажмий ечим усуллари Мағриб ва Яқин Шарқ, Хуросон минорасимон иншоотларига қараганда бир мунча салобатли, маҳобатли иншоотларнинг умумий меъморий композициясига уйғун равишда яратишга қаратилгани билан фарқланади.
Темурийлар даври меъморчилигидаги Жоме масжидлар, улкан мадрасалар ва саройларнинг меъморий жиҳатдан тугал кўриниш олишида бу минорасимон ҳажмлар муҳим восита бўлиб келди. Ҳатто, даврлар мобайнида юқори бўғинлари тушиб кетган бўлсада, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасидаги бурж-миноралар, Гўри Амир мажмуаси ҳовлиси бурчакларини белгиловчи миноралар, Бибихоним жоме масжидида сақланиб қолган пештоқ ён гулдасталари, ҳозирда ҳам ўзларининг муқарнасли қолдиқлари билан нисбатан тугал меъморий ҳажмдек тасаввур уйғотади. Чунки, уларнинг ҳар бир ҳажмий қисми меъморий ишлов жиҳатдан мукаммалдир[4].
Ўзбекистон миноралар меъморчилиги тарихида Хоразм миноралари алоҳида ўрин тутади. Шаҳар кўринишига чирой бахш этган, кўчаларга файз киритган шаклан ва ҳажман турли-туман бўлган шарқдан – Хазорасп дарвозасидан Ичан қалъа орқали ғарбга қараб ҳар 200 метр масофада бир мақомда қатор терилган Полвон қори, Саид Шоликорбой, Жума, Калта минор ва Шайх Қаландар бобо миноралари Хивага такрорланмас гўзаллик бахш этган[5].
Бу ерда Хоразм меъморларининг юксак маҳорати ва анъанавий шаҳарсозлик санъати намойиш этилган. Уларнинг аксарияти ХVIII-ХIХ-асрларда қурилган бўлиб, умумий қурулмавий қонунияти бир бўлсада, меъморий-композициявий шаклланиши жиҳатидан Бухоро, Вобкент минораларидан ва айниқса Жарқўрғон минорасидан бирмунча фарқ қилади. Цилиндрик шаклдаги Хива минораларининг умумий хусусияти, уларнинг юқори қисмининг кескин торайиши ва нисбатан тик кўриниш олишидадир[6].
Шунингдек, алоҳида қафаса ёки мезана ажратилмай, улар минора ҳажмининг давоми сифатида кўринади. Хоразм миноралари (ХIХ аср) қадимий конуссимон айлана тарҳли минора иншоотлари шаклланишининг алоҳида, мустақил йўналишини белгилаб берган.
Ўзбекистон миноралари меъморчилигида композициявий шакл сифатида муқарнасли шарафалар, карнизлар муҳим ўрин тутади. Мезанали ёки қафасали минораларнинг ташқи кўринишининг асосий меъморий кўринишини белгилаб берган. Кичик равоқсимон муқарнаслар технологик жиҳатдан бир хил шакллардан, деталлардан йиғилсада, улардан турли-туман меъморий ҳажмни яратишга имконият мавжуд бўлган.
Муқарнаслар Шарқ меъморчилигида меъморий-ҳажмий безак сифатида юксак даражада шаклланган. Мирзо Улуғбек даврининг машҳур муҳандисларидан Ғиёсиддин Жамшид Коший меъморлар учун ёзган меъморий ўлчов, ҳисоб-китобларга бағишланган рисоласида муқарнаслар тузиш қоидалари учун алоҳида боб ажратиб, муқарнасларни ташкил этувчи элементлар, уларнинг турлари ҳақида маълумот беради. Муқарнас ясашда миқёс, модул бирлигидан фойдаланиб айланма карнизни тоқи ичкариси қуббани, тўғри шарафани ясаш йўллари ҳақида ёзади[7].
Минораларда муқарнаслар қатори асосан қафасадан минора танасига ўтиш қисмида бўғинларнинг оралиқларини белгилашда, яъни турли ҳажмий элементларни боғловчи вазифасини бажарган. Муқарнасларнинг кўп қаторли, йирик тоқичалик, кошин қопламали ёки силлиқланган ўйма ғишт ёки сопол бўлакчаларида йиғилган кўриниши Бухоро ва Вобкент минораларидаги мезаналарда тўлиқ намоён бўлган. Бўғинлар оралиғини белгиловчи муқарнаслар эса Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва Бибихоним масжидида қўлланилган бўлиб, улар сиркор кошин бўлаклардан йиғилган. Муқарнасларнинг айрим турлари кейинчалик Бобурийлар меъморчилигидаги минораларда мармар элементларда қайтарилган.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги минораларнинг баландлиги анча юқори бўлганларининг аксарияти қадимда пойтахт мақомини олган шаҳарларда бунёд этилгани аниқланган. Хива ва Бухоро миноралари шулар жумласидандир. Вобкентдаги ва Жарқўрғондаги минораларни истисно қилганда Тошкент воҳаси, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ҳамда Фарғона водийсида баланд ва маҳобатли миноралар кузатилмайди.
Мансуржон Бобоев,
Навоий вилояти
“Мирхалил Майдон ота” жоме
масжиди имом-хатиби