- Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: “Жаннатнинг бир эшиги бордирки, унинг номи Раййондир. Қиёмат куни “Рўзадорлар қани?” дейилади. Уларнинг охиргиси кириши биланоқ ушбу эшик ёпилади” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
- Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади”, деганлар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
- Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳи кечирилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарликда барака бордир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
- Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дедилар” (Имом Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган).
- Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўшанинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
- Умму Уммора Ансория (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу саҳобия ҳузурига киргандилар, у таом тортиқ қилди. У зот: “Ўзинг ҳам егин”, дегандилар, у: “Мен рўзадорман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рўза тутган қайси одамнинг олдида бошқалар овқатланса, то еб тугатгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадор ҳаққига дуода бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
- Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар”, дедилар” (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривояти).
- Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрликда бўлурлар”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
- Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг қазосини хоҳласа тарқоқ, хоҳласа кетма-кет қилади”, дедилар” (Дорақутний ривоят қилган. Ибн ал-Жавзий саҳиҳ деган).
- Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлганлар борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар” (Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
- Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрга итоат қилса, унга “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади” (Имом Аҳмад ривояти).
- Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бири: “Батаҳқиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Аржда, рўзадор ҳолларида, иссиқ ва чанқоқликдан бошларидан сув қуяётганларини кўрдим”, деди (Имом Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривояти).
- Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Рамазондаги охирги) ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, беларини маҳкам боғлардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Манбалар асосида
Мунира Абубакирова
тайёрлади.