ҲАЖ ВА УМРА

1-ФАТВО

Ҳаж ибодати ақли расо, балоғат ёшидаги соғлом мусулмон киши зиммасига, агар йўлга қодир бўлса, умрида бир марта адо этиш фарздир. Бориб-келишга ҳар томонлама қодирлиги юзага чиқиши билан ўша йили бориши вожиб бўлади. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, ўша йили бориши шарт эмас. Умрининг охиригача борса, кифоя. Лекин вақтида, тезроқ боргани яхши. Бошқа фақиҳлар наздида, қодир бўлган йили бормасдан, орқага сурса, гуноҳкор бўлади. Хусусан, соғлиғи давом этишидан умиди оз киши кечиктирмагани авло. Кечиктириб қилган ҳажи ҳам ҳисобга ўтади. Аллоҳ асрасин, қодир бўлган йиллари бормасдан, кечиктириб юрганда вафот этса, дунёдан гуноҳкор ҳолда кетган бўлади.

Ҳажнинг фарз бўлиш шартларидан бири – улов билан озиқ-овқатга қодирликдир. Шунингдек, бориб келгунига қадар оила аъзолари учун етадиган нафақага ҳам қодир эканидир. Нафақа ўртача миқдорда бўлиши назарда тутилган. Қўлидаги маблағи ҳажга етарли, лекин оила қуриш нияти ҳам бўлса, уйланишни кейинга қўйиб, ҳажга бориши лозим.

«Оламгирия», «Табйин», «Мухтасар», «Хизона».

 

2-ФАТВО

Яшаётган уйимни сотиб, ўрнига арзонроқ уй сотиб олсам, ортган пули ҳаж сафари харажатига етар экан, деган ўйга бориб, уйини сотиши шарт эмас. Шунингдек, ҳовлисидаги ортиқча уйларни сотиб, пулига ҳажга бориши лозим бўлмайди. Агар ўз ихтиёри билан сотиб ҳажга борса, бу ҳам авлодир.

«Оламгирия», «Қозихон», «Изоҳ».

 

3-ФАТВО

Соғлиқ ҳам ҳажнинг фарз бўлиши учун шарт қилинган. Сурункали касалга чалинган, кўзи ожиз, фалаж, икки оёғи кесилган каби кишиларга ҳаж вожиб эмас. Уларни бошқа одамлар ҳаж қилдириб қўйишлари ҳам вожиб ҳисобланмайди, оғир касал бўлса, бадал ҳажига васият қилиши ҳам лозим эмас. Шунингдек, катта ёшли нотавон кишилар, беморларга ҳам ҳаж лозим бўлмайди. Бу Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Имом Муҳаммаддан (р.ҳ.) қилинган ривоят. Охирги икки имомдан яна мазкур узрли кишиларга ҳам ҳаж қилиш вожиб, деган нақл бор. Агар ўша ожизлик давом этиб турса, улар бировларга ҳаж қилдирсалар жоиз, борди-ю, ожизлик кетиб, қудрат ҳосил бўлса, ўзлари қайтадан ҳаж қилишлари вожиб.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 

4-ФАТВО

Йўлга қодир, соғлом одам ҳажга бормай юрганида тўсатдан сурункали касал ёки фалажга айланиб қолса, харажатини тўлаб, бадал ҳажи қилдириши лозим. Агар узрли, нотавон бемор кишилар қийинчиликка қарамай, ўзлари ҳажни адо этсалар, ҳажлари ҳисобга ўтади. Соғайганларидан кейин қайтадан ҳаж қилишлари лозим эмас.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

5-ФАТВО

Юрти билан Макка шаҳри ўртасидаги узоқлик сафар масофаси (90–100 км)га тенг ёки ортиқ бўлса, аёл киши учун ҳажга бирга бориб келадиган маҳрам бўлиши шарт қилинган. Маҳрам деб, эри ёки ўрталарида никоҳ раво бўлмайдиган эркак қариндошларидан бири тушунилади. Унинг қариндошлиги насаб ё эмикдошлик, ёки қудачилик жиҳатидан бўлиши мумкин. Мусулмон бўлиши шарт эмас. Оқил, болиғ, ишончли бўлса, кифоя. Никоҳнинг фарқига бормайдиган мажусий маҳрамликка ярамайди.

 «Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон», «Муҳит».

6-ФАТВО

Маҳрам бўлиб ҳажга ҳамроҳ сифатида бориб келувчи кишининг овқат ва йўл харажатлари аёлнинг зиммасидадир. Аёл кишида йўлга қодирлик ва маҳрам мавжуд бўлса, фарз саналувчи ҳажга эрининг рухсатисиз ҳам бориши жоиз. Аммо нафл саналувчи ҳаж сафарига эрининг рухсатисиз бориши жоиз эмас. Аёлга маҳрам топилмагани учун эрга тегиб, уни олиб кетиши вожиб эмас.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 7-ФАТВО

Аёл кишига қўйилган шартлардан яна бири – иддада ўтирганлардан бўлмаслигидир. Иддаси эри ўлгани ёки талоқ қилингани сабабли бўлишининг фарқи йўқ. Агар ҳаж сафари асносида эри ўлиб ёки талоқ билан идда ўтиришга тўғри келиб қолса, етган жойидаги шаҳардан иддаси тугагунча чиқмаслиги лозим.

«Оламгирия», «Қозихон».

 8-ФАТВО

Ҳажни адо этиш учун ҳам учта шарт мавжуд. Улар – эҳром, макон ва замон. Ҳажнинг рукн (фарз)лари – Арафотда бўлиш, «зиёрат тавофи» (Каъба тавофи) ва эҳромга ният билан кириш. Вожиблари – Муздалифада туриш, Сафо билан Марва орасида (етти бор) юриш, шайтонга тош отиш, садр (қайтиш) тавофи ва соч олдириш ёки қисқартириш. Суннатлари – қудум тавофи, унда ёки фарз тавофида «рамл» (керилиб юриш), икки кўк мил (яшил белги) орасида шитоб юриш, Минода тунаш (наҳр кунлари), Минодан Арафотга қуёш чиққандан кейин жўнаш, Муздалифадан Минога тонг отмасдан бурун жўнаш, Муздалифада тунаш, тош отиладиган учта жамаротда белгиланган тартибда тош отиш ҳам суннат амаллардандир.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»,
«Мухтасар», «ал-Баҳрур-роиқ».

9-ФАТВО

Ҳажни адо этиш учун ҳам учта шарт мавжуд. Улар – эҳром, макон ва замон. Ҳажнинг рукн (фарз)лари – Арафотда бўлиш, «зиёрат тавофи» (Каъба тавофи) ва эҳромга ният билан кириш. Вожиблари – Муздалифада туриш, Сафо билан Мар­ва орасида (етти бор) юриш, шайтонга тош отиш, садр (қайтиш) тавофи ва соч олдириш ёки қисқартириш. Суннатлари – қудум тавофи, унда ёки фарз тавофида «рамл» (керилиб юриш), икки кўк мил (яшил белги) орасида шитоб юриш, Минода тунаш (наҳр кунлари), Минодан Арафотга қуёш чиққандан кейин жўнаш, Муздалифадан Минога тонг отмасдан бурун жўнаш, Муздалифада тунаш, тош отиладиган учта жамаротда белгиланган тартибда тош отиш ҳам суннат амаллардандир.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»,
«Мухтасар», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

10-ФАТВО

Ҳажнинг одоблари – ҳажга отланган одам аввало, қарзларини адо этсин. Ҳажга бориш ху­сусида ақлли, доно кишиларга маслаҳат солсин. Истихора қилса, янада яхши. Сўнгра тавба-тазарру билан ниятни холис қилсин. Бировнинг омонати бўлса, эгасига топширсин. Рози-ризолик сўрасин. Намоз ва рўзаларининг қазоси бўлса, адо этсин. Хато ва камчиликлари учун надомат чекиб, қайта такрорламасликка азму қарор қилсин. Фахрланиш, риёкорлик, мақтанишдан сақлансин. Фақат ҳалолдан йиққан пулига ҳажга боришга ҳаракат қилсин. Шубҳали ё ҳаром йўл билан топилган маблағга ҳаж қилгани учун гуноҳкор бўлса-да, ҳажнинг фарзи зиммасидан соқитдир, деган сўз ҳам манбаларда келган. Ҳажда тижорат билан ҳам шуғулланса, савоби камайиб қолмайди. Лекин савдони аралаштирмагани авло.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «Қозихон».

 

11-ФАТВО

Модомики ҳажда эҳромли экан, беҳуда, фаҳш сўзлардан, фисқу фужур ишлардан, жанжалу низолардан, ов қилишдан, хушбўй нарсалар сепиш, тирноқ олиш, юзини ёпиш, бош кийим кийиш, бошни шампун билан ювиш, соч олдириш ёки қисқартириш, тикилган кийим, салла кийиш кабилардан сақланиш вожибдир. Чўмилиш, салқин жойда дам олиш, белига ҳамён боғлаш каби ишлар жоиз.

«Мухтасарул-Виқоя».

 

12-ФАТВО

Ота-онадан бири розилик бермаса ҳам, ҳажга бориш макруҳдир. Аммо улар фарзанднинг хиз­матига муҳтож бўлишмаса, ҳажга боришнинг зарари йўқ. Ота-она йўқлигида бобо ва момолар уларнинг ҳукмидадирлар. Шунингдек, нафақасига муҳтож хотини, болалари, қариндошлари унинг ҳажга боришини ёқтирмасалар ҳам, бориб-келгунича моддий томондан қийналиб қолмасликларига ақли етса, ҳажга равона бўлиши жоиз. Ота соқоли чиқмаган ўғлини ҳажга юборишга рози бўлмаслиги мумкин. Аммо фарз бўлган ҳажнинг адоси ота итоатидан авло. Отага бўйсуниш нафл бўлган ҳаждан авлодир.

«Оламгирия», «Муҳит».

13-ФАТВО

Каъбани тавоф қилиб турганида ёки Сафо билан Марва ўртасида юриб саъй қилаётганида намозга иқомат (такбир) айтилиб қолса, дарҳол тавоф ва саъйни тўхтатиб, намозга келади. Жаноза ўқиш учун ҳам саъйни тўхтатиб келади. Жанозадан кейин қолган саъйни давом эттиради.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 14-ФАТВО

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиш, яъни, етти бор юриб чиқиш тавофдан кейин ижро этилади. Агар олдин саъй қилган бўлса, тавофдан кейин такрорлайди. Сафодан Марвагача юриши бир марта, Марвадан Сафогача юриши иккинчи мартага ўтади. Саъйни Марвадан бошласа, Сафогача юриб боргани бир мартага ўтмайди. Эҳромдан чиққач, ҳатто бир неча ойдан сўнг саъй қилса ҳам, бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира».

 

15-ФАТВО

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилишда таҳоратcиз ёки жунуб ҳолатида бўлса ҳам, саъйи дуруст ҳисобланаверади. Аслида, Каъбада қилинмайдиган ҳаж амаллари (маносиклари) учун таҳорат шарт эмас. Масалан, саъй, Арафотда, Муздалифада туриш, шайтонга тош отиш кабилар Каъбадан ташқаридаги амал бўлгани учун таҳоратли бўлиш шарт қилинмаган.

«Оламгирия», «Шарҳут-Таҳовий».

 

16-ФАТВО

Каъба тавофини тугатгач, Иброҳим (а.с.) мақоми олдига келиб, икки ракат намоз ўқийди. Агар у жойда одам кўплигидан ўқиш қийин бўлса, масжиднинг хоҳлаган ерига бориб ўқиши мумкин. Бу икки ракат намоз, бизнинг мазҳабимизда, вожиб. Шунинг учун уни масжиднинг ташқарисида бўлса ҳам, қолдирмай ўқиш керак. Биринчи ракатига «Қул ё айюҳал кофирун» сурасини, иккинчи ракатига Ихлос сурасини зам сура сифатида ўқийди. Намоздан сўнг мақом ортига келиб, ҳожатларини сўраб, Аллоҳга илтижо қилади.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Қозихон».

15-ФАТВО

Рўза уч турли бўлади – фарз, вожиб, нафл. Фарз саналувчи рўза икки хил – муайян фарз, яъни, Рамазон ойи рўзаси билан каффорат учун тутиладиган рўза ва Рамазон ойида узрли тутилмаган рўза қазоси. Вожиб ҳам икки хил – муайян назр ва қачон ҳамда қанчалиги тайин этилмаган назр. Қол­ган рўзалар нафл ҳисобланади.

Рўзанинг вақти тонг ёришган пайтдан бошлаб, қуёш ботгунига қадардир. Саҳарлик қилаётганида тонг ёришгани ёки ёришмаганида шак қилиб қолса, дарҳол еб-ичишни тўхтатади. Борди-ю, еб-ичишда давом этаверса, лекин тонг ёришгандан кейин ҳам еб-ичишдан тўхтамагани аниқ бўлмаса, рўзаси дуруст. Агар аниқланса, бир кунига бир кун қазосини тутади. Каффорат лозим эмас.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «Табйин».

 

Изоҳ:

Бу масала тақвим, соат кенг жорий бўлмаган даврларга тўғри келади. Аммо бизнинг асримизда шак қилишга ўрин йўқ. Қўлида тақвими, соати бўла туриб, аниқ белгилаб қўйилган вақтидан кейин ҳам еб-ичаверса, албатта, рўзаси ҳисобга ўтмайди. Рўза каффорати бир кунига 60 кун рўза тутиш ёки 60 нафар мискинга таом беришдан иборатдир.

 

16-ФАТВО

Агар икки киши тонг отганига, яна икки одам тонг отмаганига гувоҳлик берганларидан кейин еб-ичишни тўхтатмаган бўлса, сўнгра олдингиларнинг гапи рост чиқса, ҳам қазо, ҳам каффоратни адо этади. Агар тонг отди, деб бир гувоҳ, тонг отмади, деб яна бир гувоҳ айтганидан кейин ебичса ва олдинги гувоҳнинг гапи рост чиқиб қолса, бир кун рўза қазоси вожиб бўлади. Каффорат вожиб бўлмайди. Зеро, тонг отганига битта гувоҳнинг гапи тўлиқ ҳужжат бўла олмайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

17-ФАТВО

Қуёш ботди, деб икки киши, ботгани йўқ, деб яна икки одам гувоҳлик берганидан кейин оғзини очиб юборган рўзадорга қуёш ботмай туриб ифторлик қилгани маълум бўлиб қолса, қазо вожиб бўлади, каффорат эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

18-ФАТВО

Рўзанинг фарз бўлиш шартлари – Ислом динида бўлиш, ақл, балоғат, соғлиқ, ўз юртида туриш, сафарга чиқмаганлик, ният, ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Ният аслида дил билан бўлади. Лекин тил билан ҳам айтиш суннатдир.

«Оламгирия», «Кофий»,

«Ниҳоя», «ан-Наҳрул-фоиқ».

 

19-ФАТВО

Рамазон кечасида туриб, саҳарлик қилишнинг ўзи рўза нияти ўрнига ўтади. Зеро, дилига рўза тутишни келтириш ниятга ўтар эди. Саҳарлик қилган одамнинг дилига ўз-ўзидан рўза тутиш нияти келган бўлади. Бизнинг мазҳабимизда, Рамазон тугагунча ҳар куни ният янгилаб турилади. Ниятнинг вақти қуёш ботгандан бошлаб, эртаси куни қиём пайтигачадир.

«Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон».

 

Изоҳ:

Шунинг учун ифторлик дуосини ўқиётганда эртанги рўза ниятини ҳам қилиб қўйиш айни эҳтиёт­корликдир. Зеро, саҳарликка тура олмаса, ўша нияти кифоя қилади.

 

20-ФАТВО

Рамазон рўзасини нафл нияти ёки умуман рўза нияти билан тутиш ҳам мумкин. Муайян назр, нафл рўза ниятининг ҳукми ҳам худди шундай. Лекин сафарда ва беморликда тутилган рўза учун қайси рўзага ният қилаётганини аниқлаб, тайин қилиб қўйиши шарт.

«Мухтасар», «Оламгирия», «ал-Жомеъус-сағир».

 

21-ФАТВО

Қазо рўзаси, каффорат учун тутиладиган рўза, тайин этилмаган назр рўзаси учун тонг отмасдан олдин, тунда ният қилиш шарт.

«Мухтасар», «Ниқоя», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

22-ФАТВО

Рамазон ойи ҳилолини (биринчи куни чиққан янги ойни) якка ўзи кўрган одам, гарчи бошқалар буни инкор этсалар ҳам, эртаси кундан рўза тутиши вожиб. Агар тутмаса, бир кун қазосини тутиб беради. Ҳайит ҳилолини якка кўрган киши ҳам, гувоҳлиги ўтмагани учун эртаси куни ҳам рўза тутади. Агар тутмаса, қазосини тутиб беради.

«Мухтасар», «Қозихон»,

 «Ихтиёр».

 

Изоҳ:

Рўза ҳилоли учун ҳам, ҳайит ҳилоли учун ҳам камида икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл кишининг гувоҳлиги зарур. Бизнинг асримизда ҳилолни кўриб, рўза тутиш ва ҳилолни кўриб, ҳайитни белгилаш масаласида бутун ислом оламининг уламола­ри иттифоқда эмаслар. Зеро, кейинги вақтларда пайдо бўлган замонавий астрономик жиҳозлар, қуёш, ой ҳисобларини тақвимлар билан юритишнинг кенг жорий бўлгани кўпчилик уламоларда замонавий тақвимларга мойиллик пайдо қилган. Масалан, Саудия мамлакатида «руъяти ҳилол»га оид ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилиниши натижасида ҳар йили Рамазон ойининг биринчи куни, тақвимда қан­дай ёзилганидан қатъи назар, янги ой ҳилолини кўр­ган гувоҳлар сўзига биноан эълон қилинади. Натижада, бизнинг минтақамизга ўхшаган кўплаб тақвимга биноан ойни белгиловчи мусулмонлар диёрларида баъзан Саудия билан бир хил эмас, балки бошқа-бошқа кунларда рўзани бошлаш ёки ҳайитни эълон қилиш ҳоллари давом этмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мамлакат ўзининг иқлимига қараб ҳилол кўринишини белгилаб, ўзининг ҳисоб-китоби бўйича рўза ва ҳайит кунларини белгилаши жоиз экани «Бадоеус-саное» китобида келтирилган.

 

 

23-ФАТВО

Рамазон ҳилолини кўриб, 29 кун рўза тутган бир шаҳар аҳлига бир гуруҳ кишилар келиб, фалон шаҳар аҳолиси ҳилолни сизлардан бир кун олдин кўришибди, шунга кўра, бугун рўзанинг 30-куни, деб айтсалар, уларнинг гапига амал қилинмайди. Зеро, ҳилолни уларнинг ўзлари кўрган эмас, балки бошқаларнинг кўрганини нақл қилдилар.

«Қозихон», «Оламгирия».

 

24-ФАТВО

Рамазон ҳилолини кўрмасдан рўзани бошлаб, 28-куни шаввол ҳилолини кўриб қолган кишилар, шаъбон ойи ҳилолини кўриб, 30 кун ҳисоблаган бўлсалар, бир кун қазо тутадилар. Борди-ю, 29-куни шаввол ҳилолини кўриб қолсалар, қазо лозим эмас. Аммо шаъбон ҳилолини кўрмасдан, уни 30 кун ҳисоблаб, рўзани бошлаган бўлсалар, икки кун қазо тутадилар.

«Хулоса», «Оламгирия».

 

25-ФАТВО

Ҳилолни кўрган ҳолда Рамазон ойидан 29 кун тутиб, ҳайит эълон қилган шаҳар аҳли ичида касаллиги сабабли рўза тутмаган киши бўлса, у ҳам 29 кун қазо тутади. Борди-ю, у шаҳар аҳлининг 29 кун тутганидан хабарсиз бўлса, 30 кун қазо тутаверади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

Изоҳ:

Рамазон ойи тақвим бўйича 30 кун бўлса-да, шаъбон ойи охирида Рамазон ҳилоли кўриниб қолса, рўза бир кун кейин бошланади. Шу сабабли Рамазон баъзан 29 кун бўлади. Шундай узр сабабли тутилмаган бир куннинг қазоси тутилмайди. Шунингдек, Рамазоннинг охирида шаввол ҳилоли олдинроқ кўриниб қолса ҳам, рўза тўхтатилади, тутилмай қолган кун қазоси тутилмайди. Шу боис баъзи йилларда рўза 28 кун тутилади.

 

26-ФАТВО

 Рўзадорлиги эсида йўқ киши бирор овқат еб қўйса ё ичимлик, ёки дори ичиб қўйса, ёхуд жинсий алоқа қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо шу ишлардан бирортасини қасддан қилса, рўзаси очилади. Кейин у ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда 60 кун рўза тутиб беради ёки 60 нафар оч киши (мискин) қорнини тўйғазади. Рўзадор аёлини жинсий алоқага мажбурлаган бўлса, ўзи 60 кун каффорат, аёли бир кун қазо рўзасини тутади. Аёли розилик берган бўлса, у ҳам 60 кун каффорат рўзасини тутади.

 «Оламгирия», «Ҳидоя».

 

27-ФАТВО

Ғизо учун ейиладиган ёки дори сифатида истеъмол қилинадиган нарсаларни ғизо ва дори нияти билан қасддан истеъмол қилса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Аммо мазкур нарсаларни бошқа ният, мақсадда истеъмол қилса, кунига – кун қазо рўзасини тутади. Лекин каффорат лозим эмас. Ҳайвон гўшти ёки ёғини хомича еса ҳам, рўза очилади.

«Оламгирия», «Хизонатул-муфтин».

 

28-ФАТВО

Дарахт барглари ичида ток барги каби янги униб чиққан пайтида ёки ҳар доим ейиладиганлари бор. Ўшалардан еб қўйса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Агар одатда ейилмайдиган дарахт ёки гиёҳ баргларидан еса, рўзаси очилади. Лекин рўза қазосини тутади, каффорат лозим эмас.

«Ал-Баҳрур-роиқ», «Оламгирия», «Табйин».

 

29-ФАТВО

Узумнинг бир дона уруғини чайнаб ютса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Чайнамай ютса, фақат қазо вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

30-ФАТВО

Туз еса, фақат қазо вожиб бўлади. Аммо туз еб юришга одатланган одам бўлса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожибдир. Лекин туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар ҳам бор. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади.

«Оламгирия», «Табйин»,
«Хулоса», «Шарҳи Ниқоя».

 

31-ФАТВО

Рўзадорлиги эсидан чиқиб, овқатланаётган кишини кўриб қолган одам қарайди: агар у кечгача рўзасини бемалол етказадиган кишидек туюлса, рўзасини эслатади. Акс ҳолда, макруҳ иш қилган бўлади. Борди-ю, у кекса одам ва чамасида рўзасини кечгача етказа олмайдиган бўлса, рўзани эслатмаслиги жоиз.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

32-ФАТВО

Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (хатоан) рўзасини очиб қўйса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.

«Оламгирия», «Қозихон», «Мухтасар».

 

Изоҳ:

Эҳтиётсизлик деганда, масалан, таҳорат ёки ғусл қилаётганда томоғидан сув ўтиб кетиши кабилар тушунилади. Агар рўзадорлиги эсида йўқ бўлса, рўзаси очилмайди.

 

33-ФАТВО

Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

 

34-ФАТВО

Одатда ейилмайдиган – тош, тупроқ, данак, пахта, ҳашак, қоғоз каби нарсаларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Лекин каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.

«Оламгирия», «Табйин», «Хулоса».

 

35-ФАТВО

Тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхатдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхатдан кичик бўлса ҳам, рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш-бўл­маслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига Абу Лайс Самарқандийдан (р.ҳ.) ривоят бор.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

36-ФАТВО

Тиш орасидаги бир дона кунжутни ютиб юборса, кичик бўлгани учун рўзаси очилмайди. Аммо уни оғзидан чиқариб, сўнгра яна қайта оғзига солиб ютса, рўза очилади. Каффорат вожиб бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф бор. Агар тиш орасидаги бир дона кунжутни чайнаса, рўзаси очилмайди. Лекин чайнаб ютганида томоғида унинг мазасини сезса, рўзаси очилади. Бошқа ҳар қандай таом, дон ёки бошқа чайналган кичик нарсалар шу қоидага қиёс қилинаверади.

«Оламгирия», «Мухтасар»,
 «Қозихон», «Фатҳул-Қадир».

 

37-ФАТВО

Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютса, рўзаси очилмайди. Ташқарига чиқариб олиб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

38-ФАТВО

Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини оғиз сўлагига қўшиб ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

39-ФАТВО

Қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тишларнинг милкидан чиққан қонни сўлак билан қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю, сўлак ортиқ бўлса, очилмайди.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

40-ФАТВО

Газлама тўқувчи иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида юққан кўкми, қизилми, сариқми, бошқа рангми, сўлакларига аралашиб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

41-ФАТВО

Томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, эҳтилом билан ҳам рўза очилмайди.

«Мухтасар», «Оламгирия», «Изоҳул-Кирмоний».

 

42-ФАТВО

Бир-икки томчи кўзёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса, рўзаси очилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

43-ФАТВО

Баданнинг табиий тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган мой, сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда, гарчи томоғида унинг мазаси билинса ҳам, рўза очилмайди.

«Оламгирия», «ан-Наҳр»

 

44-ФАТВО

Оғзи тўла қусса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутиб беради. Борди-ю, у қайтаришга кучи етмайдиган даражада куч билан келса, рўза очилмайди.

«Мухтасар», «ан-Наҳр».

 

45-ФАТВО

Ҳуқна қилдириш, бурун билан дорини димоққа тортиб ютиш, қулоққа ёғ томизиш кабилар билан рўза очилади ва каффоратсиз қазо вожиб бўлади. Агар қулоғига сув кириб кетса, рўзаси очилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит», «Ҳидоя».

 

46-ФАТВО

Гўштни ипга боғлаб туриб ютиб, дарҳол қайтариб тортиб олса, рўза очилмайди. Бир чўпнинг учини томоғидан ўтказса-ю, иккинчи учини қўлида ушлаб турган бўлса, сўнг қайта тортиб чиқарса, рўза очилмайди. Аммо чўп томоқдан ўтиб, ичида қолиб кетса, рўза очилади.

«Оламгирия», «Бадое», «Хулоса».

 

47-ФАТВО

Сув билан истинжо қилаётганида эҳтиёткорлик лозим бўлади. Акс ҳолда, остидан сув кириб, рўзасининг очилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

48-ФАТВО

Оқ сақични чайнаб, сўлагини ютса ҳам, рўзаси очилмайди, лекин макруҳ саналади. Қора сақични чайнаб, сўлагини ютса, рўзаси очилади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

Изоҳ:

Олдинги вақтларда оқ сақич таркибига ҳеч қандай ширинлик маҳсулотлари қўшилмас эди. Шунинг учун уни чайнаганда ҳеч нарса ажралиб чиқмасди. Ҳозирги оқ сақичлар (жевачкалар) таркибида турли хил ширинлик моддалари мавжуд. Шунинг учун уларни чайнаб, тупугини ютса, рўзаси очилади. Мазаси йўқ қора сақичлар ҳозирда чайналмайди.

 

49-ФАТВО

Узрсиз таом тузини тотиб кўриш, бозордан мева сотиб олаётганда танлаш учун тотиб кўриш макруҳ ишлардандир. Узрли бўлса, макруҳ эмас. Масалан, эрининг феъли ёмонлигидан таомнинг тузини тотиб кўришга мажбур бўлса, хўжайиннинг уришишидан қўрқиб, бозор меваларини тотиб кўриб, харид қилса, макруҳ эмас. Шунингдек, ёш болага овқатни чайнаб берадиган одам йўқлигидан рўзадор бўла туриб, ўзи чайнаб бериши узр ҳисоблангани учун макруҳ саналмайди.

«Оламгирия», «ан-Наҳрул-фоиқ».

 

50-ФАТВО

Рўзадор одамнинг кундуз куни (узрсиз) чўмилиши, бошидан сув қуйиши, сувга тушиб ўтириши, ҳўл кийимга ўралиб олиши, айрим уламолар наздида, макруҳ саналган. Абу Юсуф (р.ҳ.) эса, бу каби ишлар макруҳ эмас, деб фатво берган.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

51-ФАТВО

Саҳарлик қилиш мустаҳаб амаллардандир. Вақти туннинг олтинчи қисми ҳисобланади. Ифторликни шом намозидан олдин, вақт кириши билан қилиш, саҳарликни эса, охирги муддатигача давом эттириш мустаҳабдир. Ифторлик дуосини ўқиб, эртаси кун рўзаси учун ҳам ният қилиб қўйиш суннат амаллардандир.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож», «Меърож».

 

52-ФАТВО

Икки ҳайит кунлари, ташриқ кунлари (қурбон ҳайити арафасидан бошлаб 5 кун давомида) нафл рўза тутиш макруҳдир. Рўза ҳайитидан кейин олти кун шаввол ойида рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Лекин пайдарпай эмас, балки ҳар ҳафтада икки кундан тутиш лозим бўлади.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

53-ФАТВО

Бир йилнинг барча кунларида, ҳатто тақиқ­ланган кунларида ҳам қолдирмай рўза тутиш макруҳдир. Аммо тақиқланган кунлари тутмай, қолган кунлари тутса, макруҳ эмас. Шунингдек, ифторлик қилмасдан, бир неча кун нафл рўза тутиш ҳам макруҳдир. Нафл рўзанинг энг афзали бир кун тутиб, бир кун тутмасликдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

54-ФАТВО

Атайлаб эмас, балки одатда тутиб юрган кунлари давомига тўғри келиб қолса, шанба, якшанба, наврўз, меҳржон кунлари нафл рўза тутишнинг кароҳати йўқ.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Муҳит».

 

55-ФАТВО

Нафл рўзани аёл киши эридан рухсатсиз тутиши жоиз эмас. Мардикор рўза тутса, ишга зарари тегадиган бўлса, хўжайиндан рухсат олиб тутиши лозим бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

56-ФАТВО

Мусофир Рамазон рўзасини тутмай, сафардан қайтгач, кунига – кун қазо тутиб беришига рухсат этилган. Лекин рўза тутса, қийналмайдиган бўлса, яна ҳамроҳлари ҳам рўзадор бўлишса, у ҳам рўза тутгани афзал. Аммо овқатланиш харажатлари ўртада шериклик бўлса-ю, ҳамроҳлари рўза тутмай, кундузлари овқатланадиган бўлишса, у ҳам рўза тутмагани афзал.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

57-ФАТВО

Мусофир рўзадор ҳолида ватанига қайтиб келса ёки бошқа шаҳарда 15 кундан ортиқ туришни ният қилса, қуёш ботгунга қадар рўзасини очмай туради. Агар очиб юборса, макруҳ ва ўша куннинг қазоси ҳам вожиб бўлади. Муқим киши кундузи сафарга чиқадиган бўлса, шу куни рўза тутиши лозим. Агар рўзасини очиб юборса, каффоратсиз қазо лозим бўлади.

«Оламгирия», «Мухтасар», «Қозихон».

 

 

58-ФАТВО

Рамазон ойида тутолмай қолган қазо рўзалари зиммасида туриб, нафл рўза тутиши макруҳ эмас.

«Оламгирия», «Меърож».

 

59-ФАТВО

Агар қасддан рўза тутмаган куни тўсатдан хизмат сафарига чиқиб кетган бўлса, каффорат зиммасидан соқит бўлмайди. Зеро, сафар кейин маълум бўлди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

60-ФАТВО

Бемор киши ҳалок бўлишидан ёки касали кучайиб кетишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин. Кейин қазосини тутиб беради. Ҳатто соғлом ҳолатдаги одам ҳам агар рўза тутса, касал бўлиб қолиши эҳтимоли ғолиб бўлса, тутмаслиги жоиз.

«Оламгирия», «Муҳит», «Мухтасар», «Табйин».

 

61-ФАТВО

Ҳомиладор, бола эмизадиган ҳамда ҳайз ва нифосдаги аёллар рўза тутмайдилар. Лекин кейин қазосини тутадилар. Агар аёл одати бўйича ҳайзи келадиган куни қасддан рўза тутмаса ва ўша куни ҳайзи келмаса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

 

62-ФАТВО

Агар рўза тутса, очлик ва ташналикдан ҳалок бўлиши ёки ақлдан озишининг хавфи бўлса, шунингдек, ҳавонинг юқори ҳароратида қурилиш ишларида хизмат қилишга подшоҳлик томонидан буюрилган бўлса ва бундай шароитда рўза тутиш ҳалокатга ёки ақлдан озишга олиб келиши мумкин бўлса, буларнинг ҳар бири рўза тутмасликка узр бўлади. Кейин каффоратсиз қазоси тутилаверади.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 

63-ФАТВО

Шайхи фоний саналувчи эркак ва аёллар рўза тутмасдан ҳар бир кун учун бир мискин таоми миқдорида фидя тўлаб қўядилар. «Шайхи фоний» деб, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексаларга айтилади. Фидяни Рамазон ойининг бошида ёки охирида бериш мумкин.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

64-ФАТВО

Касаллик ёки сафар сабабли рўза тутмай юрган киши соғаймай ёки уйга қайтмай туриб вафот этиб қолса, зиммасидан қазо соқит бўлади. Лекин шунда ҳам ўлими олдидан меросхўрларига фидя беришни васият қилган бўлса, уни ижро этиш жоиз. Қолдирган меросининг учдан бири ҳисобидан фидя ажратилади. Аммо касал соғай­гандан кейин ёки мусофир уйига қайтгандан кейин қазо қилган рўза кунлари миқдорича яшаса, қазоларини ўзи тутади. Агар тутмасдан, ўша миқдордаги кунларни ўтказиб юборгандан ке­йин ўлим тўшагида ётиб қолса, фидя беришни меросхўрларига васият қилиб қўйиши вожибдир. Фидя ҳар бир кун учун 2 кг буғдой ёки 4 кг арпа, ёхуд уларнинг қиймати миқдоридаги пул маблағи. Агар васият қилмаган бўлса-ю, меросхўрлар ўзларича фидя берсалар ҳам, жоиз. Аммо вожиб эмас. Фидя ўрнига бошқаларнинг рўза тутиб бериши жоиз эмас.

«Оламгирия», «Бадое»,
«Ҳидоя», «Қозихон».

 

65-ФАТВО

Нафл рўзани ҳам узрсиз очиш жоиз эмас. Меҳмонга бориш, мезбон бўлиш кабилар узр ҳисобланади. Агар меҳмондорчилик қилинаётган жойда ҳеч ким ранжиб қолмайдиган бўлса, нафл рўзасини очмагани маъқул. Акс ҳолда, рўзани очиб, кейин қазосини тутаверади. Имом Ҳалвоний (р.ҳ.) сўзига кўра, кейин қазосини тутиб бера олишига кўзи етмаса, рўзасини очмайди. Яна бу гапларга завол вақтигача бўлсагина амал қилинади. Аммо заволдан кейинга етганда, катта узр бўлмагунича очмайди. Масалан, агар очмаса, ота-она норози бўлиб қолишига сабаб бўлса.

«Оламгирия», «Кофий»,
«Муҳит», «Шарҳи Виқоя».

 

66-ФАТВО

Рўза тутса, намозни тик туриб ўқишга кучи етмайди, ўтириб ўқишга мажбур бўлади. Рўза тутмаса, намозни тик туриб ўқишга қодир. Бундай одам рўза тутиб, намозни ўтириб ўқийверади. Шундай қилганда, ҳар икки ибодатни бажарган бўлади.

«Баззозия».

 

67-ФАТВО

Мусофир рўза тутмаган ҳолда уйига қайтса, қуёш ботгунга қадар овқатланмай туриши вожиб. Шунингдек, ҳайздан кундузи пок бўлган аёл, рўзанинг биринчи куни экани аниқланганда шак куни эътибори билан рўза тутмай турган, эҳтиётсизлиги боис ёки мажбурий равишда рўзаси очилган кишилар барибир рўзам очилди-ку, деб овқатланавермасдан, ифторлик вақтигача худди рўзадорлардек ўзларини еб-ичиш ва жинсий алоқадан тийиб туришлари вожибдир.

«Оламгирия», «Хулоса», «Фатҳул-Қадир».

 

68-ФАТВО

Ҳайз ва нифосдаги аёллар, бемор ва мусофирлар ўзларини рўзадордек кўрсатиб, рўза тутмаганларини одамлардан яширишлари лозим эмас.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

69-ФАТВО

Нафл рўзани тутишга киришиш билан уни очмасдан қуёш ботгунга қадар етказиш вожиб бўлади. Агар ўз ихтиёри ёки бошқа сабаб билан рўзаси очилса, қазосини тутиши вожибдир. Масалан, нафл рўза тутган аёл кундузи ҳайз кўриб қолса, рўзаси очилиб кетгани учун ўша куннинг қазоси ҳам вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «Ниҳоя».

 

70-ФАТВО

Қазо рўза тутишнинг ниятини тонг отгандан кейин қилса, дуруст эмас. Лекин нафл рўза деб ният қилса, Имом Насафий (р.ҳ.) сўзига кўра, жоиз. Агар шундай ният қилгандан кейин рўзасини очса, қазосини тутиши вожибдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

71-ФАТВО

Ҳазрат Алининг (р.з.): «Рўзангизнинг биринчи куни қурбонлик қиладиган кунингиздир», деган сўзлари хусусида фуқаҳоларимиз бундай хулоса қилганлар. Масалан, «Оламгирия»да Қурбон ҳайити Рамазон ойининг биринчи кунига қараб белгиланмайди. Яъни, пайшанба куни рўза тутилган бўлса, Қурбон ҳайитининг Арафа куни ҳам пайшан­ба кунига тўғри келиб қолса, аниқланмагунича шу куни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Зеро, ҳазрат Алининг (р.з.) мазкур сўзлари ўша йилнинг ўзига хос бўлиб, абадийликни касб этмаслиги мумкин, дейилган. Худди шу маъно «Қозихон», «Баззозия» китобларида ҳам таъкидланган. Демак, обдон аниқланмагунича рўза билан қурбонлик куни бир кунга тўғри келади, деган гапга амал қилиш жоиз эмас. Айрим йилларда тасодифан тўғри келиб қолиши мумкин. Лекин ҳар йили эмас.

«Оламгирия», «Қозихон», «Баззозия».

 

 

72-ФАТВО

Адо этилиши фарз қилинган рўзалар ўн уч хилдир. Улардан еттитаси кунора эмас, кетма-кет тутилиши вожиб. Улар Рамазон рўзаси, хун каффорати, «зиҳор» каффорати, қасам каффорати, Рамазон рўзаси каффорати, муайян назр ва муайян қасам рўзалари. Олти хил рўзада пайдар-пай тутиш вожиб эмас. Улар – Рамазон рўзасининг қазоси, таматтуъ ҳажининг «мутъа» рўзаси, ҳажда сочини муайян вақтидан олдин олдиргани учун тутиладиган рўза, ҳажда ов қилиб қўйгани учун тутиладиган рўза, мутлақ (тайинсиз) назр рўзаси ва қасам рўзаси. Рамазон ойида қазо бўлган рўза кунларини узлуксиз тутиш-тутмаслиги ихтиёрий бўлса-да, бирин-кетин тутгани яхши. Бунда зиммасидаги қарзини тезроқ адо этган бўлади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

73-ФАТВО

Лайлатулқадр кечаси Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, Рамазон ойида кечади. Лекин муайян бир кечада эмас. Баъзан олдин, баъзан кейинроқ келаверади. Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, ҳар йили муайян бир кечада келади. Лайлатулқадр кечасини топиб, ундан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиш мустаҳаб амаллардандир.

«Оламгирия», «Меърож», «Фатҳул-Қадир».

 

Изоҳ:

Имом Бағавий тафсирида ёзишига кўра, Рамазон ойининг нечанчи кечаси Лайлатул-қадр экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Лекин саҳобалар Расулдан (а.с.) уни аниқлаб беришларини сўрайверганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, деб, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири бу муборак кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча деган хулосага келишган.

 

74-ФАТВО

Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. У 2 кг буғдой ё майиз, 4 кг хурмо ёки арпа, ёхуд уларнинг қиймати деб белгиланган. Фитр садақаси закот нисоби миқдорида бойлиги бўлган мусулмонлар зиммасига вожибдир. Бунда закотдаги каби бойлигининг ўсиб туриши (нумув) шарт эмас. Демак, нисобга эга, лекин закот бериши вожиб бўлмаган кишилар ҳам фитр садақасини беришлари керак. Уни ўз ҳисобидан ва балоғатга етмаган фақир болалари номидан беради. Хотини, катта ёшдаги болалари ва бой фарзандлари учун бериши вожиб эмас. Балки уларнинг ўзлари беришади. Фитр садақасини берувчи одам садақа қабул қилмайди, зиммасига қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Фитр садақасини ҳайит куни бера олмаган одам зиммасидан соқит бўлмайди, балки кейинроқ бўлса ҳам уни адо этади.

«Мухтасарул-Виқоя».

Изоҳ:

Мабодо киши хотини, катта ёшдаги фарзандлари номидан фитр садақаси бермоқчи бўлса, жоиз. Лекин уларга билдириб қўйиши лозим.

 

 

28551 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: ТАВОФНИ БЕТАҲОРАТ ҚИЛСА НИМА БЎЛАДИ? »

Мақолалар

Top