Рамазон-2019

“Рўзалар билан чарчамаяпсизми?”...

Ҳар лаҳзаси раҳмат, баракот ва мағфират нурларига чўмган муборак кунлардамиз. Рамазон — ҳақиқий мўмин-мусулмон учун ўттиз кунлик байрам. Ёши катта биродарларимиз ҳол-аҳвол сўрашаётиб “Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!” деб қутлайдилар. Шу қутловдан ҳам Рамазон ойининг қадр-қиймати ва масъулиятини англаш қийин эмас. Шукрки, йилдан йилга рўзадорлар, ибодатга киришаётганлар карвони ортиб бормоқда. Айниқса, рўза ибодатининг тобора ёшариб бораётгани, рўзадорлар сафида ёшлар, ҳатто ёш болаларнинг кўплигидан кўнгилу кўз қувнайди. Шу ўринда ҳақли мулоҳаза ўртага чиқади: рўза ибодатига киришаётган ҳар бир мўмин бу ибодатнинг мазмун-моҳияти ва масъулиятини англаб етаётирми? Рўза холис Аллоҳ учун, руҳ ва бадан тарбияси, гуноҳлардан тийилиш ва покланиш учун фарз қилинган ибодат эканлигини биламизми?

Неъматлар шукрини англатгувчи ибодат

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (“Бақара” сураси, 183-оят). Шунингдек: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”, ояти ҳам Рамазон рўзасининг фарзлигига далилдир.

Абу Имома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ҳажжатул Вадоъдаги хутбада шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозингизни ўқинг, бир ой рўзангизни тутинг, молларингизни закотини беринг, амирларингизга итоат қилинг, Раббингизнинг жаннатига дохил бўласизлар” (Термизий ривояти).

Демак, рўза неъматга шукр келтириш учун василадир. Чунки, рўза неъматларнинг ичида энг қадрлиси ва зарури бўлмиш ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан нафсни тийиш бўлиб, маълум вақт ўзини бу неъматлардан тийган киши унинг қадрига ета бошлайди. Зеро, неъматнинг қадри ундан бебаҳра бўлгандагина билинади. Бу эса, кишини неъматга шукр қилишига сабаб бўлади. Неъматга шукр қилиш ҳам ақлан ва ҳам шаръан фарздир.

Руҳий ва жисмоний покланиш

Рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодатдир. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз Ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: “Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман”. Чунки рўза бошқа ибодатлар каби инсон кўзи тушадиган, барча хабардор бўладиган амал эмас. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўра олмайди. Шу сабаб Аллоҳ таоло бу амалнинг мукофоти ёлғиз ўзига тааллуқли эканининг хабарини берди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор, жасаднинг закоти рўзадир”. Маълумки, закотнинг маъноси тозалаш демакдир. Демак, рўза туфайли киши жасадини ундаги ортиқча ва зарарли моддалардан тозаласа, ахлоқини зарарли одат ва хулқлардан тозалаб олади. Чунки, аъзоларни гуноҳ ишларни қилишдан тийиш рўзанинг мақбул бўлишининг асосий шартларидандир.

Ким рўзадор?

– Рўзадор, тана аъзоларини гуноҳдан тийган киши.

– Тилини ёлғон, фаҳш ва сохта нарсалардан сақлаган киши.

– Қорнини овқат ва ичимликлардан, фаржи (жинсий аъзоси)ни жинсий қовушишдан сақлаган киши.

– Агар гапирса, рўзасига жароҳат етказадиган сўзни сўзламайди.

– Агар бирор ишни бажарса, рўзасини бузадиган ишни бажармайди.

– Сўзларининг барчаси манфаатли ва яроқли бўлади.

– Шунингдек, бажарган барча ишидан шундай бир ҳид таралсинки, суҳбатдоши унинг ҳидидан баҳраманд бўлсин.

– Рўзадор билан ким бирга ўтирса, унинг суҳбатидан манфаат олсин.

– Ўтирган киши сохта, ёлғон, бузуқлик ва зулмдан омонда бўлсин.

– Мана шу фақат овқат ва ичимликни ўзидангина тийилинмаган ҳақиқий рўзадир.

– Рўза аъзоларни гуноҳдан тийилишидир.

– Қорин овқат ва ичимликдан тийилишидир.

– Овқат ва ичимлик рўзани очиб, бузгани каби гуноҳлар ҳам унинг савобидан маҳрум қилиб, мевасини айнитади. Оқибатда рўза тутмаганлар қаторига қўшиб қўяди.

Саломатлик учун фойдалари

Тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги маълум бўлди. Масалан;

- рўза инсондаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтиради;

- рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади;

- рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди;

- рўза инсон жисмини ва уни тўқималарида тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддаларни тозалашга ёрдам беради. Озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб қолади. Ана шу моддалар фақат рўза орқали чиқиб кетади.

Шунингдек;

- семизликдан келиб чиқадиган қон томирларнинг торайиши, қон босимининг ортиши ва юрак касалликларини даволашда;

- қон айланишига оид касалликларни даволашда;

- бўғинларнинг сурункали шишини даволашда фойдалилиги аниқланган.

***

Шаҳарда ижарада яшайдиган синглиси ойлик маошининг ярмидан кўпини ижара ҳақига тўлаб, болаларига тансиқ егулик едиролмайди. Ака отасининг хотирасига ифторлик қилиб, дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдирди. Йўл кирага пул тополмай отасининг хотираси учун қилинган эҳсонга бора олмагани учун синглисидан ёзғириб, ранжиди...

***

“Фалончининг ўғиллари ҳар ёзда онасини санаторияда даволанишга жўнатар экан. Менга ўхшаб оёқлари оғрирди, “Болаларим барака топишсин, санаторияга кетма- кет уч йил даволангандим, кўрмагандай бўлиб кетдим” деди. Қанийди, мен ҳам шу дарддан халос бўлсам-а...” дейди она бояқиш ўғлининг оғзига умидвор термулиб. Ўғилнинг қулоқларига гап кирмайди; ифторлик дастурхони ёзиб, унга номдор аҳли илмларни даъват қилиш ҳаракатида юрибди...

***

Қўшниси жўжабирдек жон. Тўрт бола, эр-хотин кафтдеккина томорқадан оладиган даромаду, уч-тўрт қўй-қўзи, сигир-бузоқ боқиб тирикчилик қилади. Аёл саратон хасталиги билан оғриган. Дори-дармони, кимёвий муолажаси фалон пул. Бояқиш болаларини ўйлаб ҳар доим ҳам даволанишга пул ажратолмайди. Бадавлат қўшни рўзадор. Бир неча марта ифторликлар уюштирди. Савоб излади. Аслида унга муштоқ савоб бир девор нарида эди...

Луқма

  • Писмадончибой, эртага ифторлик қиляпмиз, ўтинг-а?
  • Хўп, ака, соат неччида?!...

Биз қандай рўзадормиз?

Имкон қадар рўзанинг маънавий-моддий фойдалари ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Энди ўзимизни бир тафтиш қилсак, замондош. Биз қандай рўзадормиз? Ниятимиз ва амалимиз билан ибодатимизга футур етказиб қўймаяпмизми? Рўзани холис Аллоҳ учун, Унинг мукофотидан умид қилиб тутяпмизми? Ўрганиб қолган тилимиз ғийбатга кетиб очу ташналик билан кунни ўтказмаяпмизми? Уйқусизлик, очлик ва чанқоқлик машаққати сабабли қош-қовоғимизни ўйиб, баджаҳл, ҳорғин ҳолатда юриб рўзага иддао қилмаяпмизми? Муборак Рамазон ойида таниш-билишлар билан учрашиб қолганда, ижтимоий тармоқларда мулоқотда бўлганимизда бир-биримиздан “Рўзалар билан чарчамаяпсизми?” деб ҳол сўраймиз. Рамазонга, рўзага маломат қилинаётгандек эмасмикан бу меҳрибончилигимиз? Ифторлик қилиш иддаоси билан болаларимизнинг ризқидан қиймаяпмизми? Савобни узоқдан излаб, шундоқ ёнгинамизда турган икки дунёимизни обод қилишга етгулик савобдан бебаҳра қолмаяпмизми? Ҳар куни саҳарликда “Холис Аллоҳ учун Рамазон ойи рўзасини субҳдан то кун ботгунгача тутмоқни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир!” дея тилда ният қилиб, амалимиз билан уни инкор қилмаяпмизми? Рўза ибодатини урф, парҳез ва яна аллақандай “авторитет”лар учун тутишга ўзимизни мажбурламаяпмизми? Мулоҳаза қилинг, замондош, рўзадан мақсад — тақво. Очу яланғочлар, муҳтожу мискинлар ҳолини ҳис этиш билан неъматларга шукрона айтиш ва иймон лаззати, ибодат ҳаловатидан баҳрамандлик билан Аллоҳга яқин бўлишдир рўзанинг асл моҳияти. Биз уни қандай тушуняпмиз ва нечоғли адо эта оляпмиз?

Қалби ва Раббининг ҳузурида юзи ёруғларга Рамазон ҳаловати бардавом бўлсин! Рўзанинг иймоний лаззати икки дунёда сизни тарк этмасин!

 

Умида АДИЗОВА

37611 марта ўқилди
Top