Шукрона
Тинч-осойишта юртда умргузаронлик қилиб, фарзандлар камолини кўриш инсон учун чинакам бахт. Шукурки, бугун биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон, пок ниятларимиз рўёбга чиқаётган диёрда яшаяпмиз.
Бинобарин, истиқлол мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш ҳамда ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш имкониятини берди.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори жамиятимиздаги эзгу қадриятларни янада юксалтириш, шунингдек, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби улуғвор муносабатлар юксак эъзозланаётганлигининг яна бир тасдиғи бўлди.
Халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик ҳамда мурувват сингари фазилатлари Муборак айёмда ташкил этиладиган турли маросимларда янада кенг қулоч ёзади. Зотан, ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятида ҳам бу масалалар яққол акс этиб турибди.
Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Хусусан, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни шууримиз, қалбимизга сингдириб, сайқал беришимизда унинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда, Рамазон ойини жойларда, миллий анъана ҳамда қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгилангани бу борадаги аъмолларни самарали бажаришда айни муддао бўлди. Зеро, Рамазон эзгу амаллар ойидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу муборак ойнинг ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: “Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанланади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилади (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бундай амр қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183, 184).
Ояти каримадан англашиладики, рўза қадимги динларда ҳам бор бўлган ибодатдир. Фақат бошқа динларда рўзанинг тартиби, куни ва қоидаси турлича бўлган. У фақат Ислом динидагина илоҳий маънони касб этади.
Дастлаб рўзани истаган одам тутар ёки бунинг ўрнига бир мискиннинг қорнини тўйдириши мумкин эди. Бироқ кейинчалик бу ҳукм ўзгарди, ким бу ойда ҳозир бўлса, албатта, рўза тутиши шарт эканлиги амр қилинди: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукур қилишингиз учундир” (Бақара, 185).
Рамазон ойида ҳар бир мўмин-мусулмон рўза тутиши лозим. Фақатгина касал инсон, сафардаги киши, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутмаслиги мумкин. Узрли ҳолатни тарк этгач, қазосини ўтайди. Узрли ҳолатлар борасида тафсир китобларда, суннати набавияда алоҳида тўхталиб ўтилган.
Агар беморнинг тузалишдан умиди бўлса, рўза ойида тутмайди, тузалгач, қазосини тутиб беради. Бироқ ёши улғайган кишилар эса фидя берадилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “...Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...” ояти кекса чол ва кампирга тегишлидир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар” (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бу ўринда ҳомиладор ва эмизикли аёллар тузаладиган бемор сифатида кўрилади. Яъни ҳомиладорлик ёки эмизиш бартараф бўлгач, бу заифлик аёл кишидан соқит бўлади. Ана шунда аёл тутмаган рўзасининг “...саноғи бошқа кунлардан” ўтайди. Касал одам агар рўза сабабли заифлашса, беморлиги зиёда бўлса, рўзасини тутмайди. Тузалгач, адо этади.
Рамазони шарифда рўза тутмасликка вақтинча изн берилган яна бир тоифа – бу ойда сафарга чиққанлардир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғзилари очиқ ҳам бўлган. Бас, сафарда ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).
Аввал бошда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига фарз қилинган рўза ҳозиргисидан фарқли бўлган. Ифтор вақти қуёш ботганидан хуфтонгача эди. Рўзадор хуфтон намозигача ифторлик қилиб олмаса, эртасига ифтор вақти киргунича яна рўзадор ҳолида қолиб кетар эди.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни саҳарлик қилиб рўза тутишга чорлаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир” дедилар” (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, ифтор қилиш, уни тезлатиш лозимлиги суннати набавийда кўп бор такрорланган. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар, деди” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).
Ҳадиси қудсий: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, деди” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Яъни, яхшилик хоҳлаган мўмин киши вақти кириши билан ифторлик қилишга чақирилади. Зеро, ифторликни тезлатган киши Холиқи Зулжалолга севимли бўлишдек шарафга ноил бўлади. Шу билан бирга, ифтор чоғида дуо қилиш ҳам фазилатли саналади. Бу пайтдаги дуо тўсиқсиз қабул бўлади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон ифтор қилсалар: “Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афтарту”, яъни “Эй Аллоҳ, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Табароний ривояти).
Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Мамлакатимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ҳомийлар кўмагида Рамазонда бир қанча савобли ишларни амалга оширадилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий Вакиллик ходимлари кам таъминланган оилаларга, кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга ҳомийлар кўмагида ҳар йилгидек Рамазон ҳайити арафасида беминнат ёрдамларини кўрсатади.
Муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизга хайрли, баракотли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий
2017 йил 24 май 21-сон “Nuroniy” газетаси