Рамазон-2018

Баракотга тўла ой

Рамазон – саодат асридан буён мўмин-мусулмонлар алоҳида эътибор ва ҳурмат билан кутиб оладиган ойдир.

Бизни мусулмонлардан қилиб яратиб, калбимизга рўза меҳрини солиб, доруломон кунларда тинч-осойишта мамлакатимизда рамазоннинг шукуҳи билан қалбимизни хурсанд қилиб қуйган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.

Рамазон рўзаси мусулмонларга фарз қилинган амал бўлиб, Қуръон оятлари билан собитдир. Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни ҳижрий 2 йили, шаъбон ойининг 18 куни фарз бўлган. Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам 9 йил фарз рўзани тутганлар. Қуръони карим ҳам ушбу муборак рамазон ойида нозил бўлган. Бу эса рамазон ойини шарафини янада зиёда қилган. Рўза инсонни соғлигига шифо бўлса, Қуръони карим инсоннинг руҳиятига шифо бўлади. Тинч ва файзли мамлакатимизнинг минглаб масжидларида, ҳар йили рамазон ойида Хатми Қуръонлар бўлаётгани бежиз эмаски, юртимизга ана шу Хатми Қуръонларни сабаб қилиб Аллоҳ таоло баракалар ёғдирмоқда.

Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган ибодати, садақа ва хайрли ишлари, яхши амаллари, бандалигига бориб содир этган гуноҳларини кетказиб туради. Агарда булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, у гуноҳлар рамазон рўзасини тутиши билан кетказилади. Албатта, инсон гуноҳлардан холи эмас. Гуноҳ ишлар мусулмон киши учун баданга етган заҳар кабидир, агар инсон эҳтиёт бўлмаса бу заҳар инсонни ўлдириши мумкин.

Рамазон ойи келганда Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васалламнинг саховатлари янада ошиб кетарди. Биз ҳам шундай улуғ зотнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб рамазон ойида оиламизга, қариндош-уруғларимизга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморлардан хабар олиб, уларни бориб кўришимиз лозим. Шунинг учун келадиган бу муборак ой, гуноҳларимиздан покланишимиз учун ғаниматдир.

 

Иномжон НАМОЗОВ,

“Тангри берди ” жоме масжиди имом-хатиби

 

51786 марта ўқилди
Мавзулар
Top