muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 15 Март 2022 00:00

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Бу йилги Бароат кечаси милодий 17 март пайшанбадан 18 март жумага ўтар кечасига тўғри келмоқда!

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عَنْ أُسَامَة بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه قَالَ: " قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ لَمْ أَرَكَ تَصُومُ شَهْراً مِنَ الشُّهُورِ مَا تَصُومُ مِنْ شَعْبَانَ . قَالَ "ذَلِكَ شَهْرٌ يَغْفُلُ النَّاسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبٍ وَرَمَضَانَ وَهُوَ شَهْرٌ تُرْفَعُ فِيهِ الأَعْمَالُ إِلَى رَبِّ الْعَالَمِينَ فَأُحِبُّ أَنْ يُرْفَعَ عَمَلِى وَأَنَا صَائِمٌ " (أَخْرَجَهُ النَّسَائِيُّ).

«Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: " لَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فِي الشّهْرِ مِنَ السَّنَةِ أَكْثَرَ صِيَاماً مِنْهُ في شَعْبَانَ " (رَوَاهُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
بَلَغَنَا أَنَّهُ كَانَ يُقَالُ: " إِنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ فِي خَمْسِ لَيَالٍ: فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ وَلَيْلَةِ الأَضْحَى وَلَيْلَةِ الفِطْرِ وَأَوَّلِ لَيْلَةٍ مِنْ رَجَبٍ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ"

яъни: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).

Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз:

عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها قالت: فَقَدْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وآله وسلم ذَاتَ لَيْلَةٍ، فَخَرَجْتُ أَطْلُبُهُ فَإِذَا هُوَ بِالْبَقِيعِ رَافِعٌ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ، فَقَالَ: «يَا عَائِشَةُ، أَكُنْتِ تَخَافِينَ أَنْ يَحِيفَ اللهُ عَلَيْكِ وَرَسُولُهُ!»، فقُلْتُ: وَمَا بِي ذَلِكَ، وَلَكِنِّي ظَنَنْتُ أَنَّكَ أَتَيْتَ بَعْضَ نِسَائِكَ، فَقَالَ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَنْزِلُ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا فَيَغْفِرُ لأَكْثَرَ مِنْ عَدَدِ شَعَرِ غَنَمِ كَلْبٍ -وهو اسم قبيلة-» (رواه الترمذي وابن ماجه وأحمد).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
عن معاذ بن جبل رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : " يطلع الله إلى جميع خلقه ليلة النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن " (رواه ابن حبان في صحيحه والطبراني والبيهقي)
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).
Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Рамозон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб шундай деганлар:
"واعلم إن المذكورة في اللآلىء أن مائة ركعة في نصف شعبان بالاخلاص عشر مرات في كل ركعة مع طول فضله للديلمي وغيره موضوع"
“Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).
Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида шундай деганлар:
فيعلم بمجموع الأحاديث القولية والفعلية استحباب إكثار العبادة فيها فالرجل مخير بين الصلاة وبين غيرها من العبادات فإن اختار الصلاة فكمية أعداد الركعات وكيفيتها مفوضة إليه ما لم يأت بما منعه الشارع صراحة أو إشارة
“Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади”(Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).
Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мамлакатимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмас. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрлик миллий қадриятларимизга хос, муқаддас динимиз таълимотига ҳамоҳанглиги билан таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жорий йилнинг 12–13 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эшитиш ва нутқида нуқсони бор инсонлар билан “Сиз бизга кераксиз!” тадбири ўтказилди.

Тадбирларда маҳаллий ҳокимликлар, вилоят вакиллиги, Пенсия жамғармаси, Меҳнат бандлиги ва Соғликни сақлаш бошқармаси ходимлари, имомлар, отинойилар ва сурдо таржимонлари иштирок этишди.

– Бизлар ўзимиз билмаган ҳолда адашиб, бошқа эътиқодда бўлганмиз. Аммо бугун бу тадбирдан кўнглимиз ёришиб, ҳақиқатан барчамизнинг ота-онамиз, авлод-аждодларимиз мусулмонлигини тушуниб етдик. Имон калималаридан қалбимиз ёришиб, ҳаловатни ҳис қилдик, – дея ўз фикрларини кўзларида ёш ила баён қилишди қорақалпоғистонлик Р.Давлатмуродов, А.Жалиева, Г.Шилимбетова.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага имон келтирмай ўлиб кетса, албатта дўзах эгаларидан бўлади”,  дедилар»  (Имом Муслим ривояти).

Бундай тадбирлар Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида ҳам ўтказилди. 

https://vaqf.uz/oz/news/view/789

https://vaqf.uz/oz/news/view/772

https://vaqf.uz/oz/news/view/773

https://vaqf.uz/oz/news/view/774

https://vaqf.uz/oz/news/view/777

https://vaqf.uz/oz/news/view/778

https://vaqf.uz/oz/news/view/780

https://vaqf.uz/oz/news/view/785

https://vaqf.uz/oz/news/view/789

https://vaqf.uz/oz/news/view/790

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

Бугун, 11 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри Олмазор тумани "Доруссалом" жоме масжидига маъруза қилиш ва жума намозини қавм билан бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар.
Масжидга йиғилган жамоат "Каҳф" сурасининг тиловати ва Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари гуноҳларга тавба қилиш мавзусида мавъиза қилиб, бу ҳақидаги ояту ҳадисларни батафсил шарҳлаб бундай дедилар:
– Биз инсонмиз, билиб билмай хато, гуноҳ қилиб қўямиз. Бундай ҳолатларда астойдил тавба қилсак, ҳар қандай гуноҳимиз кечирилишидан умид қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришни ваъда берган. Қуръони каримнинг 87 ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Хусусан, "Таҳрим" сурасининг 8-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!”, дейилган.
Ушбу оятдан хулоса шуки, доимо чин дилдан, бор вужудимиз билан тавбада бардавом бўлишимиз даркор. Чунки Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан сақланган бўлсалар-да умматларга таълим учун ҳар куни тавба қилар эдилар.
Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро, мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлардан маъсум бўлишларига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарсдир. Яна бир ҳадисда эса “Гуноҳдан тавба қиладиган киши гуноҳи йўқ киши кабидир” дейилган (Имом Ибн Можа ривоятлари). Мазкур ояти карима ва ҳадисларга асосан гуноҳ қилган банданинг тавба қилиши вожиб саналади. Бепарво бўлиш, ҳали фурсатим бор деган нотўғри тасаввурга берилиши асло мумкин эмас, – дедилар муфтий ҳазратлари.
Шунингдек, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари маъруза давомида гуноҳларнинг турига қараб ҳар хил бўлиши ҳақида сўз юритиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталдилар.
Амри маъруф якунлангач, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Аллоҳдан жамики мўмин-мусулмонлар ва бу дунёдан ўтган инсонларнинг гуноҳлари кечирилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 09 Март 2022 00:00

Биродарингдан узр изла

Бугунги кунда айрим инсонлар томонидан ҳар бир масъаланинг фақат салбий томнини кўриш ҳолати юзага келмоқда. Бунинг натижасида эр хотинидан шубҳаланиш, ота-она билан фарзандлар ўртаси ё ака-ука, опа сингиллар орасида юз кўрмас бўлиб кетиш, дўстлар ўртасида муносабат ёмонлашиш, устоз-шогирдлар тушунмовчилиги, раҳбар ходимлар ўртасида совуқчилик, давлатлар ўртасида келишмовчилик ҳолатлари кузатилмоқда. Келинг ушбу муаммони бартараф этиш учун ҳадис ва ҳикматларга мурожаат қилсак энг тўғри иш бўлар эди.

Пайғамбар алайҳис салом саҳобалар билан Табук ғазотига чиқмоқчи бўлганларида, имконияти бор барчани ушбу ғазотга чиқиши амр қилди. Фақатгина заифларга бормаслик учун рухсат берди. Шунингдек, баъзиларни Мадинада қолиш эҳтиёжи борлиги учун ҳам қолдирилди. Пайғамбар алайҳис салом йўлга чиқди ва жуда иссиқ ва қаттиқ қийинчиликка қарамасдан тепалик ва пастликдан иборат чўлларни кесиб ўтиб, Табукка етиб олишди. У ерга жойлашгач, саҳобалар билан ўтирган вақтида Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳуни негадир қараб топа олмади. Шунда у зот: «Нима бўлди Каъб кўринмайди?», деди.

Шу вақтда Бани саламадан бир киши: «Эй Аллоҳнинг росули! Уни кийими ва ўзига оро бериши(катта кетиши) сабабли чиқмагандир», деди. (Бу билан Каъб розияллоҳу анҳу шанига нолойиқ сўз айтаётган эди ва ёмон гумонга сабабчи бўлаётган эди).   

Шу заҳотиёқ Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ҳалиги истеҳзоли гапирганга қарата яхши гап бўлмади. Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг росули биз Каъбни фақат яхши инсон деб биламиз», деди[1].

Муоз розияллоҳу анҳу Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳуни қандай буюк саҳобий эканлигини билар эдида? Каъб Ақаба байъатида иштирок этган ва Пайғамбаримиз шоири, ҳаёти йўли ҳам жуда гўзал бўлиб, энгди қандай қилиб бу ўринда Росулуллоҳ алайҳис салом илан айнан бу ўрида бирга бўмаслиги мумкин, демак, Каъбни қандайдир узрли сабаби бор деб ишонамиз дегандай қилди. Худдики, арабларнинг Ғоиб-III шахс ҳужжати ўзи билан биргадир, иборасига ўхшашдир.

Ибн Баттол Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини: «Ким бир биродарини чиройли одамгарчилигини билса, энди бошқа одамларнинг у ҳақидаги сўзларини эшитмасин», айтади.

Ибн Абдул Бар Истизкор китобида Саийд ибн Мусаййиб роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб: «Баъзи дўстларим саҳобийлардан эшитишгани менга ёзиб, биродаринг ишини, модомики аниқ бир ҳужжат бўлмагунча яхшисига йўйгин, деб, мактуб юборар эди», дейди. Шеър

Агар сенга дўстларинг томонидан тойилиш кузатилса,

Сен уни қилган ҳар томонлама хатосига узр изла.

Тасаввур қилинг бир дўстингизга бир неча марта қўнғироқ қилдингиз, жавоб йўқ. Яна бошқа куни қўнғироқ қиляпсиз, кўтармаяпти. Смс юборяпсиз жавоб йўқ. Шунда уни бирор узрли сабаби бордир деб, яхши гумон қилиб, ўзизни хотиржам қиласиз. Зеро Қурънда ҳам: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир[2]», марҳамат қилинган. Гоҳида бу келмаган инсон хато иш қилгандир. Гоҳида эса узрли бўлади. Шундай экан ундан узр қидириб, ёмон гумондан четда бўлиш керак.

Уйга кирасиз аёлингиз кир ювгану лекин сиз айтган баъзи ишларни қилмаган. Шунда шошилмасдан бирор узр бордир дейилса яхши бщлади.

Баъзи инсонлар фақат масалани ё воқеликни ёмон томонини кўришади. Натижада ўзларини ўзлари ғам ташвишга қўйишади. Тоҳир ибн Ҳусайн ўғлига васият қилиб: «шуни унутмагинки, яхши гумон билан ўзингда қувват ва ҳотиржамликни ҳис қиласан. Ундан ташқари инсонлар сенга муҳаббатли бўлишади», деган экан.

Бир чумоли Сулаймон алайҳис салом ва қўшинини кўриганда, улар чумолилар жамоасини қадамлари билан янчиб ташлашини сезди ва улардан билмасдан туриб узрли иш содир бўлишига кўзи етгач, қуйидагича сўзни: «Чумолилар водийсига келишганида битта чумоли шундай деди: «Эй чумолилар! Инларингга киринглар, Сулаймон ва унинг қўшинлари сезмай қолиб, сизларни эзиб синдирмасинлар»[3].

Агар Сулаймон алайҳис салом ва қўшини чумолиарни босса уларни янчиб ташлайдилар. Улар бу ишни атайин қилмайдилар. Балки, билмасдан бўлиши мумкин. Шунинг  азият бартараф этилди.

Ибн Асокир ўзларининг Тарих китобида Муҳаммад ибн Сириндан роҳимаҳуллоҳдан: «Агар биродаринг ҳақида бирор ёмон хабар эшитсанг, узр қидириб кўр. Узртополмасанг  узрли бўлса керак дегин», деган.

Абу Наийм Ҳилятул авлиё китобида Абу Қулоба Журмийдан: «Агар брор биродаринг ҳақида ёмон хабар етса, узри изла. Топа олмасанг биродаримни мен билмаган узри бўлса керак дегин», деди.

Имом Байҳақий Шуъбал ийман китобида Жаъфар Содиқдан: «Агар биродарингдан сенга ёқимсиз хабар етса, ундан биттадан етмуштагача узр изла. Топсанг хўп-хўп. Топа олмасанг мен билмаган узр бордир дегин», деган.

Баъзи хабарларда келишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума: «Бир киши Пайғамбар алайҳис салом олдига келиб: «Эй Аллоҳнинг росули мени бир ходимим бор у менга ёмонлик ва зулм қилади. Уни урайми? Деди. Пайғамбар алайҳис салом: «Уни бир кунда етмиш марта кечир», деди.», деб айтган[4]. Шеър

Шошма, бир биродарингни маломат қилишга шошилма,

Шоядки, уни узри бор сен билмассан.

Ҳар доим биродаринг учун узр сабаб қидириш яхши. Ҳадисда ҳам Пайғамбар алайҳис салом: «Ҳеч бир шахс Аллога узр сўрайдиганчалик маҳбуб эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбарларни башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди», деган[5].

Ёлғон тасаввурлардан, алдамчи гумонлардан эҳтиёт бўлинг. Пайғамбар алайҳис салом сўзини ёдда тутиш кера. Жумладан  зот: «Гумондан сақланинг. Чунки гумон энг ёлғон сўздир», деган[6].

Ифк воқеаси ҳам аслини олганда бизга ибрат. Ҳулятул авлиё китоида Робиъ ибн Сулаймон айтади: «Имом Шофеъий касал бўлиб қолди. Уни кўришга кирди ва: «Эй Аби Абдуллоҳ! Аллаҳ заифлигингизни кувватласин», дедим. Шунда у: «Эй Абу Муҳаммад! Агар Аллаҳ заифлигимни қувватласа ҳалок бўламану», деди. Мен: «Эй Абу Абдуллоҳ бу сўзим билан яхшиликни ният қилган эдим», дедим. У зот: «Агармени дуоибад қилсанг ҳам, биламан сен фақат яхшилини ирода қиласан», деди.

Умар розияллоҳу анҳудан: «Биродарингдан чиққан сўздан ёмонлик деб ўйлама. Агар яхшиликка бурсанг кўплаб яхшиликни топасан», деди.

Пайғамбар алайҳис салом саҳобларга яхши гумон қилишни таълим берди. Абу Ҳурайра розияллоҳа анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Пайғамбар алайҳҳис салом олдига келиб: «Эй Аллоҳнинг росули! Менга қора ўғил туғилди деб айтишди. (Яъни мен хотинимдан шубҳадаман демоқчи). Пайғамбар алайҳис салом: «Туянг борми?», деди. У: «ҳа», деди. У зот алайҳис салом: «унинг ранглари қандай?», деди. У: «қизил», деди. У зот  алайҳис салом: «Кулранги ҳам борми?», деди. У: «Ҳа», деди. У зот алайҳис салом: «Шоядки, ўғлинг ҳам қонга тортгандир», деди (Яъни ранг олгандир)».деди.

Ҳаётнинг ёрқин томонида бўлиш керак. Зеро, далолатлар ва белгиларнинг ўзи сизга ҳар қандай ҳолат ҳақида хабар беради. Шунингдек, Оптимистик муносабатни шакллантиртирилса, инсон соғлиғи ва жамиятдаги ўзаро муносабатга ҳам яхши. Ижтимоий тармқларда ҳам фақат негатив хабарни эмас, оз бўлсада қилинаётган яхши ишларни ёртитиб борилса, инсонларинг кафияти ҳам яхшиланади. 

Ангрен шаҳри «Қорабошбой» масжиди

имом ноиби Мадаипов Аҳрорбек

 

[1] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. Дор ибн Касир. Лубнон. Байрут.  2018й.Ж.2 Б.304 .4418 ҳадис

Имом Муслим. Саҳиҳ Муслим  Дорул-кутуб ал-илмия. Байрут Лубнон. Б. 2405. 2769 ҳадис.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръни карим . маънолри таржимаси. Тошкент, 2013. Б. 398. Ҳужурот сураси 12

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръни карим . маънолри таржимаси. Тошкент, 2013. Б. 398. Намл сураси 17-18

[4] Имом Аҳмад  Муснад. Байрут.  1970. Ж.2. Б 90

Абу Довуд. Сунан.Мактабатул-маъриф. Миср 2012. Ҳадис.5164.

Имом Термизий. Саҳиҳ. Миср матбааси. 2017 й. , Б. 789 ҳадис  1949

[5] Саҳиҳул Бухорий 6846.

Саҳиҳул Муслим 1499.

[6] Бухорий. 5143

Муслим 2563

 

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор

Жонингга юз роҳат беради такрор

Абдураҳмон Жомий 

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам, Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир:

"Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ,1).

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: "Сулаймон ибн Довуд(а.с.)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик. ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди". Зеро, илм ақл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а)нинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрат Али (к.в.) шундай деганлар: "Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади".

Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон- қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш  учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, "Ўтган кунлар" романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.

Хўш, биз инсонлар маънавий озуқани қаердан оламиз? Албатта, "билимлар манбаи" бўлмиш китобдан. Китоб - бебаҳо бойлик экани барчамизга маълум. Бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. "Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман", деган эди ўз давридаги алломалардан бири.

Дарҳақиқат, китоб бизнинг дўстимиз ҳисобланади. Лекин афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига "Интернет кафе"ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота- боболаримиз "Бобурнома", "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" сингари бебаҳо асарларни ўқиб, улғайишган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда, бу замонавий ахборот воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмаслигини унутмаслик лозим. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб боряпти. Унутмайликки, китоб бизнинг энг яхши дўстимиздир. Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, шунча тушунчамиз кенгаяди. Афсуски, кўп ёшлар интернетни китобдан устун қўймоқда. Бу эса уларни дангасаликка гирифтор қилмоқда. Китоб - бу офтоб, у билимлар сарчашмасидир. Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинт аччиқ мевасидир. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қддриятлар руҳда тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

Китоб - инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, бугунги кунда китобга, китоб ўқишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида тобора камайиб бормоқда. Бу эса жуда ачинарлидир. Қанчадан-қанча китоблар, китоб жовонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?

Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини бекорчи кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб кўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу - ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий хазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз максадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш хар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўҳлик эса ўзбек миллатииинг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йирок. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бирок, гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшок кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида "енгил ҳаёт" ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда китобни ўқиш унутилмоқда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш - китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кура яхширок дўст ва маслакдош йўқ.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб - тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб - инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шундай йўл тутайликки, токи фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совғага айлансин. Шундагина фардандларимиз биз орзу қилгандай, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичик меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

Одилжон  НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом  Султон” жоме масжиди имом хатиби.


 

 

Страница 76 из 1850
Top