muslim.uz

muslim.uz

Энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳлининг йўли билан танишув”) номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. 

Китоб — инсониятнинг яқин дўсти, маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз ва мўътабар ҳисоблайди. Айниқса, Ислом таълимоти, хусусан, тасаввуф ҳақидаги китобларга бугун талаб ҳар қачонгидан ошган. Чунки халқимиз руҳий тарбияга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу маънода Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Зокиржон Ҳидоятов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек Раупов масъул муҳаррирлигида нашр этилган “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби ўқувчилар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарини ёзишдан олдин тасаввуф аҳлининг китобларини ўқиб, улар билан яшаб, кейин асар таълифига киришган. Аллома тасаввуфга ёт ғоялар киришининг олдини олиш ва тасаввуф аҳлининг соф таълимотини оммага тақдим қилиш мақсадида ушбу китобни ёзган. Шу боис ушбу асарни ўқиган олимлар: «Агар “Таъарруф” китоби бўлмаганида, биз тасаввуфни билмаган бўлар эдик», деб асарга юксак баҳо беришган.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно инсон камолот сари интилади.

 “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби барча муштарийларга манзур бўлади, деган умиддамиз. Аллоҳ таоло ушбу асарни барча мўмин-мусулмонларга манфаатли қилсин.

 

Жасур домла Раупов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Зикриё домла Бобораҳимов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси

Кеча, 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ислом маърифати ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Бобохоновлар сулоласи меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш” мавзусида илмий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиласи, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Мухлиса Зиёвуддин қизи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Диний идора ходимлари иштирок этди.

Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Маърифий учрашув аввалида Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилганлари ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг Мухлиса Зиёвуддин қизи Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари, диний идора асосчилари, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврда минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлиб, бу муҳим ва масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлари, Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар тақибга учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлари ҳақида гапириб берди.

Тадбир давомида Муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан бири Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий маъҳадининг очилиши, бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрлагани, мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида таниқли дин арбобларининг борлиги, Муфтий Бобохоновлар халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берганлари, бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатганлари, Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайгани таъкидланди.

Маънавий-маърифий тадбир давомида кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмагида Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳақида ҳужжатли фильм, кўрсатув, китоб, оммабоп рисола ва туркум мақолалар чоп этилиб, уларнинг динимиз, юртимиз равнақи йўлида қилган ишларини кенг оммаган тарғиб қилинаётгани, бу эса у зотларнинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром ва уларнинг хайрли амаллари доим эл ёдида эканлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида Иброҳимжон домла Иномов муҳтарам меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғаларини топширди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 13 Сентябрь 2022 00:00

Кишиларни кофирга чиқариш масаласи

Яқин Шарқда “жиҳод”“халифалик” номи остида бўлиб ўтган ва давом этаётган воқеликка назар ташланса, мусулмон фарзандлари мусулмон оға-иниларини куфрда айблаб қатл қилмоқдалар, аёлларни эса асир олиб қул бозор ташкил этиб сотиб юбормоқдалар. Бу каби ишлар “куфр” тамғаси остида амалга оширилмоқда. Қуйида ана шу жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, биз энди баён қиладиган маълумотлар Ислом оламида етук уламоларнинг ишончли далилларга асосланган сўзларидир. Ҳадиси шарифларда баъзи бир ишларни қилган кишилар кофир бўлиши ҳақида айтилган.

عَنْ أَبِى ذَرٍّ سَمِعَ النَّبِيَّ صّلَّى اللهُ عَلّيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: “مَنْ ادَّعَى لِغَيْرِ أَبِيْهِ وَهُوَ يَعْلَم فَقَدْ كَفَرَ وَمَنْ ادَّعَى قَوْمًا لَيْسَ هُوَ مِنْهُم فَلْيَتَبَوَّأ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ وَمَنْ دَعَا رَجُلاً بِالْكُفْرِ أَوْ قَالَ عَدُوَّ اللهِ وَلَيْسَ كَذَلِكَ إِلَّا حَارَتْ عَلَيْهِ”.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким билатуриб ўз отасидан бошқани “отам” деб даъво қилса, кофир бўлади. Ким ўзи улардан бўлмаган қавмданман, деб даъво қилса, дўзахдаги жойига тайёрланайверсин. Ким бировни куфрда айбласа ёки “Аллоҳнинг душмани” деса ва у ундай бўлмаса айтгани ўзига қайтади” деганларини эшитган.

Араб тилида “куфр” сўзи эъроби (ҳарака-ти)нинг турлича бўлишига кўра бир неча маънода қўлланилади. Шулардан “неъматга нонкўрлик”, “ундан тониш”, “беркитиш” ва “ўраш” маъноларида қўлланилади.

Уламоларимиз шу маънода келган кўплаб ҳадислардаги “куфр”ни “имоннинг зидди бўлган куфр” эмас, балки “неъматга нонкўр-лик, ундан тониш, беркитиш” маъносида эканини айтиб ўтганлар. Зеро, аҳли қиблани гуноҳи сабабли куфрда айбланмайди.

Холид ибн Абдуллоҳ Муҳаммад Муслиҳнинг “Шарҳ ламъату-л-эътиқод” китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади:

قال أنس: قال النبي صلى الله عليه وسلم: “ثَلاَثٌ مِنْ أَصْلِ الْإِيْمَان: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ: لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله، وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ، وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلاَمِ بِعَمَل”

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидан: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимсадан тийилмоқ, кишини гуноҳ сабабли куфрда айбламаймиз ва амали сабабли Исломдан чиқармаймиз”.

“Жомиъ латоиф ат-тафсир” китобида Ибн Умардан қуйидаги ривоят келтирилади:

عن ابن عمر قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : “كُفُّوا عَنْ أَهْلِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله لاَ تُكَفِّرُوهُم بِذَنْبٍ فَمَنْ أَكْفَرَ أَهْلَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله فَهُوَ إِلىَ الْكُفْرِ أَقْرَبُ”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимсалардан тийилинглар. Уларни гуноҳ сабабли куфрда айбламанглар. Кимки “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимсаларни куфрда айбласа, бас, у кимса куфрга яқинроқдир”.

Куфр – икки хил бўлади. Бири ҳақиқий ва яна бири мажозий маънода. Агар киши, Аллоҳ таолони очиқ ошкора инкор этмаса ёки ҳалолни ҳаром ёхуд ҳаромни ҳалол деб қасддан айтмаса, у куфрда айбланмайди.

Машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм (ҳижрий 926-970) айтади: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлсаю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”.

Аммо динда ҳаддидан ошиб, ғулувга кетганлар бу масалада юқоридаги сўзнинг аксини қўллашмоқда. Уламолар томонидан Бағдодийга ёзилган “Очиқ хат”да шундай жумлалар мавжуд: “Интернетда тарқатилган лавҳаларнинг бирида “ИШИД”нинг Шокир Вуҳайб деган вакили тинч аҳолидан икки нафар қуролсиз кишини тўхтатади. Улар мусулмон эканлигини айтишади. Сўнг у баъзи намозларнинг неча ракаат эканлигини сўрайди. Бояги кишилар жавобда хато қилишганда, уларни ўлдиради. Бу мутлақо ҳаром иш ва жиноятдир”.

Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига зиддир.

Бундан улар ҳаттоки кимни, нима сабабдан куфрда айблаш мумкин эканини ҳам билмайдиган жоҳил кимсалар экани аён бўлмоқда.

2005-йил 6-июлда қабул қилинган “Ислом ҳақиқати ва унинг замонавий жамиятда тутган ўрни ҳақидаги Уммон Декларация-си”да бундай дейилади:

“Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаби: …ҳанафий, моликий, шофиъий, ҳанбалий мазҳабларига эргашувчи ҳар бир шахс мусулмондир. Уни кофир дейиш, жонига қасд қилиш, шаъни ва мол-мулкига тажовуз қилиш мумкин эмас…”.

Юқорида келтирилган фикрлар асосида айтиш мумкинки, ҳеч кимга бошқа бир кишини “кофир”ликда айблаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки инсон қалбида кечаётган ҳис-туйғуларни Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Яқин Шарқда пайдо бўлган фитначилар жамоаси “Ҳозир барча ислом диёрларида амал қилаётган қонунлар шайтоннинг ҳукмларидир”, дея даъво қилишмоқда.

Улар фақат ўзлари турган жойнигина “дору-л-имон” ва “дору-л-ҳижрат”, деб атаб, бошқа жойларни эса “куфр ва муртадлик диёри”, деб нисбат беришмоқда.

Мазҳабимизда мўтабар саналган “Радду-л-мухтор” китобида шундай дейилади: “Ислом диёри фақат қуйидаги учта шарт жамланганда-гина куфр диёрига айланади:

Биринчидан: Ширк аҳлининг ҳукмлари юритилиши билан, яъни мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади;

Иккинчидан: Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашса;

Учинчидан: Мамлакатда бирорта ҳам хавфсиз мусулмон қолмаса”.

Мазкур уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр диёрига айланади. Агар улардан бири ёки иккитаси топилиб, қолганлари топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади”.

Замонамиз олимларидан Абдулқодир Авда айтади: “Дору-л-ислом – ислом арконлари амалда бўлган ёки унда яшовчи мусулмонлар ислом арконларини бажаришларига монелик бўлмаган ҳудуддир”.

Имом Алоуддин Косоний: “Куфр диёрида намоз ўқиш, рўза тутиш каби ислом аҳкомларига амал қилиниши билан у ислом диёрига айланади”, деб таъкидланган.

Ислом оламида машҳур бўлган уламо Муҳаммад Абу Заҳро бундай дейди: “Баъзи кишилар каби шариат аҳкомлари жорий қилинмаганини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳудуд “дору-л-ислом”, бошқаси “дору-л-куфр” деб айта олмаймиз. Ҳозир Мағрибдан то Машриққача жойлашган давлатларда шариат аҳкомлари татбиқ қилинмаса ҳам, барчаси “дору-л-ислом” ҳукмидадир. Чунки у жойларда яшаётган мусулмонлар омонликда ҳаёт кечиришяпти ва уларнинг динига ҳеч қандай хавф йўқдир”.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Мусулмон кишини, бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз”, деганлар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган бир одамни ўлдириб қўяди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деса ҳам ўлдирдингми?” деб сўрайдилар. Усома: “У қўрққанидан, хавфсираб айтди”, дейди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?” деб, қаттиқ танбеҳ берадилар.

Юсуф Қарзовий: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга ҳамма мусулмонларга қилинадиган муомала қили-ниши керак” деган.

 

MUHADDIS.UZ

43 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазийнаси. – Т.: Шарқ, 2006.

44 Имом Исмоил ибн Ҳаммод ал-Жавҳарий. Мўжаму-с-сиҳоҳ. – Байрут. Дору-л-маърифа, 2007.

45 Абу Довуд ривояти.

46 Табароний ривояти. Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Абдулҳамид Қумаш. Жомиъ латоиф ат-тафсир. Ж. 1. – Б. 155.

47 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Очиқ хат. – Т.: Ҳилол нашр, 2015.

48 Алоуддин Косоний. Бадоеу-с-санои. Ж. 7. – Байрут. Дору-л-кутуб, 1982. – Б. 130.

Top