muslim.uz
Бахт-саодат калити
Абон ибн Абу Айёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар» (Имом Дайламий ривояти). Биз-чи? Касбимизни пок қиляпмизми? Афсуски, қандай қилиб бўлсаям тўрт-беш сўм топиш илинжида бўламиз. Унинг иймонимизга, саломатлигимизга зарари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Шунинг учун ишларимиз юришмайди, топган-тутганимизда барака йўқ.
Бундан беш-олти йил олдин бир одам масжидга келиб: “Домла, негадир ишларим ҳеч юришмайди, ҳаловатим йўқ, бир дуо қилинг”, деди. Жамоат билан дуо қилдик. Сўнг зикр, истиғфор айтиб юришни маслаҳат бердик. Кўп ўтмай ҳалиги киши яна келди. “Шерикларимнинг-ку, омади чопиб кетди, меники эса ўша-ўша: қора қозон аранг қайнаяпти”, деб нолиди. “Ўзи нима иш қиласиз”, деб сўрадик. “Бозорда даллолчилик қиламан”, деди. Гап орасида тирикчилик важидан ёлғон ишлатишини, бу эса касбининг талаби эканини тушунтирди. Ҳаммаси ойдинлашди. “Қўйинг, бундай қилманг, ака, ҳалол иш билан шуғулланинг”, деб маслаҳат бердик.
Энди билдингизми, нима учун бу одамнинг иши юришмаган, омади чопмаган? Боиси луқмани ҳаром йўл билан топган. Уни бола-чақасига едирган. Зеро, ҳаром нарса оиладан ҳам баракани кетказади, дуоларнинг қабул бўлишига тўсқинлик қилади. Баъзан бундай кимсаларнинг иши юришиб тургани билан гуноҳи, зиён-заҳмати бир кун келиб юзага чиқади.
Аллоҳ таоло Бақара сураси, 172-оятида бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» Мўмин киши ҳамиша ҳалол меҳнат билан ризқ топиши, уни тановул қилганида Аллоҳга шукр қилиши лозим. Бундай инсон бу дунёда ҳам, охиратда бахт-саодат топади.
Дарвоқе, бир одамни биламан. Масжидимизга келиб, бир чеккада хокисоргина ўтиради ва намоздан сўнг узоқ дуо қилади. Бир куни шу одам: “Бугун ўғлимнинг имтиҳони бор, бир дуо қилинг”, деди ийманибгина. Маҳалланинг оқсоқоллари билан биргалашиб дуо қилдик. Ҳалиги киши хурсанд бўлиб кетди. Бироз вақт ўтиб яна шу киши: “Сизларга минг раҳмат, домла, дуоларингиз ижобат бўлиб ўғлим ўқишга кирди”, деб қувонди. “Машааллоҳ, ажойиб бўпти, илми янаям зиёда бўлсин, бирор касбнинг бошини тутиб, юртимизга хизмат қилсин”, дедик. Сўнг бироз гурунглашиб қолдик...
У олис қишлоқдан келиб, мардикорлик қиларкан. Эрталабдан кечгача ҳалол меҳнат қилиб, оиласини моддий жиҳатдан таъминлар, ўсиб-улғайиб келаётган болаларини қўшимча фанларга ўқитаркан. Ўзганинг ҳақига ҳеч хиёнат қилмабди. Ҳар замон оиласи даврасида фарзандларига ҳалол меҳнатнинг нони ширинлиги, бировнинг молига кўз олайтириш яхши эмаслиги, ҳар доим қаерда бўлсангиз ҳам Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиш кераклиги хусусида насиҳатлар беради.
Яқинда тўнғич ўғли Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига бюджет асосида ўқишга кирди. Худо хоҳласа, қолган учовиниям ўқитаман, дейди. Хуллас, маза қилиб гурунглашдик. Биласизми, шу одам фарзандларининг кетма-кет ўқишга кирганини, катталари эса, таълимнинг кейинги босқичига ўтганини айтиб, болаларча қувониб келади. Биз эса, у кишининг эзгуликка лиммо-лим суҳбатларидан тўймаймиз, қўшилиб хурсанд бўламиз ва дуолар қиламиз. Хуллас, биз унинг гурунгини маза қилиб эшитишга одатландик. Нега? Ҳалоллик, поклик кишининг бахтига сабаб бўлишини шу киши мисолида кўрдик. Бундай одамлар орамизда кўп.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг яна бирида: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳа, ҳалол меҳнат кишини улуғлайди. Нонини ширин, баракали қилади. Пайғамбарлар зарур касб-кор билан шуғулланиб, бизга ибрат бўлганлар. Шунинг учун фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатишимиз, меҳнат – бахт калити эканлигини англатишимиз лозим. Шундагина улар тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшайди, дунё ва охират саодатига мушарраф бўлади.
Абдураҳмон АСҚАРОВ,
Чилонзор туманидаги “Катта Қозиработ” жоме масжиди имом-хатиби.
Тошкентда Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади
2024 йилнинг 15 апрель куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Кенгашга аъзо давлатлар – Баҳрайн, Қатар, Қувайт, БAA, Уммон, Саудия Aрабистони давлатлари делегациялари иштирок этиши кутилмоқда.
Учрашувда 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг биринчи саммити доирасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш кўриб чиқилади..
Шунингдек, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги Саммитга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилади.
Тадбир якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олти кунлик рўза бор
Йўлда давом этамиз, ибодатларнинг бири тугаб, кейингиси келмоқда. Навбатда бизни Шавволнинг 6 куни кутиб турибди. Ҳар бир нарсани ўз ўрни бўлгани учун, айни вақтда барчамизга фойдали ҳисобланган бир йилга тенг ибодат ҳақида маълумот беришни маъқул топдик.183-CАВОЛ: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат. ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَأَتْبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدّهْرِ” (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
﴿ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾
(سورة الأنعام / الآية 160)
яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)…” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
ҲАЁТБАХШ ЎГИТЛАР
Оиз Қаранийнинг “Маҳзун бўлма” номли китобида қуйидаги тавсиялар келтирилган:
1. Иймон билан яхши ишлар пок ҳаёт сиридир. Бу икковини қўлга киритиш учун ҳаракат қилинг.
2. Илм-маърифат талабида бўлиб, ҳамиша китоб ўқишни йўлга қўйинг. Чунки китоб мутолааси ғам-ташвишни кетказади.
3. Одамларга яхшиликнинг ҳамма турини раво кўринг, эзгулик улашишда бардавом бўлинг. Шунда кўнглингиз шод бўлади.
4. Шижоатли бўлинг, журъатсизлик, қўрқоқликни тарк этинг. Ғайратли бўлиш қалбга роҳат бағишлайди.
5. Қалбингизни ҳасад, гина-кудурат, ахлоқсизлик, ғирромлик каби иллатлардан покланг.
6. Назар солиш, гапириш, эшитиш, одамларга аралашиш, ейиш-ичишда меъёр бузилишига йўл қўйманг.
7. Самарали ишлар билан банд бўлинг. Шунда хафаликни унутасиз.
8. Бугунги кун ҳудудида яшанг, ўтиб кетган ёки энди келадиган кунларни унутинг.
9. Кўриниши, ризқи, саломатлиги, бойлиги, илми ўзингиздан пастдагиларга қаранг, улардан ибрат олинг.
10. Эътиборингизни қўрқинчли хаёлларга, ёмон фикрларга қаратманг, уларга боғланиб қолманг.
11. Ғазаб қилманг, сабрли бўлинг, ғазабингизни ичингизга ютинг, ҳалим, бағрикенг бўлинг. Чунки инсон умри жуда қисқа.
12. Неъматлар кетишидан, бало-офатлар келишидан асло чўчиманг, балки Аллоҳга таваккал қилинг.
13. Ҳаётингизни соддалаштиринг, дабдабали яшашдан четланинг. Чунки дабдабали ҳаёт руҳ учун азобдир.
14. Сиз ҳақингизда айтилган ёмон сўзлар ҳеч қачон сизга зарар бермайди, балки ўша сўзни айтган кишига зиён етади.
15. Бирон кишидан раҳмат кутманг, яхшиликни Аллоҳ розилиги учун қилинг.
16. Фойдали режалар тузинг, ғамингизни унутиш учун ўша режа билан машғул бўлиб, фикр юритинг.
17. Ҳар қандай ишни ўша заҳоти битиришни ўрганинг, бугунги ишни эртага қўйманг.
18. Ўзингизга муносиб фойдали амални ўрганинг, ўзингиз роҳат оладиган ишни бажаринг.
19. Бировнинг хатосига, миш-мишларга, турли гап-сўзларга эътибор бераверманг.
20. Пиёда юринг, спорт билан шуғулланинг, соғлиғингизга аҳамият беринг, чунки соғ танда соғлом ақл бўлади.
21. Танқидлардан саросимага тушманг, бардам бўлинг. Шуни билинг: танқидлар қийматингизни ўлчайдиган мезондир.
22. Ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлади. Шуни асло ёддан чиқарманг.
23. Ёмон тасодифлар рўй бериб қолишига шай туринг. Балки сизда содир бўлаётган нарсалар яхшилик бўлиб чиқар.
24. Мусибатлар кўзга малҳам, қалбга қувватдир.
25. Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бор.
26. Жиддий, самара берадиган ишларни ўзингизга вазифа қилиб олинг, бекорчиликдан четланинг.
27. Қасос олишга бўлган уринишингиз, бировларга нисбатан адоватингиз хусуматчингиз бир четда қолиб, фақат ўзингизга зарар келтиради.
28. Сизга етадиган барча мусибатлар сабаб гуноҳларингиз кечирилади.
"Бахтли ҳаёт сари" китобидан.