muslim.uz

muslim.uz

Тошкент шаҳрининг туманларидан бири Шайхонтоҳур деб аталади. Жуда қадим тарихга эга бу манзилнинг номи ҳам ўзига яраша қадимий ва улуғдир. Хўш, халқ тилида Шайхонтоҳур, аслида Шайх Хованд Тоҳур исм-шарифли зот ким бўлган?

Тарихий манбаларда зикр этилишича, Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намояндаларидан бири бўлган. Бу зотнинг оталари асли Бўстонлиқ туманидаги Боғистон қишлоғидан бўлиб, ўз давридаги машҳур мутасаввиф Шайх Умар Боғистонийдир. Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг илк сабоқларини ўз падари бузрукворларидан олган.

Манбаларга кўра, Шайх Умар Боғистонийнинг насабномасига қараганда, ўн олти ота-бобо билан пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кейин халифалик маснадига ўтирган чаҳорёрларнинг иккинчиси - Ҳазрат Умар ибн Ҳаттобга бориб туташаркан.

Шайх Хованд Тоҳур 1355 йилда вафот этиб, ҳозирги Шайхонтоҳур мақбараси қад кўтарган жойга дафн этилган. Шайх дафн этилган мозор зиёратгоҳга айланган.

XV асрнинг иккинчи ярмида Хожа Аҳрор Валий Шайх Хованд Тоҳур қабрлари устига мақбара қурдиради. Маълумот учун, Хожа Аҳрор Валийнинг оналари Хожа Довуднинг қизлари бўлган. Хожа Довуд эса Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғиллари эди. Аммо мазкур мақбара замонлар ўтиши билан нураб, бизгача етиб келмаган. Ҳозирги мақбара эса эски мақбаранинг тарихи ва лойиҳаси асосида XIX асрда қайтадан қуриб тикланган. Бу табаррук гўша бугунги кунда обод мажмуага айлантирилган.

 

kun.uz

Дунёдаги меҳмонхона бизнеси пешқадамларидан – Rezidor Hotel Group компаниясининг маълумотларига кўра, яқин 10 йилда “Ҳалол” туризм ҳажми йилига 20 фоиздан ошиб боради.

Кейинги вақтда “Ҳалол” туризм, стандартлар ва хизматлар ҳақида жуда кўп фикрлар айтилиб, тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шундай экан, мусулмон давлатлари вакиллари учун меҳмонхоналар қандай жиҳозланиши, хизматлар сифатини ошириш учун нималар қилиш кераклиги кўпчилик учун қизиқ.

ЎзА бу борада эксперт, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги консультанти Жаҳонгир Имомназаровнинг фикрлари билан қизиқди:

Бир қатор туристик портал вакиллари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот кўра, 2030 йилга бориб, 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган дунё ёшларининг учдан бири мусулмонлардан иборат бўлади, – дейди Ж.Имомназаров. – Бунга сабаб бор. Мисол учун, 2016 йилда турли мамлакатларга сайёҳат қилган 121 миллион мусулмоннинг 80 миллиони ёшлар бўлган. Ҳозирда бу ёшдагилар йилига 2-5 марта, ўртача 4-6 кунлик сайёҳатларга чиқмоқда. 2025 йилга келиб ёш мусулмонлар дунё бўйлаб сайёҳатлар учун йилига 100 миллиард доллардан кўпроқ миқдорда пул сарфлаши тахмин қилинмоқда.

Қайд этиш жоизки, “Ҳалол” туризмнинг ривожланиши, ўз навбатида, ушбу сектор билан боғлиқ бошқа соҳаларни ҳам ривожланишига тўртки беради. Масалан, транспорт соҳасида: мусулмон сайёҳлар учун учиш давомида спиртли ичимликлар таклиф қилинмайдиган, фақат “Ҳалол” таомлар бериладиган, намоз вақтлари эълон килиб бориладиган, диний мавзудаги кўрсатувлар намойиш қилинадиган авиарейслар аллақачон йўлга қўйилган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, охирги бир йил ичида мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантириш йўлида жиддий қадамлар қўйилди: Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил, ва Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф тартиби жорий этилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси янги давлат стандартини ишлаб чиқди. Унга кўра, ҳар бир меҳмонхона умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони Карим, ибодат қилиш учун жойнамоз, ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт.

Албатта, амалга оширилган ишлар мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиши аниқ. Лекин, бу борада қилинадиган ишлар анча. Масалан, яшаш ва авиапарвозлар тарифларининг юқорилиги, транспорт тизимининг етарли даражада ривожланмагани, сайёҳлар учун қулай ахборот муҳитининг мавжуд эмаслиги (навигация ва инфомарказлар), малакали кадрларнинг етишмаслиги каби муаммолар тармоқ учун умумий бўлса, таҳоратхона ва намозхоналарнинг, “Ҳалол” сертификатига эга бўлган ошхоналарнинг, шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг, меҳмонхоналарнинг йўқлиги фақат зиёрат туризмига алоқадор.

Ҳар қандай меҳмонхона ҳам мусулмонларга тўғри келиши мумкин. Хонада жойнамоз ва қибла тарафни кўрсатувчи кўрсатгич бўлса етарли. Лекин, мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиш учун булар камлик қилади. Меҳмонхонада ислом динида ҳаром қилинган егулик ва ичимликлар умуман бўлмаслиги, махсус таҳоратхона ва намозхоналар ташкил қилиниши, хоналарда Қуръон, жойнамоз ва тасбеҳлар бўлиши, рамазон ойида рўзадорлар учун саҳарлик ва ифторликлар ташкил қилиниши уларнинг эътиборини тортиши аниқ.

Шу ўринда МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб “Ҳалол” туризм доирасида маҳсус стандарт ишлаб чиққан ва 2007 йил амалда жорий қилган Қозоғистоннинг тажрибаси эътиборга молик. Қозоғистонда “Ҳалол” сертификатига эга ўнга яқин меҳмонхона фаолият юритмоқда. Бу меҳмонхоналарнинг аксарияти 5 юлдузли бўлиб, шулардан бир нечтаси дунёга машҳур меҳмонхоналар тизимига киради.

Умуман олганда, дунёнинг машҳур меҳмонхоналари ўзлари бизнес юритаётган соҳани доимий равишда синчковлик билан кузатиб боришади ва ҳар қандай янги талабни эътиборга олади. InterContinental, Marriott, Ramada, Movenpick, CrownPlaza каби машҳур меҳмонхоналар тизимининг мусулмонлар учун муқаддас бўлган Мадинаи Мунаварра ва Маккаи Мукаррамма шаҳарларида ҳам “ҲАЛОЛ” сертификатига эга бўлган меҳмонхоналари борлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилда Қозоғистондан уч минг зиёратчи ҳаж амалларини адо этади. Бу ҳақда “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги хабар берди.

Саудия Арабистони Қозоғистон учун уч минг кишилик квота белгилаган. Қозоғистонликлар зиёратчиларни 18 компания Ҳажга олиб бориш билан шуғулланади.

Ҳажга бориш истагини билдирганлар орасида 16 ёшдан 89 ёшгача бўлган кишилар борлиги маълум қилинган. Вояга етмаганлар ота-оталари ҳамроҳлигида боради.

Қозоғистон мусулмонлари идораси ҳаж бўлими ходими Нурқанот Байзаковнинг айтишича, ҳозирга кунда 1,5 минг кишининг визаси тайёр бўлган. Зиёратчилар учун ягона кийим тикилган ва уларнинг логотиплари ҳар хил бўлиши мумкин.

Бу йил ҳаж сафарига бориш учун бир киши 4,4-5 минг АҚШ доллари тўлаган. Авиарейслар Олмота, Остона, Оқтов ва Чимкент шаҳарларидан амалга оширилади.

Қозоғистонликларнинг биринчи гуруҳи 8-9 август кунлари учиб кетса, улар 1 сентябрга қадар Қозоғистонга қайтадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 03 Август 2018 00:00

Китобхон миллатмиз

Ҳаётда шундай дўст борки, у Амир Темур таъбири билан айтганда: “Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Ана шу садоқатли, ишончли ҳамроҳ – Китобдир.
Бугунги ахборот асрининг илғор технологияларисиз кунларимизни тасаввур қила олмасак-да, тенгдошларимиз орасида китобга ошно бўлган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳолдир. Кўча-кўйда, транспортларда қўлларида китоб тутган инсонларни кўриб қувонамиз.

Афсуски, баъзи ёшлар қимматли вақтини беҳуда ишларга, хусусан, ҳаддан ташқари кўп компьютер ва қўл телефони ўйинларини ўйнаш, мазмунсиз фильмларни кўришга сарфлашлари тўғри эмас. Бунинг ўрнига ўқишдан ташқари ўтадиган вақтини самарали ишлар учун режалаштириши мақсадга мувофиқдир. Айниқса, куннинг маълум қисмларини фойдали китоб мутолааси учун ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки “ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш” янглиғ ўқиган китоби йиллар ўтса-да, ҳаётда албатта асқатади.

Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради.

Динимизда илмли бўлишга чорланади. Буни биз «илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маъноларда келганидан ҳам кўришимиз мумкин. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Шунингдек, нодир манбаларда илм энг кўп ёритилган масалалардан саналади. Маърифат эгаллашнинг энг муҳим шарти эса китоб ўқиш билан бўлиши барчамизга маълум. Бу борада Мужодала сурасининг 11-оятида: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, дея марҳамат қилинади.

Улуғларимиздан бири: “Китобни муқовасига қараб оладилар, ичига қараб баҳо берадилар”, деган эканлар. Дарҳақиқат, китобнинг асл маъноси уни ўқиганда аён бўлади.

Халқимиз азалдан китобни азиз санаган, кечалари китобхонлик давралари уюштирилган, оила аъзолари йиғилиб китоблар ўқилган. Асарлар ҳақида мулоҳазалар билдирилган. Шундай оиладаги фарзандлар ҳам китобга меҳрли бўлиб вояга етганлар. Биз ана шундай аждодларнинг авлодларимиз, қалбимиздан, онгимиздан китоб ўқишни севувчи миллатмиз. Буни ҳамиша унутмаслигимиз лозим.
Бугун ҳам қайси хонадонга кирманг, уйнинг тўрида, жавонини безаб турган китобларга кўзингиз тушади, оила катталарининг ёшларни китоб ўқишга чорловчи сўзлари улғайиб келаётган болалар онгига сингади, китобга бўлган меҳри ортади. Аждодларимиздан қолган бебаҳо фазилатимиз – китобсеварлигимизни бой бермайлик, келажак авлодларга ҳам бус-бутунлигича етказайлик.

Ҳаётимиз китоб билан сермазмун ўтади, яхши китоб бизга тўғри йўл кўрсатади. Мутолаа бизни нафақат илмли қилади, балки биз ҳеч қачон ҳис этмаган завқни ҳам бахш этади ва албатта ажру савобларга ноил этади.

И.Отажонов,
Ҳазорасп туман “Султон хубби” масжиди имом-хатиби

Август ойида Дубайда Ийд ал Адҳа муносабати билан жаҳонга машҳур брендларнинг маҳсулотлари учун мисли кўрилмаган – 75 фоизгача бўлган чегирма жорий қилинади.

Islam.ru сайтига таяниб Azon интернет нашрининг хабар беришича, мазкур чегирма 5 кун – 15 августдан 19 августга қадар давом этади.

Concept Big Brands Festival номини олган чегирма мунтазам равишда Дубайдаги Халқаро савдо марказида ўтказиб келинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top