muslim.uz
Тожикистонлик зиёратчилардан биометрик маълумотлар Душанбенинг ўзида олинади
Тожикистон дин ишлари, миллий қадриятлар, базмлар ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўмитаси берган хабарга кўра жорий йилда Ҳаж сафарига отланган тожикистонликлар мамлакатнинг ўзида дактилоскопик жараёндан ўтказилади.
Зиёратчиларнинг бармоқ изларидан намуналар олиш жараёни бундан аввалги йилларда Саудия Арабистони аэропортида ўтказилган. Ушбу жараёнга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарор Саудия Арабистони ташқи ишлар идораси таклифи билан қабул қилинган.
Маълумот учун, 2018 йилги Ҳаж мавсумида тожикистонлик зиёратчилар 6 августдан бошлаб Саудия Арабистонига йўл оладилар. Жами 6 мингдан ортиқ тожикистонлик фуқаролар Макка ва Мадина шаҳарларига боришлари қайд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вакилларимиз хабар қилади: Муборак сафар олдидан зиёрат
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ҳамкорлигида 24 июль куни Қашқадарёдан муборак ҳажга кетаётган зиёратчиларнинг 150 нафари сафар олдидан Бухорои шариф шаҳрига зиёратга боришди.
Зиёратчилар кеча эрта тонгда Қарши шаҳридаги “Хўжаи Жарроҳ” мажмуасида йиғилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бепул ташкил этган махсус автобусларда Бухоро шаҳрига йўл олдилар. Зиёратчиларга ҳажга гуруҳ раҳбари бўлиб кетаётган элликбошиларидан уч нафари ҳамда вилоят ҳокимлиги ва ОАВ вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Зиёратчилар Бухородаги “Мир Кулол” зиёратгоҳи, “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуаси, “Абу Ҳафс Кабир” ва “Чор Бакр” мажмуаларини зиёрат қилиб, бу хайрли тадбирларни ташкил этган мутасаддиларга миннатдорчиликларини изҳор этиб, жонажон Ўзбекистонимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилишди, деб хабар беради Қашқадарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вақф қилинган китоблар Тошкент вилоятидаги масжидларга етказилди
24 июль куни «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги 5 та масжидга ва Бўстонлиқ туманидаги 24 та масжидга жами ҳисобда 36 млн сўмлик 38 турдаги 1276 та китоб етказиб берилди.
Масжидларнинг ҳар бирига юртимизда нашр этилган «Муаллими соний», «Ҳазрати Нуҳнинг кемаси ва тўфон воқеаси» китоблари ва тасбеҳлар икки донадан, «Қуръони карим», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб, «Одоблар хазинаси» тўплами, «Ислом тарихи» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан 9 та жуз, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ», «Бахтиёр оила», «Амаллар ниятга боғлиқ», «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 2, 5-қисмлари, «Олтин силсила»1,3, 4, 6-жузи, «Соғлом бола», «Тасаввуф ҳақида тасаввурлар», «Бозор ва унга боғлиқ ҳукмлар» китоблари бир донадан Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.
Ундан ташқари «Ғийбат ўзи нима?», «Қуръон қалблар шифоси» «Енгил амаллар», «Дунё ва дин одоби», «Осонлаштирилган тажвид қоидалари», «Мен ҳам намоз ўқийман», «Гуноҳи кабиралар», «Умрнинг бир лаҳзаси», ”Ҳанафий фиқҳидан саволлар”, каби китоблар ҳам масжидларга тақдим этилди.
Акциянинг тўртинчи босқичида маблағларини вақф қилган ёки акцияни улашиб бўлсада ёрдам берган барчага раҳмат деб қоламиз.
Фаол бўлайлик! Тўпланган маблағлар эвазига вилоятлардаги масжидларга китоблар олинади ва Аллоҳ йўлида вақф қилинади. Аллоҳ йўлида вақф қилиш имконини қўлдан бой бермайлик, Аллоҳнинг уйларини илму маърифатга тўлдирайлик!
Эслатиб ўтамиз, йиғилган маблағлар эвазига ҳозирги кунгача 92 та масжид уламолар томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланди. Сиз ҳам ушбу акцияни қўллаб-қувватланг!
Пул ўтказиш учун пластик рақами (исталган миқдорда, чекловлар йўқ):
8600 3104 5763 1232 (Бакиев Ҳаким номида)
Мурожаат учун телефон:
+998909074554 (Шавкатбек)
+998974490456 (Темурбек)
Ҳаж сафарига Қорақалпоғистондан 153 киши боради
Жорий йилда “Ҳаж-2018” сафарига Қорақалпоғистон Республикасидан 153 нафар фуқаро жўнаб кетади.
Улуғ сафар олдидан бўлажак зиёратчилар учун юртимизнинг турли қадамжоларига саёҳатлар уюштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликлари билан таништириш бўйича тасдиқланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказиш масалалари бўйича комиссиянинг амалий кўмаги билан қадимий ва навқирон Хива шаҳрининг табаррук жойларига зиёрат уюштирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қирғизистонда исломий банк очилиши режалаштирилмоқда
Қирғизистон миллий банки Ислом тараққиёт банки (Саудия Арабистони) билан бирга қизиққан томонларни исломий банк очилишида қатнашишга чақирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш агентлигига таяниб Azon интернет нашри маълум қилди.
Қирғизистонда исломий банк очилиши учун маркетинг тадқиқоти ўтказилган ва исломий молия хизматларига талаб юқори экани аниқланган. Шунингдек, исломий банкнинг бизнес режаси тайёрланган.
Айни пайтда Қирғизистон миллий банки ва Ислом тараққиёт банки мазкур лойиҳанинг инвестори бўла оладиган ҳамда бошқарув бўйича ва техник тажрибага эга ҳамкорларни изламоқда.
Қирғизистондаги илк исломий банкнинг капитали 25 миллион доллар бўлиши режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати