muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 29 Июнь 2018 00:00

Зиёратчилар билан учрашув

Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом арконларидан биридир. Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж  амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Зиёратчилар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга ҳаж зиёратига оид барча зарурий маълумотлар берилиб келинмоқда. Мазкур йиғилишларнинг давоми ўлароқ жорий йилнинг 27 июнь куни Қашқадарё вилоятидан муборак Ҳаж зиёратига борадиган 413 нафар бўлажак ҳожилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда вилоят Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов иштирок этишди.

Учрашувда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, барча керакли ва зарурий тавсиялар берилди. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, зиёратчиларга ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов томонидан тўлиқ маълумотлар берилиб, оят, ҳадис ва ҳаётий мисоллар орқали Ҳаж зиёрати тартиб-қоидалари тушунтириб берилди.

Зиёратчиларнинг Ҳаж ибодатига оид қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб берилди.  

 

 

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги Матбуот хизмати/nasafziyo.uz

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
 
Қонун 5 боб ва 32 моддадан иборат. Унда экстремизмнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органлари доираси ва уларнинг ваколатлари ўрин олган. Экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилган. 
 
Қонунда экстремистик фаолият (экстремизм), экстремистик гуруҳ, экстремистик материал, экстремистик ташкилот ва экстремизмни молиялаштириш каби тушунчалар қўлланилган.
 
Экстремистик материалларни олиб кириш, нашр қилиш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш прокурорнинг аризасига асосан суд қарорига кўра тақиқланади. 
 
Юридик шахснинг фаолияти экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг аризасига асосан суд қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин. 
 
Экстремизмни молиялаштириш белгиланган тартибда тақиқланади.
 
Ташкилотни экстремистик ташкилот, деб топиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг аризаси асосида Олий суд томонидан амалга оширилади. 
 
Бундан ташқари, қонунда экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жисмоний шахслар ва ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ташкилотларнинг жавобгарлигини белгилаш назарда тутилган. 
 
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, шахс экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилади. 
 
Қонунга кўра, ташкилотлар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун тугатилиши, улар фаолияти тақиқланиши, ташкилотни тугатиш суднинг қарори асосида амалга оширилиши, экстремистик ташкилот, деб топилган ташкилот тугатилганда унга тегишли мол-мулк мусодара қилиниши ва давлат мулкига ўтказилиши белгиланган. 
 
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилот Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремистик ташкилот, деб топилган тақдирда, унинг фаолияти тақиқланиши ва тугатилиши, Ўзбекистон Республикасида жойлашган мол-мулки эса мусодара қилиниши ҳамда давлат мулкига ўтказилиши назарда тутилган.
 
Норгул Абдураимова, ЎзА

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2017 йил 29 майдаги 08/1-856-сонли топшириқ хатига мувофиқ Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлими 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлимига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун имконият ҳали ҳам мавжуд. Бунинг учун ўз ҳужжатларингизни тақдим этинг ва Тошкент ислом институти талабасига айланинг.

Қабул жараёни билан боғлиқ масалалар ҳақида қуйидаги телефон рақамлари орқали батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Телефон: (0371) 227-23-47


ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 27 июнь куни АҚШ Давлат департаментининг Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиёдаги диний озчилик бўйича махсус маслаҳатчи Нокс Темза билан учрашувбўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ушбу мартабали меҳмонлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда муфтий ҳазратлари диёримизда диний соҳадаги ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланаётгани ҳақида гапирдилар.

Нокс Темза жаноблари Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ давлатида жуда ҳам илиқ кутиб олиниб, қўллаб-қувватланаётганини билдириб ўтди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 28 Июнь 2018 00:00

Янги тартиблар жорий этилди

Ҳуқуқий ислоҳот

 

Диний соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Икромжон Мардонов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Бугун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий жабҳаларда содир бўлаётган ўзга­ришлар, хусусан, диний соҳа тараққиётига қаратилган тарихий, ҳуқуқий ҳуж­жатлар бизни хушнуд қилиш баробарида зимма­мизга янада масъулият юкламоқда. Муҳ­тарам Юртбошимиз 2017 йилнинг 15 июнь санасида “Ижтимоий барқарорликни таъ­минлаш, муқаддас динимизнинг софли­гини асраш – давр талаби” мавзусида нутқ сўзлагандилар. Ўтган қисқа вақт мобайнида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлаётганига ҳаммамиз шоҳидмиз. Анжуманда, жумладан, диний идора ва унинг тизимидаги муассасалар нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритишини инобатга олиб, улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўловнинг миқдорини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эдилар. 2018 йил 31 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 409-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Хўш, уни бундан йигирма йил аввалги (1998 йил 20 июнь) 263-сонли қарор билан қиёсласа қандай янгиланиш ва енгилликлар кўзга ташланади?

Аввало, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда белгиланган давлат божлари тубдан кўриб чиқилгани эътиборни тортади. Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари (аввал юз баравари эди) миқдорида белгиланди. Масжидлар учун эса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан ўн бараварига камайтирилиб, фаолият юритиб турган диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтаётганда кўзда тутилган сумманинг яна 50 фоизи чегириб ташланади. Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтиш ариза берилган кундан эътиборан бир ой муддатда кўриб чиқилади. Илгари давлат рўйхатидан ўт­казилгани тўғрисидаги гувоҳнома йўқотиб қўйилса, гувоҳнома дубликати (нусхаси)­ни олиш учун рўйхатга олиш йиғимининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундириларди. Энди бундай ҳолларда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилиб, ҳужжатлар дубликатини олиш тўғрисидаги ариза ўн иш кунида кўриб чиқилади. Шунингдек, ҳар уч ойда топшириладиган ҳисоботлар энди йилда бир марта амалга оширилади.

Диний идора тизимидаги яна бир янгилик шуки, масжидлар ишини янада фаоллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги намунавий устав ишлаб чиқилди. Унда масжидлар учун қатор янги имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишилган ҳолда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш, корхоналар, бошқа тадбиркорлик тузилмалари ҳамда диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари юритиш, масжидлар бевосита ўзи ёки ҳамкорликда белгиланган тартибда ўқув курслари, Қуръони каримни ўргатиш дарсларини ташкил этиш, ўз кутубхонасига эга бўлиш, имом-хатибнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси вазифасини жорий этиш, масжид ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун масжид вакили сифатида маҳалла имомларини тайинлаш сингари кенг қамровли ўзгаришлар киритилган.

Масжиднинг умумий йиғилиши заруратга қараб, аммо бир йилда камида бир маротаба ўтказилади. Умумий йиғилишга масжид имом-хатиби ёки имом ноиби раислик қилади ва йиғилиш баённомаларини им­золайди. Масжидлар тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Амалдаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳолларда масжид муаз­зини, мутаваллиси, ҳайъат аъзо­лари, тафтиш комиссияси аъзолари жамоатчилик асосида ишлаши мумкин. Улар билан меҳ­нат шартномаси тузилмайди, бироқ жамоатчилик асосида ишловчилар умумий йиғилиш қарорида кўрсатилади. Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли”, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб”, Сурхондарё вилоятидаги “Оқ масжид”, “Қадимий Дарбанд”, “Имом Термизий” каби жоме-масжидлар янги таҳрирдаги низом асосида фаолият олиб боришаётир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 16 апрелда эълон қилинган “Диний-маъри­фий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса жамиятимизда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, ислом ва жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривож­лантириш асосида ёш авлод таълим-тар­бияси сифатини янада оширишда муҳим ва тарихий қадам бўлди. Ўз навбатида, биз­нинг иш фаолиятимизда янги залворли саҳифа очди. Бу ҳақда ҳали алоҳида тўхталамиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда диний ташкилотлар давлат ва жамоат тузилмалари билан ижтимоий шерикчилик асосида жамиятимизнинг маънавий ҳаёти янада юксалишига муносиб ҳисса қўшаётир. Айни пайтда, диний-маърифий соҳа фаолияти ҳам қонун ҳужжатлари асосида такомиллаштириб борилмоқда. Ўйлайманки, бундай изчил ислоҳотлар соҳа ходимларини бундан-да шижоат билан, ташаббус кўрсатиб ишлашга даъват этади.

"Ҳидоят" журналидан

Top