muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари “2+1” форматидаги таълим шаклига кўра, 3 ой муддат оралиғида давом этадиган амалиётга босқичма-босқич чиқмоқдалар.

Тошкент ислом институти талабалари ҳам мазкур «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари»га бириктирилган.

ТИИ талабалари 2 ҳафта аудиторияларда ўқиб, 1 ҳафта маҳаллаларда амалиёт ўтайдилар.

Тарғиботчи-амалиётчи талабаларнинг 1 ҳафталик давомли амалиётларини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида институт ректори М.Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ (штаб) тузилди. Амалиёт даврида талабаларнинг фаолияти, хавфсизлиги, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа масалаларда уларга ишчи гуруҳ томонидан зарур кўмак кўрсатилади.

Тарғиботчи талабалар 1-кунда ўзига бириктирилган маҳалла раиси, унинг маслаҳатчилари, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси,  психолог билан учрашиб, мазкур маҳалла билан танишдилар.

Фахриддин Маманасиров, Муслим Боймиров, Наврўзбек Абдубанноев, Ислом Убайдуллаев, Фазлиддин Сувонов, Дилшод Насиров, Абдулбосит Қобилов, Юсуф Абдаруҳимов каби ўқитувчилар амалиётчи талабаларни жойларга етиб бориши, тарғибот фаолиятларини бошлашларига кўмалашиш мақсадида бириктирилган маҳаллаларга ташриф буюрдилар.

Тошкент ислом институти талабаларига пойтахт, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан 289 та маҳалла бириктирилган.

Амалиётда талабалар республикадаги маҳаллаларда илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлар ташкил қиладилар. Жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла раислари ҳамда фаоллар кўмагида талабалар аҳоли билан мулоқот қиладилар, диний-маърифий йўналишдаги саволларига жавоб берадилар.

ТИИ Матбуот хизмати

Понедельник, 10 Апрель 2023 00:00

Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!

Бугун, 10 апрель куни жомеларимизда “Зумар” сураси 32-оятидан “Фуссилат” сураси 46-оятигача ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев

https://youtu.be/bkRWT38gch4 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни кунларда Рамазон шукуҳи қалбларга илиқлик ва сокинлик улашмоқда. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охирги ўн куни дўзахдан озод бўлиш фурсатидир. Ушбу дамларда муборак ойнинг раҳмат даҳаси ҳам якун топмоқда. Илоҳо, барчамизни ўз раҳматига дохил қилсин!

Бошқа пайтларда ҳам, қолаверса, мана шундай улуғ кунларда динимиз эътибор қаратган амаллардан бири – “силаи раҳм”дир! “Силаи раҳм” ўзи нима?

“Силаи раҳм” сўзини она тилимизга сўзма-сўз ўгирадиган бўлсак, “раҳмни боғлаш” деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам араблар “раҳм” дейдилар. Демак, силаи раҳм деганда қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, ҳамда уларни моддий ва маънавий жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш кабилар тушунилади.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар: “...ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса силаи раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирилади: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Демак, қариндошлар билан гўзал муомалада алоқани ушлаб туришлик, умр узайишининг, ризқ мўл бўлишининг сабабчиларидан экан.Умри узайишини хоҳлаган одам, қариндошларига яхшилик қилсин, ризқи кенг бўлишини, топган-тутганига барака киришини истаган одам қариндошлари билан борди-келди қилсин!..

Бугунги кунимизда қариндош-уруғлар билан алоқада бўлиб туришнинг минг бир хил йўллари, минг бир хил воситалари мавжуд. Авваллари одамлар узоқроқда яшайдиган биронта қариндошиникига бориш учун от-араваларда соатлаб, балки, кунлаб юрган бўлсалар, ҳозир алҳамдулиллаҳ шаҳарни у четидан бу четига машинада ғир этиб, саноқли дақиқаларда етиб олиш мумкин. Бугун қариндошлар билан алоқа қилмаслик учун биронта ҳам баҳона қолмаган. Ҳеч бўлмаганда автобус, йўналиш ва йўналишсиз таксилар каби умумий нақлиёт воситаларига миниб бўлса ҳам узоқни яқин қилиш мумкин. Эътибор беринг-а,.. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўмин бўлса, бас, қариндошлари билан алоқа қилсин!

Силаи раҳмни мустаҳкамлашда қуйидаги яхшилик бор:

– Силаи раҳм қилган киши Аллоҳнинг муҳаббатини қўлга киритади;

– Силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ бўлади;

– Силаи раҳм қилган кишининг ризқига барака киради;

– Силаи раҳм қилган кишига Аллоҳ таоло яхшилик ато қилади;

– Силаи раҳм қилган кишини халқ яхши кўради;

– Силаи раҳм қилган кишига ҳар жойда дўст ва хайрихоҳ кўпаяди;

– Силаи раҳм қилган кишининг вафот этганидан кейин ҳам орқасидан савоб боради.

Силаи раҳмнинг акси, зиддини “қотиъур-раҳм”, яъни “меҳр риштасини узилик” дейилади. Динида қотиъур-раҳм, қариндошлик алоқаларини узиш қаттиқ қораланади. Афсуски, қотиъур-раҳм, қариндошлик алоқаларини узган киши қуйидаги ёмонликка эга бўлади:

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишини Аллоҳ ёқтирмайди;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишининг умри ва ризқидан барака кетади;

– Қотиъур–раҳм амалини қилган киши одамларнинг кўзига ёмон кўринади;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишидан одамлар узоқлашади;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишининг дўсти ва хайрихоҳи камаяди;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган киши раҳмат ва мағфиратдан узоқлашади.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб:

– Ё Расулаллоҳ, менинг шундай қариндошларим борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан, – дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар:

– Агар иш сен айтгандек бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан (яъни ҳафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки ғолиб бўлаяпсан). Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар. Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур.

Демак, силаи раҳм яхшиликка яхшилик билан, борди-келдига борди-келди билан жавоб қайтаришгина эмас, балки ёмонлик, жафо кўрилса ҳам қариндошларга яхшилик қилиш, эътиборсизлик қилаётган қариндошга ҳам эътибор ва таважжуҳ билан бўлар экан.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, силаи раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келиниши мумкин, Аллоҳ сақласин! Ушбу муборак ва файзли кунларда ана шундай хайрли ишларга пешқадам бўлишни Аллоҳ насиб қилсин!

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саҳоба Зайд ибн Ҳориса” масжиди имом-хатиби

Индонезиялик таниқли кино юлдузи Оки Сетиана Деви Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятини Индонезияда кенг тарғиб этиш мақсадида ушбу мамлакатнинг таниқли кино юлдузи Оки Сетиана Деви иштирокида 26 апрелдан эътиборан Жакарта-Тошкент йўналишида ҳаво қатнови очилиши муносабати билан мамлакатимизга 7 кунлик сайёҳат йўлланмаси учун тарғибот акцияси бошланди.
Мамлакатимизнинг зиёрат туризми манзиллари бўйлаб саёҳат қилиш учун йўлланма ҳақидаги видеоролик ва фотосурат Оки Сетиана Девининг 20,2 миллионлик кузатувчисига эга Инстаграмдаги саҳифасида эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 10 Апрель 2023 00:00

Дангасалик ўлимнинг укаси

Дангасаликни келтириб чиқарадиган сабаблар:

Тақво камлиги. Бекорчи нарсалар билан овора бўлиш, ўйин-кулгига ружу қўйиш одамни дангаса қилиб қўяди.

Кўп ейиш. Кўп одамлар таомга ружу қўйгани сабабли вазни ортиб, маънавий олами тубанлашмоқда. Овқатни меъёрида еган тақдирда ҳам таомдан сўнг тезда уйқуга кетишдан эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, у қалбни қорайтиради, соғлиққа зарар етказади.

Кўп ухлаш. Одам кўп ухлагани сари унинг ишчанлик салоҳияти пасайиб боради. Ойша розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч нарса қалб қотишига сабаб бўлади: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фароғатни яхши кўриш” (Имом Дайламий ривояти).

Уламолардан бири бундай деган: “Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, танани ишдан чиқаради, вақтни беҳуда кетказади ва ғафлат билан дангасаликка олиб боради”.

Демак, уйқучилик дангасалик билан бир қаторда инсоннинг фикрлаш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қуёш чиққунча ухлаш дангасалик ва ризқнинг камайиши омилларидандир.

Ишлаш вақти ва уйқу соатининг бузилиши. Инсон ишлаш ва дам олиш вақтини қатъий тартиб билан изга солмаса, ҳамма ишлари аралашиб кетади. Иш вақтида кўп дам олиш, ҳордиқ чиқариш вақтида ҳаддан ташқари кўп телевизор кўриш, овқат еётганда китоб ўқиш билан одам бирон натижага эриша олмайди. Зеро, илм олиш фақат ўқишдан иборат эмас. Илм фикрлаш ва мушоҳада қилиш билан бўлади. Динимизда хуфтондан сўнг уйқуга кетишга тарғиб қилинганининг сабаби, эрталаб барвақт турилади, ибодат ҳам, бошқа ишлар ҳам ўз вақтида бажарилади.

Аллоҳга тақво қилиш, қалбни поклаш. Дангасаликдан фориғ бўлиш учун биринчи галда эътиқодни мустаҳкамлаш, имонда собитқадам бўлиш, қалбни турли нопокликлардан сақлаш керак. Қалбдаги имон кучли бўлса, тана ҳам ғайратли бўлади.

Ғайратли ва шижоатли бўлиш. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳ учун кучли мўмин ожиз мўминдан севимлироқ экани айтилган. Чунки кучли мўмин ибодатга ғайратли, нафс билан курашишда ғолиб бўлади ҳамда мусулмонларга кўплаб манфаат етказади.

Вақтнинг қадрига етиш. Ишларни тартиб билан бажариш ва умр ғанимат эканини билиш ҳам дангасаликдан тўсувчидир. Зеро, умрнинг ўткинчилигини тушуниб етган банда дангасаликка асло йўл қўймайди.

Иш ва таълим вақтида жисмоний машқ билан шуғулланиш. Илм олиш вақтида дам олиш ва ҳар 30–40 дақиқа орасида 5–10 дақиқа жисмоний машғулотларни бажариш фойдали. Бунда мия дам олади, ақлий зўриқишнинг олди олинади, илмга бўлган рағбат ошади.

Абдулвоҳид ҚОБИЛХОН ўғли,

Наманган шаҳар “Мирёқуббой-Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят 6 сон 2021 йил

Top