Рамазон

Ғанимат лаҳзалар

“...У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир...”

 

(Ҳадиси шарифдан) 

Кечагина кўзларимиз йўлингга нигорон эди. Ёш боладек қўлларимизни букиб-ёзиб, кун санаётгандик. Ҳам фараҳ, ҳам илиж билан овозимизда аллақандай қоришиқ туйғулар: “Рамазонга 5 кун” қолибди, дея кутаётгандик. Мана, кутиб олдик, унинг раҳмат дея аталган аввалги ўн кунлигидан насиба олсак олдик, олмасак йўқ. Ўртасига етдик. Мағфират даҳаси билан юзма-юз келдик.

 

Қалбимизга энг ҳассос, энг илоҳий туйғуларни олиб келган эй муборак моҳ! Сенинг ғаниматлигингни англадим. Зеро, аввалги раҳмат кунларини сониялар қадар тезлик билан ўтиб кетгани бугун дилимга алам солаётир. Нега устимга ёғилиб турган раҳматларнинг ҳаммасини йиғиб, амал дафтари деб аталувчи “қопимга” солиб олмадим, деган надомат дилимни ўртамоқда...

 

Бироқ яна бир таскиним бор, ҳали олдинда Мағфират даҳаси бор, дўзаҳдан озод бўлиш фурсатини-да бой бериб қўймаслигим лозим.

 

Ўтган ўн кун давомида ҳуркак нафсим анчайин тизгинланди, ўтган ҳар кундан бир ҳикмат топа олдим, алҳамдулиллоҳ! Маҳшар майдонида чанқоқ қолмаслик учун Рамазонда чанқоқ қолишни афзал билдим. Тарозуга амалларим қўйилганида уларнинг енгиллик қилиб қолишидан чўчиб, бирига ўн савоб бериладиган ойда кўпроқ хайрли ишлар қилишни кўзладим. Аллоҳнинг ўзи мукофотимни берсин, дея лаззатлардан юз бурдим. Зеро, ваъда қилинаётган мукофот шунга арзийди. Унинг олдида бу дунёнинг емоқ, ичмоқ каби лаззатлари нима деган гап?!

 

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яна бир ваъдаси бор: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса кам бўлмас” (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти), деган. Ана шу ваъдадан умидворман. Эҳсонларни яқинлардан бошлаб, рўзадорлар ажрича ажр олиш илинжида ифторлик бериш ниятидаман. Аллоҳ шунга қодир айласин илоҳим!

 

Эй, ойларнинг Султони! Сенда қалбимни қувончга тўлдирадиган яна бир лаззат бор: Бу саҳарлик ва ифторликнинг қувончи! Наҳорда туришга оғринадиган бу нафсимни ўзимга бўйинсундириб, саҳарлик учун кўз очарканман, қалбимни хушнудлик қоплаб олади. Зеро, нафсга бўйсунишнинг оқибати вой, нафсинг сенга бўйсунса, яхшиликдан умид бор!

 

Ифторга етгунча неча бор мени қутқуга соладиган нафсим устидан унинг сўзига кирмай яна бир бор ғалаба қиламан. Бу йўлда жиддий курашишга ҳам ҳожат қолмади. Унга секингина, Аллоҳнинг розилиги, унинг мағфиратини эслатаяпман. Анча йўриғимга юриб қолди, дарров кўна қолади. Ахир мени қутқуга солаётган фақат нафсимнинг ўзи. Унга кўп ишларда кўмакчи бўладиган шайтони лаъин кишанланган-да. Зеро, ҳадиси шариф шунга далолат қилади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)айтадилар : “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!”, деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

 

Бу илоҳий раҳмат ва мағфират онларида “яхшилик истовчи”лар қаторида туриш не гўзал бахт, не қадар улкан имкон! Ана шу яхшиликлардан умидвор ҳолда дуолар ижобат қилинадиган ифторлик чоғларида  қўл очаман: “ Биз ожиз бандаларга икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани фарз қилган эй Холиқи Зулжалол! Бу илоҳий онларнинг барча фазилатларидан насиба олишга қодир қил бизни!  Рўзанинг фарз эканига имон келтирдик, бу имонимизни жон чиқар онда ҳам саломат қил! Уни Сенинг розилигинг йўлида тутишни қасд этдик, ваъда қилган мукофотларинг билан бизни Қиёматда севинтир! Райён номли эшикдан жаннатингга киргиз. Рўза тутиб тақво ҳиссини туя бошлаган нафсимизни ўз ҳолига ташлаб қўйма. Уни ҳидоятга солиб тур. Зеро, Сенинг раҳмат ва мағфиратингсиз бизлар ўз жонига зулм қилганлардан бўлиб қоламиз!”

 

Нигора МИРЗАЕВА

 

80784 марта ўқилди
Top