muslim.uz
Сабр – жаннат эшигининг калити
2020 йилнинг аввали барча учун синовли давр бўлмоқда. COVID-19 дунё ҳамжамиятини бирлашишга, ҳамкорлик қилишга ва унга қарши ёнма-ён курашишга мажбур қилди. Нафақат юртимиз, балки жаҳонга келган бундай синовли вақтларда Яратганни кўпроқ эслаб, унга дуои истиғфорлар айтиш бутун башарнинг олдидаги муҳим вазифага айланди.
Мана шундай мураккаб вазиятларда инсонпарварлик фазилати коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг маънавий асосларини ташкил этди. Буни шифокорларимизнинг беморликка чалинган юртдошларимизга кўрсатаётган фидокорликлари, бу йўлда хизмат қилаётган соҳа вакилларининг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши, саховатпешаларимизнинг кўрсатаётган хайр-эҳсонлари, имомларимизнинг қилаётган хатму дуоларида кўришимиз мумкин.
Фидокорлик нафақат халқ дардини кўтараётганлардан, балки ўз уйида оиласи билан карантин қоидаларига қатъий амал қилишни татбиқ этаётган аёлларимизда ҳам кўришимиз мумкин. Бу синовли вазиятда аёлларимиздан ҳам меҳрибон она, солиҳа аёл, оқила устоз, моҳир ошпаз ва тадбиркор уй бекаси бўлиш давр талаби бўлмоқда. Бу йўл эса сабр ва матонат билан янада мунаввардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам الصبر مفتح الفرح , яъни “Сабр барча хурсандчиликлар калитидир” – деб айтганлар. Баъзи бир ривоятларда “Сабр – жаннат эшикларининг калити” деб, ҳам келтирилади. Шунингдек, Абу Ҳурайра (р.а.): “Кимга сабр қилиш неъмати ато этилган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят) деб келтирган, деб марҳамат қилганлар.
Айниқса, шариатимиз биз аёллардан, онажонларимиздан, опа-сингилларимиздан сабрда намуна бўлишлигимизга чақирилганмиз. Сабр шундай бир гўзал фазилатки, у ила мўмин Қодир Аллоҳга яқинлашиш, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Сабр карвоннинг боши десак, унинг давоми шукрдир. Сабр ва шукр ҳар қандай вазиятда инсонни саодатга етаклайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бахтли инсон бу фитна-фасодлардан четлаб юрувчи ва мусибатларга сабр қилувчи кишидир”, деганлар. Икки дунё саодатига эришиш мўмин ва мусулмонларни азал орзуси экан, унга етишишнинг гўзал услуби эса бу сабр ва шукрдир.
Биз аёллардан эса нафақат сабр, балки у билан йўғрилган ҳусни ҳулқ ва гўзал муомалада ҳам бўлишимиз талаб этилади. Аллоҳ таоло шундай қудратли зотки, ҳар бир бандасига берган синов ёки мусибатига яраша муносиб сабр ҳам беради. Шунинг учун бўлса керак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Сабр илк дақиқаларда билинади”, деб айтганлар.
Жамиятни мустаҳкам қўрғонга ўхшатсак, унинг илк бўғини бўлмиш оила эса пишиқ ғиштидир. Оиламиз аъзолари билан уйимизда барчамиз биргаликда коронавирус касаллигига қарши курашиш бу хасталикнинг таг замири билан қуриши имконини беради.
Шуниси муҳимки, аёлларимиз нафақат сабр ила оила тебратишлари, балки фарзандлари ва оила аъзоларининг покликка қатъий амал қилишларини назорат қилишлари ва унинг учун муносиб шароит яратиб беришлари шарт. Бунинг ўзи билан чекланмасдан муборак Рамазон ойларида хатмул Қуръонларни қўп қилишлари, ибодатларида дуоларини кўпайтиришлари, ўз устиларида муттасил ишлаб, илм ва малакаларини оширишлари берилган фурсатдан унумли фойдаланиш, деб ҳисоблаш мумкин.
Нозима ИБРАГИМОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассасаси директори
Саудия пандемия сабабли Рамазон ойида эҳтиёт чораларини кучайтирди
Бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги пандемияси даврида қатор хорижий мамлакатлар, хусусан, араб-мусулмон мамлакатларида Рамазон ойи ибодатларини қандай ўтказилиши билан боғлиқ масалалар, фатволар ва баёнотларни ўрганишни давом эттирмоқдамиз.
Ўтган куни Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти ҳам ўзининг баёнотини эълон қилди. Баёнот Saudianews.ru интернет нашрида эълон қилинди. Хабарда жумладан қуйидаги масалалар баён этилган:
Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти барча мусулмонлар ибодатларининг барча шаклларини бажаришда эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда Рамазон ойини ўтказишни тавсия этди.
Уламолар Кенгаши Бош котибияти тавба-тазарру билан Аллоҳга қайтиш ва Аллоҳ таолонинг амрларига итоат қилишни қатъий ният қилган ҳолда барча мусулмонларнинг муборак Рамазон ойини ўтказишларини тавсия қилди.
Бош котибият бу масала бўйича баёнот тарқатди. Унда мўмин-мусулмонлар учун рўзанинг фазилати ва буюклиги ва бунинг савоби зикр қилинди. Шунингдек бу муқаддас ойда ҳам мусулмонлар хайрли ишларни адо этишга даъват этилди.
Коронавирус пандемиясининг бугунги аҳволини ҳисобга олган ҳолда, Бош котибият мусулмонларни ўзлари яшаётган мамлакатлардаги ваколатли органлар томонидан чиқарилган эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга ундамоқда. Зеро, Ислом инсон қалби ва инсоний эҳтиёжларини сақлаб қолиш учун чақирилган.
Ҳар бир мусулмон билсинки, Ислом шариатида эҳтиёт ва олдини олиш чораларини кўриш тамойили жорий этилган. Бунга Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан чиқиб кетманглар!” деган сўзлари, шунингдек бир қатор бошқа матнлар далил бўла олади.
Ислом дини қоидалари ҳамда тиббий хулосалар асосида Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти барча мусулмонларга қуйидагиларни тавсия қилади:
- Инсон саломатлигини асраш ва коронавирус эпидемияси тарқалишини чеклашга қаратилган ўз мамлакатлари ёки ўзлари яшаётган давлатларнинг ваколатли органлари қарорларига тўлиқ риоя этиш зарур.
- Мўмин-мусулмонлар ўз юртларида ёки ўзлари яшаётган диёрлардаги ваколатли идоралар шундай чораларни тавсия қилса, жумладан, намозни уйларида ўқишлари шарт.
- Тиббий хулосаларга кўра, тўпланиш ушбу касаллик инфекцияси тарқалишининг асосий сабаби эканини эътиборга олган ҳолда мўмин-мусулмонлар жамланишдан ўзларини сақлашлари лозим. Шунингдек, жамоат бўлиб ифторликлар ва саҳарликлар қилишдан ҳам сақланиш даркор.
- Бой-бадавлат мусулмонлар мол-мулкларини эзгу мақсадлар учун (ифторликлар, саҳарликлар ва бошқалар) сарфлашни ният қилган эканлар буни ваколатли органларнинг одамлар тўпланишининг олдини олиш ва бошқа тавсияларига амал қилган ҳолда тегишли тартибда адо этмоқликлари керак.
Мазкур тавсияларга амал қилишда ҳар бир мўмин-мусулмон мамлакат ва халқ манфаатлари ҳақида қайғурадиган бошқалар учун яхши ўрнак бўлиши ва шу билан бирга диннинг тартиб-қоидаларига амал қилаётганлигини англаши лозимдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Карантинда кимлар рўза тутмаслиги мумкин?
Бу йил муборак кунлар синовли даврга тўғри келди. Шу сабаб халқимиз орасида рўза тутиш билан боғлиқ турли гап-сўзлар юрибди. Ваҳоланки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида бу ҳақда аниқ маълумотлар берилган эди.
Ижтимоий тармоқлардаги бу каби мулоҳазаларга яна бир бор ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековга мурожаат қилдик.
– Карантин вақтида рўза тутиш тақиқланади, деган гапга ҳеч қандай асос йўқ. Аслида, шариатимизда айрим тоифа кишилар рўза тутмаслигига рухсат берилган. Булар – кекса кишилар, яъни қарилиги сабаб рўза тутишга ҳоли йўқ, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар ва сурункали касалликка мубтало бўлган биродарларимиз, рўза тутиш саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.
Бундай кишилар рўза тутмагани эвазига Рамазон ойининг ҳар бир куни учун фидя бериши лозим бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:
وعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ
Бундан ташқари, вақтинча бемор бўлиб турган ёки сафарга чиққан кишилар ҳам беморлик ва мусофирлик кунларида рўза тутмаслиги мумкин. Фақат, бемор соғайганидан сўнг ва мусофир сафардан қайтганидан кейин тутмаган кунларининг ўрнига қазосини тутиб бериши шарт бўлади.
Карантин даврида қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани тутмасликка асос бўла олмайди. Чунки, бу ишлар рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса вақти-вақти билан оғизни чайқаб туришнинг ҳам зарари йўқ. Фақатгина, оғиз чайқалганда ғарғара қилинмайди, яъни томоқдан ичкарига сув ўтказмаслик керак. Акс ҳолда рўза очилади.
Шифокорлар томонидан карантин даврида рўза тутиш коронавирусга чалинишга олиб келади ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради, дейилган тақдирда ва бу нарса илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топганда, рўза тутмаслик мумкин бўлади.
«Ризқни ер остидан талаб қилинглар»
Яқинда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини фойдали ишларга буюриб, дунё ва охиратимизни обод бўлишини хоҳлаб: “Кимни ери бўлса унга (экин) эксин, агар ўзи қилолмаса ва қўлидан келмаса, бирор мусулмон биродарига берсин, ундан ижара олмасин” деб марҳамат қилганлари ҳақида эшитган эдим.