muslim.uz
Ақида ва тафсирга оид қадимий китоблар Шарқшунослик институтига топширилди
Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларни Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондига тақдим этмоқда. Бу ҳақда ўзА хабар берди.
– Жамғарма томонидан 2018 йилда 117 турдаги 158,1 миллион сўмлик ноёб ҳужжатлар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондига ўтказилди, – деди Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Бунёд Охунов. – 2019 йилнинг ўтган даврида 161 турдаги жами 417,6 миллион сўмлик ноёб қўлёзма ва тарихий манбалар харид қилинди ҳамда Фондга тақдим этилди.
Харид қилинган манбалар – тарих, адабиёт, табобат, ислом қонуншунослиги, ақида, тафсир ва бошқа турли мавзуларга тегишли бўлган китоблар, шунингдек, хонларнинг буйруқлари, қозиларнинг юридик ҳужжатлари асл нусхаларидир.
Маълумки, ҳар қандай қадимий қўлёзма ва унинг қадимги даврда кўчирилган нусхаларининг ҳар бири ноёб хусусиятга эга ҳисобланади. Тадқиқотчилар, магистр талабаларнинг диссертациялари мавзуси сифатида илмий муомалага киритилади. Лекин асл тарихий ҳужжатлар моддий қийматидан ташқари ҳуқуқ, тарих ва исломшунослик соҳалари соҳаларида муҳим тадқиқот манбаси ҳисобланади. Президент қарори ижроси жараёнида 120 дан ортиқ асл тарихий ҳужжатлар институтга қабул қилинди ва “Тарихий ҳужжатлар” коллекциясини бойишига хизмат қилди.
Институт фондига қабул қилинган ноёб манбалар сарасига кирувчи Алишер Навоийнинг “Навоий девони”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафахот ал-унус”, Саъдий Шерозийнинг “Шавқи гулистон”, Муҳаммад бин Юсуф Самарқандийнинг “Салоти Масъудий”, Бедилнинг “Куллиёти Бедил”, Ёқуб Чархийнинг XVI асрга оид “Тафсири Мавлоно Яъқуб Чархий”, Муҳаммад Ғаззолийнинг “Кимёи Саодат”, Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат” каби қўлёзма асарлари адабиёт, тарих, қонуншунослик, исломшунослик соҳаларидаги тадқиқотлар учун муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади.
– Одатда асл ҳужжатларнинг бир девонхонага ва қозига тегишли бўлган тўплам коллекцияси камдан кам учрайди, – деди Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди мудири Шарифжон Исламов. – Масалан, Бухоро қозиларидан бўлган Мулло Бадриддин ва Мулло Шарафиддин девонхоналарида расмийлаштирилган, 1320-1330 ҳижрий йилларга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами соҳа мутахассислари учун ноёб тадқиқот манбаси бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, тарихий ҳужжатлар орасида Хива хонларидан Абул-Музаффар Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхонга тегишли 5 та оригинал тарихий ҳужжат ҳижрий 1250-1270 йилларга (XIX аср бошларига) оиддир.
Юқоридаги қарор қабул қилингунга қадар аҳоли қўлида сақланаётган манбаларни харид қилишнинг молиявий имконияти етарли эмас эди. Натижада, фуқароларда ноёб манбаларни сақлаш бўйича зарур малака ва имкониятнинг йўқлиги боис вақт ўтиши билан улар жисмонан йўқолиб борар эди. Эндиликда институт “Қўлёзмалар фонди”га қабул қилинган ноёб манбалар халқаро талабларга мувофиқ тарздаги ҳарорат, намлик ва ёруғлик меъёрлари таъминланган ҳолда сақланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Москва шифохоналарида намозхоналар сони кўпайтирилади
«Яқин келажакда Москва шифохоналарида мусулмонлар учун намозхоналарнинг сони икки бараварга кўпаяди», деди Москва шаҳар муфтийси Илдар Аллоутдинов «Москва» шаҳри янгиликлари ахборот агентлигига берган интервьюсида.
– Бугунги кунда Москва шаҳрининг 10 та шифохонасида кўп конфессияли хоналар мавжуд, – деб давом этди интервьюсида муфтий. – Бу ерда ҳар бир намозхон бемалол ибодат қилиши мумкин. Март ойи охирида Н.Балохинга номидаги онкология марказида, куни кеча эса Москва наркология илмий-амалий марказида эркак ва аёлларга мўлжалланган намозхона очилди. Келаси ҳафтада Россия Соғлиқни сақлаш тизимидаги «Соғлом бола НМИЦ» марказида ҳам ташкил этилади.
Ислом.узнинг хабар беришича яқин келажакда шифохоналар раҳбариятлари билан келишилган ҳолда намозхоналар сонини икки бараварга кўпайтириш режалаштирилган.
Муфтийнинг айтишича, намозхоналар беморларнинг мурожаатлари асосида ташкил этилмоқда. Шу билан бирга шифохоналарга имомларнинг доимий бориб туришлари ҳам йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкентда ногиронлиги бўлган инсонлар тайёрлаган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди
“Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Экобозор” савдо мажмуасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар Республика савдо ярмаркаси ташкил қилинган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Савдо ярмаркаси доирасида “ECOBOZOR” савдо мажмуасида махсус савдо расталари ташкил этилиб, унда ўз уйларида турган ҳолда турли хилдаги буюмлар, маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланадиган, бироқ ўз маҳсулотларини реализация қилишда турли қийинчиликларга учраётган ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотларни сотиш имконияти яратилди.
Адлия вазирлиги барчани ушбу Савдо ярмаркасида иштирок этишга ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ва турмушда қийналаётган ногиронлиги бўлган шахсларни эҳтиёжларини қондириш, жумладан яшаш шароитларини яхшилашга озгина бўлсада ўз ҳиссангизни қўшишга чақирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Гулистон шаҳридаги “Қаропчи” қабристони намунали қабристонга айлантирилди
Қабристон - бизлардан аввалда ўтган зотларнинг ҳоки пойлари ўрин олган мўътабар манзил. Бундай жойларни алоҳида ажратиб, ўтганларга эҳтиром маъносида асраш боқий қадриятларимиз, қолаверса динимиз кўрсатмасидир.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Жиззах вилоятидаги диний соҳа ходимларининг сайёр йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қабрларни озода сақлаш, қабрларни оддий шаклда қилиш муфтий ҳазратлари томонидан тавсия этилган эди. Шу муносабат билан ҳудудлардаги бундай савобли ишларга катта эътибор қаратила бошланди.
Айнан шу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самараси ўлароқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Қаропчи” қабристони обод этилди.
Ўтган қисқа фурсат мобайнида вилоят ҳокимлиги ташаббуси ҳамда савобли ишга ҳисса қўшиш истагида бўлган кўплаб маҳаллий аҳоли кўмагида бу жойда катта кўламда ҳашар ишлари олиб борилди. Қабристон ҳудуди тартибга келтирилиб, қаровсиз қабрлар сувалди, ариқ ва йўлаклар тозаланиб, дарахтлар ўтқазиш ишларига ҳозирлаб қўйилди.
Куни кеча 18 апрел куни шу муносабат билан ўтказилган хайрия тадбирида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиблар, нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Муҳаммадназар домла Қаюмов ўз сўзида қабристонларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлишлиги шариатимиз кўрсатмаси эканлигини таъкидлади. Шунингдек, қабристонларга эътибор бермайдиган одам аждодларига беэътибор одам экани, қабрлар устига гуллар, кўчатлар экиш лозимлиги, улар тасбеҳ айтиб туриши ва бу қабр эгасининг охирати учун озуқа бўлишини айтиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Аллома Тақий Усмоний: “Ўзбекистон яна илм марказига айланади”
Бугун, 19 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Покистон давлати муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ билан мулоқот ўтказдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистон заминига қилган ташрифлари қут-баракали бўлгани, зиёратлар ва суҳбатлардан мўмин-мусулмонлар беҳад мамнун бўлганларини билдирдилар.
Ислом фиқҳи, ҳадис илми, шунингдек, замонавий масалалар, хусусан, ислом иқтисоди ва банк масалаларида Тақий Усмоний жуда ҳам катта билим ва тажрибага бўлганлари сабабидан энг муҳим масалаларда яқиндан кўмак беришлари жуда ҳам яхши натижа беришини муфтий ҳазратлари изҳор қилдилар.
Ўз навбатида Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ўзбекистон заминига сафарлари ҳақида гапириб, шундай сўзларни айтдилар:
– Мен ушбу заминни зиёрат қилиш тавсия этилган уч муқаддас жойдан (Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий ва Ақсо масжиди) кейинги ўринга қўяман. Бу юртни кўриш орзу эди. Йигирма етти йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу гал Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент ерларидаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ташрифим билан бу сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон моддий ва маънавий жиҳатда юксалишларга эришган. Бунда юрт Раҳбари ва дин уламоларининг хизматлари беқиёс бўлган.
Маълумки, бу замин аҳолиси жуда кўп синовларни бошидан кечирди. Иттифоқ даврида динга бўлган салбий муносабат ҳаммага маълум. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, бу ерлик аҳолининг имон-эътиқоди бошқа халқлар имонига нисбатан тарихнинг оғир синовларида тобланган. Натижада, маҳаллий мўмин-мусулмонлар ўзларининг муборак динларини сақлаб қолишган. Бу, албатта, Аллоҳнинг фазли қолаверса, уламоларнинг чеккан заҳматлари натижасидир.
Ўтган 27 йил ичида юртингизга дин илмлари ривожлангани, ҳар бир гўшада масжид-мадрасалар фаолият юритаётгани ва ёшларнинг илм олишга бўлган муҳаббатлари янада зиёда бўлганига гувоҳ бўлдим. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон яна илм марказига айланади, иншо Аллоҳ.
Куни кеча бўлиб ўтган суҳбатда мутасадди кишиларнинг Ўзбекистонда Ислом банки фаолиятини йўлга қўйиш ва исломий молияни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари мени хурсанд қилди. Бу борада аввал кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қилиш керак. Покистонда ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлайдиган ўқув юртлари бор. Ёшларни ўқитиб беришимиз мумкин ёки мутахассисларимиз Ўзбекистонга келиб ўқувларни ташкил этишлари ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, бу заминдаги янгиланишларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Бошқа уламоларни ҳам ушбу заминга келишларга тарғиб этамиз. Биз Ўзбекистон Президентининг Ислом қадриятларини асраб-авайлаш йўлидаги меҳнатларини юксак қадрлаймиз ва у кишига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тақий Усмоний ҳазратларининг фикр-мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаб, ҳадис илми, ислом иқтисоди бўйича кадрларни тайёрлаш ва бошқа муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилиш жуда катта натижалар беришини алоҳида қайд этдилар.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Тошкент ислом институтида бўлиб, устоз ва талабалар билан ҳам маърифий суҳбат қурдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати