muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Силаи раҳм динимиз моҳиятини кўрсатиб берувчи буюк бир ибодатдир. У Қуръони карим оятларида Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш баробарида зикр этилади:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى

яъни: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга яхшилик қилинг” (Нисо сураси 36-оят).

Ушбу амал мўмин-мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли амаллардан бири бўлгани учун Қуръони карим оятларида қайта-қайта такрорланади. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло силаи раҳмни ўзи буюрганини таъкидлайди. Ваҳоланки, динимиздаги барча амалларни Аллоҳ таоло буюрган. Барча буйруқларни берган зот айнан силаи раҳмга буюрганини таъкидлагани ушбу ибодат нақадар муҳим амал эканини билдиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деди:

 وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ   

яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам силаи раҳмни намоз ва зикр ибодатига тенглаштирганлар: “Бир аъробий Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга ибодат қиласиз. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсиз. Намозни адо қиласиз. Закотни берасиз. Силаи раҳм қиласиз”, –дедилар”.

Силаи раҳм инсонийликнинг юксак кўриниши ҳисобланади. У кишининг аслиятини очиб берувчи гўзал бир хислатдир. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида бўлганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ўқинг!” деб “Алақ” сураси нозил бўлган машҳур воқеадан ҳам англашимиз мумкин. Ушбу воқеадан кейин Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари титраб-қақшаб, уйларига  қайтдилар. Хадича онамизнинг олдиларига кирганларида: “Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!” дедилар. У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадича онамизга хабарни айта туриб: “Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим”, – деганларида Хадича онамиз: “Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Мусибатга учраганларга ёрдам берасиз”, дедилар. Ушбу ҳадисда силаи раҳм Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг буюк ахлоқлари қаторида зикр этилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳадисдан мазкур ахлоқлар, жумладан силаи раҳм билан сифатланган инсонларни ҳеч қачон Аллоҳ таоло шарманда қилмаслигини ҳам билиб олишимиз мумкин. Зеро, бу сўзларни инсоният тарихида энг буюк аёллар сафида зикр этиладиган, энг биринчи бўлиб Ислом неъмати билан шарафланган ва ўта кучли фаросат соҳибаси бўлган онамиз Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо айтмоқдалар ва бу сўзлар Исломнинг энг ишончли манбаларида бугунги кунгача нақл этилиб келинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк кунлариданоқ силаи раҳмга чақиришни бошлаганлари ҳам ушбу иш нақадар аҳамиятга эга амал эканини билдиради.

Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан: “Сизни нега “Исломда илк мусулмонлардан” дейишади? – деб сўрадим. У зот бундай деб жавоб бердилар: “Мен одамлар залолатда эканини кўрардим ва бутлар ҳеч нарса эмаслигини билардим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Туямга миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни қавми ўраб турибди. Ёнларига бордим ва: “Сиз кимсиз?” – дедим. “Пайғамбарман”, – дедилар. “Пайғамбар нима дегани?” “Аллоҳнинг элчиси”, – дегани. “Сизни Аллоҳ юбордими?” “Ҳа”. “Нима учун юборди?”  “Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш учун юборди”.

Ушбу ҳадисда силаи раҳм пайғамбарликнинг асосий вазифаси сифатида ҳамда Ислом динининг асосий ғоялари билан бир ўринда келтирилмоқда.

Силаи раҳм ўзига хос бўлган жуда кўп ажрларга эга қилувчи ибодат ҳисобланади. Амр ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ: “Билингларки, фарзга босилган қадамдан кейин қариндош томон босилган қадамдан кўра каттароқ ажр келтирувчи амал йўқдир”, – деганлар.

Силаи раҳмнинг ўзига хослиги шундаки, унинг мукофоти дунёда ҳам ўта тез берилади ва охират учун ҳам катта захира бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда:

الطاعاتِ ثوابًا صلةُ الرَّحِمِ إنَّ أعجلَ

яъни: “Ибодатлар ичида энг савоби тез келадигани силаи раҳмдир”, –деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:

من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ

(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ)

яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).

     Динимиз кўрсатмаларида яхшилик қилишни аввало яқин қариндошлардан бошлаш лозим эканлиги таъкидланади. Зеро бу ҳолатда қилинган яхшилик икки баробар ажр олишга сабаб бўлади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

الصَدَقَةُ عَلَى الْمِسْكِيْنِ صَدَقَةٌ، وَعَلَى ذِي الرَّحْمِ ثِنْتَانِ، صَدَقَةٌ وَصِلَةٌ

яъни: “Мискинга қилинган бир садақадир. Қариндошга қилинган садақа икки яхшиликдир: садақа ва силаи раҳмдир” деганлар.

         Ривоятларда келадики, бир кишининг амакисининг ўғли оғир касаллик билан вафот этганда унинг болаларидан: “Отангизнинг бирортасидан қарзи бормиди?” деб сўрайди. Улар оталарининг қарзи бор эканини айтадилар. У киши: “Қарзлар менинг зиммамга, ўзим тўлаб бераман”,  – дейди. У қарз нари борса ўн минг ёки йигирма минг танга бўлса керак, деб ўйлаган эди. Бироқ болалардан қарзнинг 385 минг эканини эшитади. Унинг ўзи бу хусусда шундай деган: “Қарзларнинг барчасини битта-битта қилиб тўладим. Аллоҳга қасамки, бир неча йиллардан бери касод бўлиб турган молларим бор эди. Бир неча кунда сотилиб кетди. Ҳисоблаб қарасам ушбу савдолардан топган фойдам тўлаган қарзларим теппа-тенг чиқди”.

Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.

Силаи раҳмни жорий қилиш қанчалик улуғ бўлиши баробарида уни узиш гуноҳи кабиралардандир. Зеро ояти карима ва ҳадисларда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси 22-23-оятлар).

Ушбу оят шарҳида Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Силаи раҳмни узган кишилар билан дўст бўлмагин, чунки Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримнинг икки оятида лаънатлаган” (Бу ерда мазкур оят билан Раъд сураси 25-ояти назарда тутилган).

Аллоҳ таолонинг изни билан раҳм (қариндошлик) ўзини боғлаганларни ҳақига яхши дуо, ўзини узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

الرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ

(أخرجه البخاري عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).

Силаи раҳмни узганлар жаннатга кирмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعٌ" قَالَ سُفْيَانُ فِي رِوَايَتِهِ: "يَعْنِي قَاطِعَ رَحِمٍ

(متفق عليه)

яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, – дейдилар (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир.

Баъзи одамлар ўзаро борди-келди қилиб турган қариндошларгагина яхшилик қилишни силаи раҳм деб ҳисоблайдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу тушунчани хато эканини айтадилар ва силаи раҳмнинг ҳақиқий моҳиятини баён қилиб берганлар:

لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا

(رواه الامام البخاري)

яъни: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилишни ўз ичига олади.

Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир. Бу ишларга мол-дунёнинг сабабчи бўлаётгани янада аянчлидир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам молу-мулк ҳақида бундай деганлар:

تَقيءُ الأرضُ أفلاذَ كبدِها أمثالَ الأُسطوانِ منَ الذَّهبِ والفضَّةِ قالَ: فيجيءُ السَّارقُ فيقولُ: في مثلِ هذا قُطِعَت يدي ويجيءُ القاتلُ فيقولُ: في هذا قَتلتُ: ويجيءُ القاطعُ فيقولُ: في هذا قَطعتُ رحِمي ثمَّ يدَعونَهُ فلا يأخُذونَ مِنهُ شيئًا

(الترمذي)

яъни: “Ер ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини устунлардек уюм-уюм қайт этиб чиқариб ташлайди. Шунда қотил келади ва: “Мен шулар сабабли одам ўлдиргандим”, дейди. Силаи раҳмни узган келади ва: “Мен шулар сабабли силаи раҳмни узгандим” дейди. Ўғри келади ва: “Мен шулар сабабли ўғрилик қилгандим”, дейди. Кейин улар бу нарсаларни ташлаб кетадилар ва ундан ҳеч нарса ололмайдилар” (Имом Термизий ривояти).

Демак, барчадан қоладиган мол-дунёни деб Аллоҳ таолога осий бўлиш, у буюрган амрларни тарк этиш, хусусан силаи раҳмдек дунё ва охиратимиз учун ўта фойдали ишга бепарво бўлиш мўмин-мусулмонга ярашмайдиган иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимизни қабул қилсин. Барчаларимизни силаи раҳм деган буюк ибодатга амал қиладиган ва унинг фазилатларига эришадиган бандалардан айласин!

 

Среда, 27 Апрель 2022 00:00

Пайғамбаримизни тушда кўриш

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда туш ва унга тегишли масалалар баён қилинган. Шариатимизда яхши тушлар мўминга башорат сифатида қабул қилинади, лекин туш далил-ҳужжат бўла олмайди. Фақат пайғамбарларнинг тушларигина ваҳий сифатида эътиборга олинади. Улардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби, тушда ҳам суратларига кира олмайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:

"مَنْ رَآنِي فِي المَنَامِ فَقَدْ رَآنِي فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لاَ يَتَمَثَّلُ بِي"

(أخرجه البخاري)

яъни: “Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўриш фазилат ва одамлар томонидан улуғланадиган иш бўлганидан У Зот алайҳиссаломни тушда кўрганини айтувчилар учраб туради. Тобеъинлар даврида ҳам бу нарса тез-тез учраб турганидан, ўша замонда тушларни таъбир қилиш билан машҳур бўлган Ибн Сирин ким Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўрганини айтса: “Қани менга кўрганингни сифатлаб берчи”, дер эканлар. Агар сўзловчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Ибн Сирин билганидек (яъни, сийрат китобларида таърифланганидек) сифатламаса: “У Зотни кўрмабсан”, дер эдилар (Исноди саҳиҳ).

Аллоҳ таоло Пайғамбари воситасида шариатни комил, динини тўлиқ қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу дунёдан ўтганларидан кейин У Зотни тушида кўрган одамга бир нарсани буюрсалар ёки қайтарсалар, бу нарса ҳужжат бўлишига бирорта далил келмаган. Балки Аллоҳ таоло дин комил бўлгандан кейингина Пайғамбарини руҳини қабз қилди. Бунинг устига Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари келтирган Ислом шариатини маҳкам тутиш, бошқасига эргашмаслик, динга киритиладиган янгиликлардан узоқ бўлишни буюриб кетган эдилар.

Ҳозирги кунда кузатиладиган ажиб ҳолат шуки, баъзи кишилар тушида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргани ва У Зот алайҳиссалом баъзи бир савобли ишлар: етимни бошини силаш, кўпроқ истиғфор айтиш ва ҳаказоларга буюрганларини айтадилар. Атрофдагилар эса бу амалларни қилишимиз керак экан, деб шов-шув кўтариб ўша амалларга урғу бера бошлайдилар. Ваҳоланки ўша амаллар Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларда буюрилган, турибди. Бу ишларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида айтганлар ва у кўпчилик томонидан ўйғоқликда эшитилиб ёдлаб олинган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг мартабаси тушнинг мартабасидан чандон марта ортиқ. Ўзини билган умматлар тушда буюрилмасдан аввал ҳам буларга амал қилиб юришибди, албатта. Нега баъзи бирларимиз шаръий ҳукмларни ўқиб амал қилмаймизу, бир киши туш кўриб айтса, амал қиламиз?! Бу нимага далолат қилади?! Сохтакорлик ва риёкорликка берилиб кетишгами?! Бу савобли ишларга амал қилмоқчи бўлган кишига кимдир Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушида кўриши шарт эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўрмаган тушини кўрдим деб, тўқима туш айтиш шариатимизда энг катта бўҳтон-ёлғончилик саналади (Имом Бухорий ривояти).

Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар тушимда худо билан гаплашдим, деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Аслида инсон туш кўргани учун савоб олмайди ва гуноҳкор ҳам бўлмайди, лекин, шариат буюрган бурч ва вазифаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Среда, 27 Апрель 2022 00:00

Хатми Қуръон дуоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум! Азиз Қуръони Карим шайдолари! Рамазон ойи Қуръон ойи бўлгани муносабати билан ҳамма мўмин мусулмонлар Қуръони Каримни тиловат ва хатм қилиш билан машғул. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асарда: «Қуръон хатм қилинган чоқ ижобат бўладиган дуо бор», дейилган. Келинг азизлар қўл очиб бир дуо қилайлик!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ!

Буюк Аллоҳ рост сўйлайди!
Аллоҳим! Барча ҳамд Сенга хос, барча шукр Сенгадир, жумлаи мулк Сенингдир!
Ибодат қилинишга бир Ўзинг ҳақлидирсан, дуо қилишга бир Ўзинг лойиқсан! Аллоҳим! Сенга Юзинг Важҳинг улуғлиги ва салтанатинг буюклигига яраша ҳамду сано бўлсин!
Эй Аллоҳ!
Эй улуғ неъматларни берувчи Раҳмон!
Эй латиф неъматларни берувчи Раҳим!
Эй барча нарсанинг эгаси Малик!
Эй барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок Қуддус!
Эй нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Салом!
Эй иймон ва омонлик берувчи Мўмин!
Эй ҳамма нарсани қамраб олувчи Муҳаймин!
Эй барчанинг устидан ғолиб Азиз!
Эй олий қадар, улуғ Жаббор!
Эй кибриёси ва улуғлиги бениҳоя Мутакаббир!
Эй асли ва ўхшаши йўқ нарсаларни аниқ ўлчовлар ила яратгувчи Холиқ!
Эй йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи Бориъ!
Эй махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи Мусаввир!
Эй ўта кечиримли Ғаффор!
Эй барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни бўйсундириб турувчи Қаҳҳор!
Эй кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи Ваҳҳоб!
Эй кўплаб ризқ берувчи Раззоқ!
Эй Ўз раҳмат хазийнасини бандаларига очгувчи Фаттоҳ!
Эй ҳамма нарсани билгувчи Алим!
Эй руҳларни, қалбларни қабз қилувчи, - измида тутгувчи! Хоҳлаганининг ризқини тор этгувчи, эй Қобиз!
Эй Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи! Хоҳлаганининг ризқини кенг қилиб қўювчи! Эй Қалбларни кенг қилувчи Босит!
Эй пастлатгувчи Хофиз!
Эй баланд даражаларга кўтарувчи Рофиъ!
Эй азиз қилувчи Муъизз!
Эй залил қилувчи Музилл!
Эй барча нарсани эшитгувчи Самиъ!
Эй барча нарсани кўргувчи Басир!
Эй ҳукм соҳиби Ҳакам!
Эй адолат соҳиби Адл!
Эй лутф соҳиби Латиф!
Эй ҳамма нарсадан хабардор Хабир!
Эй ҳилм соҳиби Ҳалим!
Эй ақл тасаввур қила олмайдиган даражада буюк Азим!
Эй сермағфират Ғафур!
Эй оз амалга кўп савоб берувчи Шакур!
Эй бениҳоя олиймақом Алий!
Эй ҳамма нарсадан буюк Кабир!
Эй ҳар бир нарсани комил муҳофаза қилувчи Ҳафиз!
Эй барча моддий ва руҳий озуқаларни яратувчи Муқит!
Эй кифоя қилувчи, Қиёмат куни бандаларнинг ҳисобини қилувчи Ҳасиб!
Эй сифатларида улуғликка эга бўлган Жалил!
Эй сўралмас туриб, ҳеч бир эвазсиз кўплаб ато этгувчи Карим!
Эй бирор заррани қўймай кузатиб турувчи Рақиб!
Эй дуоларни ижобат қилувчи Мужиб!
Эй ҳамма нарсани кенг илми ила, барчани кенг раҳмати ила қамраб олган Восиъ!
Эй ҳикмат соҳиби Ҳаким!
Эй барчага яхшиликни раво кўргувчи Вадуд!
Эй шон-шарафи, қадри баланд ва чексиз Мажид!
Эй халқларга пайғамбарлар юборувчи, ўликларни қайта тирилтирувчи Боис!
Эй ҳар бир нарсага ҳозиру нозир Шаҳид!
Эй ҳақни юзага чиқарувчи Ҳақ!
Эй барчанинг иши топширилган Вакил!
Эй қувватли Қавий!
Эй матонатли Матин!
Эй дўстларига муҳаббат қўювчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи Валий!
Эй мақтовга сазовор Ҳамид!
Эй барча нарсанинг ҳисобини олган Муҳсий!
Эй барча нарсани аввалидан яратган Мубдиъ!
Эй йўқ бўлган нарсаларни қайтадан яратгувчи Муъид!
Эй тирилтирувчи, ҳаёт бахш этувчи Муҳйий!
Эй ўлдирувчи, ўлимни яратган Мумит!
Эй абадий барҳаёт Ҳайй!
Эй ўз-ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган Қайюм!
Эй истаганини топадиган Вожид!
Эй мажду шараф соҳиби Можид!
Эй зоту сифотида ягоноа Воҳид!
Эй эҳтиёжсиз ҳожатбарор Сомад!
Эй чексиз қудрат соҳиби Қодир!
Эй бениҳоя қудратли Муқтадир!
Эй олдинга сурувчи Муқаддим!
Эй охирга сурувчи Муаххир!
Эй барча нарсадан олдин бор бўлган Аввал!
Эй барча нарсадан кейин ҳам қолувчи Охир!
Эй мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдин Зоҳир!
Эй кўзга кўринмас, ҳамма нарсадан махфий Ботин!
Эй ҳар нарсага эга Волий!
Эй ҳамма нарсадан олий Мутаъолий!
Эй улкан яхшиликлар қилувчи Барр!
Эй тавбага йўлловчи ва тавбаларни қабул қилгувчи Таввоб!
Эй золим ва осийлардан интиқос олувчи Мунтақим!
Эй гуноҳларни кечиб юборувчи Афувв!
Эй шафқатли Рауф!
Эй борлиқ мулкнинг мутлақ соҳиби Моликул-мулк!
Эй улуғлик ва юксаклик соҳиби Зул-жалоли вал-икром!
Эй адолат ила иш кўргувчи Муқсит!
Эй барча нарсани тўпловчи Жомиъ!
Эй ҳар нарсадан беҳожат Ғаний!
Эй беҳожат қилиб қўйгувчи Муғний!
Эй ман қилгувчи Мониъ!
Эй зарарни яратгувчи Зорр!
Эй манфаатни яратгувчи Нофиъ!
Эй ўз-ўзи ила зоҳир бўлган, ўзгаларни зоҳир қилган Нур!
Эй ҳидоятга йўллагувчи Ҳодий!
Эй ўхшашсиз яратувчи ижодкор Бадиъ!
Эй боқий қолгувчи абадий Боқий!
Эй барча нарсанинг пировард соҳиби Ворис!
Эй тўғри йўлга бошловчи Рашид!
Эй сабр соҳиби Сабур!
Аллоҳим! Бизларни энг афзал Расулинг умматидан қилганингга шукр, энг буюк Китобинг аҳлидан этганингга шукр!
Ё Аллоҳ! Бизларга рўза фарз қилганинг ҳамда бизларни Рамазони шарифга етказиб ибодатингга ноил айлганинг учун Ўзингга ҳамду санолар айтамиз! Ўзингинг мўъжиз Каломингни тиловат ва хатм қилишга бизларни муваффақ қилганингга шукрлар келтирамиз!
Аллоҳим! Бизларга Сен берган ва бераётган барча неъматлар: ошкору махфий, зоҳиру ботин, умумию хос неъматларинг учун Ўзингга шукру саноларимиз бўлсин! Неъматларинг саноғи, фазлу марҳаматинг адоғи йўқ! Нақадар буюклигинг Ўзингдан ўзгага маълум эмас, Зотингнинг ҳақиқатини Ўзингдан ўзга билмас! Сенинг мақтову таърифингга ожизмиз, Сен Ўзингни Ўзинг таърифлагандексан!
Ё Аллоҳ! Қандай қилиб шукрингни адо этамизки, шукр қилишга тавфиқ берганингнинг ўзи шукрни вожиб қилувчи неъматдир!
Аллоҳим! Сени васф этишга дунё сўзлари, Сени кўришга дунё кўзлари етмас. Сифатларингни иҳота этишга қалблар ожиз, Зотингга эришишга руҳлар муштоқ!
Аллоҳим! Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан! Сенга ҳеч нима ўхшамас, Сен ҳеч нимага ўхшамассан! Бир Ўзингни севмоқ бутун борлиққа севилмоқдан афзал, Сенга чин қул бўлмоқ оламга подшоҳ бўлмоқдан олийдир!
Ё Аллоҳ! Сен Зоҳирсан, Сендан ошкор нарса йўқ, Сен Ботинсан, Сендан махфий нарса йўқ. Сен Аввалсан, Сендан қадим нарса йўқ, Сен Охирсан, Сендан сўнгра нарса йўқ!
Ё Аллоҳ! Ҳеч бир зарра илмингдан ташқари эмас, бирор нарса ҳукмингдан ўзга бўлмас! Қудратинг қошида ақллар қосир, неъматинг олдида тиллар ожиз!
Ё Аллоҳ! Бизларни энг гўзал Калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул анам, мавжудотлар гултожи, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зоти бобаракотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлар ва уларга эргашган мусулмонларга салоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қил!
Аллоҳим! Бизларга Каломингни ўргатган, рисолатингни етказган, ҳақ билан ботилни кўрсатган, яхшию ёмонни танитган, бизларга ўзимиздан да меҳрибон бўлган суюклигимиз, Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларингни нозил айла!
Аллоҳим! Бизларга Қуръонни ўргатган Пайғамбаримизга Қуръондаги ҳарфлар ададича, ҳар бир ҳарф учун минг мингларча салавот йўлла!
Ё Роббимиз! Ўзимизга ўзимиз зулм қилдик, бизларни Ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганларлардан бўлажакмиз!
Сенга жалолингга яраша ибодат қилишдан ожизмиз, аммо Сен бизларга камолингга лойиқ марҳамат кўрсатишга қодирсан! Ё Раббий! Бизларни осийлигимизга яраша эмас, мағфиратингга лойиқ қабул эт! Бизларни қулчилигимизга қараб эмас, Робблигингга кўра мукофотла!
Ё Роббимиз! Агар бизни раҳматинг билан қарши олсанг, зиёндан хавфимиз бўлмас, амалларимизга ташлаб қўйсанг, нажотдан умидимиз қолмас!
Аллоҳим! Агар гуноҳларимиз дунёни тўлдирса, раҳмат денгизинг мавжи олдида бир хасча бўлмас, ибодатларимиз борлиқни қамраса, жаҳаннам ёнида қатра сувча келмас!
Аллоҳим! Буйруқларингни адо эта олмадик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутма! Қайтариқларингдан қайта олмадик, аммо қайсарлик билан эмас, кучсизлигимиздан. Кучсизларга шафқатлисан, бизларга шафқат кўрсат! Аллоҳим! Сен Хожамизсан, биз қулларингмиз, қул хожасидан бошқа кимга ҳам гуноҳкор бўларди, қулни хожасидан бошқа ким ҳам кечирарди?!
Аллоҳим! Биз гуноҳ қилмасак, мағфиратинг кўринармиди?! Биз гуноҳкорларга раҳм кўрсатмасанг, раҳматинг билинармиди?!
Аллоҳим! Гуноҳларимиз дуойимизни ижобатдан тўсишидан асра! Қошингда осий бўлсак да, ижобатдан умидимиз тугалдир. Гуноҳкорнинг дуосини қабул қилмасайдинг, уни мағфират сўрашга буюрмас эдинг!
Минг йил ибодатингни қилганни қувсанг, ҳикматингдандир, юз йил осийлик қилганни ёрлақасанг, раҳматингдандир! Бутун башариятни дўзахга ташласанг, эътироз этилмас, жумла инсониятни жаннатга киритсанг, ҳайрат қилинмас! Ғазабингга истаганингни дучор этасан, раҳматинг барча нарсани қамраб олгандир!
Аллоҳим! Раҳматинг пардаси билан айбу гуноҳларимизни яширдинг, энди мағфиратинг нури ила уларни куйдириб ташла! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги бор, махфию ошкораси бор, биладиганларимиз бор, билмайдиганларимиз бор, барча барчасига тавба қилдик! Тавба қилдик! Тавба қилдик! Тавбамизни қабул эт! Гуноҳларимизни кечир!
Аллоҳим! Сен Афувсан, авфни севасан, бизларни афв эт!
Эй буюк Роббимиз! Гуноҳларимизни бу дунёда юзимизга чиқарсанг, бировга юзланишга журъатимиз етмас, уларни охиратда юзимизга солсанг, бош кўтаришга ҳолимиз қолмас!
Аллоҳим! Бандангни лутф билан қарши олсанг, зарра амали уни жаннатга киритар, агар адолатингга олсанг, дунё тўла амали уни дўзахдан қутқара олмас!
Аллоҳим! Сўраганни яхши кўргувчи Ёлғиз Сенсан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, Сенинг ғазабингдан қочиб, муҳаббатингга ошиққанимиздан Сендан сўрамоқдамиз, Ўзинг ижобат қил!
Аллоҳим! Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ! Қилган ҳукминг қайтарилмас, ҳузурингда бойга бойлиги фойда бермас!
Аллоҳим! Мулкинг чексиздир, еру осмон хазиналари илкингдадир. Бутун махлуқотнинг барча сўраганини берсанг, денгиздан игнага илашган сувча бўлмас, жумла мавжудотнинг сўраганини рад қилсанг, «нечун?» деб сўралмас!
Ё Аллоҳ! Амалларимизга қарасак, Сендан бирор нарса сўрашга уяламиз ҳижолатмиз! Аммо лутфу марҳаматингни ўйласак, сўрашдан тўхтай олмаймиз!
Ё Аллоҳ! Сен ҳожатбарорсан, биз ҳожатмандмиз. Ҳожатманд ҳожатбарордан ўзга кимга ҳам дуо этарди?! Сен бойсан, биз фақирмиз. Фақир бойдан бошқа кимга ҳам қўл очарди?!
Ё Аллоҳ! Борлигингни тан олмаганга ҳам ҳаёт бахш этурсан, Раззоқлигингни инкор қилганга ҳам ризқ ато этурсан! Кофирни қўйиб берганинг қудратингдандир, мўминни тутганинг шафқатингдандир!
Ё Роббий! Бир бурда нон ейишимиз учун ою қуёшни, еру осмонларни бизга беминнат хизматкор қилиб қўйдинг. Раҳмат бундан улуғ бўладими?! Аммо биз бурда нон учун Сенга гуноҳ қиладиган аҳволга келдик! Осийлик бундан ортиқ бўладими?! Сенинг Еринг устида, Сенинг осмонинг остида, Сен берган неъматлар ила Сенга гуноҳкорлик қилган бу ночиз бандаларингни азобласанг, адолатингдандир! Аммо Ўз Ерингда юрган, Ўз осмонинг остида яшаётган, Ўзинг яратган бу ожиз бандаларингни мағфират қилсанг, раҳматингдандир!
Ё Аллоҳ! Сендан умидимиз шунчаларки, неъматларингга ғарқ бўлган ҳолимизда, ҳеч нарсаси йўқ кишидай Сендан неъматлар сўраймиз! Ҳузурингда ожизлигимиз шу қадарки, минг неъмат кетидан бир мусибат берсанг, паноҳингга қочиб ёлборамиз! Аллоҳим! Неъмат берганингда шукр насиб эт, мусибат берганингда сабр насиб эт!
Аллоҳим! Мўъжиз Каломингни хатм қилдик! Баҳоли қудрат ҳарма ҳарф ўқиб тугатдик! Энди остонангга бош уриб келдик! Гуноҳкор, қуруқ қўлларимизни даргоҳингга узатиб турибмиз! Ҳузурингда хижолат юзларимизни Ўзингга қаратиб сўраймиз! Хатокор ва ғофил қалбларимизни Ўзингга юзлантириб илтижо қиламиз! Ўзимиз ожизона хатм қилган Каломингни, Қуръони Каримни васила қиламиз! Ўзингга ва Каломингга бўлган иймонимизни, муҳаббатимизни Сенга васила қиламиз! Зотан, васила қилишга арзирли бошқа амалимиз йўқ! Ҳиммат аҳлининг буюк амалларини ҳимматлари юзидан қабул қилганингдек, биз ожизларнинг ожизликдан келтирган василамизни ожизлигимиз юзасидан қабул айла!
Аллоҳим! Каломингда Ўзинг «Дуо қилинглар, ижобат қиламан», дегансан. Амрингга биноан дуо қилмоқдамиз, ваъдангга биноан ижобат айла! Аллоҳим! Ўзингдан ўзга дуо қиладиганимиз йўқ, дуойимизни агар Сен эшитмасанг, ўзга дуо қиладиганимиз йўқ! Даргоҳингдан рад қилсанг, мундин ўзга бош урар остонамиз йўқ! Қўлимизни қуруқ қайтарсанг, умид қилар эшигимиз йўқ!
Аллоҳим! Сен ҳаё ва марҳамат соҳибисан! Бандаларингнинг қўлларини қуруқ қайтармагайсан!
Ё Роббий! Ўзинг бизни кўриб турибсан, сўзларимизни эшитиб турибсан, ичу ташимизни билиб турибсан, Сенга музтарларча ёлборамиз, бечораларча Сенга илтижо қиламиз, эй музтарларнинг дуосини ижобат қилувчи Аллоҳим! Эй бечораларнинг илтижосини қабул қилувчи Аллоҳим!
Ё Аллоҳ! Сени туғмаган ва туғилмаган, тенги бўлмаган, беҳожат ҳожатбарор, ёлғиз Аллоҳ деб гувоҳлик берганимиз ила сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Ўзингга бўлган муҳаббатимиз ҳаққи ҳурмати сўраймиз. Сени севмасак, Сенга илтижо қилармидик?! Ё Аллоҳ! Сенинг бизга бўлган муҳамббатинг ҳаққи ҳурмати сўраймиз! Агар севмасанг, бизни Ўзингга илтижо қилдириб қўярмидинг?!
Аллоҳим! Сенинг қулларингмиз, қулларингнинг фарзандларимиз, чўриларингнинг авлодларимиз. Бизга оид чиқарган ҳукминг амалга ошажак ҳақиқатдир, ҳаққимизда қилган қароринг айни адолатдир. Сендан Ўзинг Ўзингни атаган, Китобингда нозил қилган, махлуқотларингдан бирор кишига Ўзинг ўргатган исмларинг ила, Ўз ҳузурингда ғайб илмида асраган ҳар бир гўзал исминг ила сўраймиз: Қуръони Азимни қалбимизнинг баҳори, юрагимизнинг нури қил, ғамларимизни аритувчи, ташвишларимизни кетказувчи омил айла!
Аллоҳим! Қуръони Карим ҳурматидан бизларга раҳм қил! Уни бизларга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо айла! Аллоҳим! Қуръони Каримдан унутганларимизни ёдимизга сол, билмаганларимизни бизларга билдир! Уни кеча кундуз тиловат қилишни насиб эт! Уни бизларнинг зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қил!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Карим ҳалол деган нарсаларни ҳалол билиб, ҳаром деган нарсаларни ҳаром билган, унинг муҳкам оятларига амал қилиб, муташобиҳ оятларига иймон келтирганлардан қил!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Каримнинг ҳарфларини ҳам, ҳукмларини ҳам адо этадиганлардан эт, ҳарфларини адо этиб, ҳукмларини зое қиладиганлардан қилма!
Аллоҳим! Бизларга Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфидан ҳаловат, ҳар бир сўзидан шарофат, ҳар бир оятидан саодат, ҳар бир сурасидан офият ва ҳар бир жузидан мукофот насиб айла!
Аллоҳим! Қуръони Каримни бизлар учун шафоатчи қил, фойдамизга ҳужжат қил! Аллоҳим! Бизларни Ўзингнинг аҳлинг ва хосларинг бўлмиш аҳли Қуръонлардан қил!
Аллоҳим! Қуръони Каримни қалбларимизга зиё, кўзларимизга нур, дардларимизга даво, гуноҳларимизни ўчирувчи, бизларни дўзахдан қутқарувчи қил!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Карим воситасида бахтсизликдан бахту саодатга, дўзахдан жаннатга, ғазабингдан розилигингга, ҳожатмандликдан беҳожатликка, бидъатдан суннатга, зулумотлардан нурга, залолатдан ҳидоятга, хорликдан азизликка, барча ёмонликлардан ҳамма яхшиликларга олиб чиқ!
Аллоҳим! Қуръони Каримни бизларга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қил!
Эй Аллоҳ! Бизга розилигингни, жаннатингни ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амалларни насиб қил! Ғазабингдан, дўзахингдан ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амаллардан паноҳ бер!
Аллоҳим! Ўзинг яратган гўшту суякдан иборат ожиз бандалармиз! Иқобингга бардошимиз етмас, азобингга вужудимиз дош бера олмас! Бизларни дўзахга солма! Шу қадар улуғсанки, Сенга осий бўлганга етти дўзахнинг азоби оз! Шу қадар марҳаматлисанки, бандангни раҳматингга олсанг, унга саккиз жаннат кам!
Ё Аллоҳ! Сенга қанчалар гуноҳ қилдик! Ўзингга ҳамдлар бўлсинки, ҳозир жонимиз танамизда! Жонимизни гуноҳ қилаётганимизда олмаганингга шукр! Аллоҳим! Бизларга ўлим фариштасини энг яхши ҳолатимизда, Ўзинг рози бўладиган энг афзал амалимиз узра юборгин! Жонимиз ҳалқумга келмай гуноҳдан покланиб олишимизга тавфиқ бер!
Аллоҳим! Оёқларимиз совуган, қўлларимиз музлаган, юрагимиз сўнгги зарбаларини ураётган, кўзларимиз қотаётган, тилимиз тўхтаётган, руҳимиз жисмимизни тарк этаётган маҳалда дилу тилимизга «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Росулуллоҳ» калимасини жорий айла! Бизларга ўлим талвасаси фитнасидан, қабр азоби фитнасидан, охират азоби фитнасидан паноҳ бер!
Ё Аллоҳ! Тупроқ остида ёлғиз ётганимизда бизларга раҳм қил! Даҳшатидан гўдакнинг сочлари оқариб кетадиган Қиёмат куни бизларга хотиржамлик ато қил! Аршинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда бизларга соянгдан жой бер!
Меҳрибон Роббимиз! Бизларни бу дунёдаги мушфиқ йўлбошчимиз – Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил айла! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шафоатим умматимнинг гуноҳкорларигадир», демишлар. Биз гуноҳга ботган умматмиз! Бизларни у зотнинг шафоатларига етказ! Ҳавзи Кавсарларидан ичишни насиб эт! Гуноҳларимизни ошкор қилиб, бизларни у зотнинг олдиларида ҳижолатга қўйма!
Ё Аллоҳ! Бизга ўзимизни гуноҳдан тўсадиган даражада қўрқувингни, бизни жаннатга олиб борадиган ибодатингни, дунё мусибатларини бизга енгил қиладиган яқийнни ато қил! Ҳаётимизда Ўзинг берган кўриш, эшитиш ва бошқа қобилиятларимиздан баҳраманд қил! Бу баҳрамандликни меросхўримиз айла! Ўчимизни бизларга зулм қилганларгагина қарат! Душманларимиз устидан бизларга ғалаба бер! Динимизда мусибат берма! Бор билганимиз, бор ташвишимизни дунё қилиб қўйма! Жаннатни биз учун маскан қил! Гуноҳларимиз туфайли устимизга Сендан қўрқмайдиган, бизга раҳм қилмайдиганларни ҳукмрон қилиб қўйма!
Аллоҳим! Сендан динда, дунёю охиратда афву офият сўраймиз! Аллоҳим! Барча ишларда оқибатимизни гўзал қил, бизларни дунё хорлигию охират азобидан асра!
Аллоҳим! Қалбларимизни пок саломат, тилларимизни серзикр ва сершукр, баданларимизни ибодатингда мустаҳкам, руҳларимизни Ўзингга муштоқ қил!
Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мақбул солиҳ амал, гўзал ахлоқ, юкасак одоб, ҳалол ва мўл ризқ, баракали умр, салоҳиятли авлод сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Бизларга кенг феъл, кетмас давлат, зикрли тил, шукрли дил ато эт!
Аллоҳим! Ҳар бир ишда Сенга муҳтожмиз,! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма! Ҳар ҳолатда ёлғиз Ўзингга таваккаул қиламиз, суянамиз, Ўзингдан бошқага ташлаб қўйма! Дунявий ва ухравий хайрли ишларимизда Ўзинг мададкоримиз бўл!
Ё Аллоҳ! Орамизда ҳожатмандлар бор, ҳожатларини раво қил! Бошига мушкил тушган, ташвиш етганлар бор, мушкилларини осон қил, ташвишларини арит! Беморларимиз бор, дардларига шифои комил бер! Фарзандталабларимиз бор, қўша-қўша солиҳу солиҳа, муслиҳу муслиҳа фарзандлар ато айла! Адашганларни ҳидоят қил! Хавф хатарга тушганларга хотиржамлик ато қил! Қарздорларга кушойиш бер! Мазлумларга нажот бер! Боши қотганларга нажот йўлини кўрсат!
Аллоҳим! Бутун башар бир кишига зиён еткизишга қасд қилса, Сен битгандан бошқа бўлмас! Агар ҳамма бир кишига фойда келтиришга азм қилса, Сен ёзгандан ўзга бўлмас!
Ё Аллоҳ! Бизларни кўз юмиб очгунча ҳам, ундан оз муддат ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўйма! Ўзингдан бегона қилма! Мададкоримиз, ҳимоячимиз, ҳидоятчимиз, кўмакчимиз, ва қўллаб қувватловчимиз бўл! Сенсиз куч ҳам йўқ, қудрат ҳам йўқ!
Ё Аллоҳ! Иш аҳволимизнинг жилови бўлмиш диёнатимизни яхши қил! Тириклигимиз манбаи дунёйимизни яхши қил! Боражак манзилимиз бўлмиш охиратимизни яхши қил! Тирикликни бизлар учун эзгуликни кўпайтириш, ўлимни эса ёмонликдан қутулиш қил!
Аллоҳим! Сендан ёлвориб сўраймиз, умримизнинг сўнгги энг яхши онимиз бўлсин, амалларимизнинг охиргиси энг афзали бўлсин, кунларимизнинг энг яхшиси Сенга йўлиқадиган кунимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сендан энг яхши тилак, энг яхши дуо, энг яхши муваффақият, энг яхши илм, энг яхши амал, энг яхши савоб, энг яхши ҳаёт ва энг яхши ўлимни сўраймиз! Ўзимизни собитқадам, тарозимизни оғир айла! Орзуларимизни рўёбга чиқар, даражаларимизни кўтар, намозу дуоларимизни қабул эт, хатоларимизни кечир. Сендан жаннатдан олий мақом сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Сендан мутавозеларнинг хокисорлигини, яқийн аҳлининг ихлосини, яхшиларга йўлдошликни ва иймон ҳақиқатларига эришишни сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Сендан раҳматинг сабабларини, мағфиратинг омилларини, ҳар бир яхшиликдан насиба олиш, ҳар қандай гуноҳдан саломат бўлиш, жаннатни қозониш ва дўзахдан қутулишни сўраймиз.
Илоҳо! Илмимизни фойдасиз, қалбимизни қўрқувсиз, кўзимизни намсиз, нафсимизни тўймас, амалимизни номақбул, дуойимизни беижобат қилиб қўйма!
Ё Аллоҳ! Сендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ бандаларинг сўраган яхшиликларни сўраймиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ бандаларинг паноҳ сўраган ёмонликлардан паноҳ тилаймиз!
Ё Аллоҳ! Сендан тез ва кеч келадиган, биз билган ва билмаган барча яхшиликни сўраймиз, тез ёки кеч келадиган, биз билган ва билмаган барча ёмонликдан паноҳ тилаймиз!
Ё Аллоҳ! Бизларни буйруқларинг билан машғул, адолатингдан хотиржам, Ўзингдан ўзгага умид боғламаган, ёлғиз Ўзингга суянган, Сен билан бўладиган, Сендан бошқадан қочадиган, қазою қадарингга рози, мусибатларингга сабрли, неъматларингга шукрли, зикрингдан лаззат олувчи, Китобинг билан хушнуд бўлувчи, кечаю кундуз Сенга илтижо қилувчи, ўлимга доим тайёр турувчи қилгин!
Аллоҳим! Бизларга дийдоринг шавқини ҳамда Муборак Юзингга термулиш лаззатини насиб эт!
Ё Аллоҳ! Куч қудратимиз заифлигидан, тадбирсизлигимиздан, одамлар олдида хор бўлганимиздан Ўзингга арз этамиз! Бизга ғазаб қилмаётган бўлсанг, бу ҳолатларга эътибор қилмаймиз, бироқ офиятинг биз учун кенгроқдир. Зулматларни тарқатган, боисидан дунёю охират ишлари яхшиланган Юзинг нури ила бизларга ғазабинг тушишидан ёки норозилигинг нозил бўлишидан паноҳ тилаймиз! Ўзинг рози бўлгунингча Сендан розимиз!
Ё Аллоҳ! Ноҳақ тўкилаётган қонлардан, бева қолаётган аёллар ва етим бўлаётган гўдакларнинг аҳволидан Ўзингга арз қиламиз! Уларга раҳм қил! Мусулмон ўлкаларга тинчлик осойишталик, офиятингни нозил айла! Мусулмонларнинг молига, жонига ёки динига қасд қилганларга Ўзинг кифоя қил! Мусулмон уммати бугун машаққатда! Уларнинг хатою гуноҳларини мағфират қил! Солиҳ амалларига баракотлар, муваффақиятлар ато эт! Уларнинг қалбларини бирлаштир! Ораларидаги ихтилоф ва келишмовчиликларни кўтар! Бир бирлари билан Ўзинг амр қилганингдек ака ука, оға-ини, биродар бўлишларини насиб айла! Ақлу ҳушига, ҳиссиётига динингни ҳакам қилиб олишларига тавфиқ бер! Уларга ҳақнинг ҳақлигини кўрсат ва унга эргашишни насиб эт, ботилнинг ботиллигини кўрсат ва ундан ҳазир бўлишларини насиб айла!
Ё Аллоҳ! Мўмину мўминаларни, муслиму муслималарни мағфират қил! Хатоларини кечир, ёмонликларини яхшиликларга алмаштир! Уларни ички ва ташқи фитналардан, бузуқликлардан йироқ қил! Қалбларини ҳақ устида узра жамла! Нафсларини ва ахлоқларини покла! Уларни солиҳ амалларга, чинакам тақво, ҳақиқий ибодат ва олий убудиятга муваффақ қил! Уларни дунё халқлари учун гўзал намуна бўлиш билан шарафлантир! Инсоният учун етакчи, пешқадам солиҳ уммат айла!
Ё Аллоҳ! Ислом умматининг эркакларини Ўзинг ислоҳ қил! Оилаларига гўзал раҳбар бўлишларини насиб эт! Уларга ҳиммату ҳамият, ғайрату қатъият ато қил!
Ё Аллоҳ! Ислом умматининг аёлларини Ўзинг ислоҳ қил! Уларни шарму ҳаё, иффату ва латофатдан айирма! Уларни ғайридинга тақлид қилишдан, фаҳшу фужурдан асра! Ўзингга ибодатли, эрларига итоатли, фарзандларига мураббия бўлишларини насиб эт!
Ё Аллоҳ! Ислом умматининг фарзандаларини Ўзинг ислоҳ қил! Амрингга итоатли, ота оналарига марҳаматли, келажак учун ислоҳот пойдевори бўлишиларига тавфиқ бер!
Ё Аллоҳ! Ислом умматининг ишбошиларини, раҳбарлари ва пешволари, имомлари ва уламоларини ислоҳ қил! Уларни бизларга меҳрибон, бизларни уларга итоаткор айла! Уларни Ўзинг рози бўладиган ишларга муваффақ қил, эл юрт манфаати, дину диёнат равнақи сари ҳидоят қил! Уларни мол дунё, мансабу шуҳрат фитнасидан асра!
Аллоҳим! Уламоларимизни Ўз паноҳингда асра! Уларни турли фитналардан, маккорларнинг макрларидан, ҳийлагарларнинг найрангларидан йироқ қил! Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин ворисликда собитқадам қил! Бутун умматга улар кўрсатган ҳақ йўлга юришни насиб айла!
Аллоҳим! Нафсларимизнинг тақвосини бер ва уларни покла. Уларни энг яхши покловчи Ўзингсан. Уларнинг эгаси ҳам, хожаси ҳам Ўзингсан!
Аллоҳим! Барча мўмину мўминаларни, хусусан бизлардан, барчамиздан ўтган ота она, хешу ақрабо ва яқинларимизни раҳмат қил! Гуноҳларини мағфират, даражаларини баланд, яхши аммалларини ўзларига ҳамроҳ, охиратларини обод айла! Каломинг Қуръони Каримни ўқиб хатм қилар эканмиз, ҳар бир калимасига берадиган ажру савобларингни кўпайтириб бер, ва бу савоблардан уларни баҳраманд қил!
Ё Аллоҳ! Ризойинг учун Рамазон рўзасини тутар эканмиз, ибодатингни тугал адо этишга тавфиқ бер! Бизларни рўзасидан очлигу ташналикдан бошқа нарсага эришмаганлардан қилма! Намозда туриб Каломингни ўқиб хатм қилар эканмиз, тоатингни мукаммал бажо келтиршни насиб айла! Тунги ибодатидан уйқусизлигу толиқишдан бошқа ҳеч нимага эга бўлмаган бебаҳралардан қилиб қўйма!
Аллоҳим! Баҳоли қудрат Рамазон рўзасини тутяпмиз, Қуръони Каримни тиловат қиляпмиз, тинглаяпмиз, бизларни қиёмат куни Қуръон ва Рамазон шафоат қилишга талашиб қоладиган ва ҳар иккисининг шафоатига ноил бўладиган бандаларингдан қил! Бизларни Райён эшигидан киргизиладиганлардан, Қуръонни тартил билан тиловат қилиб юксалиб борадиганлардан айла!
Аллоҳим! Рамазондан бизларга тақво малакаси, Ўзингга қурбат ҳосил қилишни насиб эт! Рамазондан кейин ҳам Рамазондагидек, балки ундан да зиёда даржада ибодат ва тоатда, тавфиқу ҳидоятда бўлишни насиб айла!
Ё Аллоҳ! Бизни Қадр кечасини топган, унинг фазилатларидан насиба олганлардан қил!
Ё Аллоҳ! Булар бандаларингнинг Сенга қилаётган илтижоларидир! Ижобати Ўзингдандир. Дуо қилувчиларнинг ҳолига қаралса, қабулдан умид йўқ, дуо қилинмиш Зотнинг лутфига қаралса, ижобатдан кўнгил тўқ!
Илоҳо! Иблис Сенга осийлик қилган ўринда Сендан бир умр осийлик сўради, биз Сенга ибодат қилиб турган мақомимизда бир умр Сенга ибодатда ўтишни сўраймиз! Унга сўраганини бердинг, бизникини ҳам рад қилма!
Аллоҳ! Мана, Каломингни ҳарфма ҳарф ўқиб, хатм қилдик. Ушбу камтарона амалимизни васила қилиб сўраймизки, Ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига Ўзинг раҳм қил! Бутун оламдаги мазлум мусулмонларингга нажот бер! Уларни зулмдан адолатга, тафриқадан ҳамжиҳатликка, машаққатдан роҳатга олиб чиқ! Аллоҳим! Сен ҳидоят қилмасанг, Ўзинг бирлаштирмасанг, бу умматнинг ҳоли оғир! Сен ҳар бир нарсага қодирсан! Мусулмон бандаларингни Ўзинг ёрлақа!
Ё Роббал оламин! Ўзинг мусулмонларнинг ҳимоячисисан! Мусулмонларнинг қони ҳам диндошларининг қўли билан, ҳам ғайридинларнинг қўли билан ноҳақ тўкиляпти! Мол мулклари ҳам мусулмонларнинг қўли билан, ҳам номусулмонларнинг қўли билан топталяпти! Золим ҳам Сенинг қулинг, мазлум ҳам Сенинг қулинг! Кофир ҳам Ўзингнинг банданг, муслим ҳам Ўзингнинг банданг! Мазлумни золимдан ғолиб қил, муслимни кофирдан устин айла! Бизларни қаттиқ имтиҳонга солма! Мусибатларимизда бизга ажр ва яхши эвазлар бер!
Илоҳо! Ўзингга иймон келтирган бандаларинг – мусулмонларга раҳм қил, мазлумларига нажот бер! Уларнинг Сендан бошқа таянчи йўқ! Гуноҳлари учун мусибат юборган бўлсанг, уларни мағфират қил, мусибатларини арит! Жаҳолат туфайли йўл топа олмаётган бўлсалар, уларга ҳидоят ва тавфиқ бер! Уларга доимо омадни ёр эт!
Роббимиз! Бизларга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер ва бизларни дўзах азобидан сақла!
Аллоҳим! Расулимиз Муҳаммад Мустафога, аҳлу оилалари ва саҳобаларига бизнинг номимиздан салоту саломлар юбор!
Дуоларимизнинг сўнгги: Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдумажид

Манба: https://islom.uz

 

Бугун, 22 апрель куни “Саййид Муҳиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида мударрис ва талабалари иштирокида халқаро танловда ғолиб бўлган мараса 4-курс талабаси Нуриддин Ҳамрақуловни тақдирлаш тадбири ўтказилди.

Тақдирлаш маросимида билим юрти мудири вазифасини бажарувчи Рустам Маҳмудов мадраса талабасининг нуфузли танловда ғолиб бўлгани билан муборакбод этиб ушбу халқаро танловнинг диплом ва кўкрак нишонлари билан бирга, билим юрти томонидан ажратилган Ноутбукни топширди ҳамда ғолиб талабанинг 2021-2022-ўқув йили шартнома пули тўлаб берилгани маълум қилинди.

Маълумот учун, 2022 йил март ойида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг 30 йиллигига бағишлаб “Билим-оркениети”, “Миллий инновацион тадқиқот маркази”, “Aкадемией лучших студентов” ҳамкорлигида МДҲ давлатлари талаба-ёшлари ўртасида “21 aср яхшиси: энг яхши тaлaбaси” тaнлови эълон қилинди.

Халқаро танловнинг – “Фан соҳаси” йўналиши бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Саййид Муҳиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси Ҳамрақулов Нуриддин ҳам Республикамиздаги даврий нашрларда ва ижтимоий тармоқларда эълон қилган мақолалари, халқаро конфренсиялар учун тайёрлаган илмий мақолалари билан онлайн тарзда иштирок этди.

Танлов якунларига кўра, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари: Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекситон, Молдова, Aрмения, Украина, Озарбайжон, Беларуссиядан “Фан соҳаси” йўналиши бўйича иштирок этган 100 дан ортиқ ёшлар орасидан билим юрти талабаси Ҳамрақулов Нуриддин тақдим этган мақола ва илмий ишлари танлов ташкилотчилари томонидан юқори баҳоланди ва “Фан соҳаси” йўналиши бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг “21 aср яхшиси: энг яхши тaлaбaси” деб топилди.
Ҳамрақулов Нуриддин ташкилотчилар томонидан I-даражали диплом ва “ЛИДЕР 21 ВЕКА: ЛУЧШИЙ СТУДЕНТ”кўкрак-нишони билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросими 2022 йилнинг 31 март куни Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳридаги Вазирлар уйида ўтказилди. Нуриддин Ҳамрақулов тақдирлаш маросимида онлайн иштирок этди. Ушбу тақдирлаш танловида тақдим қилинган диплом ва Кўкрак-нишонлари 2022 йилнинг 21 апрел куни халқаро жўнатма орқали ғолибга етиб келди.

4

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга  йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ  وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ  لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ  تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ  سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

 (سورة القدر/1-5)

яъни: “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: “Бу сизнинг умматингиз ажабланган нарсадан афзалдир”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва атрофларидаги саҳобаи киромлар жуда хурсанд бўлдилар.

Демак, Қадр кечаси учун алоҳида бир тўлиқ сурани нозил бўлиши – бу кечанинг нақадар улуғ эканига далолат қилади. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:

"لِلَّهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ, مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ"

(رواه الإمام أحمد عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким уннинг яхшилигидан маҳрум бўлса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўтказкан киши 83 йилу тўрт ой тўхтовсиз ибодат қилганни савобини олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ"

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари).

Азизлар! Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Сабаби, бандалар Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида имкон қадар кечаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруълар билан ўтказиб, дунё ва охиратларига тегишли барча нарсаларни бундай дуолар ижобат бўладиган кунларда сўраб олсинлар.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Лайлатул қадрни қайси кеча эканини сўраганларида Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ"

(رَوَاهُ الشَّيْخَانِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا)

яъни: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларидан изланглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Қадр кечаси ҳақидаги далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси (йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечаси)ни Қадр кечаси эканига баъзи ишоралар борлигини баён қилганлар. Шунингдек, Қадр сурасининг тафсирида ҳам қадрнинг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишоралар борлигини айтганлар. Масалан, Қадр сурасида “Лайлатул Қадр” калимаси уч бора қайтарилган. Аслида араб тили фасоҳати қоидасига кўра бундай вазиятда замирлар (олмошлар) ишлатилиши керак эди. Лекин Қуръони карим биз билган ҳар қандай нисбий  қонуниятлардан устун туради. Буни билган уламолар айнан ушбу “Лайлатул Қадр” калимасининг уч марта қайтарилиши бежиз эмас, дейишиб, ундан айрим ишораларни чиқариб олдилар: Араб ёзувида “Лайлатул Қадр” калимаси тўққиз ҳарфдан иборат. Унинг уч марта қайтарилиши эса бу ҳарфларнинг йиғиндиси йигирма еттига тенг эканини билдиради. Бу билан Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканига ишора бўлмоқда, дейдилар.

Яна бундан ташқари ушбу сура ўттизта калимадан ташкил топган. Бу калималарнинг йигирма еттинчиси “هِيَ ” яъни “У” олмошидир. Ушбу олмошдан “Лайлатул Қадр” ирода қилинган. Демак, бу ўринда ҳам Қадр кечасининг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишора бор дейилган.

Шундай экан, мусулмон киши рамазон ойининг охирги ўн кунида жидди-жаҳд билан ибодат қилиши, хусусан 27 кечада эса бошқа кунга нисбатан янада шижоат ила ибодатга берилмоғи керак бўлади. Шояд, Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ила минг ойдан яхшироқ бўлган кечани топишга барчамизни муваффақ қилса!

Ойша разияллоҳу анҳо онамиз “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي"

(رواه الامَامُ الترمذى عن عائشةَ رضِيَ اللهُ عنها)

яъни: “Сиз: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, яъни, “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин” деб айтинг”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, бу кечада рўзадор бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам савобли ишларга чорлаши мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак.

Қадр кечасини нафл ва қазо намозлар, зикру тасбиҳлар, Қуръон тиловати, китобхонликлар каби савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб ибодатимиз сўнгида Аллоҳ таолога дуо-тазаррулар қилиб, Рамазон ойидан гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишимиз ва барча эзгу мақсадларимизга эришишимиз каби ҳожатларимиз ҳамда Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, ҳар хил бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашини Аллоҳдан сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 Шуни таъкидлаш керакки, Қадр кечасини исрофгарчилик ва маишатпарастлик ҳамда ва турли фойдасиз ишлар билан ўтказмаслик лозим.

Муҳтарам азизлар! Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ 

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривояти).

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.

Азизлар! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:

 “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “...Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш – суннатга хилофдир.

Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.

Саф борасида яна бир қанча ҳолатлар борки имомга иқтидо қилишдан тўсади:

  1. Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида арава (машина) ўтадиган умумий йўл бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи саф бўлмаса, йўлнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси дуруст эмас, натижада намози ҳам бекор бўлади.
  2. Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида қайиқ ўта оладиган ариқ бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат кўприк устидаги саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи кўприк орқали боғловчи саф бўлмаса, ариқнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси ва намози дуруст эмас.
  3. Очиқ жойларда, жумладан, масжид ҳовлисидан ташқаридаги сафлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда бўш жой бўлиши; Яъни, масжиднинг ҳовлиси (дарвозаси)дан ташқарида туриб иқтидо қилувчилар билан масжид ҳовлисида иқтидо қилганлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда узилиш пайдо бўлса, масжиддан ташқарида турувчиларнинг иқтидоси ва намози дуруст бўлмайди.

Рамазон кунларида ва жума намозларида юқорида саналган баъзи иқтидога халал берувчи ҳолатлар кўзга ташланади. Масалан, таровеҳ намозларида масжид ҳовлисидан ташқарида иқтидо қилувчиларнинг сафлари масжид ҳовлисидаги сафлардан узилиб қолади. Иқтидо дуруст бўлиши учун ана ўша сафлар уланиши керак.

Кунлар тобора исиган сари жума куни намозхонлар масжид ҳовлисидан ташқарида соя-салқинларда намозни адо қилишни хоҳлашади. Лекин юқорида айтилгани каби масжиднинг ҳовлисидан ташқаридаги сафлар ичкаридаги сафларга уланмаса, иқтидо дуруст эмас. Ҳеч бўлмаганда жуманинг фарзида (Бу озгина вақтни олади) соя салқинда ўтирганлар келиб масжид ҳовлисидаги ёки энг охирги сафларга қўшилишлари шарт. Суннатларни яна салқин жойларда ўқишлари жоиз. 

Аллоҳ таоло барчамизга муборак Рамазон ойининг қадрига етиш, Қадр кечаларини топиш ва дуоларимизни ижобат айлаш бахтини насиб айласин! Омин!

            

 

Страница 70 из 1850
Top