muslim.uz
Уч юз делегат иштирок этган анжуман якунига етди
Бугун Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган “Маънавий ипак йўли, Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” мавзусидаги халқаро анжуман ўз ишини якунлади.
Ушбу анжуманда жами 300 делегат иштирок этгани унинг нуфузидан дарак беради.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равиль Гайнутдин, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ораз, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтомушев, шунингдек, Хитой, Молдова ва Финляндия мусулмонлари етакчилари, жами бўлиб 14 та давлатдан дин пешволари иштирок этди.
Анжуманда юртимиз номидан чиқиш қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг маърузалари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман якунлари бўйича қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Global Muslim Travel Index 2019 рейтингида юқорилади
2019 йилнинг апрель ойида тақдим этилган Жаҳон ҳалол туризм рейтингига кўра, Ўзбекистон Топ-20 рўйхатидан ўрин олган. Ҳалол туризм зиёратчиларини қабул қилувчи ИҲТ мамлакатлари орасида эса Топ-10 рўйхатига киритилган.
Global Muslim Travel Index 2019 ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича 18-ўринда (2018 йилда - 32 ўринда бўлган). Етакчилик - Малайзия, Индонезия ва Туркия мамлакатларида. Булардан ташқари, рўйхатда Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Марокаш, Бахрайн, Уммон, Бруней, Иордания, Эрон, Миср, Кувайт, Тунис, Покистон, Жазоир, Ливан, Бангладеш, Малдив ҳам қайд этилган. Қозоғистон ва Озарбайжон эса Ўзбекистондан кейин 19- ва 20-ўринларни эгаллаган.
Ҳалол туризм зиёратчиларини қабул қилувчи ИҲТ мамлакатлари рейтингида эса Ўзбекистон 9-ўринни эгаллаган. Илк уч ўринга Саудия Арабистони, Туркия ва Марокаш муносиб кўрилган. Шунингдек, рўйхатдан Малайзия, Баҳрайн, БАА, Қозоғистон, Эрон ва Индонезия мамлакатлари ҳам жой олган.
Global Muslim Travel Index 2019 рейтингини тузишда мамлакатларнинг иқлими, хавфсизлиги, иқтисодиёти ва кўрсатиладиган хизматлар каби омиллар ҳисобга олинган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда Бухоро шаҳрида ўтказилган ҳамда дунёнинг турли давлатлари вакилларини ўзида жамлаган I Халқаро зиёрат туризми форуми шулар жумласидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қозоғистон мусулмонлари идорасининг янги биноси очилди
Бугун, 12 апрель куни Қозоғистон мусулмонлари идорасининг янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтомушев, шунингдек, Россия, Хитой, Молдова ва Финляндия мусулмонлари етакчилари қатнашди.
Маросимда мусулмонлар идорасининг янги биносининг таркибий тузилмаси, яратилган шарт-шароитлар, меҳмонлар билан мулоқот қилиш хоналари, кўргазма заллари ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очилиш маросимида сўзга чиқиб, ушбу муҳташам ва файзли бино билан Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбариятини қутлаб, кўп йиллар мўмин-мусулмонлар хизматида бўлишини ва Ислом дини равнақи йўлида самарали ишлар олиб борилишини Аллоҳ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ажиб саволларга нозик жавоблар
“Оғриқнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – сабр” дедим.
“Муваффақиятсизликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – ўша ишни такроран бажариб кўриш” дедим.
“Ҳасаднинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – ўзини билмаганга олиш” дедим.
“Фақирликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – қаноат” дедим.
“Заифликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – иймон” дедим.
“Ҳунукликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – гўзал ахлоқ” дедим.
“Жоҳилликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – илм ўрганиш” дедим.
“Аҳмоқликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – сукут сақлаш” дедим.
“Душманликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – эҳсон, яхшилик қилиш” дедим.
“Ёқтирмасликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – муҳаббат” дедим.
“Оғриқ ва изтиробларнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – табассум” дедим.
“Мусибатнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – истиғфор айтиш” дедим.
“Нафснинг гуноҳ бўлган истакларининг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – уни ўша истаклардан маҳрум этиш” дедим.
“Чарчоқнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – уйқу” дедим.
“Юқоридаги саволлардаги ҳолатларнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – “Эй Роббим!” деб дуога қўл очмоқдир” дедим.
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси